Дунёдаги “ёпиқ давлат”
Шимолий Корея. Ҳа, унинг сиёсати, тузуми, ҳаёт тарзи ҳақида турли миш–мишлар ниҳоятда кўп. Бугун бу давлат ҳақида очиқча гаплашамиз.
Жанубий Корея расман Корея Республикаси деб аталади. Лекин Шимолий Корея ҳамон Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) деган “жимжимадор” ном остида яшамоқда. КХДРда бошқа давлат журналистлари эркин фаолият олиб боролмайди. Бу ерга ташриф буюрган хорижликлар фақат ижобий таассуротлар уйғота оладиган йўналишлар бўйича саёҳат қилиши қаттиқ назорат қилинади. Чет элликларга маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиш қатъиян тақиқланган.
Жанубий Корея ва кўпгина хориж нашрлари Шимолий Корея аҳолисининг аҳволи ўта абгорлиги, давлат бошқарувида ўта шафқатсиз тизим минглаб одамларнинг ёстиғини қуритаётгани ва халқи очлик чангалида қолгани ҳақида бот-бот бонг уради.
Ҳар икки томон ҳам ғояси, мафкураси ва давлатидаги тузумнинг мутлақ адолатли эканлигини таъкидлаган ҳолда қўшнисининг ҳудудлари аслида ўзига тегишли эканлигини, уларни озод қилиш муқаддас бурчлигини айтишдан чарчамайди.
Бугунги кунда очиқ сиёсат юритаётган Жанубий Корея дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига айлангани ҳолда, Шимолий Корея ўзига коммунистик мафкурани тақдим қилган СССР давлати аллақачон тарқаб кетган бўлса-да, тоталитар режимдан воз кечмаган.
“Йўлчи юлдуз”ни излаб…
Ҳозирда 70 йиллик сулоланинг навбатдаги вакили Ким Чен Ин тинчлик йўлида анча-мунча саммитлар уюштирган бўлса-да, ҳануз ракета синовларидан воз кечмаган. Ҳатто турли давлатларнинг узоқ йиллик иқтисодий санкциялари ҳам КХДРни тутган йўлидан қайтара олмаяпти.
Жорий йил давомида АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан бевосита учрашди ва қатор музокаралар ўтказди. Шунингдек, Жанубий Корея етакчиси Мун Чжэ Ин ҳам КХДР етакчиси билан 2018 йил 27 апрелда тарихий саммитлар уюштирган эди. Умуман, юзлаб давлатларнинг юзлаб раҳбарлари кунора учрашиб юрган айни пайтда Шимолий Корея билан ўтказилган ҳар қандай музокара ҳамон “тарихий” деган мақомни сақлаб турибди.
Ким Чен Ин давлатнинг олий раҳбари, КХДР меҳнат партияси бош котиби, Олий бош қўмондон, мамлакатнинг қарорлар қабул қилувчи бош органи — Президиум ва сиёсий бюро аъзоси ва бевосита раҳбари ҳамда Марказий ҳарбий комиссия раиси каби расмий лавозимларга; армия генерали ва армия маршали сингари ҳарбий унвонларга эга. Корейс халқи ўз раҳбарини турли номлар билан улуғлайдиларки, улар расмий унвонлардан-да кучлироқ жаранглайди: “Порлоқ юлдуз”, “Беқиёс биродар”, “Ҳарбий соҳада даҳоларнинг даҳоси”, “Халқ отаси”, “Қимматли ота”, “Коммунистик келажак қуёши”, “Йўлчи юлдуз”…
Шимолий Корея марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, бу давлат жорий йилнинг 9 июнь санасидан бошлаб Жанубий Корея билан барча мавжуд алоқа каналларини тўхтатишини эълон қилди. Унинг бундай қарорга келишига Жанубий Корея томонидан ташвиқот варақалари жўнатилгани сабаб бўлган. Кўп йиллар давомида ишламаган ишонч телефонлари 2018 йилда тикланган эди ва давлат раҳбарлари кунига икки маротаба алоқада бўлишарди. 2018 йилдан буён биринчи бор Пхеньян Сеулнинг расмий телефон қўнғироқларига жавоб бермади.
Б(ек)ор гап…
Британиянинг “Mirror” газетаси диссидент қизга таянган ҳолда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг кўзга кўринган ваҳший ишларини чоп этди. Қиз ўзини Ҳе Юн Лим деб таништирган ва ҳаётидан хавфсираб, суҳбат чоғида юзини кўрсатмаган. Унинг гапларига кўра, мамлакат даҳшатли кунларни бошидан кечиряпти. Айбсиз қатллар, жинсий қуллик, болалар меҳнатидан фойдаланиш(эксплуатация) шулар жумласидандир.
Лимнинг айтишича, КХДР раҳбари Ким Чен Ин юқори табақа вакилларини ибрат олишлари учун даҳшатли қатлларни кўришга мажбур қилади. Масалан, Жанубий Кореянинг “Чунан ильбо” нашри маълумотларига кўра, Шимолий Кореянинг икки амалдори, яъни Шимолий Корея таълим вазирлигида энг юқори лавозимлардан бирини эгаллаб келган Ли Чон Чжин ҳамда қишлоқ хўжалик вазирини зенит пулемёт билан отиб ташланган. Манбада таъкидланишича, амалдорлардан бири Ким Чен Инга қарши кўрсатма бергани, иккинчиси эса Ким Чен Ин иштирокидаги мажлис вақтида ухлаб қолгани учун олий жазога маҳкум қилинган.
Ҳукумат соясида болалар жисмонан қийинчиликларга дучор қилиняпти. Аҳоли онггига доимий равишда мамлакат ғоялари сингдирилади. Бу жараён АҚШ томонидан бўладиган таҳдидлар билан боғлиқ. Шунингдек, ҳарбий қуроллар яратишга миллионларни сарфлаётгани халқ турмушига салбий таъсир кўрсатаётганини ёзади.
Таълимдаги “тараққиёт”
Шимолий Кореядаги мактаб ўқувчиларининг ҳаёти ҳақида деярли маълумот йўқ. Болалар бошланғич мактабда ўқишни 4 ёшдан бошлайди. 5 ёшдан 6 ёшгача бўлган 1 йил барча учун мажбурий ҳисобланади. Ўқувчилар 1950 йилдан буён Совет таълим тизими асосида ўқитилади. Бироқ 2012 йилда таълим тизимини замонавий эҳтиёжларга мослаштириш мақсадида ўрта таълим қайта ислоҳ қилинди. Шу даврдан бошлаб, болалар 6 йил бошланғич мактабда, 3 йил ўрта мактабда ва яна 3 йил юқори мактабда ўқитиляпти.
Дарс жадвали давлат эҳтиёжларига қараб ўзгариб боради. Шимолий Кореяда мактаб формалари давлат раҳбари Ким Чен Ин шахсан белгилаб берган намунадаги формалар билан давлат томонидан тақдим этилади.
Ота-оналарга формаларни сотиб олиш ёки тиктириш тақиқланган. Бироқ доим ҳам ушбу “қонун”га амал қилинмайди. Баъзида форма етмаса, баъзида у ниҳоятда сифатсиз бўлади. Туристлар кўп ташриф буюрадиган пойтахт — Пхеньянда мактаб формалари қаттиқ назорат қилинади. Шунингдек, болалар иттифоқига қўшилган ўқувчилар кўкрагининг чап томонига мамлакат раҳбарининг сурати туширилган “значок” ва қизил бўйинбоғ тақиб юришлари шарт. Иқтидорли болалар учун махсус элита мактабларида ўқиш обрўли ҳисобланади. Бундай мактабларни тамомлаган ўқувчилар ОТМга кирган ҳисобланади.
Мактабларда математика, она тили, адабиёт, тарих ва география ўқитилади. Инглиз тилининг британча варианти ўргатилади. Шунингдек, “Коммунистик ахлоқ”, “Коммунистик партия сиёсати”, “Буюк Ким Ир Син ҳаёти” сингари фанлар мавжуд. Бундан ташқари, мамлакатда репетиторлар кўп. Ўқитиладиган асосий фанлар — инглиз тили ва математика. Қўшимча дарслар ойига $10-30 га тенг.
Болалар ёшлигидан қатъий интизомга ўргатилади. Ўқувчилар парта ва стуллар, биноларни иситиш учун сарфланадиган ёқилғи қийматини тўлашга мажбур. Шимолий Корея мактабларида ўқиш бепул бўлгани билан ота-оналар синф ва мебелларни таъмирлаш, зарур жиҳозларни сотиб олиш учун ҳар ой маълум миқдорда пул тўлашлари шарт. Мактаб ва болалар боғчасида бир қанча маросимлар, яъни жўр бўлиб қасамёд қилиш, таъзим қилиш каби расмиятчиликлар бор.
Футболга лаёқати бор болалар халқаро футболчилар мактабида ўқийди. Футболчилар мактабида атиги 200 та ўқувчи бўлади. Уларнинг хорижга кетиш имконияти бошқаларга нисбатан кўпроқдир.
Ёзда омади чопган ўқувчилар “Sondovon” халқаро болалар оромгоҳида дам олишади. Оромгоҳга Россия, Хитой, Покистон, Вьетнам, Бразилия ҳамда Африка мамлакатларидан ўқувчилар ташриф буюради. Кореяликлар учун оромгоҳ бепул, хорижлик болалар учун 2 ҳафта дам олиш — 450 еврога тенг.
Тақиқланган “рамз”лар “ёғду”си
Шимолий Кореяда дунёнинг барча давлатларида мавжуд бўлган ва аҳоли фойдаланадиган айрим маҳсулотлар чеклаб қўйилган. Масалан, “Coca-cola” ичиш бу ерда қонун билан тақиқланади. Лекин дўконларда унинг ўрнини босувчи маҳаллий ва Хитойда ишлаб чиқарилган яхна ичимликларни, шунингдек, “Sprite” ва “Fanta”ни бемалол топиш мумкин. Ҳукуматнинг фикрича, “Coca-cola” Кореянинг бошига азобу уқубат келтирган Америка рамзларидан биридир.
Мамлакатда кўк рангли жинси кийиш тақиқланган. Фақатгина хорижий сайёҳларга рухсат бор, холос. Уларга ҳам сайёҳлик фирмалари иложи борича жинси киймасликни тавсия этади. Жинси шимдаги хорижликлар фақатгина Ким Ир Син ва Ким Чен Ирнинг муҳташам ҳайкаллари жойлашган ёдгорлик мажмуига кира олишмайди. Мажмуага киришни истаса, либосини ўзгартириши талаб этилади. Сабаби кўк рангли жинси халқаро империализм ва Америка тимсолидир.
Шимолий Корея “бутунжаҳон интернет тўри”га уланмаган дунёдаги ягона давлатдир. Интернетдан фойдаланиш юқори лавозимдаги давлат амалдорлари ва уларнинг айрим ходимларигагина рухсат этилган, холос. Оддий одамлар эса интернетни тушларида ҳам кўришмаган. Мамлакатда кам сонли фуқаро фойдаланадиган эски форматдаги локал тармоқларга ўхшаш ички тармоқ бўлиб, у атиги бир нечта сайт билан боғланган. Тарқатадиган маълумотлари давлат томонидан кучли назорат қилинади. Бугун дунёда урфга кирган “Wi-Fi” тушунчаси ҳам бу ерда йўқ. Кореянинг маҳаллий аҳолиси “Selfi” қилаётган, видеога тушаётган сайёҳларга ҳамиша ҳайрат билан қарашади.
Корея мобиль телефонлари фақат ички алоқалар учун ишлайди, нархи эса жуда қиммат. Хорижга қўнғироқ қилишнинг умуман иложи йўқ. Шимолий Корея аҳолиси учун чегарадан ташқарига чиқиш ушалмас орзу. Улар ҳатто давлат ҳудудида ҳам махсус рухсатномаларсиз эркин юра олмайди. Бунда гап уларнинг иқтисодий имкониятида эмас, шунчаки чет элга чиқиш қонун билан тақиқланган. Қочишга уринганлар 12 минг доллар жарима тўлайди, йўқса шубҳасиз энг олий жазога маҳкум қилинади.
Шимолий Кореянинг матбуотга бўлган муносабати ҳам бутунлай бошқача. Яъни, ҳеч қайси кутубхонадан ва ҳеч кимнинг хонадонидан эски газета тахламини топа олмайсиз. Ҳукумат фикрича, бу давлатни тўғри йўлда бошқариш учун шаклланган “тадбир”лардан биридир. Фуқаролар давлат раҳбарияти шаънига ишора қилинган бирон жумла ёки ўтган даврдаги “гап-сўз”ларни эсга олмаслиги лозим. Бу шунчалик кучли назорат қилинадики, одамлар бирор газетага обуна бўла олмайди, матбуот дўконлари ҳам умуман йўқ. Газеталар метро, автобус бекатлари, корхона ва хиёбонлардаги махсус жойларга тонгда осиб қўйилади. Кечқурун ҳаммаси “тозаланади” ва йўқ қилинади. Хорижда чоп этилган нашрлар, барча турдаги адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш қатъий тақиқланган. Хорижий радиолар ҳамда чет эл мусиқаси, ҳатто оддий операларни эшитиш ҳам мумкин эмас.
Корея “корхонаси”
Ҳайрон қоларли жиҳатлардан яна бири, бу давлатда умуман солиқлар йўқ. Ҳеч ким давлатга даромад солиғи тўламайди. Дўконда маҳсулотларга қўшимча қиймат солиғи қўшилмайди. Корхоналар учун ҳам фойда солиғи йўқ. Ҳатто, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун акциз солиқ жорий этилмаган. Бу давлат иқтисодий тизимини бош директор бошқарадиган йирик корхонага қиёслаш мумкин. Яъни, давлат корхоналари даромадлари тўғридан-тўғри бюджетга тушади.
Шимолий Кореяга бир неча марта иқтисодий санкциялар қўлланилган. Шунга қарамай, у халқаро савдода фаол. Ҳатто ички бозор иқтисодиётини ҳам бирмунча йўлга қўйган. Мамлакат ўзининг ракеталари ва ҳарбий қудрати билан доим фахрланади. Армияни ушлаб туриш учун пулни қаердан олади, деган савол туғилиши табиий. Бу ҳақда эса турли-туман фикрлар, исботлаш қийин бўлган маълумотлар бисёр.
Мутахассислар фикрича, давлат ташқи савдосининг 88 фоизини Хитой Халқ Республикасига қурол ва баллестик ракеталар савдоси ташкил қилган. Шу билан бирга, кўмир, кийим-кечак ва мебель, тахта, озиқ-овқат ва балиқ маҳсулотлари ҳам экспорт қилинади. Давлат сиёсатчилар ва мансабдор шахслар томонидан амалга оширилган “савдо операциялари” ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди.
“Ҳимоя” тақиқлари…
Пойтахт Пхеньян шаҳри аҳолисининг ҳам ҳаёти тақиқларга тўла. Ҳукумат давлатни ва аҳолисини ташқи таъсирлардан “ҳимоя қилиш” учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Агар бу ерга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, пулингизни доллар ёки еврога алмаштириб олинг. Чунки хорижликларга миллий валюта — “вон”ни ишлатишга рухсат берилмайди. Сайёҳлар учун алоҳида дўконлар очилган бўлиб, маҳаллий аҳоли харид қиладиган дўконларга чет элликлар киритилмайди.
Ҳозир бутун дунёда 2020 йил бўлса, Корея 111 йилда яшаяпти. Бу ерда тақвим мамлакат биринчи Президенти Ким Ир Сеннинг туғилган санасидан бошланади. Бу ҳукуматга унинг авлодлари келишига қарамай, бошқарувда амалда у турганлигига ишорадир.
Маҳаллий телевидениеда атиги 3 та телеканал бўлиб, улардан иккитаси фақат дам олиш кунлари кўрсатилади. Қолган учинчи канал эса кечки пайт ишлайди, холос.
Мамлакатнинг энг машҳур кўнгилочар жойларидан бири Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ир мақбарасидир. Бу ерда етакчининг балзамлаштирилган жасади шиша ичига солинган бўлиб, уни кўриш барчага рухсат этилган. Ҳатто чет элликларга ҳам.
Қизиқ маълумотлардан яна бири, эркаклар сочини 5 см.дан ортиқ ўстириши тақиқланган. Давлат йўлларининг бор-йўғи 3 фоизи асфальт қилинган. Аҳоли жон бошига йиллик ЯИМ ҳажми 1900 доллардан тўғри келади. Марҳум Ким Чен Ирнинг спиртли ичимликларга сарфлаган бир йиллик харажати ҳажми ўртаҳол хитойликнинг йиллик даромадидан 800 баравар кўп бўлган.
2018 йилги маълумотларга кўра, 30 фоизга яқин аҳоли қашшоқликда кун кечиради. Бу қатлам егуликка ҳам пул топа олмайди. 2019 йилнинг март ойида Пхеньян ядро синовларидан воз кечганини маълум қилди. Аммо бир неча ойдан сўнг Шимолий Корея ядро дастурини қайта тиклади ва давлатлараро ҳамкорлик яна тўхтади.
Интернет манбалари асосида
Абдулазиз Аҳмедов тайёрлади.