Коррупциянинг ўқ илдизи

Аслида коррупция бугуннинг воқелиги эмас. Аввал ҳам кимлардир қандайдир манфаатдорлик эвазига олди-берди қилган, турли йўллар билан давлат ёки жамоат мулкини ўмариб, пулини ўзлаштирган. Ҳар доим ҳам лавозимга ишга олишда холис, ҳалол йўл тутилмаган ёки тақдирлашда ҳам унинг касбий билими, қобилияти, тажрибаси, шахсий фазилатларига қараб ёндашилмаган.

Очиғи, назаримда лаганбардорлик, ошна-оғайнигарчиликни касб қилиб олган, шунинг орқасидан мавқе-мартабага эришган, хизмат ваколатларидан шахсий манфаатдорлиги йўлида фойдаланиб нафсига эрк бериб, нуқул бойлик тўплашга ружу қўйганлардан холи соҳа бугунги кунда ҳам йўқдай туйилади. Фақат бири бош­қасидан кўлами, даражаси билан фарқланиши мумкиндир.

Шу боисдан ҳам коррупция балоси кўзда тутилган ислоҳотларни жадал амалга оширишда жиддий тўсиқ бўлаётгани давлатимиз раҳбари томонидан кўп йиғилишларда тилга олинмоқда. Жумладан, 31 август куни мамлакат Мустақиллигининг 29 йиллигига бағиш­ланган тантанали маросимда Юртбошимиз сўзлаган нутқида ҳам “Тараққиёт кушандаси бўлмиш иллаткоррупцияга қарши мамлакатимизда кенг кўламда кураш олиб борилмоқда. Шу борада янги тузилмаКорруп­цияга қарши курашиш агентлигини ташкил этганимиз бу масаланинг долзарблиги ва доимий эътиборимизда бўлишидан далолат беради”, дея алоҳида таъкидлаганди.

“Transparency International” халқаро ташкилоти эълон қилган коррупцияга қарши 100 балли рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат ва ҳудудлар ичида 25 балл билан жаҳонда 153-ўрин эгаллагани ҳам давлатимиз раҳбарининг куюнчаклиги, амалий саъй-ҳаракатлари бежиз эмаслигидан далолат беради.

Хўш, коррупция нега бу қадар урчиди? У қандай муҳит ва кўринишларда юзага келади?

Маълумки, собиқ иттифоқ давридаёқ коррупция авж олганди. Дейлик, мамлакатимизда пахта яккаҳокимлиги даврида йиғим-терими мавсуми фронтга қиёсланарди. Бу “фронт”га мактаб ўқувчилари, олий таълим даргоҳлари талабаларидан тортиб, корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчиларигача сафарбар этиларди.

Соғлиги дала ишларига тўғри келмаслигини айтганлар тиббиёт ходимлари кўригидан ўтарди. Кўпинча ҳақиқий касалманд қолиб, орқасида тиргаги бор, аммо тўрт мучаси соғломлар “справка”си бор бўлиб қоларди. Баъзиларнинг амалдор отаси ректорга битта қўнғироқ қилса, кифоя эди. Аслида бу ҳам коррупциянинг бир кўриниши. Чунки ўша ўқувчи ёки талаба танбал, ишёқмас, бировларнинг ҳисобига кун кўрадиган бўлиб вояга етади.

Минг афсуски, жараёнларга юқоридаги тахлит ёндашиш мустақилликка эришилганидан сўнг ҳам анча йиллар давом этди.

Буни қарангки, бир гал Бухородаги нуфузли олий таълим муассасасида проректор бўлиб ишлайдиган дўстимиз: “Ректоримиз бир мавсумда камида “кўк”дан 200-300 минг топади. Энди раҳбар шундай бўлгач биз чеккада турармидик. Эй, буёғини сўрасанг, фаррош ҳам ўқишга бола киритади”, дегани эсимда.

Юқорида келтирилган мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, бундай “сабоқлар”, минг афсуски, жамиятни ростакам таназулга етаклаб боради. Қайси соҳани олманг, коррупция! Шу ўринда улуғ мутафаккир Абдулла Авлоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деганида жамиятда юз бераётган салбий ҳолатларга оид теран гап айт­ган.

Узоққа бормайлик, мамлакатимизда дастлаб карантин эълон қилинган кунлар эди. “Дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти мененжерининг хонасида ўтиргандик. Суҳбатимиз устига бир туман тиббиёт бирлашмасининг бош шифокори кириб келди. Мененжердан ўзи билан олиб кетиш учун керакли тиббиёт воситалари, дармон дориларини сўради.

— Уларнинг бори тақсимланган, сизга қарашли дорихонадан келишиб, тегишлисини олиб кетишганди, — деди мененжер. Шунда бош ҳаким жаноблари:

— Ҳаммасидан хабарим бор. Олинганларни бўлимларимизга тарқатгандик. Қайтариб олсак гап-сўз кўпаяди. Очиғини айтсам, ҳозир “катта” сўраяпти, бўлса йўқ деманг, ўша гап-да… — деди.

Шу пайт бош шифокорнинг қўл телефони жиринглади. Узр сўраб қабулхонага чиқди. Эшик қия очиқ қолгани боис бош шифокорнинг “тушунарли”, гап орасида “топшириғингиз бўйича дори-дармон”га келгандим”, “ҳозир “есть” қиламиз” деган сўзлари эшитилиб турарди…

Коррупция, коррупция деймизу, баъзан ўзимиздан ҳам ортмай қолаяпмиз. Бойни бой, камбағални камбағал дейилаверса коррупцияни ҳали-бери тугата олмасак керак.

Энг ёмони, катта-кичик тизимларда таниш-билишчилик, ошна-оғайничилик сингари иллатларнинг барҳам топмаётгани бир бўлса, давлатнинг катта-катта маб­лағларидан турли усулларда ўз фойдасига ҳал қилиш, жойи келганда битта имзо чекишнинг “нархи” бор эканлиги коррупция нақадар чуқур илдиз отганидан далолат беради.

Бир қарасанг, ўша лойиҳа бажарилган. Айтайлик, фалон километрлик йўл қурилган, муддатида бўлмаса ҳам чўзилиб-чўзилиб бажарилган. Лойиҳа қийматидан ҳам ошиб кетмаган. Лекин бундан бир йил аввал қурилган бу йўлдан нега юриб бўлмайди? Нега ҳатто бундан 30-40 йиллар бурун қурилган йўллар собит, мустаҳкам турибди-ю, янги йўлларимиз тез ўпирилиб, ўйдим-чуқур бўлиб қолаяпти. Ўйдим-чуқурлигидан сув йиғилади, ҳатто у чуқурларда ўрдак боқиш мумкин бўлади.

Чунки, лойиҳа — сохта, унга ишлатилган қурилиш материаллари сифатсиз.

* * *

Мулкни хусусийлаштириш жараёни коррупция илдизига ниҳоятда ҳаётбахш озуқа бағишлади. Дастлаб, бир ҳаётий далил келтираман.

Бухоро вилоят ҳокимлиги муассислигидаги газеталарга бош муҳаррир бўлганим учун аксарият вилоят тадбирларида қатнашардим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳукумат раҳбари лавозимида ишлаган пайтида Бухоро вилояти фаоллари йиғилишида иштирок этиб, айтган гапларидан таъсирланиб “Уни сиз ҳам учратгансиз” сарлавҳали мақола ёздим. Қу­йида “Бухоронома”нинг 2007 йил 28 март сонида “Маънавият қирралари: мулоҳаза, муносабат” рукни, “Гап маънавиятдан йироқ, лоқайд яшаш ҳаёт тарзига айланган кимса(лар) ҳақида бормоқда” сарлавҳали мазкур мақоламдан мавзуга тааллуқли бир парчани айнан келтираман:

“Лоқайдлик!.. Бу иллатнинг ўзаги қаерда? Белгилари қандай намоён бўлади? Асоратлари нечоғли оғир кечади? Лоқайд кимса ҳамма нарсага нисбатан ҳам лоқайдми? Йўқ! У ўзига алоқаси бўлмаган, наф кўрмайдиган, аралашса зарари тегадиган, ҳузур-ҳадовати бузиладиган ҳолатларга нисбатан лоқайд, кўзи “кўр”, қулоғи “кар”. “Менга нима” қабилида, сиртдан томошабин тарзида иш тутади. Ўзига келганда эса бунинг тамомила акси. Нафи   тегадиган имкониятдан мумкин қадар кўпроқ фойдаланиб қолишга уринади. Бармоғингизни тутқизсангиз, қўл тугул, елкагача суғуриб олади…

…Республика Бош вазири Ш. Мирзиёев ўтган шанба куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида қатнашиб, Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган пайтида ўзи дуч келган, эртанги кун, юрт тақдирига бефарқ қаролмайдиган, ватанпарвар ҳар қандай киши қалбини ларзага келтирадиган ўта аччиқ бир ҳақиқатни очиқ, ниҳоятда куюниб гапиргани сабаб беихтиёр кўнглимдан юқоридаги мулоҳазалар кечди. Мулк­­ни давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришга мутасадди, юқорида эътироф этганимиз каби манфаатпараст раҳбарлар томонидан Пойариқ туманидаги пахта заводи 10 миллион (!) сўмга сотиб юборилган. Бу олди-сотди келгусида қанчалик қийинчиликларни келтириб чиқаришини ва ниҳоятда қимматга тушишини англаган, оқибатда иқтисодиётга беҳисоб даражада зарар етишидан қаттиқ ташвиш­ланган, жараённи тўхтатишга уринган вилоят ҳокимига юқорида турган жаноблар ўшанда “Бу ишга ҳокимларнинг аралашишга ҳаққи йўқ!” қабилида жавоб беришган.

— Ҳозир Пойариқда пахта заводи йўқ,—деди Бош вазир.— Завод қуриш учун эса 6 миллиард сўм маблағ керак. Бюджетдан бир туман учун бунча маблағни ажратишнинг ҳозирча имкони йўқ.

Хуллас, маълум бўлишича, ишлаб турган заводнинг барча ускуналари шу ҳолича “шаланда”ларга юкланиб қўшни мамлакатга элтиб ўрнатилган. Тилга олинган “мулкни давлат тасарруфидан чиқариш” эвазига эҳтимол кимларнингдир чўнтагига бир неча юз минг “кўк”идан тушгандир. Акс ҳолда, елкасида калласи бор, ҳисоб-китобдан жиндай хабардор банда ҳам бутун бошли заводни атиги 10 милллион сўмга пуллаб юборармиди? Ҳолбуки, хусусийлаштириш жараёнлари бошида ўта ақлли, билимдон, фойда билан зарарнинг фарқига жуда яхши борадиган кишилар туришган.

Таассуфлар бўлсинки, бундай мисоллар ягона эмас. Шунга ўхшаш “хусусийлаштириш”лар бошқа вилоятларда ҳам юз бермаганми?!”

Чиндан ҳам мамлакат кўламида бундай талон-торож қилиб юборилган корхоналар, бинолар қанча? Улардаги қимматбаҳо дастгоҳлар, машина-механизмлар-чи? Минг-минглаб қорамоллар парваришланаётган фермалару турли русумдаги техникаларга эга машина-механизмлар парклари, хўжаликларнинг замонавий идоралари-ю дала шийпонлари-чи?

Мулкчилик шакли ўзгариши, “буз-буз”­лар, “гумдон қилишлар” замирида ҳужжатлар рисоладагидай тузилгани ҳолда бир неча юз миллион сўмлаб қийматга эга бинолар арзимаган чақага нархланиб, пуллаб юборилган. Минг-минглаб ишчиларнинг тирикчилигини таъминлаётган корхоналар сунъий равишда банкротлик ҳолатига келтирилиб, бино ва қимматбаҳо дастгоҳлари, ускуналарини жазман харидорлар арзонгаровга сотиб олиб, биноларни тўйхоналар, савдо дўконларига айлантириб, дастгоҳларини хусусий корхоналарига ўрнатиб мўмай даромад манбаига айлантирдилар.

Мазкур жараёнларда кимларнинг, қандай келишувлари, мақсад-муддаолари, томонларнинг қандай манфаатлари ётганлигини жиндай фаҳму фаросати бор одам ҳеч қандай изоҳсиз жуда яхши тушунади.

* * *

Республика ташкилотларининг раҳбарлари ёки ходимлари иш юзасидан вилоятларга хизмат сафарига чиқишлари табиий жараён ва уларга меҳмон мақомида қаралиши азалий удумга айланган. Шунингдек, улар жойлашиш­лари учун меҳмонхонага “люкс” ёки бир кишилик (унинг мавқеига қараб) хона буюртма берилиб, тайёрагоҳ ёки темир йўл вокзалида кутиб олинади, сафарнинг самарали ўтиши учун ташкилий-амалий чоралар кўрилади.

Тўғри, меҳмонни кутиш, унинг яшаши хусусида қайғуриш, ҳурматини ўринлатиш, одамгарчилик юзасидан таомлантириш, муносиб кузатиш миллий менталитетимизга хос анъана. Хизмат сафарига келадиганлар орасида бировга оғирини туширмайдиганлари, холис иш тутадиганлари, назари тўқлари кўп ва аслида ҳам шундай бўлиши лозим.

Маҳаллий амалдор фаолиятига қора тортилган ахборот ёзиб кетилса ўтирган курсидан айрилиши ёки қандайдир кирдикорининг миси чиқишидан қўрқиб, шу каби ташриф буюрган кимгадир ўринбосарини ҳамроҳ қилиб бошига ғалва орттирган қайсидир бош­лиқнинг ҳолига тушмасликни ўйлаб нуқул унга “пахта” қўяди, орқасидан “лаган” кўтариб юради. Бунинг устига вилоят раҳбари ҳам “соҳангдан бир гап чиқадиган бўлса жонигни олиб, қонинг­­ни ичаман” қабилида олдиндан огоҳлантирган.

Айрим хизмат сафарига келганлар оқшомлари қайсидир номдор ресторанда алоҳида кабинадаги юмшоқ курсига ястаниб “менью”га назар ташлаб оғзига келганини буюрганини кўриб энсангиз қотади. Мезбон унинг тўловини ўйлаб ичидан қиринди ўтса-да сиртида жилмайиб, ялтоқланиб меҳмоннинг кўнгли тусаганини муҳайё қилдиради. Қанча ноз-неъмату таомлар дастурхонда қолиб кетади. Бундай битта “ужин”нинг пулига оддий хонадон бир ой қора қозонини қайнатиши ҳеч гапмас. Ҳатто Муқимий бобомиз таърифлаган феъл­­ли баъзи бирларининг меҳмонхона, еб-­ичишини кўтаришдан ташқари чўнтакларига “конверт” солиниб, сафарлари қариганида қўлларига қайтиш чиптаси ва “мозорбости” пакетлар тутқизилади.

Хўш, энди холисона айтинг-чи? Бу сарф-харажатлар қайси ҳисобдан қилинади? Билишимча, бирорта маҳаллий ташкилот сметасида бундай тўловлар учун маблағ кўзда тутилмаган. Демак, ҳаммаси раҳбар зиммасида. Инсоф билан айтганда, аксарият раҳбарнинг бир ойлик иш ҳақи битта меҳмонни юқоридаги тахлит кутиб-жўнатишга етмаса керак. Баъзан ой давомида икки-уч марта ана шундай мезбонлик чекига тушса-чи? Оиласи, ўзининг тирикчилиги қайси ҳисобдан кечади? Бундай келди-кетдилар қандай асоратларни келтириб чиқаради? Мазкур саволларга мантиқан жавоб излаш ва тегишли хулоса қилиш ҳар кимнинг ўз идрокига ҳавола.

Лекин энг ачинарлиси, улар пойтахтга қайт­гач, мезбонлар томонидан тўланган меҳмонхона, поезд ёки авиа чипталарини хизмат сафарлари ҳисоботларига қўшиб тақдим этади. Натижада мазкур тўловлар тегишли ташкилот, янада аниқроғи давлат ҳисобидан уларга қайтарилади. Шу тариқа унинг қайтиб кетиши, меҳмонхонада яшаши, кунлик еб-ичиши ўзи учун текинга тушгани ҳолда яна чўнтагига мўмайгина ақча ҳам киради.

Яна бир муҳим жиҳати, шу тахлит кутиш, қуюқ зиёфатлару жўнатишлар туфайли кўпинча меҳмон билан мезбон ўртасида ишонч, яқинлик пайдо бўлиши, шахсий мақсад-муддаолар тақозо этган тақдирда ўзаро манфаатли “олди-берди” қилинишига ҳам замин яратиши мумкин. Муносабат қуюқлашиб борса бири пушти-паноҳга айланиб, иккинчисининг юқори кўтарилишига раҳнамолик қилиши ёки қаватига олиши ҳам ҳеч гап­мас.

* * *

Очиғи, дунёда коррупциядан бутунлай холи мамлакат йўқ экан. Бу фикр тасдиғини Transparency International халқаро ташкилотининг рейтингида биринчи ўринда турадиган Янги Зеландия 100 балл­дан 89 балл олганлигида ҳам кўриш мумкин. Негаки, “олди-берди”дан икки томон ҳам манфаатдор. “Олувчи”га текин луқма унади, “берувчи” эса эвазига қандайдир муддаоси ечимига эришади. Катта-катта пул кўчирмалари орқали амалга ошириладиган жараёнларда ҳам маблағни тасарруф этувчи билан мижоз ўзаро келишади. Шу сабабли уларнинг кирдикорини фош этиш амримаҳол.

Назаримизда, коррупциянинг ўқ илдизи ва унинг шакл-шамойилига кескин зарба бериш учун:

1) Жамиятда қонун устуворлигини, коррупционер ким бўлиши, қандай лавозимда фаолият юритганидан қатъи назар жазо муқаррарлигини;

2) Жазони кескин кучайтиришни (амалда кўпинча миллиардларни ўмарган шахс қўлга тушиб иши судга ўтказилган тақдирда судья “кўрилиши” эвазига унга нисбатан тегишли модданинг жазо нисбатан енгил бандини қўллаш имкониятига эга. Маҳкум “йўлини қилиб” ҳукмда белгиланган жазо муддатининг муайян қисмини ўтаб озодликка чиқиши ҳеч гапмас);

3) Оқланган шахсга моддий ва маънавий зарар тўловини уни асоссиз айблаган терговчига қаратиш ва албатта тегишли чора кўришни (шунда терговчининг масъулияти ортади. Терговчи давлат хизматчиси ҳисобланиши сабабли амалда зарар бюджетдан берилади. Мамлакатимиз раҳбари томонидан шу йил 30 июнда ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқлангани, ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6, 7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилгани факти келтирилган эди. Қаранг, хатони ким қилгану товони кимнинг ҳисобидан. Борди-ю айблов ҳукми чиқарилган шахс оқланса, зарарни қоплаш судьяга қаратилса, қонунга зид жазога тортилишлар камайишига эришиларди);

4) Судда коррупция ишларининг кўрилишида ОАВ ходимларининг иштироки таъминланиши;

5) Фуқаро ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилинишини ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, солиқ ва бошқа назорат органлари ходимларининг хизмат ваколатлари доирасидан чиқмаслигини;

6) Бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларга дахлдор молиявий жараёнларнинг жамоатчилик томонидан назорат қилинишига эришиш, шаффофлиги ва ошкоралигини амалда таъминлаш тақозо этилади.

Қолаверса, Transparency International халқаро ташкилоти рейтингида коррупцияни кескин камайтиршга эришган Янги Зеландия, Дания, Финляндия, Сингапур, Швеция, Швейцария, Норвегия, Канада, Германия, ҳатто собиқ Иттифоқ респуб­ликалари бўлган Эстония, Литва сингари давлатлар тажрибасини ўрганиш ва амалда қўллаш зарур.

* * *

Соғлом фикрли, ғурурли, виждони тоза, ватанпарварлик тўйғуси устувор фуқаро жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қаролмайди, тараққиёт йўлига ғов бўлаётган иллатлар тезроқ бартараф этилишини, мамлакати тобора равнақ топишини, келажак авлодлар янада фаровон яшашлари, беғубор орзулари, улуғ мақсаларига эришишлари учун кенг имкониятлар яратиб борилишини истайди. Имкон қадар уларнинг рўёбга чиқишига ўз ҳиссасини қўшади. Мазкур мақола ҳам ана шу эзгу ниятда битилди.

Аммо бу иллатдан тамомила қутулиш учун анча “қовун пишиғи” борга ўхшайди. Кунлар шу зайл давом этса, янги тузилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига куч-қувват берсин энди, дейишдан бошқа иложимиз йўқ.

Жаҳонгир Исмоилов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − seventeen =