Блогер — ўшак тарқатувчи бўлмасин!
— Ассалому алайкум, аввало, маъзур тутасиз, ҳамма сизни ўлдига чиқаришувди, ҳайрият тирик экансиз, буни ошкор этиш учун сиздан интервью олмоқчи эдим…
— Сиз кимсиз?
— Блогерман…
— Эй! Тинч қўйинг, ўзи сизларга тушунмай қолдим-ку!
— Мен яхши блогер, сизни мақтайман, сира хавотир олманг!
Раҳбар ўйга толди: “Блогерлар тезкорлиги билан эътироф этилмоқда. Энди интернет замони келди. Блогерлар имкониятини кенгайтирайлик. Блогерлар журналистлардан кўра халққа яқинроқ турибди. Буни ҳамма эътироф этаяпти. Яна бири: “Босма нашрларнинг даври ўтди. Блогерлар замони келди”, деяпти. Бир гуруҳига вилоят ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар ҳам берилганди ”…
Хўш, ҳаётий эртакка ўхшадими? Жуда мос-да. Аммо…
Ишонинг, бу эртак эмас, тирик одамларни ўлдига чиқариш тобора одат тусини олаяпти. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да. Дунёдаги баъзи давлатларда интернет биздан кўра анча ривожланган, тезлиги ҳам юқори. Уларда ҳам ижтимоий тармоқларда минглаб блогерлар “жавлон уришмоқда”. Энг қизиғи, бирон мамлакатда блогер биздаги каби гўё ОАВ вакили сифатида эъзозланмас экан. Айни кунларда айрим раҳбарлар журналистларни бир тийинга олмаса-да, блогер келса зир титрайдиган бўлиб қолганига сабаб не?
Тўғри, блогерларимиз орасида масалага жиддий ёндашиб, таҳлил қилиб, фақат расмий тасдиқланган маълумотни бўлишадиганлари ҳам бор. Лекин, улар республикада нари борса 5-10 нафар чиқар. Ундан кўп эмас-ов!
Аксига олиб, шу кунларда блогерлар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар ахборот майдонида тез-тез рўй бермоқда. Эътибор қиляпсизми? Тарқалаётган хабарларга кўра, “Марғилонлик сохта блогер 8 кунга қамалди”, “Қалампир.уз” сайтида ишлайман деб қалбаки стикер тайёрлаб юрган блогер қўлга олинди”… Ҳа, бундай ўшак (ёлғон, миш-миш)лар блогерлар томонидан амалга оширилмоқда. Айниқса, “эртагимиз” қаҳрамони куни-кеча — Сурхондарё вилояти ҳокимини ўлдига чиқарган “блогер” Д.О.нинг иши ҳаммасидан ошиб тушди. Бунақа совуқ гапларнинг тагига етмасдан, обдан суриштирмасдан эълон қилиш ҳеч бир фикри соғлом инсоннинг ақлига сиғмайди, назаримда.
— Бу гапни қаердан олгандингиз?
— Телефонда айтишувди…
— Ким?
— Билмайман, битта аёл…
— Нега суриштирмай, ўзингиз аниқ билмаган маълумотни тарқатдингиз?
— Пушаймонман. Текширмасдан, суриштирмасдан вилоят ҳокими Тўра Боболовга таъзиянома эълон қилиб юбордим…
Ҳа, бу чўпчак эмас. Блогеримиз “ижоди”дан бир мисол…
Текширишда фуқаро Д.О. ушбу хабарни вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимидан олганлигини маълум қилиб, ушбу аёлнинг исмини айтмаган. Нотаниш аёл ўз телефон рақамидан 24 июль куни соат 08:00 ларда қўнғироқ қилиб, аввалига муаммолари ҳақида айтган. Кейин эса гўё Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболовнинг вафот этганини маълум қилган. Сўнг “Ҳақиқатчи блогер” номли аккаунтни юритувчи Д.О. телефони орқали ушбу хабар тўғрисида пост тайёрлаб, Facebook ҳамда Telegramm ижтимоий тармоғидаги саҳифаларига жойлаштирган.
Албатта, блогерга нисбатан қонунда белгиланган жазо чоралари кўрилади. Аммо масала шу билан ечим топармикин…
Тўра Боболов эса яқиндагина блогерларни ҳокимият идорасига тўплаб, барчасига қимматбаҳо совғалар берганига пушаймон чекаётган бўлса ажаб эмас. Ахир айнан ўша блогерлар ўлмаган одамни ўлдига чиқариб, миллионлаб одамларни анча ташвишга қўйди.
Ахири вилоят ҳокими даволанаётган шифохонадан туриб: “Мен борман, даволаняпман, ҳозир аҳволим анча яхши”, деб видео мурожаат қилишга мажбур бўлди…
Бу воқеа битта мисол эмас. Сўнгги кунларда коронавирусдан даволанаётган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовнинг ҳам вафот этгани ҳақидаги ёлғон хабар интернет тармоқларида пайдо бўлиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Блогерлар маълум ижтимоий масала бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва кузатишларини бошқалар билан Интернет орқали баҳам кўргани яхши. Блогда жойлаштирилган материаллар фикр-мулоҳаза, тахмин, эътироз, танқиддан иборат бўлиши мумкин. Лекин асло халқни чалғитишга, ишончсиз, ёлғон хабар тарқатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. “Зеро, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга бўлиб, фақатгина амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир” (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 29-модда).
Ўзини блогер деб биладиган одамнинг шахсий позицияси, йўналиши, тематикаси бўлиши ва мунтазам ишончли манбалар асосида пост ёзиши керак. Маълум бир аудитория, блогпостлар базасига эга бўлиб, етарлича тажриба тўплагандан сўнг уни профессионал даражада кўриш, “ҳомийлик қилиб, қўллаб-қувватлаш” мумкин. Одамларни йиғиб, пост ёза бошладими, кузатувчиларига фақат ишончли манбалардан исботи билан маълумот келтирсин, холис бўлсин, кимларнидир ғаразли манфаатига хизмат қилмасин. Асосийси, у шунчаки бор бўлмасин, балки мавжудлиги билан инсонларга фойда келтирсин.
Муаллифлик блоги — бу электрон мини-газета демакдир. Йирик нашрлардан фарқи — унда таҳририят, ходимлар жамоаси йўқ. Блогернинг ўзи муаллиф, ҳам мусаҳҳиҳ, ҳам тузатувчи, ҳам муҳаррир бўлади. Демак, блогер грамматика, услубшунослик, HTML, дизайн каби соҳалардан хабардор, қолаверса, юқори компьютер саводхонлигига ҳам эга бўлиши лозим. Шундагина АҚШ, Европа ҳамда Осиёнинг баъзи мамлакатларида блог юритиб, кейинчалик йирик компанияга айланиб кетган тажрибалар бизда ҳам иш бериши мумкин. Оддий мисол, The Huffington Post, Mashable, TechCrunch каби интернет-нашрлар ҳам бошида оддийгина блог сифатида иш бошлаган. Бугун эса улар бир неча миллион долларлик йирик компаниялар қаторида саналади.
Хўш, биздаги ўзини блогер деб ҳисобловчиларнинг қанчасида, юқоридагидек маълумот, даража мавжуд? Буни афсуски ҳозир ҳеч ким билмайди ҳам!
Шу сабабдан бугун кўпчилик блогерлик билан журналистикани қориштириб юбораётгани бор гап. Лекин блогерлик журналистика ҳам, ОАВ ҳам ҳисобланмайди!
Журналистдан холислик ва масалани имкон борича кенгроқ ёритиш талаб қилинади. Чунки журналистиканинг асосий мақсади ишончли маълумот тарқатиш, блогерликнинг мақсади нима, оғзига келганини дейишми?
Деҳқонча айтганда, бугун турли ижтимоий тармоқларда, телеграмм каналларида ҳар ким саҳифа очиб, нима деса шуни гапириб, ғиж-ғиж хато ва саводсизликнинг олий даражасини намойиш қилиб ётибди.
Аммо халқимизда: “Айтилган сўз — отилган ўқ”, деган гап бор. Эҳтимол, кўчада юрганнинг бари — блогердир. Чунки, юқорида айтганимиздек, ҳар бир инсонда сўз эркинлиги, ундан фойдаланиш ҳуқуқи бўлганидек, фикр айтиш, маълумот тарқатиш ҳуқуқи ҳам бор.
Аммо бу дегани ёлғон-яшиқ, яъни тўғри келган ўшак гапни тарқатиш мумкин, дегани ҳам эмас!
Туҳмат, ёлғон хабар билан элни чалғитиш — қонунга зид.
Буни ўзини блогерман деб билувчи ҳар бир валломат англаб етиши зарур!
Янада муҳими, одамлар, айниқса, катта-кичик раҳбарлар матбуот, ОАВ, хуллас, ҳақиқий журналистика билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини фарқлай олиши шарт.
Шундагина кўп тушунмовчиликлар ўз-ўзидан барҳам топади.
Абдулазиз Аҳмедов.