Кўнгилга яқин, дилкаш ижодкор

Ҳозиргидай эсимда, ўша йиллари ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нингТошкент университетигазетасида масъул котиб бўлиб ишлардим. Албатта, кам ададли мўъжазгина газетани қизиқарли, ўқишли чиқариш учун ҳам яхши ёзадиган муаллифлар керак эди.

Талаба укаларимдан бири Сирожиддин Рауф анча фаол, тиришқоқ эди. Мағзи тўқ шеърлар ёзиш билан бирга, чиройли мақолалар ҳам ёзарди. У ўрта мактабда ўқиб юрган давридаёқ шеърлар машқ қилар, “Қашқадарё ҳақиқати” (ҳозирги “Қашқадарё”) газетасида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган, шунинг баробарида, хабар ва мақолалари ҳам эълон қилиб турилганидан хабардор эдим.

Орадан кўп ўтмай, Сирожиддин ҳарбий хизматга чақирилди. Хизмат бурчини Украинада ўтказди. Шу вақт оралиғида тез-тез хат ёзиб турди. Конверт ичида, албатта, янги шеърлари бўларди. Биз ўз газетамизда чиққан шеърларини почта орқали унга жўнатардик.

Сирожиддин дўстимиз журналис­тика факультетини имтиёзли   диплом билан тугатди.

Факультет раҳбарияти уни ишга олиб қолиш ниятида аспирантурада ўқишни таклиф қилишганди, унамади. Бу пайтда адади бир неча юз минг нусхадан ошиб кетган ёшлар газетасининг фаол ходимига айланиб, ижодий жамоанинг, ўқувчиларнинг назарига тушиб улгурганди. Газета таҳририятида салкам олти йил мухбир, шарҳловчи ва бўлим мудири вазифаларида самарали фаолият кўрсатди. Шундан сўнг “Тафаккур” журналида икки йил тафаккурини яна бир бор чархлаб, устози Эркин Аъзамнинг синовидан ўтгач, Адлия вазирлиги муассислигидаги “Ҳаёт ва қонун” ҳуқуқий журнали – “Инсон ва қонун” газетаси бирлашган таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари сифатида фаолиятини бош­лади. Янги ишга киришганидан бирга ишлаймиз, деб каминани ҳам таклиф қилди. Ўша пайтда таҳририят бош муҳаррири Файзулла Қиличев (Оллоҳ раҳмат қилсин) билан келишиб, “Инсон ҳуқуқлари” бўлими мудирлигини ишониб топширишди. Ҳамкору ҳамдаст бўлиб яхши ишладик.

Орадан бироз вақт ўтиб, у журналист-ҳуқуқшунос (иккинчи мутахассислик йўналиши бўйича ҳозирги ТДЮУда ҳам таҳсил олганди) сифатида бирлашган таҳририятни бошқарди. Шу йилларда газета ва журналнинг мухлислари сони кўпайиб, адади ҳам сезиларли ошди. Аҳил ва иноқ жамоада ишлаганимдан ҳозиргача фахр ва ғурур ҳиссини туяман. Шу газета ва журнал саҳифаларида чоп этилган суд-ҳуқуқ масалаларига оид очерк ва мақолаларимни тўплаб “Бировга чоҳ қазисанг…” деб номланган китобимни чиқардим. Унинг нашр этилишига таҳририят ижодий муҳитининг таъсири катта бўлган, деб бемалол айта оламан. Бирга ишлаган давримизда вазирликдаги айрим юристлар Сирожиддин Рау­пов билан ҳуқуқий масалаларда ўзаро маслаҳат-суҳбатлар қилишганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Унинг заҳматли меҳнатлари ҳисобга олиниб, 2000 йилда давлат мукофотига лойиқ топилди ва Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг фармони билан “Шуҳрат” медалига сазовор бўлди.

Орадан кўп ўтмай, уни давлатимизнинг юқори идораларига ишга таклиф қилишди. У ерда ҳам самарали фаолият юритиб, ке­йинчалик Ўзбекис­тон Матбуот ва ахборот агентлигидаги марказ раҳбари, “Мулкдор”, “Биржа” газеталарида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Ундан кейин “Жамият” газетаси ташкил этилди, матбуотимиз тарихида биринчилардан бўлиб ўзбек ўқувчиларини фуқаролик жамияти институтлари ҳақидаги долзарб, қизиқарли материаллар билан таништириб борди. Таҳририят қошида “Маҳорат мактаби” фаолиятини йўлга қўйиб, фуқаролик жамияти тизимини ёритишда ёш ижодкорлар малака ҳосил қилиши учун жон­бозлик кўрсатди, уларнинг нисбатан янги соҳага ихти­сослашувига кўмак берди. Ўша йиллари қизим Паризод “Жамият” газетаси қошидаги маҳорат мактабида амалиёт ўтагани боис, таҳририят фао­лияти ҳақидаги таассуротларини тўлиб-тошиб айтиб берарди.

Айни пайтда Сирожиддин Раупов адабиётимизнинг отахон журналларидан “Шарқ юлдузи” ва “Звезда востока” журналларини бошқармоқда. Ҳозирда уларнинг даврийлиги ошиб, мавзулари салмоқ касб этиб, бадиий савияси ҳам анча кўтарилди. Журналларнинг эски шон-шуҳрати тикланиб, саҳифаларида энг сара асарлар чоп этилаётгани учун юртимиз ва қардош халқлар ижодкорларига ҳам ўзига хос мезон вазифасини ўтамоқда.

Ўтган йиллар мобайнида Сирожиддин Рауф ўнга яқин китоб ва тўпламлар эълон қилиб, адабиёт муҳибларининг кўнг­лидан мустаҳкам жой олди. “Йиғлаётган ой” илк тўпламидаги аксарият шеър­лари талабалик даври маҳсули, ижод намуналари десам хато бўлмайди. Чунки кўпи менга ёд бўлиб қолган. Йил ўтган сари унинг ижодида оҳорли ташбеҳлар, фалсафий қарашлар, фавқулодда ечим ва бадиий топилдиқлар кучайиб борди. Ҳатто болаларга бағишланган шеърларида ҳам салмоқли фикр, мулоҳазага дуч келасиз. Бир сўз билан айтганда, жуда сермаҳсул шоир!

— Ўзини ҳам, ёзганларини ҳам қадрлайдиган шоир иним Сирожиддин Рауфнинг ижодини анчадан буён кузатиб келаман, — дейди   Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам унинг “Сиз менга кераксиз” номли китобига ёзган сўзбошисида. — Шоир шеър­нинг тилини, сўзнинг жарангини топ­ганга ўхшайди. Энди шу йўлдан тоймас ижодкор сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам аллақачон суяги қотиб улгурган.

Шоирнинг ашаддий мухлиси сифатида ҳар бир чиқишини кузатиб бораман, баъзан ўзим ёзганларимни ҳам кўрсатиб оламан ва шу баҳонада дийдорлашиб, ўтмиш хотираларни эслаб оламиз. Гурунг­лар асносида ижодимга баҳо беради. “Шеърларингиз ёмон эмас, ўзингизга ўхшаб жуда содда. Изланинг, тинимсиз ўйланг, меҳнат қилинг, дунёда энг бой тиллардан бирида ижод қилаяпсиз, унинг бутун кўрки, тароватини кўрсатишга ҳаракат қилинг”, деган самимий сўзлари сира малол келмайди. “Шеърда санъат бўлса, ўқувчининг қизиқиши кучайиб бораверади. Акс ҳолда, содда шеърларни ўқиб ўрганган ўқувчининг диди заифлашади, фикрлашдан қайтади. Болаларга бағишлаб ёзганларингиз менга кўпроқ ёқади. Шу жанрда ижод қилганингиз маъқулроқ. Буни ҳаммаям эплолмайди”,   дея маслаҳат берган пайтлари ҳам бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Конститу­циясига бағишланган “Қомусимиз” деб номланган шеъримни шоир Салим Ашурга кўрсатиб, “Халқ сўзи” газетасига берганимни ва у эълон қилинганини айтганимда, Сирожиддин астойдил муборакбод этди. “Бу нашрда чиқишингиз бир омад бўлса, Салим Ашурга маъқуллата олганингиз яна бир муваффақиятдир”, деди чин дилдан хурсанд бўлиб. Дўстларнинг ютуғидан ҳам баҳра ола билиши ноёб фазилатидан далолатдир.

Сирожиддин Рауф турли жанрда, хусусан, ҳуқуқий мавзудаги мақолаларни ҳам қойиллатиб ёзади. Ёзганларини кузатиб бораман, ҳаммаси бир-биридан ўқишли. Хизмат сафари билан Россия Федера­циясининг Новосибрск шаҳрида, Қирғизистон Респуб­ликаларида бўлиб қайтгач, таассуротларини қоғозга тушириб, қатор мақолалар эълон қилганидан ижод аҳлининг хабари бор. У кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳам долзарб мавзуларда ўзига хос чиқишлар қилаяптики, ўтюрак, талабчан ва жасоратли шундай дўстимиз борлигидан ғурурланаман.

Сирожиддин Рауф ўта меҳнаткаш инсон. Бекор ўтирганини умуман билмайман. Бир куни кимдир унинг бироз тоби қочиб, касалхонада даволанаётганини айтиб қолди. Дарров хабар олгани ошиқдим. Каравоти устида бир дунё ёзув-чизув, таҳрир қилинган қоғозларга кўзим тушиб койиган бўлувдим, “Эй, ака, эрмакда, бекор ётгандан кўра”, деб қўя қолди кулимсираб.

Ўтган йили Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарларидан бири мени қабулига чақириб: “Ижодкорларнинг ҳаммасини яхши танийсиз, жума куни бўлиб ўтадиган маънавият ва маърифат тадбирига элга танилган, ҳарбий хизматчиларимиз ва ходимларимизни зериктириб қўймайдиган шоир ёки ёзувчилардан бирини тавсия қилсангиз”, деб қолди. Аввалроқ нотиқлиги билан алоҳида ажралиб турадиган устоз журналист ва адиб Аҳмаджон Мелибоев билан жуда кўтаринки руҳда, чиройли учрашув бўлиб ўтган эди. Шу боис бироз ўйланиб, Сирожиддин Рауф номзодини айтдим. Таклиф қилдик. Ажойиб учрашув бўлди, шоир дўс­тимиз шеърларидан ўқиди, саволларга батафсил жавоб берди. Орадан олти-етти ой ўтар-ўтмас, раҳбарият унинг телефон рақамини олиб қолган бўлса керак, Сирожиддин Рауфни яна, менинг аралашувимсиз таклиф қилишибди. Эшитиб хурсанд бўлдим.

Сирожиддин Рауф билан фахрланаман. Ажойиб ҳамкасб, кўнгилга яқин, дилкаш инсон.

Азамат Суюнов,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − four =