Ота-оналар мажлисига Президент келди ёхуд Туркия Республикаси таълим тизимига бир назар

Амалдаги таълим тизимига Туркияни ёруғ кунларга олиб чиққан Мустафо Камол Отатурк асос солган. Туркия таълим тизими мамлакат Конституцияси, таълим-тарбия тўғрисидаги қонунларга кўра, Миллий маориф вазирлигининг тузилиши ва вазифалари белгилаб берилган. Туркия Конституциясининг 42-моддасида: “Барча кишилар таълим-тарбия олиш ҳуқуқига эгадирлар”, деб ёзиб қўйилган ҳамда фуқароларнинг билим олиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Туркияда барча турдаги таълим тўлиқ давлат назоратида бўлиб, бундай назоратга кирмайдиган таълим-тарбия масканларини очиш мумкин эмас. Хусусий мактаб­лар ҳам давлат таълим стандартлари талабига мос келиши ва давлат дастурларини тўла бажаришга мажбур. Таълим босқичлари қуйидаги таркибга эга:

Мактабгача тарбия;

Бошланғич мактаб.

Ўрта таълим бошланғич таълимга таянган ҳолда, камида уч йил, умумий, касбий ва техник таълим муассасаларини ўз ичига олади.

Бошланғич таълим мактабгача тарбия босқичидан сўнг 2 қисмга: 5 йиллик бошланғич ва 3 йиллик ўрта мактаблар босқичига бўлинади. Ҳар икки босқичда ҳам мактабни битирганлик ҳақида ўқувчиларга аттестат берилади. Аҳоли сийрак ва тарқоқ қишлоқларда мактаб марказий қиш­лоқлардан бирида очилади, гуруҳлаштириш имконияти бўлмаган туманларда эса интернатлар типидаги ўқув муассасалари шаклига эга бўлади.

Олий таълим — мамлакатда малакали касб мутахассисликларини, илмий тадқиқот ишлари олиб боришга қодир кишиларни етиштириб беради. Туркияда 160 дан ортиқ Олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, 104 таси давлат, 62 таси хусусий ҳисобланади. Туркия Болония жараёнига аъзо ва таълим сифати юқори, шунинг учун аксарият турк олийгоҳлари дипломи бутун жаҳонда тан олинади. Бу давлатда олий таълим одатда пуллик ҳисоб­ланади. Агар талаба ўз қобилия­ти, иқтидори билан ўзини намоён этса, унга ҳомийлик ёки давлат стипендиялари асосида грантлар тақдим этилади. Олий таълимда 2 хил кўринишдаги стипендия мавжуд:

Самарали таълим учун;

Давлат томонидан тақдим этадиган стипендия.

Лекин иккинчи кўринишдаги сти­пен­дияда ўқиган талаба ўқишни битиргач, ушбу маблағларни қайтариши лозимдир.

Бундан бир муддат олдин ижтимоий тармоқларда Туркия мактаб­ларининг бирида оддий ўқувчи ва Президент билан боғлиқ қизиқ ҳолат кузатилгани ҳақида маълумот тарқалганди.

“Қўнғироқ чалиниб синфга устоз кириб келди. У болалар билан саломлашгач ўтиришга рухсат берди. Кейин партада тизилиб ўтирган ўқувчиларга бир-бир қараб чиққач, қатъий оҳангда эълон қилди:

— Келаси ҳафтанинг шанба куни ота-­оналар мажлисини ўтказамиз. Мажлисга ҳар бир ўқувчининг отаси ёки онаси келиши шарт. Чунки ҳар бирлари билан алоҳида-­алоҳида суҳбат бўлади.

— Менинг отам келади.

— Менинг онам келади, отамнинг вақти йўқ, — чуғурлашиб кетди болалар.

Фақатгина ўрта қаторнинг энг сўнгги партасида ўтирган болакай чуқур хўрсинди-ю, индамади. Чунки унинг на отаси, на онаси бор. Ёлғизгина бувиси эса кекса, мактаб­га етиб келишга мадори етмайди. Болакайнинг ўйчан юзи хаёлига келган фикрдан ёришиб кетди: “Топдим, мен васийликка мамлакатимиз Президентини айтаман. Ахир у юрт отаси, демак, менинг ҳам отам. Биламан, у болаларни жуда яхши кўради”…

Бирмунча аввал Туркия телерадиокомпанияси уюштирган 38-болалар байрами иштирокчиларини президентлик Кул­лиясида қабул қилганди. Уларни ҳар бири билан, ўз боласидай, меҳр билан сўрашганди. Ўшанда Эрдўған жаноблари болаларнинг беғубор нигоҳларига тикилиб: “Болалари бўлмаган дунё қанчалик қуруқ, жонсиз ва  маъносиз, ҳатто, хаёл ҳам қила олмайман, энг соф, энг тоза севги болаларнинг кўзларида, юзларида ва кичик қўлларида мавжуд”, деганди…

Демир қатъий ишонч билан Президентга мактуб ёзишга киришди. Мактубда ота-оналар мажлисининг мақсади, унинг қачон ва қайси вақтда бўлишини ёзгач, бош ҳарфлар билан: “Менинг ота-онам йўқ. Шу боис Сиз жаноби олийларидан ўша мажлисга келишингизни  ва менинг васийим бўлишингизни сўрайман. Биламан, болаларга бўлган чексиз меҳрингиз боис, мен етимчага вақт топа оласиз”, деб мактубини тугатди. Албатта, устози ёрдамида… Устози хатнинг устига давлат раҳбари манзилини ёзиб, почта қутисига ташлади…

Мажлис бошланди. Болакай умид билан синф эшигига кўз ташлар, юраги хавотир ва ҳаяжон билан дукуллаб урарди. Ниҳоят… ниҳоят боланинг кўзлари чарақлаб, ўрнидан туриб кетди. Чунки рўпарасида ўзи ҳар доим телевизорда кўриб юрган Туркия мамлакатининг Президенти — Ражаб Таййиб Эрдўған жилмайиб турарди. “Сен менинг ўғлимсан, ўксима”, деди у болакайни қучиб…

Бу оддий бир боланинг мактубини назардан қолдирмаган, унинг ўксик қалбига малҳам бўлишни истаган Туркия Президентининг халқига, юртига бўлган улкан муҳаб­бати эди.

Ислом Асилбеков,

Ўзбекистон Журналистика ва

оммавий коммуникациялар университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 15 =