Савобнинг бутуни яхши

Кутилмаганда юмушим кўпайиб ишга барвақт чиқолмадим. Бекатда жонсарак турсам, ёнимга  “Матиз” автомашинаси келиб тўхтади. Собиқ  ўқувчим Жамол экан. Қувониб кетдим.

—  Ассалому алайкум, устоз. Фалон жойгача чиқволақолинг, — деди меҳрибонлик билан.

Жамолни мактабда беш йил ўқитганман. Уйи ҳам кўчамизнинг охирида. Йўл-йўлакай  гаплаша туриб, беихтиёр икки-уч бор қўл соатимга қараб қўйдим.

— Ишга кечикяпсиз, шекилли. Сал  вақтлироқ чиққанингизда автобусга улгурардингиз, — деди у.

— Э, уйнинг иши ҳеч тугамайди, югуриб-елиб соатга ҳам қарамабман. Акси бўлади-да ўзи, бугун вақтлироқ боришим керак эди, — дедим хўрсиниб.

— Ташлаб қўярдим, молларга  кунжарага кетяпман, — деди у хотиржамгина. Тепасига “Емхона” деб ёзилган бино ёнига келгач машинасини ғийқиллатиб тўхтатди.

— Майли, опа, яхши етволинг, — деди у.

Мен раҳмат айтиб машинадан тушдим. Яна машина кута бошладим. “Аслида катта йўлгача беш дақиқалик йўл қолганди. Жамоли тушмагур олиб чиқиб қўйса ҳеч нарса йўқотмасди-ку”, деб ўқувчимнинг ҳаракатларидан  ранжирканман, негадир ўзимдан хафа эдим. Тўғрида, балки мактабда турли фанлар қатори одамийлик, оқибат каби инсоний хислатлардан ҳам сабоқ берганимда, балки ҳозир шу аҳволда қолмасмидим. Ахир беш йил мобайнида уларга қанча вақтимни, асабимни, билимимни сарфладим, уларни ҳаётда ўз ўрнини топишига баҳоли қудрат ҳисса қўшгандим-ку. Наҳотки энди шунинг қадри, ҳурмати бўлмаса?..

Бироқ майли, ҳар ҳолда шу ергача олиб келиб қўйди-ку, инсофи бор экан, танимаганга солиб ўтиб кетса нима қилардим. Ахир куни-кеча ўзига тўқ оилада катта бўлган  собиқ ўқувчим билан  автобусда чақчақлашиб кетувдик, мактаб даврини, менинг меҳрибончиликларимни завқ билан эслади. Бироқ, ўз бекатига етиб келганида, шошилиб тушиб кетди, хайр дейишни ҳам унутди. Мен эса  меҳнатларимдан миннатдор бўлиб, ўқувчим учун ҳам йўл ҳақини тўлаб қўя қолдим. Ана шу хаёл менга таскин бўлди…

Қўшнининг ҳақи

— Келин, сомса пишибди-а,  ёқимли ҳиди хонамгача борди, димоғимга ёқди, келяпман, — деди  Хадича опоқи тандирдан сомса узаётган келинига яқинлашиб.

— Ёпишга ёпиб бўлдим. Ўлсин, бир-иккитаси оқиб тушди-да, — деди келини  қовоғини солиб. Чунки қайнонаси гап нишабини қаёққа бураётганини сезиб турарди.

— Ҳечқиси йўқ болам, тандир ҳам ўз ҳақини олиб қолади-да, оби-оташ деб қўйибди буни, ўша тўкилганни  баракасини  Худойим бошқаларига беради. Болам, сомсадан тўрттагинасини Муҳаммадалидан Зарофат холангизникига чиқариб юборинг. Савоб бўлади. Хаста одам…

— Ғалатисиз-да, ойи, бир уй одам бўлсак. Бир сават сомса  учтадан ё етади ё етмайди. Ҳозир тўрттасини бу опоқига, тўрттасини у опоқига  бўлсам, ўзимизга қолмайди-ку. Нима, Зарофат опоқини уйида қозон қайнамайдими. Бирор марта сизга илинмайди-ку, — тўнғиллади келини. — Бор товоғим, кел товоғим, борсанг-у келмасанг ўртада син товоғим, дейишган, ойижон.

— Қўйинг, шу товоқ ўлгурни. Ўртоғим  бетоб бўлса, балки келинига гапи ўтмас. Сиз мени эси кўп келинимсиз. Келиб-келиб қовоқ сомсага торлик қиласизми, — деди  Хадича хола.

— Э, болаларимни ризқини қийиб эсли бўлмай қўя қолай…

— Майли, аччиғингиз чиқмасин. Мен ейдиган  сомсани  сочиққа ўраб беринг. Дугонамни кўриб, бир пиёла чой баҳона бироз кўнглимни ёзиб келаман. Оқибат кўтарилмасин…

Муҳаббат Ҳамидова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + nineteen =