Ўзликни англаш саодати

Азиз Қаюмов Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достони таҳлилига бағишланган рисоласида асарнинг севги достони дейилишининг ҳам ҳақли, ҳам мунозарали томони борлигини очиб беради. Ва бу ошиқлар фақат жисмоний севги эгаси эмаслигини асослаб беради. Яъни, Фарҳоднинг маъюслик ва дардмандлиги фақат Ширин учун, Шириннинг дилгирлиги ҳам ёлғиз Фарҳод учун эмас. Улардаги бу ҳолат бир-бирларини кўришдан олдин бошланган.

А.Қаюмов таъбири билан айтганда, достон баркамол инсон учун хатти-ҳаракат, юриш-туриш низомидир.

  Ганжинг аро нақд фаровон эди,

Лек баридин ғараз инсон эди.

Барчасини гарчанд латиф айладинг,

Барчадин инсонни шариф айладинг.

Демак, инсон кўнгли сабаб табиат ва коинот улуғлигидан ҳам шариф. Чунки у оламни қалби орқали кўради.

 Каъбаки оламнинг ўлиб қибласи,

Қадри йўқ андоқки кўнгил каъбаси.

Савол туғилади. Арастунинг шогирдидан илм олган  Фарҳоднинг кўнглини нега отаси қурган қаср дилгирликдан фориғ этмади? Ўзи учун уюштирилган шоҳона базмлардан қувонмади? Кўнгли шундамикан, дея, отаси тожу тахтни таклиф этганда нима учун воз кечди? Тоғ жинсларини сув билан юмшатиш ҳунарини (бу ҳам илм) эгаллаш билан кифояланди. Ҳоқон хазиналарини кўрсатиб кўнглини олмоқчи бўлганда очилиш сири номаълум сандиққагина қизиқиб қолди.

Юнонистонга бориб, олим Суҳайло билан учрашди. Унинг маслаҳати билан Искандар тилсимини очишга жазм этиб, элма-эл кезди. Аждар, дев (илм йўлидаги тўсиқлар)лар билан олишди. Изчил ҳаракатини сийлаган Аллоҳим уни Хизрга йўлиқтирди. Ундан сандиқнинг очилмаслиги Искандар тилсими эканлигини билди. Суқротга учрашиб, сирли сандиқни очишга мушарраф бўлди. Демак, Фарҳод илмга ташналигидан сандиқдаги сирли ойнада Ширин жамолини кўрди. Ширин Фарҳод учун икки қирғоғи илму амал бўлган дарёки, ундаги оби-ҳаёт Фарҳод борлиғига жон бағиш­лайди. Олим Саидбек Ҳасанов бу хулосани «Азиз Қаю­мов Навоий диалектикаси ва таълимининг бош хусусияти, деб билади. Шоир Фарҳод хатти-ҳаракати орқали шу таълимни тарғиб этади», деб  изоҳлайди.

Шириннинг ҳам Фарҳод кўнгли учун ҳаётий малҳам бўлиш билан бирга илм-маърифат тимсоли эканлиги кейинги воқеаларда кўринади. Фарҳод Шириннинг дийдорига етгач, унинг шарафига саройда базм уюштирилади. Арман шоҳи атай Ширинга базмда иштирок этишни тақиқлаб қўяди. Нотаниш йигит олдин Шириннинг олима дугоналари синовидан ўтиши лозим эди. А.Қаюмов диққатни Шириннинг ўн олима дугоналарига қаратаркан, илм-ҳунарнинг ўн соҳасига ишора қилади. Демак, Фарҳод булар синовидан ўтиб, Ширин жамолига етади.

Яна бир мисол. Эрон шоҳи Хисрав Парвез Ширин васлига эришиш илинжида Арман юртига қўшин тортади. Келиб биладики, Фарҳод бор экан, бу юртни эгаллаб ололмайди. Шу боис, ҳийла билан уни қўлга олади. Улар ўртасидаги савол-жавобда шундай байт бор:

 Деди: нега сенда оламда пеша,

            Деди: ишқ ичра мажнунлик ҳамеша.

Яъни, пеша — илму ҳунарга ишқ ичра мажнунлик (жонни қийнаш) туфайли эришилади, деган ғоя илгари сурилади. Асар ниҳоясидаги қуйидаги байтда Фарҳод учун Ширин — таълим дунёси бўлиб, бу дунёсиз яшай олмаслиги айтилади:

   Қилиб жонони отин тилга таълим,

            Тутиб жонон отин жон этди таслим.

Бунда Хисрав Парвез сиймоси жисмонан ошиқларнинг, рамзан илм-фаннинг кушандаси сифатида гавдаланади. Демак, илму ҳунар инсон учун ҳаёт-мамот масаласи.

Умуман, олим мулоҳазаларидан Фарҳод ва Ширин дунёдан ўтиб, ўзларидан боқий ном қолдирган ошиқлар ҳамда улар кўнглидаги илм синтези эканлиги маълум бўлади.

«Юсуф ва зулайҳо» навоий наздида

Шаклан содда, мазмунан ўта мураккаб ифода тасаввуф адабиётининг ўзига хос йўли. «Юсуф ва Зулайҳо» ана шундай дурдона асарлардан бири бўлиб, бу қиссага турли давр­­да яшаган адиблар мурожаат этишган. Рудакийнинг бир шеъри бор. «Юсуф роҳату фароғатда яшаганида уч кўйлаги борлигини эшитганман, — деб ёзади шоир. — Унинг бири қон ичра булғонди, иккинчиси туҳматдан йиртилди, учинчиси эса отаси Ёқуб ўғли фироғида кўр бўлган кўзларига суртганда кўзлари очилди». Шеър қуйидаги хулоса билан якунланади:

Юзим ўхшар биринчисига,

                                    дилим иккинчисига ўхшар,

  Учинчиси насибам бўлғусидир васл қучоғида.

Яъни, биринчиси билан роҳату фароғат юзим ойнасида акс этиб туради, иккинчиси бари ситамлар дилимда эканлигига ишора, учинчиси  иймонга келган ёримга Худо берган йўл билан эришганимда асқотади.

Азиз Қаюмов Навоий наздидаги «Юсуф ва Зулайҳо» таҳлилига тамомила бошқача ёндашган. Шоирнинг воқеа моҳиятини ўзгартирганига аҳамият беради. Юсуфнинг бадбин оғалари хиёнати, Зулайҳонинг қилмишлари туфайли чеккан азобларига, аввало, ўзи сабабчи эканлигига эътибор қаратади: «Юсуф бир куни ҳуснини ойнада кўриб, агар мен қул бўлганимда бирор киши менинг баҳойимни бера олармиди, деб кўнглидан ўтказди». Яъни, қисса бошланишида Юсуф ўз жамолини ойнада кўриб, ўзини бебаҳо деб ҳисоб­лаган эди. Ҳаёт эса бу фикрни рад қилди. Қул сифатида арзимаган пулга сотилган Юсуф Тангрининг қудратига яна бир бор ишонди.

Олим кузатувининг икки жиҳати бор: бири, инсоннинг ўзига бино қўйиши ҳам худбинлик эканлиги, бу Аллоҳга хуш келмаслиги; иккинчиси, Юсуфнинг ҳам пайғамбар эканлиги, унинг бошига тушганлари Яратганнинг синови бўлиб, барига чидаши муқаррарлигидир: «Юсуф бир куни туш кўради, қуёш, ой ва ўн бир юлдуз унга сажда қилар эмиш­лар, — деб ёзади А.Қаюмов. — У тушини отаси Ёқубга айтади. Ёқуб, бу тушнинг маъноси шуки, отанг ва қондошларинг сенга муҳтож бўлажакдир, дейди.»

Навоий туш таъбирига ҳам икки қатлам мазмун юклаган: бири — Юсуфнинг илоҳий имконияти — у оғалари томонидан қудуққа ташланиб, Миср азизларидан бирига қул сифатида сотилиб, Зулайҳонинг ишқига мос жавоби бўлмагач, туҳматда қолиб, зиндонда ётиб, Аллоҳ карами билан подшоҳ назарига тушади. Миср ҳукмдоридан кейинги азиз инсонга айланди; иккинчиси, Яратгандан кейин отанинг улуғлигига ишора.

Навоий тасаввурида Юсуф ҳам Зулайҳони севади. Шоир унинг севгисига асос ҳам яратган. Шу жиҳатдан унинг наздидаги қисса бошқаларидан фарқ қилади. Буни олим шундай изоҳлайди: «Навоий ўз одатига кўра, ҳикоядаги воқеаларнинг мантиқий боғлиқлигига катта аҳамият берган. Зулайҳо ўттиз ёшда эди. Демак, Зулайҳонинг ўн етти яшар қул Юсуфга муҳаб­бати авж олган йилларда унинг ёши ўн бешда бўлган. Яна шоир Зулайҳонинг эри хотинига ноқобил эканлигини, бу Зулайҳонинг пок сақланганлигини билдиради».

Шу боис, айби йўқлиги маълум бўлмагунча, Малик Райён уни зиндондан озод қилмоқчи бўлганда унамайди. Озод бўлгач, Зулайҳонинг эри талоқ қилгач, унга уйланади. Қисса юзасидан Навоий наздида ҳам, олим мулоҳазасида ҳам севгига садоқат эътиқодга собитлик мақомидан кейин туради. Бош моҳият Юсуфда — дилидаги биргина қусур учун Яратганнинг ҳукми билан синовлардан ўтганида ва бу ибрат одамзотга улашилганида.

Илҳом Аҳрор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + seventeen =