Қишлоқда ярим тун…

Қишлоқ. Оддий оилалардан бирининг хонадони. Чорпоя. Кечки овқат маҳали. Тўғридаги уйнинг синиқ дераза табақасида сўрига қаратилган телевизор бор. Ҳамманинг кўзи онгни, маънавиятни, қолаверса, вақтни ўғирлаб, ямламай ютаётган “тилбузар”да…

Тўрда ота — хаёлида минг бир ўй ва рўзғор ташвишини ўйлаб; ёнида она — болаларнинг эртаси, оила кам-кўстини ўйлаб; қуйироқда эса шаҳарда контрактда ўқийдиган “устудент” — ота-онасини ўйлаб… телевизорга термилишган.

“Ойнаи жаҳон”га чиқиб олиб, сўзларни шевага ботириб паққос тушираётган бошловчининг гапларига ҳеч ким эътибор бергани йўқ. Ҳамма ўз сукунатини “истеъмол қили-иб” ўтирибди…

* * *

Тилла завод ишламаган ерда миснинг қад­ри баланд, бозори чаққон бўлади. Бу металлга талаб ошгани сайин, нарх-навоси ҳам кўтарилади, мис одамлар орасида энг қадрли матоҳга айланади. Тилла қазиб чиқариш бир четда қолиб, барча кончилар ўзини мисга “уради”. Руданинг сохта нусхалари тайёрланади, харидорларга “ҳақиқий” деган тамғада сотилади. Энг қизиғи, авом ҳақиқий ва сохта миснинг фарқига икки дунёда ҳам ета олмайди…

Мен бугун ҳаётга боқиб айнан шундай аҳволни кўраман. Адабиётга қаранг: шоирни шоир, ёзувчини ёзувчидан бошқа айтарли ҳеч ким ўқимайди. Талабалар мажбурлигидан онда-сонда энг зўр ё нозўр китобларни “чўқиламаса”, оддий аҳоли орасида мутолаа кўрсаткичи анча паст. Балки фикринг хато, мана, фалон йилги рейтингларни кўр, бизда мутолаа фоизи баланд, деб олдимга бир дунё статистикани ташлашингиз мумкин. Кечирасизу, биз ҳозир ҳақиқий “аҳволимиз” ҳақида гап­лашяпмиз. Узоққа борманг, атрофингизга, агар бўлса китоб жавонингизга, ота-онангизга бир назар солинг. Уларнинг рўзғор тебратишдан, пул топишдан муҳимроқ бош­­қа ғами йўқ. Моддият — ҳамма нарсадан устун!

Ўтган асрнинг 70-80 йиллар адабиётида етишиб чиққан шоир-ёзувчиларнинг ғояси, мақсад-муддаоси истиқлолга эришиш эди. Фақат шу йўлда бирлашиб, қадам босишган улар. Асосийси, бемақсад ёзмаган: “Шунчаки ёзмоқлик — шоирга ўлим!” (Ҳалима Худойбердиева). Бугун кўп журналист-ёзувчиларнинг ишхонада соат 9:00 дан 18:00 гача ўтириб, ясама сўзларга сержило либос кийдириб, қилган таҳриру ёзув-чизувларидан кўра қурилишдаги мардикорнинг Ватанга фойдаси кўпроқ тегаяпти, назаримда. Тўғри-да, бир уйни пойдеворидан бошлаб қуриб, эгасига топширса, ҳам мўмайгина даромад олади, ҳам бир оила уйли бўлиб, устани дуо қилиб яшайди…

Хўш, айтинг ва барака топинг, нега бугун журналистиканинг аҳволи шунчалик ғариб? Сабаб битта: бизда унга эътибор сусайган, холос…

Матбуот мавзусининг сийқаси чиқди. Бу ҳақда қишлоғимиздаги Чори ака билан пис­тачи Сотти холанинг гапирмагани қолди. Натижа эса…

Телевидениени олинг. Айниқса, хусусий телеканалларнинг аҳволига боқинг. Дилинг оғриб-оғриб, охири шунга “ўрганиб” қолгандай.

Агар дунёдаги жами урф-одатлар бозорга олиб чиқиб сотилса, ҳар бир миллат вакили айланиб-айланиб, барибир, ўзининг менталитетига мос қад­риятларни сотиб олади. Чунки айнан улар орқали эсини таниган, ўзлигини англаган. Бугун телеканалларимиз дунё­­да энг рейтинги баланд кўрсатувларнинг ўзбекча вариантини суратга олаётгани, эфирга узатаётгани бор гап. Масалан, “Угадай мелодию” — “Наво шоу”, “Вечерний Ургант” — “МТВ шоу”, “Взгляд снизу” — “Бола тилидан”, “Прости меня” — “Мени кечир” ва ҳоказо. Орамизда айримлар буни ўғирлик сифатида баҳолаяпти. Майли, лекин фақат кўнгилочар, бачкана лойиҳаларни эмас, маъноли, савияси баланд кўрсатувларни ҳам “ўғирлаш”ганда эди. Оддийгина “Голос”, “Голос дети”, “Voice”нинг бутун дунёда юзлаб вариантлари эфирга узатилади: “O ses Türkiye”, “Голос країни”, “The Voice of Holland”, “La Voix”… Бизда ҳам шунга ўхшаш кенг аудиторияли, савияли, даражаси юқори кўрсатувлар олиб бўлмайдими, десам “Менинг юртим” телеканали Бош муҳаррири Дилшод Маматурдиев шундай дейди:

— Оммавий ахборот воситалари халққа яқин бўлиши керак. Лекин масаланинг яна бир томони бор, бу молиявий муносабатларга бориб тақалади. Давлат телеканалларининг фаолияти давлат бюджетидан молиялаштирилади. Сиз назарда тутган позициядан туриб туркум кўрсатувлар қилиш ва бу орқали халққа янада яқин бўлиш мумкин.

Нима учун нодавлат телеканалларида бу каби лойиҳалар кам, биласизми? Чунки ҳар қайси нодавлат телеканал ўзининг ички имкониятлари, кадрлар салоҳияти ва молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, бу каби лойиҳаларни тайёрлашга киришади. Техника ва ижодий гуруҳ харажатлари айнан ўз ҳисобидан қопланади. Бу каби ижтимоий лойиҳаларга эса ҳомийлар жалб қилинмайди. Чунки ҳомийларни фақат кўнгилочар телелойиҳалар қизиқтиради.

Буни тўғри тушуниш керак, чунки бозор иқтисодиётида яшаяпмиз. Хусусий телеканаллар имконияти кенг, формати ўзгача бўлса-да, кўп ҳолларда бачкана кўрсатувлар, бўлар-бўлмас лотерея шоулари билан аҳолининг вақтини ўғирлаяпти, деган фикрдагилар ҳам бор орамизда. Мен бунга қўшилмайман. Чунки ҳар қайси телеканал фаолият юритиш бўйича лицензия олишда ўз форматини кўрсатиб ўтади. Унда кўрсатувлар йўналиши, мазмуни, аудитория­си каби барча элементлар ҳисобга олинади. Бу тасдиқланган формат.

Менимча, нодавлат телеканалларга бериладиган имтиёзлар, ажратиладиган Грант маблағлари ёки субсидиялар борасида янги ислоҳотлар керак. Натижада нодавлат телеканалларда ижтимоий соҳа янада жадаллашиб, ривожланиши мумкин.

Мен бугунги томошабинга ачинаман. Сабаби, шундай кўрсатувлар борки, у сизга ўйлаш учун имкон қолдирмаяпти. Натижада одамлар учун оддий ўй суриш, фикрлаш машаққатли меҳнатга айланиб қоляпти. Истеъмол қилаётган вақтимиз, ҳавога совураётган сўзларимизнинг озгина бўлса-да маънавий юки бор-йўқлигига эътибор берилмаяпти. Доим “силлиқ” қиёфалар, енгил-елпи фикрлар, бачкана кўрсатувлардан кейин маънавият ҳақида гапиришга йўл бўлсин…

Ижтимоий тармоқларда “ZO‘R tv” телеканали муҳаррири Феруза Юсупованинг бир фикрига кўзим тушди: “Биз ҳам миллий сериалларни эфирга бериш тарафдоримиз. Лекин ҳозирча талабга жавоб берадиган миллий сериал таклиф қилинмади. Шу сабаб хорижий давлатлар томонидан ишланган киноларга мурожаат қилаверамиз”. Хўш, қачонгача камимизни хорижнинг кесилган, қирқилган чала-ярим сериаллари билан тўлдириб яшаймиз? Ахир бизда кино санъати ривожланган, актёрларимиз ҳам салоҳиятли бўлса, қачонгача тилла заводимиз туриб, ғишт заводининг жавлон уриб ишлашига, киномизда “Келин хиёнати”, “Бир уйда икки хотин”, “Оиласини бузган фоҳиша”, “Ўйнашининг сири фош бўлди”… каби сариқ чақага арзимас “кино”лар пайдо бўлишига индамай қараб тураверамиз? Саволлар кўп, жавоб эса…

Хўш бу борада томошабин нима дей­ди?

Бахтиёр Қурбонов,

шифокор:

— Телеканалларимиз ўртасида соғлом рақобат йўқ. Бошловчиларни танлашда ҳам талабчанлик етишмайди. Энг муҳими, маблағ кам сарфланади ва арзоннинг шўрваси татимайди, деганларидек аудитория йиға олишмайди. Майли, четдан кўчирсин, лекин зўр қилиб, ўғирлик қилмасдан, ўша кўрсатувларнинг “эгалари” билан ҳамкорликда лойи­ҳалар яратишсин. Шунда ҳақиқий шоу дастурлар пайдо бўларди. Кўнглим ўзбек кўрсатувини тусаса, “Заковат”ни кўраман, холос.

Нима бўлганда ҳам, телевидение­га ҳар куни миллионлаб аҳоли тикилиб ўтиради. Бошловчилар айтган ҳар бир сўзини таҳлил қилади. Ҳозир давлат телеканаллари билан хусусий телеканаллар ўртасида фарқ ер билан осмонча. Қўлида микрофон кўтариб юрган “телеюлдуз”ларнинг ҳаммасини ўз соҳасининг етук мутахассиси, дейиш қийин. Бир-биридан бемаъни “Войдод караоке”, “Алдама мени”, “Ҳелло Африка” кўрсатувларининг йўқ савияси ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили. Фарзандларимиз телеэкран орқали узатилаётган таржимаси ниҳоятда қашшоқ турк, корейс кино, сериал ва ҳар хил савиясиз “шоулар тили”да сўзлашаётгани сизни ташвишга солмайдими?

Садоқат Дадаева,

“Mahalla” телеканали журналис­ти:

— Томошабин аудиторияси турли қатламга бўлинади. Баъзи одамлар кўнгилочар кўрсатувлар мухлиси, баъзиларга ҳаётий тақдир қиссалари қизиқ. Баъзилар эса машҳурлар ҳаётидаги миш-мишларга қизиқади. Бугун томошабинлар орасида шов-шувга ўч, енгил-елпи шоуларга муккасидан кетган бир қатлам шаклланди. Уларга ур-йиқит, бачкана ҳазилларга асосланган дастурлар керак.

Медиаоламда давлат ва хусусий сектор фаолияти ҳамиша фарқли бўлган. Давлат секторига қарашли телеканаллар давлат сиёсатини, позициясини ёритади. Сабаби, у давлат бюджетидан молиялаштирилади. Хусусий сектор эса, асосан, реклама ҳисобига “кун кўради”. Яъни, хусусий телеканаллар ўзини ўзи “боқади”. Жаҳон журналис­тикасига назар солсангиз ҳам, ҳеч қачон давлат телеканалларининг аудиторияси хусусий телеканалларникидан кенг бўлолмайди.

Давлат телеканалида фаолият юритаётган ижодкор сифатида айта оламанки, бу жараённи табиий ва тўғри қабул қилиш лозим. Хусусий телеканалларда фаолият кўрсатаётган ижодкорларнинг аксарияти аввал давлат телеканалларида меҳнат қилиб, тажриба тўплаган кадрлар эканини ҳам унутмайлик. Тўғри, хусусий телеканалларнинг томошабини кўп экани давлат телеканалларини ҳам рақобатга ундади. Бизда эскича қолиплардан воз кечиб, оддий, халқона тилга ўтиш талаби пайдо бўлди. Бугун одамлар узундан-узоқ ваъзлардан кўра, оддий турмуш тарзини, ўз тақдирини оинаи жаҳонда кўришни истайди. Давлат телеканаллари ҳам буни яхши тушуниб турибди. Ваҳоланки, бизнинг ҳам ўз аудитория-ю мухлисларимиз бор.

Тан олиш керак, хусусий телеканалларнинг жуда кўп лойиҳалари муваффақиятли давом этмоқда. Аммо барча теледастурларни ҳам савияли, деб айтолмаймиз. Баъзи кўрсатувларда маб­лағ топиш, шов-шув кўтариш мақсади биринчи ўринга чиқиб, профессионаллик йўқолиб қолгандек.

* * *

Қишлоқда ярим тун. Ота ёнбошлаб ухлаяпти. Она эса идишларни ювиб-йиғиштириб, ухлаш учун жой солишга тутунган. Сўри четидаги ола мушук дастурхондан тўкилиб қолган нон бўлагини олиш илинжида. “Устудент” эса тезроқ ўқишни битириб, ота-онасини контрактдан халос қилишни орзу қилади. У уйда илм ҳақида гапиришга ийманади, чунки эшитадиган одам йўқ. Тилла завод ишламаган ерда темирнинг қадри баланд, бозори чаққон бўлади-да! Телевизорда лоторея шоуларида иштирок этиб, ғолиб бўлишни, бойиб кетишни ўйлай-ўйлай уйқуга кетади. Эртага каллаи саҳарлаб дадаси билан далага чиқиши керак…

Абдулазиз Аҳмедов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 9 =