Тўй ташвиши…

Тўй ташвишининг ҳам ўзгача гашти бор. Қуда-андачилик муносабатлари, келин-куёв истаклари, оҳори тўкилмаган сепу сарполар, ширин орзулар… Барчаси қалбда илиқ туйғулар, таассуротлар қолдиради. Охиригача шундай бўлса-ку яхши…

Муҳаббат опа билан Равшан ака ҳам тўй тараддудига тушиб қолишган. Отаси доим “Якка-ю ёлғиз ўғлимни йигирма ёшга тўлгунча уйлантириб қўяман”, дерди. Фаришалар омин, деган экан, мана, 19 ёшга тўлган эркатой бир қизни севиб қолибди. Совчи юборинглар, деб туриб олди. Ўқиш билан ҳуши бўлмагач, бошқа нима ҳам қиларди.

…Асли тўрт қиздан кейин эру хотин ўғил кўришдан умидини узганди. Орадан етти йил ўтгач, бу оилани Худо ёрлақаб ўғил ато этди. Ота-онанинг бағри тўлиб, орзулари мевасини еру кўкка ишонмай вояга етказишди. Қизларининг тўртталаси ҳам ўқишга қизиқди, олий ўқув юртларида таҳсил олишди. Айниқса, кенжа қизнинг ўқиши бироз чўзилди. Тиббиёт институтида етти йил ўқиб, яна бир неча йил билимини мустаҳкамлаш учун оиланинг ёрдамини олиб турди. Уни яқиндагина узатишганди. Энди яна тўй остонасида туришибди.

— Қиз чиқарганга қирқ йил тегма, деб эскилар билиб айтишган, — деди Равшан ака аёлига, — совчилар-ку ишни пишитиб келишди, энди бу ёғи нима бўлади?!

Муҳаббат опа эрининг нима демоқчилигини тушунди:

— Қариндошлар ҳам қараб туришмас. Оз-оздан йиғилса, битта тўй ўтади-да!

Қариндошлар йиғилди-ю маслаҳат оши пишмади. Вазиятдан хабардор ака-укаларнинг кутилмаган жавобидан Равшан ака билан аёли гангиб қолди.

— Шароит бўлмаса, тўй бошлаб нима қиласизлар, — деди опанинг тўнғич укаси. — Кўрпага қараб оёқ узатиш керак. Мениям ўзимга яраша режаларим бор…

Кичиги ҳам шуни кутиб тургандай дарров гапни илиб кетди:

— Ўзи яқинда қизингизнинг тўйига қўшан қилгандик-ку, яна қаердан оламиз шунча пулни…

Муҳаббат опа бир қалқиб тушди. Ёрдам сўраши укаларига оғир ботишини ўйлаб кўрмаганидан афсусланди. Равшан аканинг эса ёлғизлиги шу ўринда билинди. Қайн­укаларга ҳеч нарса деёлмади, фақат улар кетгач, аламини хотинидан олди:

— Жигарим деб, улар учун қўлинг олти, оёғинг етти бўлиб чопардинг. Тўйларида оғриниб эмас, суюниб хизматини ҳам, кўмагини ҳам қилганмиз, мана оқибат!

— Уларниям тушуниш керакдир, иккаласиям болаларини ўқитишаяпти…

Муҳаббат опа бундан ортиқ бир нима демади, аста туриб қудалариникига кетди. Тўйни бироз кечиктириш кераклиги ҳақида аёл қуда билан секин гаплашиб олмоқчи эди.

— Ўзи тенгимиз эмасдинг­лару қизим “шундан бошқага тегмайман”, деб туриб олгани учун рози бўлгандик, — деди аёл қуда бу гапни эшитгач. — Энди вақтни чўзиб юрсак, одамлар нима дейди?! Керак бўлса, қарз олиб ўтказасизлар…

Ноилож қолган аёлнинг юраги шу тарзда иккинчи зарбани кўтаришга ҳам дош берди. Тўй барибир ўтадиган бўлди. Опа бир ой тиним билмади. Ўзи ишлайдиган фабрикадан қўшимча иш олиб, рўзғордан бўшагач, кечгача тикиш-илишни қилса, дам олиш кунлари боғдаги мева-чевани сотиб, тўрт-беш сўм пул топиб келарди. Равшан аканинг икки ойлик маоши қўшилди, шунда ҳам тўйга камлик қилиши аниқ эди. Қарз кўтарилди. Эшикларида қолган битта соғин сигир ҳам сотилди.

Бир амаллаб тўй ўтгач, келин-куёвнинг янги “амал”и чиқди. Тўй саёҳатига кетамиз, деб туриб олишди. Амал-тақал қилиб, уларни саёҳатга жўнатдилар. Бир томони ширин ташвишлар, бошқа томони руҳан азобга айланган тўй опани жисмонан қаттиқ толиқтирганди. Мана, яна ҳамма иш ўзига қолди.

— Бир ҳафталик азобим қолди, дадаси, — деди у хўжайинига гапирса-да, аслида ўзига ўзи далда бериб, — ҳамма ишни саранжомлаб олсам, кейин оёғимни узатиб ўтираман.

Бир ҳафтадан сўнг “тез ёрдам” машинасида уни касалхонага олиб кетишди.

— Кўпдан бери ўзларига яхши қарамаган кўринадилар, юрак қаттиқ чарчаган, — дейишди дўхтирлар.

Ҳақиқатан шу бир ҳафталик азоб унинг бу ҳаётдаги охирги ташвиши бўлди. Касалхонада оёқ узатиб ётишга тўғри келди-ю, аммо уйига қайтолмади…

Холида Файзиева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × two =