Халқ банкининг халқона хизматлари

Халқ банки ўз номи билан халқимизнинг барча қатламдаги одамлари учун доимий равишда хизмат кўрсатиб келадиган асосий банк ҳисобланади. Яъни, диёримизда дунёга келган чақалоққа давлат томонидан бериладиган суюнчи пули тўланишидан бошлаб, фуқаролар ва банк ўртасидаги ҳамкорлик бошланади. Ундан кейинги ўн тўрт ёшгача тўланадиган нафақа, стипендиялар ҳамда кексалик нафақалари дейсизми, барча-барчаси Халқ банки томонидан амалга оширилади.

Шундай экан, Халқ банки тизимида олиб борилаётган ишлар борасида халқимизга доимий равишда ахборот бериб бориш ўринлидир. Шу сабабли куни кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Халқ банки фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда 2021 йил мобайнида молия муассасаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда ахборот олиш эркинлигини янада соддалаштириш орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари ҳакида сўз юритилди.

Анжуман аввалида Акциядорлик тижорат Халқ банки Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов банк фаолиятида олиб борилаётган янгилик ва ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумот берди:

– Халққа янада яқин ва халқчил бўлишни таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида банкнинг ташкилий тузилмаси тубдан такомиллаштирилди. Хусусан, Ахборот хизмати фао­лияти ҳам бутунлай янгиланиб, унинг ўрнига Банк бренди ва Ахборот хизмати фаолияти ташкил этилди. Айни вақтда Халқ банки фаолиятига доир барча маълумотлар банкнинг www.xb.uz расмий веб-сайтида эълон қилинмоқда. Қолаверса, молия муассасасининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилда Ахборот хизмати томонидан янги @xbpress_bot телеграм боти ҳам ишга туширилиб, аҳоли ва мижозларнинг таклиф ва эътирозларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда унга самарали ечим топиш имконияти яратилди. Бунинг натижасида 2021 йил мобайнида аҳолидан келган мурожаатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 2021 йилнинг якунига кўра, Халқ банки Бошқарувига жами 32 913 та мурожаат келиб тушган бўлиб, унинг 98,3 фоизи жисмоний, 1,7 фоизи юридик шахслар томонидан йўлланган. Уларнинг 36,4 фоизи тўлиқ ва ижобий қаноатлантирилган бўлса, 63,6 фоизига тегишли ҳуқуқий маслаҳат ва маълумотлар берилди. Буни қарангки, юқоридаги ўзгартириш ва янгиликлар натижасида жорий йил январь-февраль ойларида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга камайди, – дейди банк Бош­қаруви раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов.

Ҳаммамизга маълумки, банкларга бўладиган асосий мурожаатлар кредит олиш масаласи бўйича келиб тушади. Шу боис, Халқ банки томонидан кредит олиш жараёнида турли муаммоларнинг юзага келишининг олдини олиш мақсадида қандай ишлар олиб борилаётгани билан қизиқдик.

З.Азимов томонидан эса 2021 йил давомида 150,2 минг нафар фуқарога қарийб 3,2 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилгани, 1 мартдан бошлаб бўлса, Халқ банкидан электронлаштирилган тартибда имтиёзли кредитларни “oilakredit.uz” платформаси орқали олиш имконияти яратилиб, кредитлаш жараёни янада соддалаштирилгани, бу орқали молия муассасасида имтиёзли кредит олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар электрон равишда ҳаракатланаётгани, Халқ банкида коррупцияга қарши муросасиз курашишни янада ошириш мақсадида банкнинг Ички назорат ва комплаенс тизими ҳам қайта ташкил этилиб, ҳар бир филиалда 1 тадан Ички назорат ва комплаенс менежери фаолияти йўлга қўйилгани маълум қилинди.

Юртдошларимиз онгида одамлар банкларда қандайдир ишини битириши учун барибир қайсидир банк ходими билан манфаатли келишув йўлини тутишига, коррупция ёки маҳаллийчилик қилишига тўғри келади деган тушунча шаклланиб қолганди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, аниқлаш бўйича қандай замонавий усуллардан фойдаланилаётгани ҳам барчага қизиқ. Бу бўйича эса банк бренди ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова қуйидагича ахборот берди:

– Мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ҳамда коррупцион ҳолатлар аниқланганда зудлик билан банкнинг марказий аппаратига хабар беришни таъминлаш мақсадида “Тезкор хабар” мобил иловаси жорий этилди. Ўтган давр мобайнида мазкур илова орқали келиб тушган мурожаатлар инсон омилисиз автоматик равишда қабул қилиниб, белгиланган тартибда кўриб чиқилди ҳамда аниқланган ҳолатлар юзасидан муайян чоралар кўрилди.   Шунингдек, 2021 йил мобайнида Халқ банки томонидан 5 млн.га яқин (15 фоиз) фуқароларга ҳар ойда 4 трлн. сўмлик 12 турдаги пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар амалга оширилиб, ҳозирда мазкур тўловларни тўлаш механизми янада такомиллаштирилмоқда. Халқ банки томонидан фуқароларга фарзанди туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш билан автомат тарзда банк картаси орқали “суюнчи пули”ни олиш тизими ҳам жорий этилди. Натижада, бугунги кунга қадар 13 мингга яқин фуқароларга 6,8 млрд. сўмдан ортиқ нафақа тўловлари онлайн тарзда банк карталарига ўтказиб берилди.

Матбуот анжумани давомида аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Банк хизматлари марказлари” сони 94 тага, “24/7-Электрон офислар” сони 430 тага, Халқаро пул ўтказмалари шоҳобчалари сони 298 тага ва валюта айирбошлаш шоҳобчаларининг умумий сони 261 тага етгани айтиб ўтилди. Шунингдек, 1,5 млн. донадан ортиқ банк карталари муомалага чиқарилиб, уларнинг сони 5,6 млн. донага етказилди. Амалга оширилган бундай ижобий ишлар натижасида Халқ банкининг жами активлари 511 млрд. сўмга ортиб, 26,9 трлн. сўмни, шундан, кредит портфели 804 млрд. сўмга ортиб, 19,6 трлн. сўмни ташкил этди. Жами жалб қилинган депозитлар қолдиғи 2 трлн. сўмга ортиб, 11,6 трлн. сўмга етди. Банк устав капитали эса 3,2 трлн. сўмга оширилиб, 7,4 трлн. сўмга етказилган.

2021 йил давомида Халқ банки томонидан қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда жисмоний шахсларнинг яшаш ша­роитини яхшилаш учун жами 7,9 трлн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Шундан, ҳудудларга ташрифлар давомида тасдиқланган мажлис баёнларига, асосан, 800 та лойиҳага 940 млрд. сўмлик кредитлар йўналтирилди. Чорвачилик соҳасини ривож­лантириш учун эса 592 та лойиҳага 793 млрд. сўмлик кредит маблағлари тақдим этилди. “Оилавий тадбиркорлик”ни ривожлантириш дастурлари доирасида эса 150 мингдан ортиқ фуқароларга 3,2 трлн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.

Халқ банки томонидан ташкилланган ушбу матбуот анжуманида журналистларнинг турли саволларига банк мутасаддилари томонидан дўстона руҳда берилган атрофлича жавоблардан Халқ банки чиндан ҳам халқпарварлик тамойиллари асосида фаолиятларини янада юқори босқичга олиб чиқиш ҳаракатида эканлигини билиш мумкин. Келгусидаги режаларни амалга оширишда ҳам мазкур банкка омад ва зафарлар тилаб қоламиз. Негаки, Халқ банки фақат халқ учун ишлаши керак.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + two =