Қалбларда ҳаловат ва эзгу илтижо

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Қутлуғ айём — Ийдул Адҳо, яъни Қурбон ҳайити арафасида турибмиз. Юртдошларимиз ёруғ юз билан бу кунни қарши олмоқдалар. Тилларда шукрона, қалбларда буюк бир ҳаловат, эзгу илтижо. Аввало, кириб келаётган бу айём барчангизга муборак бўлсин!

Шу муборак кунларда “Hurriyat” газетаси жамоасини ва у орқали барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити байрами билан муборакбод этаман.

Маълумингизки, 2020 йилнинг июль-август ойлари — ҳижрий 1441 йилнинг охирги ойи — Зулҳижжа ойи ҳисобланади. Бу ойда Ислом дунёсининг энг катта муборак байрами Қурбон ҳайити кенг нишонланади.

Аввало, шариатимизда жорий этилган ҳар бир ҳукмни тўлиқ англаб, сўнг уни амалиётга мукаммал татбиқ этиш учун, аввало, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини билиб олиш лозим. Аллоҳ таоло мўмин бандалари зиммасига бадан, тил ва қалб билан бажариладиган ибодатлар билан бир қаторда молиявий ибодатларни ҳам юкладики, бу сизу биз учун раҳматдир. Бу ибодатлар Аллоҳ таолонинг розилигига, раҳмат ва иноятига эришишда муҳим василадир.

Асли “Қурбонлик” сўзининг луғавий маъноси яқин бўлиш, қурбат ҳосил қилиш маъносини англатади. “Қурбонлик”нинг истилоҳий маъноси эса Аллоҳ розилиги учун ибодат нияти билан муайян кунларда тури, ёши ва бошқа васфларини динимиз белгилаган ҳайвонни сўйишдир.

Қурбонлик қилишдан асосий мақсад эса илоҳий амрга итоат этган ҳолда, Аллоҳ таолога қурбат, ибодат қилишдир. Қурбонлик Аллоҳ берган неъматларга шукронанинг бир кўринишидир.

Қуръони каримнинг “Кавсар” сурасида: “Биз сизга, эй Расулуллоҳ, Кавсарни ато этдик. Шундай экан, Роббингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, дейилади. Муфассирлар ушбу оятлар тафсирида, намоздан мурод — Қурбон ҳайити намози, қурбонликдан мурод қурбонлик сўйиш эканини айтишади. Бундан кўринадики, қурбонлик қилишлик мусулмон, оқил, солиҳ, муқим ва закот беришга қурби етган инсонга вожиб бўлади.

Қурбонлик рукни

Қурбонликнинг битта рукни бор, у ҳам бўлса, қурбонлик қилиниши жоиз бўлган ҳайвонлардан бирини Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ ризолиги учун сўйишдир.

Қурбонликка ният қилиш

Қурбонлик сўйишда бундай ният қилинади: “Ё Роббим, шу ҳайвонни Сенинг розилигинг учун сўйишга ният қилдим. Ўзинг даргоҳингда қабул айла!” Сўнг: “Бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар”, деб қурбонлик сўйилади.

Қандай ҳайвонлардан қурбонлик қилинади?

Қўй, эчки, қора мол, қўтос ва туя каби ҳайвонлардан қурбонлик қилинади.
Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қўй бир киши учун, қора мол ва туя бир нафардан етти нафаргача кишилар номидан сўйилса ҳам бўлаверади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг ёшлари ҳам китобларимизда баён қилинган. Қўй — 1 ёшли, қора мол — 2 ёшли, туя эса — 3 ёшли бўлиши керак. Эчки-қўйларни бир киши, қорамол ва туяни бир неча киши қўшилиб, қурбонлик қилиши мумкин.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг сифатлари

Қўйдан жазаъ — олти ойлик ва санний, ундан катта ёшдагиси қурбонликка ярайди. “Санний” деб бир ёшли қўй ва эчкига, икки ёшли молга ва беш ёшли туяга айтилади. Олти ойлик қўйни қурбонлик қилиш, ундан каттасига кучи етмаганда айтилган.
Баро розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Набий солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: 1. Ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон. 2. Касаллиги очиқ-ойдин ҳайвон. 3. Чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон. 4. Мияси чатоқ ҳайвон”, дедилар”, дейилади.

Қурбонликка яроқсиз ҳайвонлар

Кўр, тишларининг аксарияти тўкилган, қулоқлари ёки қуйруғининг ярмидан кўпи кесилган ёки тушиб қолган, елинлари қуриб қолган, қулоқлари ёки қуйруғи туғилганидан йўқ бўлган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди.

Қурбонлик гўшти тақсимоти

Уламолар, қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини ўзи ейиши, иккинчи қисмини камбағалларга, яъниким эҳтиёжмандларга бериши, учинчи қисмини сақлаб қўйиши яхши, дейдилар. Атрофда муҳтожлар кўпайганда эса уларнинг риоясини қилиш зарур.

Ҳайвоннинг ейиш мумкин бўлмаган жойлари

  1. Оққан қони. 2. Эркаклик жинси. 3. Урғочилик жинси. 4. Тухумлари. 5. Сийдик халтаси. 6. Ғуддаси (тери билан гўшт орасида ҳосил бўлган шиш, без). 7. Ўт пуфаги.
    Шериклик асосида қурбонлик қилиш:
    Бир киши ёлғиз ўзи қурбонлик қилиши жоиз бўлгани каби, шериклик асосида ҳам туя, қора мол (сигир, ҳўкиз, қўтос)га етти кишини шерик қилиши мумкин. Шерикларнинг барчаси қурбонлик ва ибодат ниятида қурбонликка қўшилиши шарт.
    Қурбонликка аталган ҳайвоннинг ҳеч бир жойини сотиб бўлмайди.

Закот берувчи ва қурбонлик қилувчи ўртасидаги фарқ

Шу ўринда, закот ва қурбонлик орасидаги нозик қирра ҳақида айтадиган бўлсак, мазҳабимизда закот беришдан аввал нисобга етган мол бир йил ўзгармасдан туриши шарт қилинган бўлса, қурбонлик қилиш учун нисобга етган моли уйда бир йил туриши шарт эмас. Қурбон ҳайити байрами арафасида ёки қурбонлик қилиш мумкин бўлган кунлари моли нисобига етса, қурбонлик қилиши вожиб бўлади.
Яна бир тарафи, пулдор, моли нисобига етган одам мусофир бўлиб қолса, унга қурбонлик қилишлик вожиб бўлмайди. Мабодо сафарга кетаётган одам молига васийлик қиладиган одамга: “Агар мен сафарда бўлиб қайтолмай қолсам, қурбонлик қилинглар”, деса амалга оширса бўлади. Аммо бу сўзни айтмаган бўлса, бўйнидан соқит бўлади.
“Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй” (“Кавсар” сураси, 2-оят), дея марҳамат қилган ва эвазига улуғ ажрларни ваъда қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Ҳар бир инсон шу нарсани қалбан англаб етиши жоизки, аслида Аллоҳ таоло бизнинг қурбонликларимизга муҳтож эмас. Биз эса доимо Роббимизнинг иноятига, раҳмати ва мағфиратига муҳтожмиз. Муқаддас ояти каримада: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у зотга сизлардан тақво етар” (“Ҳаж” сураси, 37-оят), дея марҳамат қилинган.
Зеро, “Кимки хурсандчилик, савоб умидида қурбонлик қилса, қурбонлиги унга дўзахдан парда бўлади” (Имом Табороний ривояти), деган суюк­ли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга минг-минг бора саловатлар бўлсин!
Маълумки, бугун бутун дунёда бўлгани каби, азиз ватанимизда ҳам хавфли ўлат — коронавирус балоси қанчалик заҳмат, қийинчилик туғдирмоқда. Минг-минглаб юртдошларимиз ана шу дард билан оғриб, минг афсуслар бўлсинким, бир қанча ватандошларимиз хасталик туфайли вафот этди.
Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳдан тез кунларда ана шу балони даф этишини сўрайлик. Яна олдинги вақтлардагидек хотиржам ва осойишта дамлар ато этсин.
Илло, шу қутлуғ Қурбон ҳайити кунларида улуғ амалларимизни адо этар эканмиз, Тангри таоло иноятидан бенасиб қолмасликни сўраб дуолар қилайлик.
Энди шу ўринда юртдошларимиздан Қурбонликка оид турли саволлар бўлиб туради. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг айримларига жавоб қилсак:

Савол: Қурбонликка аталган пулни эҳтиёжмандларга садақа қилса бўладими?
Жавоб: Бўлмайди, албатта, Қурбон ҳайити куни жонлиқ сўйиш лозим.

Савол: Қизим учун Қурбон ҳайити куни ақиқа қилмоқчи эдим. Қўй сўйганда ақиқага деб ҳам ният қилсам бўладими?
Жавоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилинг. Қурбонлик — қодир бўлган кишиларга вожиб амал, ақиқа эса ихтиёрийдир.

Савол: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилмоқчи эдик. Умуман, оила катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини олиб қолса бўладими?
Жавоб: Қурбонлик қилувчи инсон Аллоҳ таолонинг розилиги учун жонлиқ сўяди. Оила катта бўлса ҳаммасини олиб қолиш ҳам жоиз, муҳтож инсонларга ҳаммасини тарқатиши ҳам жоиз.

Савол: Биз кўп қаватли уйда турамиз. Ғайридин қўшниларимизга ҳам қурбонлик гўштидан берсак бўладими?
Жавоб: Албатта, бўлади.

Ҳабибулло Абдураззоқов,
Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди
имом-хатиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + thirteen =