Ўзбек ўзи бекдай бўлса-да!

“Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг (янги таҳрири) 20-моддаси.

Не ҳасратда авайлаб ўстирган боласининг ҳарбий хизматдан тили ажнабийлашиб қайтганидан қўни-қўшни олдида хижолат бўлган қанча оналарнинг кўнг­­ли бузилиб: “Бу ўрис ўлгур боламнинг туппа-тузук тилгинасини бузиб, элига бегона қилиб қайтарибди-я”, дея ёзғирганларини ҳозирги ёшлар қайдан билсин…

Мактабда устозимиз Мамлакат ая бизга: “Дунёда нечта тил бўлса, ҳаммасининг гапида бош бўлаклар – “эга” ва “кесим”, “иккинчи даражали бўлаклар” бўлади… Фақат гапнинг эмас, тилнинг ҳам эгаси бўлиши керак… Ким ўз она тилини яхши билса, у бошқа хорижий тилларни ҳам осон ўзлаштиради…

Онанг сенга қанчалар хайрихоҳ бўлса, она тилинг ҳам худди шундай – сенинг таянчинг бўлади…”, деб уқтирганига мана, қарийб қирқ йил бўлибди.

Тўғри айтган экан. Ўзимдан қиёс. Ўша – гапда “эга” ва “кесим” вазифасида келадиган сўз туркумлари – “ОТ” нинг келишиклар бўйича турланишини, “ФЕЪЛ” нинг шахс ва сонда, яна замонлар бўйича ҳам тусланишини ва ҳоказо билимларни яхшилаб ўзлаштириб олганим яхши бўлган экан.

Яширмайман, шунинг ортидан салкам ўттиз йилдан бери рўзғор тебратяпман. Ҳозир эҳтиёжимга яраша икки-учта хорижий тилда ҳам “нон топа оламан”, ҳарҳолда.

Яна бир иқроримни ҳам айтиб ўтай – ёши 75га қараб кетаётганига қарамай, битта “семиз” китоб мутолаасини узоғи билан бир ҳафтада интиҳолайдиган онам ҳалигача суҳбатларимизда ҳаммамизнинг, ҳатто набираларининг ҳам, ифода-ю изофаларимизгача таҳрирлаб турадилар, бео­зоргина. Мулла Абдураҳмон домланинг невараси ўлароқ хат-саводи ҳаялламай чиққанидан бери 70 йилда қўлидан ўтган китоблардан олган таассуротларини тинг­лаб ўтиришнинг ўзи бир олам завқ беради кишига. Азбаройи тасаввурлари бойлигидан ер юзининг исталган жойини табиатидан тортиб одамларининг характеригача шунақанги аниқ тасвирлаб берадиларки, эшитган одам худди бу онахон ҳозиргина ўша ердан келибди-да, деган хаёлга бориши ҳеч гапмас.

Қўни-қўшни, қариндош-уруғлардан бирортасининг турмушида муаммо чиқиб, ўй-хаёлида “ҳаёт бошқа, китоб бошқа экан-да” деган хулоса айланиб қолса, ҳеч иккиланмай онамнинг маслаҳатига келади. Ва табиийки, бундай “ҳақиқат” бир зумда “синади”. Онам ҳаётни худди китобдагидай қилиб, керак бўлса, эртаклардагидек қилиб йўлга солиб юборади. Дадам (охирати обод бўлсин!) ҳам қандайдир оилавий масалада бирор маслаҳат онам айтганидай ҳал бўлаверса, “Ҳа, сенинг билганинг-билган, ҳамма нарсани тушунадиган хотинсан. Шу, омон бўлгур, тушунтиришинг ҳам чаккимас-да”, деб қўярди гоҳида…

Узр, бироз чалғидим. Бунинг сабаби бор.

“Ҳуррият”га, деб бир мақола ёзиб, таҳририятга олиб келувдим.

Унда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси билан боғлиқ тарихий ходисага доир таассуротларимни, “ўзбек тили аввало давлат тили экани, миллат тарихи ва маданиятининг асоси сифатида қадрланиши, ҳозирда дунё бўйича қарийб 50 миллион кишининг она тили сифатида хориждаги ватандошларнинг ҳам этномаданий ўзлигини намоён этиб келаётгани, ҳар қандай воқеа-ҳодисани, табиий ва ижтимоий жараёнларни, ҳис-туйғуларни ифода ва изҳор этиш имкониятларининг мукаммаллиги каби ноёб хусусиятлари” борасидаги фикрларимни баҳоли қудрат айтишга уринган эдим.

Мақоламда яна “ўзбек тили юз йиллардан бери 130дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотув умргузаронлик қилишини таъминлаб келаётган чин байналмилал тил эканини, бу тил ўзбекнинг ўзидай бағрикенглиги” ҳақида ёзгандим. Ўзбек тили ўзининг она тили бўла туриб, бошқа тилда мулоқот қилишни афзал кўрадиган миллатдошларимни таҳлил қилишга ҳам уринган эдим.

Муҳими, мустақил ўрганишларим асосида “ўзбек тилини ўрганиш – умуминсоний маданий турфахилликнинг қадимий илдизларини теран англаш, одамзоднинг яна бир бетакрор феъл-атворини кашф қилиш, асрлар мобайнида буюк бунёдкорлик қудратининг чашмаси бўлган ноёб бир миллий характерни ҳис этишнинг энг зўр йўли экани”ни исботлашга тиришган эдим.

Нимаики ишлатилмаса у албатта яроқсиз бўлиб қолади, деган мантиққа асос­ланиб, “токи биз ўз тилимизни фаол ва тўғри қўлламас эканмиз, унинг истеъмолдан чиқишига томошабин бўлиб тураверишимиз”ни айтмоқчи бўлгандим, мақолада…

Таҳририятга киришдан олдин мақолани “бойитадиган” битта бўлсаям сурат олай, деб кўчанинг қарама-қарши томонига қараганимни биламан, Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида турганимга бирдан шубҳа пайдо бўлди менда. Кўзларимга ишонмадим. Ачиниб кетдим, ўзимга – ЎЗБЕКка! Суратга олдим.

Мақоланинг ўрнига таҳририятдан пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бири, буюк бобомиз Алишер Навоий номи билан аталувчи кўчадан олинган бир суратни чоп этишларини сўраб, қайт­дим…

Фахриддин Каримов.

PS. Исталган хорижий давлатнинг пойтахт шаҳарларида тижорат баннерлари ёки одамларнинг кўзи тушадиган ерда биттагина ўзбекча сўзни ишлатиш – сиёсий воқеа саналади! Ва бу деярли имконсиз иш. Бордию бунга аҳд қилинса, эвазига анча ҳаракат ва харажат қилиш керак! Ўзи инсоф берсин, ўзбекка!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 19 =