Энг яхши кунларнинг бири — ийд-ул-фитр

Аслида Аллоҳга бандаликда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликда ўтаётган ҳар кунимиз байрамдир. Аммо янада аҳли мусулмон хурсандчилик билан нишонлайдиган муқаддас байрамларимиз борки, бири — Ийд-ул-фитр — Рамазон ҳа­йити, яна бири — Ийд-ул-азҳо, яъни Қурбон ҳайитидир. Муборак рамазон ойини тамомлаб, мана бугун Ийд-ул-фитр байрами арафасида турибмиз. Шу сабабдан, бу байрамнинг фазилатлари, фитр садақаси, фидя ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, Тошкент шаҳридаги Новза жоме масжиди имом-хатибининг ёрдамчиси Исломхон домла Убайдуллаев билан суҳбатлашдик.

— Ассалому алайкум, Исломхон ака. Даставвал, Ийд-ул-фитр байрами ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз.

—  Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ. Аввало, ийд ва фитр сўзларининг маъносини билиб олсак. “Ийд” сўзи араб тилида “қайта-қайта такрорланиш”, “фойда-манфаат” маъноларини билдиради. Айрим уламолар: “Бу байрам инсонларга уларнинг қи­йинчилик ва ғам-ташвишларига қарамасдан ҳар йили уларга хур­сандчилик ва шодлик билан қайта-қайта келгани учун “ийд” деб номлангани ҳақида айтишади. “Фитр” эса ифтор сўзининг ўзаги бўлиб, “оғиз очиш” маъносида келади. Мусулмонлар рўза тутган рамазон ойи тугагач, шаввол ойининг биринчи куни Ийд-ул-фитр байрами сифатида нишонланади. Бизнинг аҳолимиз орасида рўза ҳайити ёки рамазон ҳайити номлари билан юритилади.

Бу куни бомдод намозидан сўнг ҳайит намозига чиқилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Уларнинг (Мадиналикларнинг) ўйнаб ҳордиқ чиқарадиган икки кунлари бор эди.

У зот алайҳиссалом: “Бу икки кун қандай кун?” — дедилар. Мадиналиклар: “Биз жоҳилиятда бу икки кунда ўйнаб-ҳордиқ чиқарар эдик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бу иккисидан яхшироқ кунларни берди, Ийд- ул-азҳо ва Ийд-ул-фитр”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган). Демак, Ийд-ул-фитр Худо берган яхши кунларнинг биридир.

Бу кунда бажариладиган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қилган ва қилишга буюрган талайгина суннатлар мавжуд. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилганлар. Ҳайит намозига чиқишдан олдин тишларни мис­вок қилиш ҳам одобдандир. Икки ҳайит байрамида ҳам янги ёки покиза ва энг яхши кийимларни кийиш ҳам суннатдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар”. Ҳибара — ўша даврда Яманнинг машҳур кийими бўлган.

Ҳайит байрамида сайлгоҳларга чиқиш, қавму қариндошларни зиёрат қилиш ҳам муҳимдир. Бу хурсандчиликлар баҳам кўрилишига сабаб бўлади. Қариндошларга, болаларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса, ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мус­таҳкамланади. Мусулмон киши ҳайит кунларида имкон қадар муҳтожларга ҳам хурсандчилик улашиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шу­нингдек, уламолар ва толиби илмларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит байрамидаги фазилатли амаллардан саналади.

— Рамазон ҳайити эсланганда, албатта, фитр садақаси ҳам эсланмай қолмайди. Шу ҳақда ҳам сўзласангиз.

— Юқорида айтдикки, фитр сўзининг маъноси “оғиз очиш”дир. Шунингдек, яна бир маъноси ҳам бор бўлиб, “эҳсон”, “ҳадя” маъносида келади. Фитр садақасини бериш 30 кунлик рўзадан кейин шукроналик сифатида қилинадиган вожиб амаллардандир. Бошқа садақалар мол ҳисобига кўра қилинса, бу садақа оиладаги киши боши ҳисобига кўра қилинади. У ғамхўрлик, ҳайит кунини хур­сандчилик билан ўтказиши учун қилинадиган кўмакдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан пок­ланиш ҳамда мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоз (ҳайит намози)дан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлур”. (Абу Довуд ривоятлари)

Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлсалар зиммаларига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Шунингдек, мусулмон, нисобга моли етган эркак ўзи ва балоғатга етмаган, нисоб эгаси бўлмаган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб бўлади. Фитр садақасини ҳайит намозигача адо этишлари керак. Киши фитр садақасини ўзи ва ёш болалари учун бериши вожиб бўлади. Балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақаси бериш вожиб эмас. Бундан мурод балоғатга етган бола ўзи бериши керак ва аёл ҳам ўзи бериши керак. Фитр садақасини беришга қодир бўлиб, уни бермай қолган кишининг зиммасидан соқит бўлмайди. Фитр садақаси буғдой, хурмо, майиз ёки арпадан берилади. Буғдой ёки унинг ёрмасидан, майиздан ярим соъ, яъни 2 килограмга яқин берилади. Арпа ва хурмодан бир соъ, яъни 4 килограмга яқин миқдорда бериш керак. Бу нарсалардан бирортасининг қийматини берса ҳам бўлади. Яъни, айнан буғдой, майиз ёки хурмонинг ўзини эмас, унинг қийматини, пул ҳолатида ҳам бериш мумкин.

Фитр садақаси закотга ҳақдор бўлган кишиларга берилади. Булар: фақирлар, яъни нисобга етадиган мулки йўқ кишилар; мискинлар, яъни бир кунлик тао­­ми бор кишилар; жуда қарздор кишилар; Аллоҳ йўлида юрган талаби илмлар ва бошқалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг қарорига кўра, 2021 йил учун фитр садақасининг миқдори шундай: 2 килограмм буғдой 10 минг сўм; 4 килограмм арпа 14 минг сўм; 2 килограмм майиз 80 минг сўм; 4 килограмм хурмо 140 минг сўм деб белгиланди. Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.

— Шу ўринда фидя ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

— Шариатимизда умуман рўза тутолмайдиган даражада кексайган, кундан-кунга заифлашиб бораётган кишилар; сурункали касал бўлиб, рўза тутиш соғлиғига зиён етказиши мумкин бўлган кишилар; мусофирлар рўза тутмаслигига рухсат берилган. Ўрнига рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрилган.   Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Саноқли кунларда. Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” (Бақара сураси 184-оят).

Фидя Аллоҳ таолонинг бандаларига берган енгиллигидир. Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ (2 килограмм) буғдой ёки 1 соъ (4 килограмм) хурмо ёхуд 1 соъ (4 килограмм) арпа. Бугунги кунда бир кунлик фидянинг миқдори 25 минг сўм этиб белгиланди. Юқорида айтган тоифамиздаги кишилар рамазон бошлангач истасалар, ҳар кунлик фидяни бўлиб-бўлиб берадилар. Истасалар, 30 кунлигини бирдан берадилар. Фидяни бир кишига ҳам ёки бир неча кишига бўлиб ҳам бериш мумкин. Фидя мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо киши ота-онасига, турмуш ўртоғига, фарзанд ёки набираларига ҳамда закот беришга қодир бўлган кишиларга фидя тўлаши жоиз эмас. Бемор киши тузалиб қолса, унинг берган фидяси бекор бўлиб, қазосини тутиши вожиб бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб, фидя берса, фидяси қабул бўлмайди. Маълум вақтдан кейин тузалишга умиди бўлган беморлар фидя бермайдилар ва тузалгач, рўзанинг қазосини тутиб беришлари керак бўлади.

Афсуски, айрим кишилар рамазон вақтида хаста бўлсалар, фидя бериб қўйиб, тузалгач мен фидя берганман, қазо тутмайман, дейдилар. Бу нотўғридир. Ҳомиладор аёллар ҳам рўза тутмайдилар, фидя ҳам бермайдилар. Фарзандини дунёга келтириб, уни сутдан ажратганидан сўнг қазосини тутиб беришлари вожиб.

Шаҳзод ШОДМОНОВ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 11 =