Ер юзининг йиртилмас китоби

  • Google” деган йиртилмас китоб
  • Ҳар дақиқа 2 миллион қидирувчи
  • “Ёмон бўлма”нинг яхшиликлари
  • Дунёнинг 191 тилида тиллашиб…
  • Даҳолар фақат ўтган замонда яшамайди

Бугунги кунда “Google” ҳар биримизнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб келган. Негаки, ҳар куни шу тармоқ орқали нимадир қидирамиз, излаймиз ва янгиянги маълумотларга эга бўламиз. Аслида “Google” асосчилари бир кун келиб ўзлари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни ҳам шу тармоқдан топиб билишимизни орзу қилган бўлса, ажаб эмас. Дунёнинг хоҳлаган бир бурчагида ўтириб бошқа бир дунёдаги янгиликлардан хабар топамиз, одамнинг исми шарифи ёзилса борми, улар ҳақида ўзимиз сўрамаган маълумотларга ҳам эга бўламиз. Бунда афсонавий интернет “разведкачи”миз – “Google” ҳар биримизга садоқат билан хизмат қилади. Биз  ҳар куни уйда, кўчада, ишда у билан бирга вақт ўтказамиз. Энг қизиғи у топиб берган маълумот ва китоблар ичида энг кўнгилочаридан тортиб, мукаммалигача бор.

Айни пайтда  “Google”да ҳар дақиқада 2 миллион қидирувни амалга ошириш мумкин.  “Google” энг кўп одам ташриф буюрадиган тармоқ бўлиб, фейсбукдан кейин иккинчи ўринда туради. “Google”га тегишли бўлган “YouTube”  канали эса учинчи ўринни эгаллайди. “YouTube”да ҳар куни 450 минг одам видео томоша қилади. Мана сизга  “Google” ва “YouTube” деган улкан йиртилмас Китобнинг умуминсоният олдидаги бемисл хизматлари…

“Google” 1996 йил январда ўша пайтда Калифорниядаги Стэнфорд университетида ўқиётган Ларри Пейж ва Сергей Бриннинг тадқиқот лойиҳаси сифатида пайдо бўлган. Aнъанавий қидирув тизимлари кейинчалик қидирув натижаларини саҳифада қидириш сўзлари неча марта айтилганига қараб саралашганига қарамай, Пейж ва Брин сайтлар ўртасидаги муносабатларни таҳлил қиладиган энг яхши тизим тўғрисида ўйлаб кўришди.

Ларри Пейж ва Сергей Брин “Google”ни яратар экан уни дастлаб “BackRub”  деб атайдилар, икки йилдан кейингина бу ихтиро “Google” номини олади. “Google”нинг  ҳамма қидирув тизимлари бошида 4 гегабайтли қаттиқ дискларда сақланган.

1999 йилда Пейж ва Брин “Google”нинг қидирув тизимини ўз тадқиқот фаолиятларига халақит бераётгани учун сотмоқчи бўлишади.  Ўша пайтда қидирув тизимини сотиб олмоқчи бўлган “Excite” компанияси 1 миллион АҚШ долларини қиммат кўради ва сотиб олиш фикридан воз кечади. Бугунги кунда эса ушбу тизимнинг қиймати 500 миллиард долларга тенг туради.

Талабалик йилларида ўз гаражини иккита талаба – Ларри Пейж ва Сергей Бринга сотган Сьюзан Войжитски бугун Youtube  каналининг бошқарувчиларидан биридир. Компаниянинг корпаратив шиори – “Ёмон бўлма”! (“Don’t be evil”). Ушбу ибора тасодифан танланмаган. Чунки “Google” ҳар қандай вазиятда компанияда тинчлик ва осойишталик бўлишини,низолардан қочишни хоҳлайди,  бирлик ва хотиржамликни ёқлайди. Компанияда 72 мингдан ортиқ одам меҳнат қилади.

“Google” таҳлилчиларнинг фикрига кўра 2017 йилда мобил рекламадан 50 миллиард доллар, рақамли рекламадан эса 38 миллард доллар даромад топган.

Ларри Пейж ва Сергей Брин “Google”ни яратган шахслар.

1995 йилда Ларри Пейж Стэнфорд университетига аспирантурага топшириш учун келади. Ана шу пайт­­да аллақачон аспирантурада бакалаврлик даражасига эришган Сергей Брин талабалар билан амалий машғулот олиб боради. Илк лаҳзаларданоқ  Пейж Бринни ёқтирмайди. Фикрлари ҳар хил чиққанлиги сабаб улар  тез-тез тортишиб қоладилар.

Пейж ва Брин дастлаб компа­нияни “Googol” деб номлашган, яъни юзлаб нолларга тенг бирлик сифатидаги рақам тарзида қўллашмоқчи бўлишган. Улар юзлаб рақобатчилар орасидан “Sun Microsystems” компаниясининг асосчиси  Энди Бехтольшаймни сармоядор қилишга эришадилар. У 100 минг долларга чек ёзиб бераётиб адашиб “Googol” ни “Google” деб ёзади. Корхона ҳали рўйхатдан ўтмаган эди. Битта хато туфайли у “Google”га айланади ва ана шу хатолик билан бутун дунёга донг таратади. Шундай қилиб,  Энди Бехтольшайм “Google”нинг илк сармоядорларидан биридир.  Компания асосчилари уни оғир вазиятларга тушганларида бир неча бор сотмоқчи бўлишади. Бироқ “Google” ҳар гал сотилмай қолган ва ўз эгаларини дунёнинг энг саховатпеша миллиардерларига айлантирган.

Дастлаб, “Google” Стэнфорд университети сайтида ишлади ва “google.stanford.edu” доменига эга эди. “Google” учун биринчи маблағ 1998 йил август ойида компанияни рўйхатдан ўтказмасдан тушди. “Google”нинг биринчи оммавий савдоси 2004 йил 19 августда бўлиб ўтди. Компания бир акция учун 85 долларга баҳоланган. 2014 йил 12 февралда компаниянинг капиталлашуви 400 миллиард долларга етди.

2001 йилдн “Google” жуда кўплаб кичик корхоналарни сотиб ола бош­лади. “Google” You Tubeнинг видео хостингларини 1,65 миллиард долларга сотиб олди. “Google”га асос солингандан сўнг 2001 йилдан бошлаб Эрик Шмидт, 2011 йилдан эса Ларри Пейж бошқарган. 2010 йилги ҳолатига кўра компаниянинг 91 фоиз акцияси Ларри Пейж, Сергей Брин ва Эрик Шмидга тегишли бўлган.

“Google” қидирув тизими дунё  бозорида 60 фоиз ўринни эгаллайди. Ҳар куни бу тизимда 50  миллион қидирув талаблари амалга оширилади. “Google” ўз маълумотларини 191 тилда тақдим этади. 2007 йилдан бош­лаб, “Google” ўзининг савол ва жавоблар хизматини янгилади. Россия дунёда биринчилардан худди шу хизматнинг “Google” версиясини яратди.

2010 йилда “Google” Википедияни қўллаб-қувватлаш учун 2 миллион доллар маблағ сарфлади. Ушбу пуллар эксплуатация чиқимлари, инвестиция ва энциклопедияни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилди. Бугунги кунда Википедияни қўллаб-қувватлашга 7,5 миллион доллар маблағ харжланади.

Ларри Пейж, Сергей Брин ва Эрик Шмидт 2024 йилгача “Google”да йигирма йил бирга ишлашга келишдилар. Компаниянинг бошиданоқ эълон қилинган вазифаси: “дунё маълумотларини ташкиллаштириш, унинг ҳаммага очиқлиги ва фойдалилигини таъминлаш”  эди. “Google” муҳандиси Пол Бахҳеит томонидан ишлаб чиқилган компаниянинг норасмий шиори “Ёмон бўлма” шу пайтга қадар уларни ҳамма ёмонликлардан қўриқлаб келмоқда.

“Google” дунё бўйлаб маълумотлар марказларида миллиондан ортиқ серверларни бошқаради  ва ҳар куни бир миллиарддан ортиқ қидирув сўровларини  ва 24 петабайт фойдаланувчи маълумотларини қайта ишлайди. “Google” пайдо бўлганидан бери тез суръатлар билан ўсиши компаниянинг асосий маҳсулоти — қидирув тизимига бевосита алоқаси бўлмаган кўплаб маҳсулотларнинг пайдо бўлишига олиб келди. “Google gmail” электрон почта хизмати, “Google+” ижтимоий тармоғи каби онлайн, “Google Chrome” браузери, “Picasa” фото дас­тури ва “Hangouts” тезкор хабар алмашинуви каби иш столи маҳсулотларига эга. Бундан ташқари, “Google” кўплаб смартфонларда ишлатиладиган Aндроид мобил операцион тизимини, шунингдек, “Google Chrome”   операцион тизимини ва “Google glass” қурилмасини ишлаб чиқмоқда. 2011 йил май ойида “Google” сайтларига ташриф буюрувчилар сони биринчи марта бир кунда 1 миллиард кишидан ошган.

Ушбу компания асосчиларидан бири Ларри Пейж 1973 йилда информатика бўйича Мичиган университети профессори оиласида  туғилган. У болалигидан китобга муккасидан кетган эди. Мусиқий саводга эга бўлиб, саксофон чаларди. Олти яшарлигидан компьютерга қизиқиш бошланган. У ўрта мактабдан сўнг, Мичиган ва Стэнфорд университетларини тамомлаган.  У “Google”ни Сергей Брин билан ҳамкорликда яратган. Сўнгги маълумотларга кўра Пейж 40 миллирад АҚШ доллари қийматига тенг бойлиги билан дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 12 ўринни эгаллайди.  Пейж 2007 йилда Люсинде Саутвортга уйланади. Уларнинг икки нафар фарзанди бор. Пейж “Tesla Motors”нинг сармоядорларидан бири.

Сергей Михайлович Брин 1973 йилда Москва шаҳрида математик олим оиласида дунёга келган. Унинг бобоси Израил Абрамович Брин Москва Энергетика институтининг доценти бўлган. Сергей олти яшарлигида ота-онаси бутунлай АҚШга кўчиб келишади. Мактаб йилларида унга туғма ўтган математикага қизиқиш илми ҳар нарсадан устун келади.

1993 йилда Калифорниядаги Стэнфорд университетида магистрлик ишини ҳимоя қилади. 2007 йилда у Энн Воджицкига уйланади. Уларнинг бир ўғил ва бир қизи бор.

Ҳали энди 23 ёшни қаршилаган йигитларнинг ўзи яшаб турган замонда даҳо ихтирочига айланиши, юракларни қалқитади. Негаки биз ихтирочи-даҳолар ҳақида фикрлаганда уларни ўтган замонларда тасаввур қилишга одатланганмиз. Аслида XXI аср ихтирочилари сизу бизнинг ёнимизда юришибди.  Иш столимиздаги битта тугмача бутун дунёни олдимизда – “Очил дастурхон” каби очиб қўяди. Ҳали энди айнан сизу менинг ёшимда дунёни лол қолдирадиган, яхши­­-ю ёмоннинг истагини бирдек рўёбга чиқарадиган “Google”ни асос­чилари  Ларри Пейж ва Сергей Брин номи уларни жуда ёшлигидан шуҳрат қоясига олиб чиқиб қўйди. Бутун дунё қаршисида “Google” қидирув акаде­мияси яратилди, у бугун битта тугмача билан ҳар биримизнинг истагимизни муҳайё қилади.

Гўзал Бегим тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =