Бойчечак баргининг сояларида

Муаллиф ҳақида: Баҳодир Қобул (Баҳодир Қобулов) 1966 йилда Бахмал туманидаги Ўсмат қишлоғида туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси (1984-1989) ҳамда ҳуқуқшунослик (1992-1996) факультетларида таҳсил олган. “Ёмғир ёққан тунда”, “Нафақа”, “Қалдирғоч”, “Яхши одамлар” номли илк ҳикоялари 1987 йил “ Ёшлар альманаҳи”да, шунингдек, “Ўспиринлик”, “Эна шамол” каби қисса ва ҳикоялар тўп­ламлари чоп этилган. Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Қуйида Сиз муштарийларимиз эътиборига ижодкорнинг туркум шеърларини ҳавола қилмоқдамиз.

Баҳодир Қобул

Салом, туркистон

1

Зар кокил далалар, алвон далалар,

Хаёл сурадилар, оҳиста ва жим.

Қайси бир тоғингдай дардингни айтай,

Тошлар тарс ёрилар, сой йиғлар сим-сим.

Шоҳсупа ҳувиллар, арчалар собит,

Бир ёнда Туркистон, бир ён Нурота.

Олтин Су кўксидан нур эмган юрт,

Ассалом Онажон, ассалом Ота!

2

Кўзга яқин қирмиз, асов тулпорга,

Назар ташлайверар мард ҳам, номард ҳам.

Сенга эга чиқмоқ бўлмади, не кас,

Не жирканч қўлларни кўрмади ёқанг.

Ҳар тонг азон айтар Кўҳи Орифон,

“Ўзни қутқармоққа шошилгин”, болам,

Неча бир оламни айланиб келиб,

Ой макон ахтарар, кўзлари жаланг.

3

Минг тўққиз юз ўн олтинчи йил,

Қили бўйи, саратоннинг сариқ кунида.

Эгасиз, фаромуш, ҳардамхаёл эл,

Мустариб дирдирар гирён — навода.

Қамишдан сизғиган куйингни уқдим,

Уқдиму, тикландим, азалдан, қайтдан.

Тангри Туркистонин   тенгсиз бекларин,

Руҳи шодмон кезар, сездингми Ватан?

4

Босқинчилар сени минг бор талади,

Учтепада дорлар тикилди бот-бот.

Жиззах Ўрдасини қирқ йил изладим,

Ўрнига ҳасратлар бўй берди, қат-қат.

Қилдай бир жонингга минг бир азоб-ла,

Бағрингда болангни қандай асрадинг?

Мен сени қайлардан излайин энди?

Дийдоринг нелардан энди истайин?

5

Куябошда учган шаҳид бошларнинг,

Оҳларин эшитдим, додин эшитдим.

Бир кўксида гўдак, биттасида тиғ,

Тутиб алла айтган розин эшитдим.

Қонга тўлган Қили, шўр босган мижжа,

Тириклай кўмилган ўспиринзорлар.

Қўрқувдан дудуққа айланган малак,

Қирқкокил қизларни сирин эшитдим.

6

Юртни ёв талайди, хомталаш қилар,

Хоинлар қур олар, тўрдадир ғаним.

Шунча таҳқирларни, шунча зулмни,

Қайси кўкайингга сиғдирдинг таним!

Босқинчи — қўрқоқдир, гўдакдан қўрқар,

Тиғдан ўтказади ёш-у қарини.

Боламга ҳаммасин айтаман дея,

Муллатош кузатиб турар барини.

7

Парпи Ота сенда, Гиркушод сенда,

Авлиёи Сероб, сендадир Ҳуттот.

Илк “Қуёш тақвими” обидасига,

Қайси бир обида тенг келар ҳайҳот.

“Сукунат қўрғони”н сабоқларини,

Ўтмиш ҳам келажак бирдек эшитар.

Учи қийриғи йўқ лаҳмларингдан,

Бир куни Аршга ҳам йўлак топилар.

8

Зомин шаршарасин ҳайқириғига,

Уммон ортида ҳам қулоқ тутарлар.

Бойчечак баргининг сояларида,

Момолар меҳрдан бешик тузарлар.

Ойқор елкасини қўяр осмонга,

Сангзор жўшиб келар, юраги тўлиб,

Тайпоқсой даласи талтайиб ётар,

Арнасой пойингни ювади, ўпиб.

9

Бир ёнда Мажрумим, Авлиё Ота,

Бир ёнда Ваққослар турар дуода.

Бобурни кузатиб Ҳинд сори бунда,

Ўсмат   йиғлаб қолди, абгор увода.

Московни уч кунда олган Тўхтамиш,

Битта қишлоғингга   эга чиқолмас.

Соҳибқирон руҳи қирон солганда,

Аччи аламидан боши чиқолмас.

10

Кеш-у   Шошдан   чиққан ҳар битта карвон,

Сенга қўниб ўтмай, кетолмайди ҳеч.

Чеҳрангга маҳлиё бўлганча қотиб,

Фориш ойна тутар, шом-у саҳар-кеч.

Самарқанднинг ал-хос бекларидансан,

Ёр Яйлоқ лашкарлар дупирин қўмсар.

Бахмал олмасининг асл бўйини,

Беҳишт-ҳурларида бир туймоқ истар.

11

Алвон далаларда алвон лолалар,

Шаҳид оталарнинг ўчмас чироғи.

Бибихоним босган издан гул унар,

Бозорхонимга бор, кўргин чироғим.

Сароймулк хонимнинг қизлари бунда,

Кокиллари зардан, сўзлари болли.

Жаҳонни қайтадан олмоққа тайёр,

Илм тулпорида Темурбек эли.

12

Маржонбулоқ тошин бўйнига осиб,

Тавоф қиладилар, Чин-у — Мочинда.

Оталар сув ичган Ойдин булоқнинг,

Кулгисига тенг соз йўқдир очунда.

Хирмонжой кўмочин   бир тишламини,

Еган қайтиб келар, Маккатиллодан.

Пайкалдан бўйлаган Бўрикалланинг,

Ҳиди қиммат турар минг бир тиллодан.

13

Туркистон арчаси — у арча эмас,

У темурий аскар, темурий бекдир.

Мудом огоҳ турар музофотидан,

Тилаклари тоза, нияти некдир!

Мир Саид Барака авлодларининг,

Руҳи сенда кезар, даванг ва сокин.

Бунда тийра кўзин очгандан буён,

Сендек гўзалликни кўрмаган очун.

14

Темур деди: “Бу юрт менинг боғимдир…”

Улуғбек ёрлиғин сенга илинди.

Усматий фиқхлар шарафга буркар,

Қайси шуҳратингдан сўйлайин энди?

Туркий эл эркиндир, байроқ тикилди,

Етимтоғ етиммас, бағри бутундир.

Ўн икки бекларнинг орасида тенг,

Жиззах тандирининг ўрни тайиндир!

15

Темурбек топинган Узунотанинг,

То абад иззати, қўли узундир.

Суви ширин элим, шакар тил элим,

Арчанг умридайин қадринг узундир!

Сен ота мозорим, она ўчоғим,

Билки, саҳроларинг тўтиё менга,

Бир жангал соясин, қумсади кўнгил,

Хасингга бош қўйиб, жон фидо сенга!

16

Темур дарвозаси — юрт дарвозаси,

Жангу жадалларнинг жаррор гувоҳи.

Баҳодир туркларнинг сўнмас авлоди,

Музаффар наслнинг эшит ур-ҳосин.

Эрганаги доим қўлидай очиқ,

Қўраси қулф кўрмас асли бу элнинг,

Кўксида минг битта доғи бўлса-да,

Қалбида сояси йўқдир бу элнинг!

17

Сен ғозийлар юрти, қўрғоним, мани,

Гуноҳим ювғучи шўх сойим мани.

Тоғлар азон айтар, мозорим мани.

Илҳақим, мустарим, айвоним мани.

Дорларни қўрқитган Бобом сен мени,

Тўпларга тупурган   Отам сен мени.

Ёвлардан туғмаган Онам сен мени,

Ман санинг ушоғинг, гардинг мен сени!

18

“Бир сиқим тупроғим элга қўшилсин”

Бу буюк отамнинг тайини гапи,

Бу улуғ онамнинг омонат сўзи,

Бу суюк боламга ўтинчли дегим.

Бахмал далаларга қўшилиб қувнар —

Беқасам минсакли онамсан Ватан!

Кўк яктак эгнида муаззам тоғлар —

Оқ салла ярашиқ отамсан Ватан!

19

Заркокил далалар, алвон далалар,

Битиклар битади, оҳиста ва жим.

Тошохур шамоли хаёлни тоблар,

Томирлар титроқда, қароқлар лим-лим.

Шоҳсупа гуриллар, арчалар ёвқур,

Бир елка Ойқорим, бири Шунқорим

Зомин Су ёқаси қўрли, қўрли қур,

Ассалом Туркистон, ассалом орим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 16 =