Қадим ер юзи тили бу — бизнинг тил!
“Тили қисиқ” деган ибора бор. Жонли мулоқотда бу гап: “юзи шувит”, “бўйни эгик”, “муттаҳам” каби “айб”ли кишиларга нисбатан бир сифат тарзида ишлатилади. Гарданида ўз вақтида қайтара олмаган қарзи ёки кечирилмайдиган гуноҳи бўлган касларнинг ҳам бировлар олдида “тили қисиқ” бўлади. Бинобарин, бундай одамларнинг давраларда эмин-эркин ўтиришга, гапга аралашишга “бети чидамайди”, бошқалар унга бировлар билан суҳбатлашиш, баҳслашишни “сенга ким қўйибди?” қабилида қарашади ва тўғри ҳам қилишади.
Шубҳасиз, ҳар бир миллат — алоҳида оламдир. Худога минг қатла шукр-ки, бу даҳри-дун аро бизнинг бирор-бир миллат олдида тили қисиқ жойимиз йўқ. Бизнинг тил бутун дунё аҳлига энг кўп ўзак сўз тарқатган бой, қамрови кенг, чиройли забон ҳисобланади. Аммо ушбу тил билан биз қачон фахрлана бошлаймиз? Қачон она тилимиз жаҳон минбарларида бор жозибаси билан жаранг сочади? Қачон бошқа миллат вакиллари ўзлари интилиб, эҳтиёжмандликдан таржимонлар тайёрлаб, тилимизнинг инжа сирларини, ижодиётимиз сеҳри-ю фольклоримиз санъатини ўрганиш учун диёримизга ташриф буюришади?
Шу кунларда она тили сиёсатимизнинг бош масалаларидан бирига айланган бир пайтда, ўз она тилини менсимаётган, давлат тили бўлиб барқарорлашувини истамаётган айрим — ер юзида одам мақомида оёқ босиб юрган, ўзида бир жуфт кўз ва бир жуфт қулоқни жо қилган ҳамда ичида озига бўлса ҳам мағзи бўлган мияси бор бошни елкага ортмоқлаган, боз устига тариқдек бўлса-да, фаҳм-фаросат, ор-номус дегич туйғулардан ҳам мосуво бўлмаган тилдош, элдош орқадошларимга сўровим бор:
— Қачонлардир шу атрофда туркийми, ўзбекми деган ном билан ўтиб кетган аждодлар руҳи чирқирашидан қўрқмайсизми?
Қўрқмасангиз, гап йўқ. Мабодо қўрқаман десангиз, унда эшитинг. Энди ёлғон-яшиқ, ялтоқлик, лаганбардорлик, мақтанчоқлик, жиззакилик каби “тузсиз фазилат”ларингизни ташлаш керак. Ворисларга ҳамият ҳамда самимият мулкини мерос қолдиришга жаҳд қилиш, бунинг учун турли тутириқсиз ва мантиқсиз баҳоналардан воз кечиш лозим.
Унутманг, ёппа оми ва лоқайд, беғужур миллатнинг тили “кун келиб ўлимга маҳкум”. Билгичларга қулоқ берсангиз, не бир тиллар таг-туги билан бу ҳаёт саҳнидан йўқ бўлиб кетганини англайсиз. Тил эса жонли миллат дегани. Фанда қайд этилишича: “Муайян ҳудудда истиқомат қилувчи, урф-одатлари, турмуш тарзи бир-бирига ўзаро яқин бўлган ва битта тилда гаплашадиган аҳоли қатламига миллат дейилади”. Бизнингча, бу мукаммал таъриф эмас. Ким қайси тилда туш кўрса, дард чекканда қай тилда нола чекса, янаям жўнроқ айтганда, онаси ва оила аъзолари билан мунтазам равишда қандай тилда суҳбатлашса, ўша миллатга мансуб бўлади. Шахснинг паспортида зикр этилган миллати ҳужжат соҳибининг асл табиатига ҳамиша ҳам мос келавермаслиги, ҳатто унинг ўзига ибтидоий аждоди ёқмаслиги ҳам мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни расман қабул қилинганига 30 йил бўлди. Аслида бундай Қонунга ҳожат бўлмаслиги керак, яъни ҳар бир давлатда бошқарув ўз миллатининг тилида амалга оширилиши табиий ҳолат деб қаралиши лозим. Аммо бундан бир аср муқаддам собиқ иттифоқ “доҳий”лари томонидан ғаразли ниятда, сунъий равишда чалкаштириб ташланган не-не миллатлар тақдири ҳали-ҳамон ўнгланолмай келмоқда. Хусусан, тилларидаги кичкина фарқлари асос қилиб олиниб, турли “…истонлар”га ажратилиб, бошқа эл-элатлар вакилларини ҳам аралаштирган ҳолда чуқур режа тузилган, токи улар мулоқотида ягона бир тилга зарурият туғилсин, шу тилни билганларга яхшироқ яшаш ва ишлаш имконияти эҳтиёж бўлиб сингсин дейилган. Ўтган 70 йилда бу режа ортиғи билан уддаланди. Эндиликда, ғариб ва ўта қашшоқлашган тил меросхўрлари ўз “…истон”ларининг давлат тили тўғрисидаги қонунларини чиқариб-да, бирор-бир самарага эришишлари жуда қийин кечмоқда.
Ўшанда, Қонун ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ишлаб чиқилган ва объектив ва субъектив сабабларга кўра бу ерда истиқомат қилиб турган бошқа миллат ёки бошқа тил вакилларининг кўнглига тегиб кетмасликка астойдил ҳаракат қилинган. Ваҳоланки, биз андишани рўкач қилиб авайлаётган миллатларнинг қайғусини ейдиган ўз давлатлари, у ерда эса ўз тиллари ривожи билан шуғулланадиган махсус мутасаддилари бор. Қисқаси биз ғамини чекаётган тиллар бизнинг кўмакка муҳтожлиги йўқ.
Хуллас, Қонун билан идораларда иш юритув давлат тилида, шунингдек, кўпчилик мулоқотда бўладиган тилда олиб борилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳуқуқий меъёр, айниқса, амалдаги раҳбарларга қўл келди. Чунончи, катта-кичик ташкилот бошлиқларининг қарийб аксари давлат тилини нафақат билмайдиган, менсимайдиган, ҳатто бу тилда гаплашишдан ор қиладиган “маданиятли, саводли” кадрлардан танлаб қўйиб келинган эди. Уларнинг ислоҳ қилиниши эса кўзда тутилмади. Миллий Истиқлол энг аввало, миллий тилни озодликка чиқариши шартмасмиди? Нега Қонун ижросини таъминлаш чораси фаромуш қилинди?
“Давлат тили тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиляпти экан. Бошқа қонунларга киритилган ўзгаришларда катта ижобий силжишлар кузатилмоқда. Демак, бу саъй-ҳаракат ҳам депутатлар томонидан мазмунли ва муваффақиятли амалга оширилишидан умид қилиш мумкин. Ҳарқалай, безовта қилаётган таклифларни жамоатчилик эътиборига етказиш зарар қилмас.
Қонунда давлат тили — ўзбек тили деб эмас, ўзбек адабий тили деб белгиланиши керак назаримда. Адабий тил аввало, турли шева ҳамда лаҳжаларда гаплашувчи, бир қадар тарқоқ мазкур миллатни бирлаштирувчи қудратга эга. Токи, кундалик турмушда бир-бирларининг сўзларини, қилиқларини калака қилиб юрар экан, элда бирдамлик бўлиши мушкул. Ижтимоий тармоқларда жавлон ураётган блогерлардан тортиб, марказий телевидение телесухандонларигача, радио тўлқинлари орқали шоу уюштиргич бошловчилардан то тадбирлар тамадасигача фақат ва фақат адабий тилда сўзлашлари талаб этилиши лозим. Бу гўзал тилни ўрганишга ҳамма интилиши, нафақат ўзбек, балки шу диёрда яшаётган бошқа юртдошлар ҳам бу тилни севиб истифода этишларига эришиш чоралари кўрилиши керак. Бунинг учун энг аввало ҳокимият жиловдорлари шу тилда туш кўришлари, шу эл дардини чуқур англашлари зарур бўлади. Айни дамда амалдаги адабий тил ўзбек тили имкониятларини тўлиқ қамраб олмаган, яъни туб аҳоли шеваларида истеъмолда бўлган муқобил омоним ва синоним сўзлар, нақл, ибора ва ишоралар мазкур доирадан четда қолиб кетган.
Давлат тилининг равнақи учун яна нима қилмоқ керак?
Қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан алоҳида дастур, хусусан, махсус низом ёки йўриқнома ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ кўринади. Бу ҳужжатда: маиший хизмат, тиббиёт, савдо, ижтимоий ҳимоя, банк каби соҳа ходимларининг оддий аҳоли билан мулоқоти, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар, кинодаги сўзлашувлар, мажлис-йиғинлар, барча иш юритув фақат адабий тилда (шунингдек, Қорақалпоғистонда қорақалпоқ тилида ҳам) олиб борилиши қатъий белгилаб қўйилиши, олийгоҳларга кириш имтиҳонларидан бири, яъни асосийси ўзбек тили ва адабиётидан ёзма бўлиши, давлат бошқаруви мансабдорларининг адабий тилни қай даражада билиши салоҳияти ҳамда жамоатчилик олдида қиладиган маърузасини агар ўқиб берадиган бўлса, ўша маъруза матнини айнан ўзи ёза олиши қобилияти ҳам соҳа мутахассислиги билан бир қаторда синовдан ўтказилиб, ундан кейин лавозимга тайинланиши масаласи ўйлаб кўрилиши зарур. Албатта, бошқа хорижий тилларни билган ходим рағбатлантирилиши, муайян имтиёзларга эга бўлиши лозим, аммо унинг ушбу муваффақиятлари ўзбек адабий тилини (бозор, маиший тилини эмас) эл қатори билганидан кейингина ҳисобга олиниши керак.
Юқорида зикр этилган Дастур (йўл харитаси) тўлиқ амалга киритилиб, натижаси сезилмагунича, Давлат тили қонуни бузилганда маълум бир санкциялар қўлланилиши, ҳолатни расмийлаштириш тартиб-қоидалари жорий қилиниши ва фаолият билан шуғулланувчи махсус Тил инспекторлари тайинланиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўзбекона бағрикенглик ва андиша билан бундай ислоҳотни амалга ошириш мумкинми, нима дейсиз,менинг, мунисгина-мўмингина тилдошим? Майли, манави шеърни ҳам пичирлаб ўқиб қўя қолинг:
Бизнинг тил
Эй, сиз, очун олимлари, билиб олинг,
Қулоғингизга бир гапни илиб олинг.
Энг кўҳна ҳам, энг кекса тил, у қайси тил?
Шак-шубҳасиз (бу бизнинг тил) – бу биззи тил.
Яратганнинг илк яратган инсони ким,
Ўйлаб кўринг номи қайси тилда муқим?
Ҳур гўдакнинг “инга”сида недир маъни,
“Мамма” деган сўзни излаб топинг қани?
Одам Ато бани башар отаси-ку,
Ҳаво – ҳаёт, бор мавжудот асоси-ку.
Ҳар саволга мантиқ мезон бўлса асл,
Барча тиллар илдизи тил – бу биззи тил.
Тарих титинг, майли, Тош асридан келинг,
Тўзғиб ётур йўлда тиллар тилим-тилим.
Ғордан чиқар: ғудур-ғудур – овчи тили,
Қирда, ана, жангчи ботир – довчи тили.
Севги тили – ошиқ тили, қўшиқ тили,
Илму урфон… энг бошида бешик тили.
Юлдузи тил бўлар балки, келгуси тил,
Бироқ қадим ер юзи тил, бу биззи тил.
Ҳол Муҳаммад Ҳасан,
шоир.