Афсус, асал қолди-да…

Автобус жуда ажойиб улов. Бу ерда турли феълли одамлар тўқнашади. Билиб-билмай бир-бирини кузатади. Ўзинг истамаган ҳолда кимнингдир суҳбатига гувоҳ бўлиб қоласан. Бу гал ҳам ўриндиқдош аёлнинг кутилмаганда телефони жиринглади. Қўнғироқмисан қўнғироқ. Худди кўча эшиги қўнғироғидек жарангдор. Аёл хаёл суриб ўтирган шекилли чўчиб тушди. Шошиб менга қаради. Кейин апил-тапил нимчаси чўнтагини кавлаб телефонини олди, қулоғига тутди.

— Ваалайкум ассалом. Шапағат сенмисан?! Ҳозир хаёлимдан ўтиб тургандинг. Тинч­мисан, эринг, қайнонанг яхшими?.. Менми, йўлда, автобусда эдим. Ҳа, яхшиман, ҳа ҳамма тинч. Ҳа-а. Нима? Асал дейсанми? Қанча экан?.. Хафа бўлмайсан-да… Йўқ, қимматмас, яхши. Лекин ҳозир иссиқ сувга пул тўлаб келяпман. Уч ойлиги тўпланиб қолганди… Қизиқмисан, Расулжон икки ойдан буён уйда ўтирибди, иш йўқ… Йўқ, ундаймас, ишхонасига хомашё келмабди, шунга… Вай-й, шу пайтда асал ялашга бало борми, дейди-да… Сотиш?.. Шошма-чи, синглинга телефон қилай, — аёл шундай деб рақам теришга тушди.

— Каромат, ваалайкум ассалом. Тузукмисилар, болаларинг боғчага кетдими… Куёв ишдадир… Ҳа, яхши. Телефон қилаётганим, холангни қўшниси асал сотаётган экан. Асали тоза, аввал олгандим, зўр!.. Йўқ, нақд пул бериш керак. Аксига олиб мен пенсиямни ишлатиб қўювдим. Нима қилишга ҳайронман, шунга, сенга… Нима? Нега топганимни аканг­ни болаларига сарф қиларканма-ан. Ўзлари ишлаб топсин! Ўйламай гапираверасан-а, тавба.

Ўхшамади шекилли, аразлаган бўлиб телефонини ўчирди. Энди ҳайрият-эй, деб турувдим, “ўриндиқдош” янги рақам терди:

— Алло, Саодат, ҳа менман. Йўқ, ҳали уйга киролганим йўқ. Саодат, эшит, холангни қўшнисида тоза асал бор экан. Болангни совуғи ошганидан қовуғи бўшаб қолган девдинг, сенга ҳам керак ўзи, киндигининг остига тоза асал сурсанг жойини бошқа ҳўл қилмайди. Нима?.. Нархи?.. Баланд­мас, эллик минг. А? Пенсиямдан?.. Шунақами, қўй, хафа бўлма, ҳаммаси тушунарли…

Ҳа, яна нима? Нима дейсан?.. баландроқ гапир, яхши эшитмаяпман. Қайси тўёна, ўғлингни суннатигами? Нега тўёнани гапиряпсан?.. Берганимдан кам чиқибдими?.. Вай. Қанча?! Йўғ-э, қизим, ўзим санагандим, нақд бир миллион эди… Биламан, ёлғон гапирмайсан… Ҳа… балки, адашгандирман… Хўп-хўп, тўплаб қўяман… Бўпти, яхши ўтиринглар… Куёв дейсанми?.. Ҳа, ўзинг бир амаллаб узримни айтиб қўй! Мен холангга асал керакмас экан, дейман…

Мен мунғайиб қолган аёлни чалғитиш учун гапга тутдим.

— Қизларингиз билан гаплашдингизми?

— Э, ўлсин, қаттанам шу синглим асални айтди. Йўқ нарсага шунча юрагимни сиқдим. Қизларимнинг биттасиям лоақал, майли сиз олинг, пулини мен бераман дема­ди-я! Қайтанга йўқ жойдаги гапларни кавлайди. Куёвга берган тўёнамдан ўттиз минг кам чиққанмиш. Ахир, ўзим санаганман!

Аслида-ку, шу куёвдан мен бир сўмлик фойда кўрмаганман. Етти йиллик куёв бу, ҳалигача бир марта ҳам ойи, демаган. Қизим ҳам ғалати. Унинг гапини менга оқизмай-томизмай етказади. Нима эмиш, одамнинг онаси битта бўлармиш. Тўғри, лекин кўнг­лим учун тил учида бўлса ҳам ойи деса бўлади-ку! Бир жойи камайиб қолмайди-ку. Мен топганимни у дунёга ор­қалаб кетармидим, топганим шуларники-ку. Одам қаригач яхши гапнинг гадоси бўлиб қоларкан-да. Ҳа майли, айтишади-ку, битта тоғорага 10 та тоғорача сиғар экан, ўнта тоғорача битта тоғорани сиғдира олмас экан, деб.

Нима ҳам дей, орқамда қолишса бўлди. Узр, сизни ҳам ташвишимга шерик қилдим. Ўзи, ҳамма сиримни айтадиган олтмиш йиллик қадрдон қиз ўртоғим бор. Ҳар ойда бир кўришиб ҳасратлашиб оламиз. Болалигимизни эслаб куламиз, бугунги ташвишларни айтиб ҳасратлашамиз. Анча енгил тортиб уйга қайтаман. Ўғлимни болалари жуда меҳрибон. Уларни кўрсам барча қайғумни унутаман…

Ёнимдаги аёл шундан сўнг менга қараб синиққина жилмайиб қўйди. Шу чоғ шартта ёнимдан пул чиқариб, мана опа манови пулга асал олинг, набираларингизга едиринг, мени дуо қилсангиз бўлди, дегим келди. Бироқ менга қараганда кўзларида ёнган ғурурни, сўзларида уйғонган меҳрни кўриб, негадир бунга журъат қилолмадим. Кўз олдимда акам олиб берган атласни менга илинган онам намоён бўлди…

Албатта, бу карантиндан олдинги воқеа эди. Фақат шунча гап одам лиқ тўла автобусда бўлгани кўнгилни янада хижил қиладиган жиҳатлардан бири эди…

Муҳаббат Ҳамидова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =