Камтар одамнинг камоли

Ҳамкасбларим орасида дўсту қадрдонларим, та­нишларим бисёр.   Лекин Ўрол Санақулов уларнинг ҳеч бирига ўхшамайди.

1984 йил эди. Навоий вилоят “Билим” жамияти ходими, ижодкор йигит мен ишлаётган вилоят радиоэшиттириш қўмитасига келиб турарди. Қўмита раиси, машҳур халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғлининг невараси, тажрибали публицист ва шоир Шукур Нурбоев унинг ҳурматини ўрнига қўяр, унга “шоир”, дея мурожаат қиларди. Кейин билсам, бу камтар йигит, анчайин илмли, зукко шоир экан.

Лекин, унинг таҳририятимизга келадиган бошқа ижодкорлардан фарқи бор эдики, ҳадеб шеър келтиравермасди, тақдим этганлари эфирга берилмаса ҳам ҳеч нарса демасди. Феъли кенг эди. Орадан йиллар ўтди. Хатирчи кенгликларида туғилиб ўсган, Самарқанд давлат университетини тугаллаб, Ленинград (хозирги Санкт-Петербург) давлат университетида таҳсил олган Ўролнинг тақдири Навоий шаҳри билан боғланди.

Навоий кон-металлургия комбинатида мутахассис, бош директор ёрдамчиси, Навоий шаҳар ҳокимлигида мутахассис, бош мутахассис, шаҳар “Маҳалла” жамғармасида раҳбар, “Матонат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Навоий эркин иқтисодий ҳудудидаги қўшма корхонада умумий масалалар бўйича директор ўринбосари, Навоий шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги “Навоий зиёси” газетасида масъул котиб вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилди.

Қолаверса, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати сифатида аҳоли ўртасида ҳурмат-эътибор топди. Айниқса, даврий матбуот нашрлари учун синов даврига айланган кейинги йилларда газета обунасини ташкил этиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришда бор билими-тажрибасини аямади. Газетанинг оғир молиявий шароитдан чиқиб, яна изга тушиб олишига катта ҳисса қўшди. Энг асосийси, у буни ўзининг оддий кундалик вазифаси деб билди.

Ўрол Санақуловнинг ижодий олами, шеърияти алоҳида мавзу. Шоирлик қисмат. Яхши шеърлар эса дардли юраклардагина туғилади. Кимгадир шеър битмоқ оддий машғулот, шуҳрат истаб шеър ёзадиганлар ҳам бор. Аммо Ўрол Санақулов юрагидаги дардларини, қалб туғёнларини, орзу-мақсадларини, кўнгил кечинмаларини оқ қоғозга туширади. Асарларини газета ва журналлар, нашриётларга беришга шошилмайди. Шу боисданми, унинг Орол Санақул тахаллусли истеъдодли шоир эканлигини яқинларидан ташқари, кўплар билмайди ҳам.

Аслида, унинг “Ҳали ҳеч ким айтолмаган ўтли оҳим”, “Буёғига уйғоқ бўл, эй она халқим”, “Азиз ота макон, онажон ватан”, “Сир айтма ётга, болам”, “Манқуртнинг ўлими”, “Сайлов ҳақида баллада” каби шеър ва достонлари кишини бефарқ қолдирмайди. Уларни мутолаа қилиш эса ўқувчини уйғоқликка, эл-юрт, ватан тақдири учун хушёрликка чорлайди.

Вақтнинг ўтишини қарангки, қаҳрамонимиз бугун 60 ёшга тўлибди. Аммо навқирон келбатига қараб табаррук ёшда эканига ишонгинг келмайди. Самимий киши, дилида яхшилик, эзгулик яшайдиган инсон ҳамиша ёш кўринади, яшариб юради дейишгани рост. Ўрол ака, элимиз-юртимиз хизматидасиз, сира чарчаманг!

Олим Хўжаев,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + nineteen =