Ўша радио қани?..

Бугунги ҳаёт, турмуш тарзи, тажрибалар шуни кўрсатаяптики, одамларнинг газета, радио, телевидение ҳақида   айтганлари, башоратлари шунчаки гаплар экан, гувоҳи бўлиб турганимиз газеталар ўқилаяпти, радионинг ҳам мухлиси бор, телевизор эса ҳар хонадонимиз тўридаги арзандалигича қолмоқда.

Хўш, бугун бир пайтлар айвонимизнинг устунига ўрнатилган кичкина қутичада жойлашиб олиб, кеча-ю кундуз сайраб ётган, ўзининг янги-янги ахборотлари-ю кечки пайт­лари бериладиган дилтортар концертлари билан ҳамманинг кўнглини шод этган ўша радио қани?

Энди болажонлар жон қулоғи билан тинг­лайдиган “Оқшом эртаклари”, “Полвонжон – соғломжон” эшиттиришлари йўқ. Якшанба кунлари ёшу кекса баравар тинглайдиган, кулгудан роҳатлантирадиган, юзига табассум югуртирадиган “Табассум” радиожурналининг ҳам аҳволи яхшимас.

Наҳотки, ёшлар жон-дилдан севадиган ва дои­мо муштоқ бўлиб кутадиган “Ёшлик” радиостанциясининг бир-биридан мазмунли эшитти­ришлари энди эфир орқали жарангламаса? Таъмагир, муштумзўр, бюрократ, ташмачи, порахўрларни аямасдан савалайдиган “Қармоқ” сатирик радиожурналини эшитмаганимизга анча йиллар бўлди. Рости, бу эшиттиришларни эслаганда, қўмсаб, бир энтикиб қўяди одам. Ахир, энди ўтмиш-да…

Вақт, давр, шарт – шароит ҳамма нарсани ўз измига солар экан. Айниқса, шиддат билан кечаётган вақт билан ҳисоблашмасликнинг сира иложи йўқ. Гувоҳи бўлиб турганимиз, XXI асрда техника-технология жуда ривожланиб кетди. Ахборот маконлари, ахборот олиш манбалари ҳам кўпайгандан кўпайди. Кўпгина ўтган аср бошидаги ихтироларга ҳожат қолмаяпти.

Тўғри, кейинги пайтларда радионинг ўрни, аҳамияти ҳақида яхши гаплар қулоққа чалинаяпти. Ишчилар, далада меҳнат қилаётганлар учун радио қулай, аммо у бугун енгил машиналар учун янгиланди. Дала, ишхона учун эса эскилигича қолди-да. Шунга қарамай, эшитиб, гувоҳи бўлиб турибмиз, радио ҳам бош­­қа ахборот воситалари каби фаолият юритаяпти, мухлисларига муҳим ахборотларни етказиб бераяпти, тўхтаб қолгани йўқ. Тўхтамайди ҳам.

Радионинг ихтиро қилиниши оламшумул воқеа бўлгани бор гап, тўрт бурчак қутининг мурувватини бурасанг ёқимли тарона янграса, бир зум ўтиб мамлакатда бўлаётган гап-сўзлар, хабарлар эшитилса, овозини баландлатиб, бунинг устига, қулоғини қутига тақаб эшитганлар қанча.

Бу ҳамма учун кутилмаган янгилик эди. Катта имконият эди, чунки радио арзон ахборот тарқатувчи восита, уни эшитиш учун улкан савод керак эмас, муҳими, эшита олиш қобилиятинг бўлса бўлди, эшитаверасан.

Қарангки, йиллар ўтиб, хонадонларда сандиқдек келадиган экранли тахта қутилар пайдо бўлди. Энди булар одамларни ўзига оханрабодек тортди. Унда кўринадиган одамлар сипо кийинган, юриш-туриши тартибли, истараси иссиқ одамлар телеқутига кириб олиб гапирарди, рақсга тушарди, қўшиқ айтарди. Қандай ажойиб!

Кексаларнинг айтишича, телевизор деб номланган экранли қути гўё узоқни яқин қиладигандек, ёнига борган кетолмай қоларкан. Худди қирқ йиллик қадрдонини кўргандек, аёллар қўлини енгига солиб силаб қўяркан. Ана шундай азиз тутишган экан телерадиони.

Айниқса, экранли қутидан келаётган жонли овоз, тасвир, одамлар, машиналарнинг ҳаракатлари одамларни лол қолдирган. Буни кўпчилик сеҳру-жоду деб ўйлашган. Аммо бора-бора кўникма уйғонгач, ўзи ҳам ясаса бўладиган мато эканини тушуниб олишган.

Радио пайдо бўлганда баъзи алломалар газеталар энди ўзининг аҳамиятини йўқотади, деб айюҳаннос солишганди. Буни қарангки, компьютер технологиялар, интернет мўъжизаси телерадиони ортда қолдира бошлади. Японлар ихтиро қилган кўзойнакнинг кичкинагина тугмасини боссангиз телеэкран пайдо бўлиб, сиз истаган каналдан тўғридан-тўғри телерепортаж ёки бирон кинони намойиш қилаверади.

Лекин телевизор ҳам, радио ҳам газетанинг ўрнини босолмади, бу айни ҳақиқат, одамлар телевизорни вақт ўтказиш илинжида кўрадиган бўлишди. Ундан янгиликларни билиб олиш, маънавий онг озуқасини топиш учун фақат телевизорнинг ўзи камлик қилди.

Бир пайтлар дунёни радио эгаллайди дейишувди, кутилмаганда зангори экранлар радиони босиб ўтиб кетди. Эндиликда икки қўл банд бўлганда радио эшитилади, унда ҳам хизматдаги одамнинг ортиқча хаёлга берилмаслиги учун радио муруввати буралади.

Кейин интернет кафелар, юқори технологиялар зангори экранни ҳам бир қур ортда қолдирди. Яна газеталар ҳар бир хонадонга зиё таратиш учун керак бўлаяпти. Ахир интернетдаги бирор далилга асосланмаган, қуруқ нолишдан иборат, сафсата гапларга кўп ишониб, таяниб бўлмай қолди. Бирон хабар эшитиб қолса, аввал: “Қаерда ўқидинг?” деб сўрайди, ижтимоий тармоқда деса, “Ҳа, бора, топган гапингни”, деб қўл силтаб кетворади. Газеталар-чи, халқнинг ишончли минбари бўлиб яна хонадонларга кириб бораяпти.

Башоратчи бўлиб, кароматгўйликни даъво қилганлар этагини кўтарганча ортда қолиб кетаяпти. Дунёнинг иши қизиқ экан-да…

Дилшода Ҳамдамова,

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети

журналистика факультети докторанти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + ten =