Танганинг “учинчи” томони

Шоира Ражабова, журналист, “Ўзбекистон 24” телерадиоканали катта муҳаррири, халқ депутатлари Пскент туман Кенгаши депутати:

— Кўпинча одамлар касбни биз танлаймиз, дейишади, менимча, касб ҳам одам танлайди. Қайсидир касб сизни қабул қилади, қайсидир касбга ҳеч қовушолмай юрасиз. Шукрки, радио мени қабул қилган.

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетида ўқиб юрган чоғимдаёқ, радиога ишга олишганди. Мана, 20 йилки, Пскентдан Тошкентга қатнаб, “Ўзбекистон 24” телерадиоканалида ишлайман. Ҳаётим давомида минглаб юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг дарду ташвиши, хурсандчилигига шерик бўлганман.

Ҳозирда “Ўзбекистон 24” радиоканалида “Халқ қабулхоналарида” онлайн лойиҳасига муаллифлик қилаяпман. Бизга ҳар ҳафтада республикамиздан юзлаб мурожаатлар тушади. Вазирликлар, қўмиталар ва бошқармалар мутасаддилари билан жонли эфирда муаммони ечишга ҳаракат қиламиз. Бош муҳарриримиз Шерзод Зуҳриддинов, режиссёр Шаҳноза Дўстмуҳаммедова билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Ушбу лойиҳа ортидан 2018 йилда “Йилнинг энг фаол журналисти” бўлдим, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловларида тақдирландим.

Бугунги журналистикадаги очиқлик, ошкоралик, ўз сўзини айта олиш бизнинг катта ютуғимиз. Аммо соҳага энди кириб келаётган баъзи ёшлар журналистикани айрим блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги филтрланмаган ахборотлари билан чалкаштириб қўяяпти. Шуниси ташвишланарли, холос.

Улар ўзбекнинг шаънига мос бўлмаган, эртага изига тушиши тайин бўлган оилавий масалаларни ҳам байроқ қилиб олиб чиқишга ҳаракат қилишаяпти. Бизнинг давр­даги ёшлар бир кичкина хабарни қоралаб, минг ҳадик ва истиҳола билан таҳририятга олиб келардик. Матнда битта хато чиқса, қизариб кетардик. Ҳозир-чи, айрим ўзини журналист деб атаётган блогерлар тузган матннинг ўзи ғиж-ғиж хато. Бундан уялиш ўрнига, гердайишгани ортиқча. Журналистикада устоз-шогирд анъанасини яна тиклаш пайти келди.

Албатта, айрим ёшларни кўриб, ҳавасимиз келади. Улардаги тезкорлик, қатъият, шиддат ва замондан-да илдамлашга ҳаракат қилишади. Бугуннинг журналисти бир кун ўз устида ишламаса, изланмаса, тенгқур ҳамкасбидан ортда қолиб кетиши тайин.

Журналист “танганинг учинчи томони”га ҳам аҳамият бериши керак. Қачонки, унинг меҳнатидан одамлар ўз дарди ва муаммоларига ечим топа олади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − three =