1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Бухоролик Муҳаррам Камолова Жондор туманидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида она тили ва адабиёти фанидан сабоқ беради.

Ўзига хос педагогик маҳорати билан дарс самарадорлигини ошираётган муаллима шунингдек, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, фан тўгараклари ва ­клублар фаолиятини олиб боришда фаоллик кўрсатмоқда. Муҳаррам Камолова “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловларида муваффақиятли иштирок этган, “Халқ таълими аълочиси” кўк­рак нишони билан тақдирланган.

Абдулла Орипов,

Ўзбекистон халқ шоири

Муаллимларга

Нечоғ бахтиёрман, таъзимда шу тоб,

Сизнинг шаънингизга битмоқдаман байт.

Не одам бўлардим, қўлимда китоб

Бирор ҳарф танимай турсайдим лоқайд.

 

Сиз-ку  “Алифбо”дан  “Қомус”гача  то

Бари-барисини танитган устоз.

Илк бор Сиз кўрсатган дурахшон Зуҳро,

Бу кун шеърим ичра ташбиҳдир мумтоз.

 

Сиз мўъжаз юракда ёқолган ёғду,

Оқибат қуёшдек соча олур нур.

Буюклар ҳаққига қасамёд гап бу:

Сиздан бошланади асли Тафаккур.

 

Оламда кўп эрур муборак онлар,

Табаррук зотлар ҳам гарчанд кўп эрур.

Сизгадир илк раҳмат азиз инсонлар,

Мунис муаллимлар сизга ташаккур!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − ten =