Янги йил бошидаги истаклар

Ҳалима Худойбердиева, Ўзбекистон халқ шоири

Қишда дов-дарахтлар бурканар оққа,

Қорга лаб босадир ўйларим маним.

Қадрдон қаламим оппоқ вараққа

Пичирлаб тўкадир куйган, суйганим.

Куйдирган, суйдирган дўстларим, салом,

Бул кун барчангизни чорлайман бир-бир.

Бул кун оқаради куррайи олам,

Мурувват қўлини чўзади тақдир.

Қишда қор бўралар, давра қизийди,

Суҳбат кетаётир нари-беридан.

Ким шуҳрат тожини эртароқ кийди,

Кимлар силжимади турган еридан.

Тож кийган қўймасин тожин тушириб,

Тож остида бошни асрасин кўпроқ.

Туриб қолган кетсин чопиб, чарх уриб,

Қуласин елкадан босиб турган тоғ.

Кимки фарзандсизлик доғида юрса,

Рўшнолик келсину етиб куну ой,

Биби Фотимадек қўш фарзанд кўрсин,

Қўш бешик ўртаси бўлсин унга жой.

Ким айтмади битта сўзни ийманиб,

Шу сўз учун унга тилайман журъат.

Куймаган кетмасин доим куйманиб,

Енгил нафас олсин тиклай-тиклай қад.

Ўксиган гўдакка кўзим тушган чоғ,

Садоқати буюк йил келсин дейман.

Қай бир иттифоққа солсалар нифоқ,

Сиёсати буюк йил келсин дейман.

Хаёллар чарх урар бошимда маним,

Эрта кун қолмас деб ерда доғли зоғ.

Эрта бажо бўлар менинг айтганим,

Серғавғо дунё ҳам бўлгайдир бедоғ.

Эрта кун бу дунё бўлгай деб беҳишт,

Жимжитгин боғлар қилар ишора.

Бу қор ҳам шуларни айтмоқда, эшит,

Бу қор ҳам шундай деб қилар башорат.

Мен беҳишт шамолин яшириб сўзга,

Сўзладим, сўзларим ўпсин ер шарин.

Пири бадавлатлик, Оталар, сизга,

Хотиржам бахт сизга, Онажонларим.

Жаннат жилғалари боғларда чопсин,

Йигитлар бўлсин деб Гўрўғли келбат.

Кимки танҳо, бу йил бахтини топсин,

Бемор дўст соғайиб кетсин деб албат.

Янги йил оппоқ қор сўзлаган тунда,

Базм суронларин кузатаркан жим,

Беғам ўтсин дейман йилингиз шундай,

Суйдирган, куйдирган дўст-ёронларим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =