Оролнинг туганмас мўъжизалари

АТБ “Туронбанк” кўмагида 7 долларлик “артемиялар” 15 доллардан экспорт қилинади!

Президентимизнинг “Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”, деган

сўзлари бугун ҳар бир соҳада, ҳар бир тизимда ўз аксини топмоқда. Инчунун, АТБ “Туронбанк” тизимида ҳам.

Банкка умид билан кирган ҳар бир мижоз хурсанд бўлиб чиқиб кетади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизнинг чекка ҳудуди Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги тадбиркорлар фаолиятида ҳам намоён бўлмоқда.

Кескин континенталь иқлим

Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбида, Амударёнинг қуйи қисми, Орол денгизининг жанубий соҳилида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси ўзининг бетакрор мўъжизаларига эга. Унинг кескин континенталь иқлими, ёввойи табиати ва шунга мутаносиб одамларининг феълу атвори — ҳар бири бир олам.

Қорақум саҳросига туташиб кетган минтақанинг яшаш майдонлари одамнинг руҳиятига ўзгача бир сокинлик бахш этади. Унинг шимоли-ғарбида Устюрт паст текислиги, шимоли-шарқий томонида эса Қизилқум саҳроси ястаниб ётибди. Қорақалпоғис­тоннинг умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат бўлиб, ҳудудининг катталиги бўйи­ча мамлакатимиз вилоятлари ўртасида биринчи ўринда туради. Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари билан чегарадош. Унинг маъмурий-ҳудудий тузилмасига Амударё, Беруний, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли, Тахиатош, Чимбой, Шуманой, Элликқалъа туманлари ва Нукус шаҳри киради.

Мўйноқда варақланаётган тарих

Бир вақтлар Орол денгизи билан дунёга донғи кетган, кейинги қарийб ярим аср мобайнида эса умуман эътибордан четда қолиб кетган ўлка Мўйноқ ва у ерда қилинаётган эзгу ишлар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Мўйноқ номини эшитган одамлар тасаввурида гўёки ер юзининг нариги чеккаси тушунилади, Мўйноқ гўёки Борса келмас оролчасининг эгизагидек хаёлга борилади.

Бир пайтлар ёши катталар “Қўнғиротдан Мўйноққача йўлда биронта автомашина учратишингиз қийин” деб айтишар эди. Бугун-чи, бугун Нукусдан Мўйноққача бўлган йўлда транспорт қатнови бир лаҳза бўлсин тўхтамайди. 2015 йилда туман маркази кўчаларида фақат конденсат газ билан юрадиган мотоцикл ва “Москвич”ларни кўрган бўлсангиз, ҳозирда замонавий йўлтанламас автомашиналарни эҳтимол, бош­қа туманларда кўра олмассиз, лекин Мўйноқда бисёр.

Бу ерга биринчи марта келишим, бироқ шуни айтишим мумкинки, ўзига оҳанрабодек ром қилаётган ўлканинг сеҳри бошқача экан. Кенг саҳролик одамга қандайдир ўзгача куч бағиш­лайди. Қўнғиротдан ўтгандан кейин ана шу ҳис-туйғу вужудингизни эгаллаб олади. Бир вақтлар денгиз бўлган жойларга келганингизда хаёлингиздан кўп нарсалар кечади. Тарих саҳифалари кўз олдингизда бир-бир варақланаётганга ўхшайди.

Кўз илғамас ҳақиқатлар

Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар Қорақалпоғистон Респуб­ликасининг иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларининг жадал ривожига хизмат қилмоқда. Айни вақтда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг қарийб ярми, ҳудудий экспортнинг 75 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келяпти. Иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи ҳам айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда. Буларнинг натижаси эса бизни ҳар қадамда хурсанд этмоқда. Муҳими, янгилик қиламан, яратаман деган одамнинг қадамлари тезроқ унмоқда. Ҳаётнинг кўз илғаб ва илғамаган ҳақиқатлари бизни тобора кўзлаганимиздан баландроқ чўққиларга чорламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Рес­публикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғ­рисида”ги қарори ижроси доирасида атиги 32 минг аҳолиси бор битта туман учун 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўм маблағ ажратилди (бунақаси ҳали Ўзбекис­тоннинг бошқа ҳеч бир ҳудудида бўлмаган) ва ўтган йилнинг ўзида қатор объектлар қурилди, реконструкция қилинди, капитал таъмирланди ва фойдаланишга топширилди. Янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий корхоналар қад ростлади. Энг муҳими, бугун одамларнинг ҳаётга, эртанги кунга бўлган қарашлари кес­кин таҳрир қилинди.

Корхона қўшма, муваффақиятлар эса…

Чет эл билан ҳамкорликда очилган қўшма корхоналарнинг шу чекка ҳудудларга етиб борганининг ўзи мўъжиза. Бунинг мисоли сифатида ҳудуднинг экспорт ҳажми ортишига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Мўйноқдаги “Jasmine gold group” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасини келтиришимиз мумкин. Тўғри, корхона қўшма бўлиши мумкин, бироқ унинг эришаётган муваффақият ва ютуқлари алоҳида-алоҳида.

— Йилига бир миллион долларлик экспортни амалга оширмоқдамиз, асосий харидоримиз Хитой ва Россия давлатлари бўлиб, хомашёнинг килограмми 7 доллар атрофида баҳоланмоқда, — дейди “Jasmine gold group” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси иш юритувчиси Омонйўл Мамбетов.

Бундай нархдан ҳайрон бўлиб, маҳсулот тури билан қизиққанимизда “Оролдан олинади, артемия цистаси”, деган жавобни эшитдик.

Шуни айтиш керакки, Қорақалпоғистон Республикаси ҳақида сўз борганда каттаю кичик — кўпчиликнинг кўз ўнгига Орол денгизи келади. Маҳаллий аҳоли, айниқса, катта авлод вакиллари Орол сир-синоати, ундаги йирик балиқ турлари, ҳатто акулалар ҳақида соатлаб ҳикоя қилиши мумкин. Оролнинг катта қисми қуриган бўлса-да, қолган қисмидаги мўъжизалар мамлакатимиз учун фойда келтиришда давом этмоқда.

Учта кўзли артемиялар

Сувда яшаётган артемиялар, уларнинг аҳамияти, нима мақсадларда қўлланилиши ва “Туронбанк”нинг бу борадаги лойиҳаси билан яқиндан танишдик. Артемиялар учта кўзли ва 11 жуфт оёқли бўлиб, 15 миллиметр­гача ўсиши мумкин экан. Уларнинг қонида худди умуртқали ҳайвонлар сингари гемоглобин мавжуд бўларкан. Aртемия­лар аслида сайёрамизнинг деярли барча бурчакларидаги шўр кўллар, денгизлар ва дарёларда яшовчи қисқичбақасимонлар оиласига киради.

Aртемия тухумларининг қимматли хусусияти — бу юқори протеин миқдори ва етарли миқдордаги аминокислоталарга бойлигидадир. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, тухум бошқа озуқалар билан таққослаганда, кўп миқдордаги витаминларга эга. Қисқичбақасимон Aртемиянинг тухумлари кичик балиқчалар, қисқичбақалар, аквариум балиқлари учун биринчи даражали жуда тўйимли овқатдир.

Aртемия кисталаридан эса паррандаларни боқишда фойдаланиш мумкин ва бройлер товуқ гўштининг биологик қийматини яхшилашга ёрдам беради. Бройлер товуқларининг мушак тўқималарида гликоген ва сут кислотаси индексларининг кўпайиши Aртемия тухумларининг озуқавий қўшимчасининг гўшт пишиши пайтида юз берадиган ферментатив жараёнларга ижобий таъсирини ўтказиши билан янада қимматли экан.

Уч мавсум йиғими

— 2017 йилдан буён кенг миқёсда фаолият юритаётган хусусий фирмада 20 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Уларнинг асосий қисми Орол тўлқинлари қирғоққа чиқариб ташлайдиган артемия цисталарини териб келиш билан шуғулланади. Артемияларнинг ўртача диаметри 235,5 микрометр бўлиб, микроскоп ёрдамида кўриш мумкин. Келтирилган хомашё махсус тайёрланган ҳовузга қуйилиб, белгиланган ҳарортада личинкалар пайдо қилинади. Шундан сўнг экспортга тайёрланади. Артемияни ёз ойларини ҳисобга олмаганда йилнинг бошқа мавсумида бемалол йиғиш мумкин.

Артемия цисталари асосида олинган маҳсулотлар дунё тажрибасида кенг синалган. Аквамаданият саноатида, агросаноат комплексида, фармацевтика, медицина ва косметоло­гия­да ушбу маҳсулот кенг қўлланилади. Артемия цисталаридан тай­ёрланган маҳсулотларнинг қарийб 90 фоизи аквамаданият соҳасини ривожлантириш мақсадида ишлатилади. Чунки ушбу ноёб маҳсулотнинг таркиби юқори миқдордаги протеин, аминокислота ва витаминларга бой. Шу боис паррандачиликда юқори даражада оқсилга тўйинган қўшимча озуқа сифатида фойдаланилади. Артемия цистасидан озиқланган парранданинг иммунитети мустаҳкамланади, ўсиши тезлашади. Умуман артемия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳайвонларнинг биофаол қўшимча озуқаси, ветеринар дори воситаси сифатида ҳамда ўғитда микробиологик жараёнларни фаоллаштиришда кенг қўлланади, — дей­ди “Jasmine gold group” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси иш юритувчиси Омонйўл Мамбетов.

Тадбиркор — тадбирли, Туронбанк — кўмакчи

Фармацевтика, тиббиёт соҳасида артемия цистаси бойитилган озуқа маҳсулоти сифатида ҳам донг таратган. Уни эндокрин ва қон-томир тизими касалликларининг олдини олишда, ҳатто саратонга қарши дори сифатида қўлланади. Артемия цистаси терининг иммунитетини табиий мус­таҳкамлайди, атроф-муҳитдаги аг­рессив таъсирлардан ҳимоя қилади. Шу боис ушбу маҳсулот дунёда, асосан, ривожланган шарқ давлатларида косметология соҳасида бебаҳо неъмат ҳисобланади. Ушбу ноёб ва қимматбаҳо маҳсулотга бўлган талабнинг ортиши корхона фаолиятининг кенга­йишига сабаб бўлмоқда.

АТБ “Туронбанк” эса тадбиркорнинг бу ташаббусига нисбатан ижобий муносабат билдириб, уни қўллаб-қувватлашга киришди. Банк ажратган 1,3 миллион евро кредит эвазига ишбилармон артемия цистасини овлаш ва қайта ишлаш бўйича янги қувватларни ташкил этишда илғор технологияларни жорий этишга киришган. Ана шунда иш ўринлари сони юздан ошади. Энг муҳими, ҳозирда хомашё сифатида бир килоси 7 долларга баҳоланаётган артемияларни қайта ишлаб 15 долларга сотиш имкони пайдо бўлади. Айни вақтда Туркия ва Вьетнамда белгиланган нархда харид қилишни истаётган харидорлар кам эмас. Уларга тайёр маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси билан экспорт қилинади.

Оролда артемиялар қачон пайдо бўлган?

Бу ерда ҳаммани ўйлантирадиган бир савол туғилади: хўш, Орол денгизида артемиялар қаердан пайдо бўлган, қачон пайдо бўлган? Улар ҳақидаги илк маълумотлар 1980 йилларнинг охирларида пайдо бўлган эди. 1990 йилларнинг ўрталарида эса артемиялар Орол денгизининг Ўзбекис­тон ҳудудларини эгаллай бошлаган. Бунга денгизнинг жадал суръатлар билан қуриб, сувда шўрланишнинг ортиб бориши сабаб бўлган. Маълум бўлишича, улар тузлилик миқдори 100 грамм литрдан ошган сувда фаол ривожланади. Табиийки шўрланиш ортган сари денгиздаги бошқа жонзотлар қирилади ва артемияларнинг кўпайишига замин яратади.

Бугунга кунга келиб, артемияларни овлаш учун фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари кун сайин ортиб бормоқда. 2009 йилда Оролда артемия овлайдиган битта корхона фаолият юритган бўлса, 2018 йилга келиб, уларнинг сони 23 тага етди ва 580 тоннага яқин маҳсулот йиғилди. Айни вақтда Орол денгизидаги артемия цистаси ресурсларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оқилона фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, артемия цистасининг табиий ўсиш майдонларидан оқилона фойдаланган ҳолда уларни овлаш ва қайта ишлаш ҳажмлари босқичма-босқич амалга оширилади. Бу эса Мўйноқ туманида артемия цистасини овлаш, қайта ишлаш тармоғини такомиллаштириш ҳамда юқори сифатли артемия цистаси маҳсулотлари экспорти ҳаж­мини янада оширишда қўл келади.

Ҳа, айтгандай…

Мўйноқда бугун чиндан ҳам афсоналар ҳақиқатга айланмоқда. Бутун халқ бир мақсад йўлида жипслашган Орол­бўйи­да амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиб қолдирилади. Ва бу буюк ишлар, албатта, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқдир.

Биз бугун бу соҳада янги куч ва янги умидлар билан фаолият олиб бораётган “Jasmine gold group” Ўзбекис­тон — Хитой қўшма корхонасини ҳам, унинг изланиш­ларига қанот бўлаётган АТБ “Туронбанк” қўлловларини ҳам астойдил мамнуният билан олқиш­лаймиз. Чунончи, янгилик қидираётган кўнгилнинг салоҳиятига, таваккалига, умидларига “Ҳа, баракалла” дейиш ҳаммага эмас. Буни “Туронбанк” биринчилардан ва биринчи бўлиб айта олди. Қолганини эса мамлакатни, халқни янгиланишлар сари чорлаётган ва бошлаётган эртанги кун айтади. Биз эса бу ишни холис қўллаб-қувватлаган банкка ва бу иш бошида турганларга Навоий ҳазратларининг “Уммидим шулки, уммидингга етгил!” деган сатрлари билан эзгуликлар истаб қоламиз. Она Оролнинг мўъжизалари эса ўз қатидаги мўъжизалари билан авлодларни лол қолдиришда давом этажак.

Гўзал Матёқубова,

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 1 =