Ижтимоий тармоқларга ишонса бўладими?

Дунёнинг ишлари қизиқ экан-да, одамлар орасида ваҳима уйғотиш нечоғли хавфли эканини коронавирус пандемияси туфайли дунё жамоатчилиги англаб қолди. Оқибатда Россия ҳукумати бир қанча ижтимоий тармоқлар, сайтлар ва айрим блогерларнинг фаолиятига тақиқ ўрнатиш тўғрисида қарор чиқарди. Сабаби, ер юзини ларзага келтираётган миттигина вирусни интернет саҳифаларида ўта қўрқинчи енгилмас маҳлуқ қилиб, гўё йўлида учраган одамни комига тортадигандек, турли фотошоп­лар орқали аҳоли орасида тарқатиш коронавирусдан кўра хавфлироқ, ваҳималироқ эканлигида.

Хўш, аслида воқеа ва ҳодисаларни ваҳимали қилиш мақсадида бўрттириб ёзиш кимга ва нимага керак? Журналистми ёки блогерми бирон масала юзасидан мулоҳаза юритаётганда чуқурроқ таҳлил қилиши, уни ижтимоий тармоққа жойлашдан олдин қариндош-­уруғига, қўни-қўшнисига, маҳалла аъзоларига, қолаверса, жамики элдошларига қандай таъсир қилишини кўз олдига келтирмоғи лозим эмасми?

Сохта обрў орттириш мақсадида ҳали ҳаётда ўз йўлини топиб улгурмаган, ўзини билмаган, ўз оиласи, фарзандлари саломатлиги, турмуши ва рўзғори бутлиги учун ўзи ҳаракат қилишдек, ҳалол ризқ топиб, савобли ишнинг бошини тутишни англаб етмаган фуқароларни топиб, амалда олиб борилаётган сиёсатга, ҳукуматнинг фуқароларга бўлган муносабатини ёмонотлиқ қилиш, кўрилаётган иқтисодий чораларга қарши улар фикр айтишлари учун ўзлари ўргатиб, сўнг тасвирга олиб, оммага намойиш қилаётган баъзи сайтлар, блогерлар ва уларни қўллаб-қувватлаётган ҳайбаракаллачилар аслида ким ва нима учун хизмат қилаётганини билишармикин?..

Афшонадек Бухоронинг бир чекка қишлоғида туғилиб, воя­­га етган, савод чиқариб, Қуръони Карим, Ҳадиси Шариф илмини ўрганган ва тиббиётга меҳри тушган бобомиз Абу Али ибн Сино: “Ваҳима ярим касалликдир, хотиржамлик ярим соғлик, сабр эса шифонинг бошланиши”, деган эди.

Шу кунларда ваҳима тарқатмасдан, хотиржамликни сақлаб, синовларга сабр қилиш борасида океан орти, Европа, Осиё минтақалари давлат раҳбарлари телевидение орқали ўз халқига тез-тез мурожаат қилишмоқда.

Шунга қарамай, қўшимча даромад топиш мақсадида содда, гўл одамларни жалб этиб, эвазига маб­лағ орттириш (бирор хабарни ўқиш ёки бирор суратга олинган тасвирни томоша қилиш, ваҳимали ви­деони кўриш учун унинг профилига ташриф буюрсангиз, ҳисобингиздан маълум маънода маблағ ечиб олинади) учун патент олган тармоқлар, ўзининг профилига аъзоларни кўпайтиришга ҳаракат қилишмоқда. Афсуски, улар воқеанинг асл моҳиятига етмай, чала туширилган тасвирларни ўзларича шарҳлаши, қўшимчасига мавҳум роликлар жойлаши, куракда турмайдиган, миллат манфаатига тўғри келмайдиган фикрлар билдириб, интернетга тиқиштирмоқда. Барчани бирдек ўйлантираётган муаммо эса айрим ижтимоий тармоқларнинг пандемияга муносабати шифони тезлатадими ё касалликни кўпайтирадими?.. Ҳа тўғри, бу касалликни кўпайтиради, холос!

АҚШ Президенти Дональд Трамп яқинда ўз ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида: “Асосий душманим менга қарши курашаётган сиёсатчи рақибларим эмас, балки мен ҳақимда ёлғон маълумот тарқатаётган блогерлардир”, деб ёзади.

Айрим ижтимоий тармоқда фаолият юритаётган одамлар ўзи ёқтирмайдиган шахснинг айбини топиб, унинг нўноқлигига асос топгандай оммага жар солиши натижасида унга эргашадиган кимсалар ҳеч нарсадан бехабар ёмонотлиқ қилиб, баъзида “гўрига ғишт қалаб” фикр ёзишади. Бундай муносабат вирусдан кўра хатарлироқдир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири шундай дейди: “Уйда ўтириб ҳам миллионлаб пул топса бўлади”. Ҳа, тўғри, ҳозирда (карантиндан кейин, албатта) давлат хизматлари агентлигига бориб, пулини тўлаган одам пуллик сайт ёки телеграмда, инстограмда ўз саҳифасини очиши мумкин. Албатта, уни юргизишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун кутилмаган воқеаларни ёритиши, ваҳимали ёки ялонғоч тасвирларни жойлаштириб бориши, жуда бўлмаганда шов-шувли ҳолат гирдобида ўзи бош қаҳрамон бўлиши керак бўлади. Масалан, Урганч­даги истироҳат боғидаги кўп­рикда ўзини ёқиб, сувга шўнғиган ўспирин воқеасини эслаш, кифоя. Аслида у ҳаётдан тўймаганди, балки ўзини реклама қилиш орқали сайти аъзолари сонини кескин оширмоқчи бўлган. Афсуски, воқеа анчайин фожиали якун топди. Танасининг учдан бири куйиб қолди.

Шу кунларда мамлакатимизда Сардоба воқеалари ва “сув балоси”га учраган аҳолининг бугунги аҳволи интернет саҳифаларида тез-тез ёритилаяпти. Албатта, дунёда ўзбек халқидек саховатпеша халқ йўқ. Сирдарёлик миллатдошларимиз, диндошларимиз дардига шерик бўлиш учун бутун мамлакат аҳолиси оёққа турди. Кўрпа-тўшаги, кийим-кечаги, озиқ-овқати ва маблағи билан ёрдам қўлини чўзди.

Аввал бошда халқимизнинг бундай мўл-кўл хайрия қилишини эҳтимол ҳамма ҳам кутмаганди. Лекин амалда кутилгандан-да юксак саховат кўрсатилди. Деярли савобли ишдан ҳеч ким четда қолмади. Кейинчалик бутун мамлакат аҳолисидан йиғилган ашё битта “Сардоба”дан жабр кўрганлар ошёнига сиғмаслиги маълум бўлди. Аммо айримлар шу ҳолатдан ҳам “очко” олиш мақсадида фойдаланиб қолишмоқчи. Уларнинг видео шарҳида нима эмиш ҳокимият халқимиз қилган эҳсонни эътиборсиз қолдирибди.

Мен ҳам ўша видеороликни кўрдим, йиғилган мол-мулкнинг арзимаган бир қисми ёмғирда қолган экан. Ёнидаги бино айвони, ўзларининг гапига ўзлари қарши бориб кўрсатишди, кўрпа-тўшак, кийим-кечакка лиқ тўла, ҳовлида қолган бир уюм буюм сиғмаслиги аёнлашди. Бундай пайт озгина бағрикенг бўлиш, масалага холис ёндашиш ҳар бир фуқаронинг бугунги синовли кундаги бурчи. Зеро, “тождорвирус” панде­мияси ҳали кўча кезиб юрган бир пайтда ҳар қандай ваҳима ярим дард, яъни соғлом одамни ҳам касал қилиб қўйиши мумкинлигини унутмаслик лозим.

Мақсадимиз Ватанимиз эртаси — келажак авлоднинг шу юртнинг мутлақ эгаси бўлиши учун соғлом жамиятни шакллантириш экан, ўз халқимиз, ўз ватанимиз тинчлиги, фаровонлиги йўлида хизмат қилайлик. Ана шунда хотиржам яшашга, илм ўрганишга имкон яралади.

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − two =