Сиздан ўрнак олсалар…

(Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Давлатёр Раҳимга)

Домулла!

Куни кеча   Сизга қўнғироқ қилиб,   “Ўқитувчилар китоб   ўқийдиларми?” сарлавҳали мақола ёзишни режалаштирганимни айтган эдим. “Оға, аввалгилар кўп китоб   ўқирдилар, ҳозир бу гаплар   йўқ! Ёзаверинг   мақолангизни” деганингиздан сўнг   компьютеримни жадал ишга туширдим.   Мақола деярли тайёр   бўлиб қолганида таъна-дашном оҳанглари кучайиб бораётганини илғадиму …   битикларимни ўчириб ташладим. “Бошқа мавзуга ўтаман. Муаммо кўп-ку ахир” дедим   ичимда.

Сўнг тағин ўйга   чўмдим. Домулла “Қани   ёзганингиз?” дея сўраб   қолса-чи…. Бирдан миямда   ғалати фикр “ялт”   этди: очиқ хат   ёзсам-чи? Бемалол дардларимни   тўкавераман. Яна хат бировларга   малол ҳам келмайди.   Хат битганингда сендан   хафа бўлмайдилар. Демак, ХАТ…

Шуларни   хаёлдан ўтказиб   жавонимдан   “Муҳаммад Мурод девонбеги”   номли китобингизни   олдим.   Муқовадаги маълумотномага қарадим.   Аввал унчалик эътибор   қилмаган эканман: 1950   йилда таваллуд топган   экансиз. Тарихий шаҳар —Самарқандда ўқибсиз. Самарқанд давлат   университетининг ўзбек ва   тожик филологияси   факультетида. “Феруз — шоҳ ва   шоир қисмати” (1991 йил), “Султон Увайс”, “Эҳтиром”, “Феруз”   (2011 йил) каби китобларнинг муаллифи. Ҳозирги кунда   Хива шаҳридаги 10-умумий   ўрта таълим мактабининг   директори. Ўзбекистон   Рес­публикаси халқ ўқитувчиси”   дейилибди маълумотномада.

Эшитдим, 70   йиллик юбилейингиз   жорий   йилнинг 1 апрелида   нишонланиши режалаштирилган экан. Аммо тождор вирус боис “тождор”лар   ҳақида китоблар битиб   юрган Сиздек фидойи   муаллим (муаллим —   илм эгаси демак)нинг   юбилейи ортга сурилибди.

Директорлик   қанчалик машаққатли лавозим   эканлигини биламан. Чунки, раҳматлик дадам Шовот туманидаги   “Правда” ҳамда Алишер   Навоий номли   (ўша   даврларда мактаблар рақам   билан айтилмасди) ўрта   мактабларда чорак аср   мобайнида директорлик қилган.   Дадам   ёш авлодга   физика, астрономия,   математика фанларидан сабоқ   бериш баробарида бадиий   адабиётнинг асл ошуфтаси   эди. Менинг матбуотга, ижодга   қизиқишимга ҳам айнан   дадам сабабчи бўлган.   Унинг шахсий кутубхонаси   бўлиб, яшил жовонларга ўзбекча, туркманча, русча   китоблар териб қўйиларди.   Навоий, Фузулий, Махтумқули асарлари;   жаҳон адабиётидан: “Граф Монте   Кристо”, “Бош­сиз чавандоз”, “Қўрқинчли Теҳрон”, “Профессор Доуэлнинг   боши”, “Тихий Дон”… Ҳаттоки, 1948 йилда нашр қилинган   Навоий ижоди тўғрисидаги мақолалар   тўплами ҳозир ҳам   сақланиб турибди. Навоийнинг   1957 йилда рус   тилида чиққан китоби — “Лейли и Меджнун”… Айнан   шу китобни Тошкентга   олиб келганман. Аҳён-аҳёнда   ҳидлаб, мозий ифорини ҳис   этаман. Китобнинг ҳиди, ранг-   туси бошқача-да!

Директор бўла туриб   ижод билан шуғулланиш   осон амал эмас.   Камина Ферузшоҳ тўғрисидаги   ҳаммуаллифликда ёзган китобларингизни мутолаа қилиб, ўз-ўзимча: “Қачонлардир Давлатёр   Раҳим билан танишаман”   деб қўйган эдим.   Фаришталар гапимга “овмин”   дебдилар шекилли,   Хоразмга   қайтиб   “Қувончбек—Машҳура” МЧЖ нашриётида   фаолиятимни   бошлаганимдан   сўнг   нафақат   яқиндан танишдим, балки   “Оллоқулихон” ҳамда “Анушшоҳ”   номли китобларингизга муҳаррирлик   ҳам қилдим. Сиз билан   адабиёт ва тарих   бобида гурунглашиб, кўп   нарсаларни ўргандим. Уч   нафар аждодим ( энг катта   бобом Яхшимурод, катта   бобом Муҳаммад Шариф, бобом Рўзимуҳаммад)   яшаган, маърифат йўлида фаолият   кўрсатган   Хивага меҳру   муҳаббатим янада жўш   урди. Ўша даврлар завқу   шукуҳи онгу-шу­уримга муҳрланиб   қолди.

Бу улкан шодлик   эди!

Ана энди кўнглимни   хуфтон қилган икки   иллат тўғрисида айтиб ўтсам. Биринчиси, муаллимлар китобдан совибдилар.   Иккинчиси, мактаб кутубхоналари эътибордан соқит қилинибди.   Хоразм Хоразм бўлганидан   буён бу алпоз   кўринган эмас. Шоҳ Гуштасб   фармонига биноан 12   минг мол терисига   олтин сувлари ила   ёзилган “Авесто” Хоразмдан   етти иқлимга “парвоз   қилмаганми” ахир? Зардушт   донишманд аждодлари нечун   китобдан бу қадар   совибдилар?!

Яна   пулга қул   бўлишдек одат ўзининг   қора куртакларини бўрттира бошлабди.   Бинобарин, моддият маънавиятдан юқори қўйилибди. Аммо   ҳазрат Алишер Навоий   айтганларидай, адаб — маънавият   бўлмаса олтин жарангидан   не наф? Ҳазрат   демиш:

Олтин – кумуш этма   касб давлат кунидин,

Ким   тортар адаб   улусни меҳнат тунидин,

Гар йўқтур адаб   не суд олтун унидин,

Элнинг адаби хушроқ   эрур олтунидин.

Навоийнинг   навосига қарангким, икки   сўзни мусиқага солибди:   олтун унидин — олтин жаранг-журунгидан;   олтунидин — олтинидан. Мана   шуни асл фасоҳат   дейдилар. Сизлар ҳаётини, фаолиятини ҳар   тарафлама таърифлаганингиз —   Ферузшоҳ ҳам, унинг   устози Огаҳий ҳазратлари   ҳам фасоҳатни назм   мулкининг султони Навоийдан   ўрганганлар.

Минг афсуски, шундоқ фасоҳат эгасининг   панд-насиҳатлари аксари одамларнинг   бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб   кетаверган; ҳикматлар мияда   ўрнашиб, қон таркибига қўшилиб   кетмаган. Ана шунинг учун   ҳам кўпчилик моддий   бойлик дейилганида ўзини   томдан ташлайди-ю адаб (маънавият) дейилганида гоҳо эшикларини   ҳам очмайдилар. Хусусан,   ўқитувчилар… Уларнинг аксарияти   тирикчиликни биринчи ўринга қўйишмоқда, тирикликни эса… Бу   ал­позни китобларнинг охирги варақларига ёзиладиган ададлар рақамига   қараб билса бўлади.

Дейлик, моноқлик фахрий муаллим   Ортиқбой Манглибоев қаламига   мансуб “Нуржон ботир”   номли китобни 100   (юз) нусхада нашр   эттирдик; ушбу китоб   тақдимоти Шовот туманидаги   болалар мусиқа мактабида   ўтказилди. Анжуманда туман муаллимлари, маданият жабҳаси   фаоллари қатнашдилар. Шовот   туманининг собиқ биринчи   раҳбари йиғилганларга   тошовузлик   насрнависнинг   “Аждодлар сўқмоғи” номли   китобини тарқатди. Раҳбарлар,   муаллимлар китоб ва   китобхонлик хусусида кўб   ва хўб гапирдилар. Ана ўшанда   камина “Нуржон ботир”   рисоласини   кўпроқ нусхада   чоп эттириб, компания мошинида   анжуманга олиб келмаганимга афсуслана бошладим.

Орадан анча ҳафталар   ўтгач, “Агарда ўқитувчилар талаб   қиладиган бўлсалар ёки   ҳомий топилса — китобингизни қайта   чоп қиламиз”, десам, Ортиқбой ака: “Таниш-билишларимга тарқатдим. Ўқидилар. Аммо ҳали талаб йўқ” деди синиққина жилмайиб. Таклиф кўпу   талаб оз. Муаллиф   китобини ўз ҳисобидан нашр   эттириб, бепул тарқатди. Мана, адабнинг аҳволи…

Дарвоқе, Ортиқбой   муаллим Сиздан усул   ўрганибди. “Нуржон ботир”   китобига “Муҳаммад Мурод   девонбеги” номли асарингиздан иқтибослар олибди. Камина ҳам “Ҳуррият” газетасида чиққан   “Гурвак курмакка айланмасин ёки   Вамбери мақтаган Хоразм   қовунлари қани?” сарлавҳали   мақоламда “Феруз” номли   китобларингиз фактларидан унумли   фойдаланганман. Телефондаги суҳбатимизда шу ҳақда ҳам   гапирдим-ку?   “Оға, “Ҳуррият”ни   қаердан топамиз энди?”   дедингиз. Бир ажаб замон   бўлибдиким, ҳатто “Ўзбекистон   адабиёти ва санъати”,   “Ҳуррият” каби муаллимлар   савиясини ўстирадиган газеталар   мактаб кутубхоналарига етиб бормаса?

Ҳа, майли…   Жасоратдан сўзлайлик. Адиб   Бобохон Муҳаммад Шариф   журъатларингиз хусусида шуларни   ёзибди: “Адабиётимиз ва   тарихимизнинг жонкуярлари бўлган   Давлатёр Раҳим ва   Шихназар Матрасулларнинг ушбу   китобининг биринчи қисми   Феруз ҳақида ҳатто   бирон илиқ сўз   айтишга ҳеч ким   ботинмаган бир даврда, ҳали қизил империя ҳукмрон   бўлган вақтда ёзилган   эди” (Давлатёр Раҳим, Шихназар Матрасул. “Феруз”. Тошкент, 2011. 8-бет).

Чиндан ҳам шундоқ   бўлган. Ёдимда, Истиқлол   арафасигача   Хива хонларининг   портретлари (Феруз, Исфандиёрхон, Саид Абдуллахон) Хива музей- қўриқхонасига тегишли   торгина хонада “қамоқда”   сақланарди. “Ёшлик” журнали   таҳририятидан энди бўшаб   келган кунларим… Имом- хатиб   Ҳамро Пирмуҳаммад ва   фотомухбир Бекмат акалар   билан биргаликда   ҳужжатимни   кўрсатиб, ўша хона қулфини   очтирганмиз. Ичонқалъа музей- қўриқхонаси раҳбари бизга   изн   берган. Ана ўшанда   илк маротаба Феруз   фотосуратини кўрганман. Ул зот   худди тирикдек   нигоҳ   ташлаб турар, қиёфасида донишмандлик нури жилваланарди.

Биласиз, Хива шаҳридан   Жуманиёз Шарипов деган   насрнавис чиққан. Ўша   адибнинг “Хоразм” номли   уч жилддан иборат   китобини қизиқиб ўқиганман.   Китобда Хоразм тарихи   бутунлай тескари ёритилганини кейинроқ билдим. Дейлик, Хива хонлигининг энг бой кишиларидан   бири саналмиш Юсуф   мўлтанг иродасиз, бўшанг, қўрқоқ, бетайин кимса сифатида тасвирланган. Бу инсон момом   Раҳима Норбой қизининг амакиси   бўлган. Момом у   ҳақда ҳаётий ҳикоялардан   сўз очарди. Юсуф   мўлтангнинг икки юз   навкарлик қўшини бўлиб, большавойларга қарши   мардонавор курашган экан.   Кучи етмаган. Уни ва   яқин одамларини тутиб, бир   новвойхонага қамаганлар. “Беш- олти   кун сақладилар. Еттинчи куни   новвойхона эшигини очдилар. Юсуф амаким сафдошлари билан   бирга бошяланг чиқиб   келди. Улар новвойхонани ифлос этмак гуноҳ, деб   чўгирмаларига бўшанган эканлар.   Чўгирмалари қўлларида… Большавойлар буларни қумга олиб   кетдилар. Бизлар   хавотирланиб   уларнинг изларидан   югурдик. Қаторлаштириб   қўйдилар. То ўқ тегиб   йиқилгунларига қадар Қуръон   тиловат   қилиб турдилар”   дея момом йиғлар   ва “Лайлум (Ленинни   момом “Лайлум” дер   эди) дўзахий, дўзахда   ҳар-ҳар ёниб ётибди”   дегувчи эди.

Шунингдек,   Жуманиёз Шарипов Нуржон   ботир ҳамда   Шомми   кал орасидаги жангларни   ҳам жўнгина талқин қилибди.   Қачонлардир   муаллиф билан   учрашсам   ҳақиқатни юзига   айтаман, дея ният қилган   эдим. Бир танишим диссертация ҳимоя   қилди. Зиёфатида Жуманиёз ота   билан ёнма-ён ўтириб   қолдик. Ана ўшанда   отахонга ўзимни таништирдим. “Кундуз сарҳадлари” номли   китобимга дастхат ёзиб   бердим. “Ота, “Хоразм” номли романингизни ўқиганман. Тарихни бузиб акс   эттирибсиз.   Бобокалонларимдан бири Юсуф   мўлтангни масхара қилибсиз”   дедим. У   киприкларини пирпиратиб,   ҳайрон бўлиб ўтирди. Сўнг эса: “Айтганларинг тўғри, болам. Аммо мен ҳақиқатни   ёзсам, китобларимни босмас   эдилар” деди.

Биласиз, ўша уч   жилдлик “Хоразм” романи   Тошкентда ва Москвада   минглаб нусхаларда чоп   қилинган. Ўтмишнинг сохта   тасвирлари ҳали аллақайси   бурчакларда ётибди; кўпчиликни   чалғитган ўша китоблар…   Эндиликда Сизга ўхшаган тарихнавислар ёш авлод руҳиятида   улуғ аждодлар тарихига   нисбатан меҳру муҳаббат   уйғотмоқдалар. Бу эса   айни ватанпарварликнинг, миллатпарварликнинг ўзидир.

Кейинги   вақтларда негадир   Муҳаммад   Мурод девонбегининг ўғли, буюк   саркарда Шайхназарбой образини   қора рангларда   тасвирлаш   алпоз­лари кўзга ташлана   бошланди. Жумладан, тошовузлик   насрнавис   Абдулвоҳид Сайидмуҳаммад   қаламига мансуб “Аждодлар   сўқмоғи” номли романда   қу­йидаги сатрларни ўқидим:   “… Кечиримли хон   эса яна уни аяди. Балки буни бир неча   ўн йиллаб давлат   ишларини ўзи билан   тенг тортишган Матмурод девонбегининг   хотираси   учун қилгандир, балки раҳм- шафқат туйғуси устун келиб,   умрининг охирида бир   ботирнинг уволига қолишни   истамагандир. Нима бўлса   ҳам хон ўз   жонига қасд уюштирган   Шайхназарни ўлимга буюрмади. Бунинг ўрнига яна узоқ   муддатли зиндонга ҳукм   этди” ­­(Абдулвоҳид   Сайидмуҳаммад. “Аждодлар сўқмоғи”. Тошкент, 2019. 143 – бет).

Ажабо, муаллиф   бу гапларни қайси   тарихий далилларга асосланиб   ёзган экан?   Шоир, тарихнавис   Бобожон Тарроҳ — Ходим Шайхназарбойни (У   Шуносий тахаллусида шеърлар   ёзган) қуйидагича   таърифлаган: “… Шоир   Шайхназарға Муҳаммад Раҳим   Иккинчи даврида ясавулбошилиқ ва ҳам Хоразмда   аскарбошилиқ мансаби берилган   эди. Бу Шайхназарни   ўзи ўтакетган ботир   ҳам чумчуқни кўзини   урадурғон мерган эди”   (Бобожон Тарроҳ-Ходим. “Хоразм шоир ва навозандалари”. Тошкент, 2011. 77 –бет). Шоир, тарихнавис   Лаффасий ҳам “Тазкираи   шуаро” номли асарида   Шайхназарбойнинг   жасурлигини таърифлаган. Сизнинг   талқинингизда: “… Шайхназарбойнинг ҳарбий тажрибаси оша   боради. Унинг заковати, мардлиги ва жасоратини кўрган Муҳаммад   Раҳимхон Шайхназарни Кўҳна   Урганчга ҳоким қилиб   жўнатади” (Давлатёр Раҳим. “Муҳаммад Мурод девонбеги”, Тошкент, 2016. 111-бет). Бирон   манбада Шайхназарбойнинг ножоиз   ишлари тас­вирланганини кўрмадик.   Ферузшоҳ уни ҳамиша   эъзозлаган. Исфандиёрхон эса   Шайхназар обрў- эътибори кучайиб   бораётганидан хавфсираб, уни зиндонбанд қилдиради.   1918 йилда эса   “Исфандиёр Шиносийға заҳри   қотил берадур” (Лаффасий).

Тарихни   бузмаслик жоиз. Оғзаки   маълумотлар эса тарихнависни чалғитиб юборади. Бир-бирига   зид маълумотларни олим   инсон мантиқ тарозисига   қўйиб, оғир тош   босганини танлаб, шарҳлайди.   Мен барча китобларингизда   ана шундоқ мантиқий   хулосаларга дуч келдим.   Мозий ҳодисотини оқилона   шарҳлаш амали фазилатдир.

Ҳаммуаллифликда   яратилган   “Феруз” номли   китобингиздаги усулни якка   тартибда ёзганларингиз — “Муҳаммад Мурод девонбеги”,   “Оллоқулихон”, “Анушшоҳ” номли   китобларингизда ҳам сайқал   топтирганингиз     ўқитувчилик феълидан хабар бериб   турибди. Сиз гўёки   китобхонларга дарс ўтаётган   алпозда кўринасиз. Академик Бахтиёр   Назаров Ферузшоҳ ҳақидаги   биринчи китобларингизни шундай   баҳолаган экан: “Эҳтимол, бу китобни “асар” деб аташ   шартли равишда тўғри   бўлар. Зеро, муаллифларнинг ўзлари бу   даъвога талабгор ҳам   эмаслар. Чунки, китоб изчил   равишдаги тадқиқот ҳам   эмас, бадиий асар ҳам   эмас. У асосан, аниқ тарихий манбаларга   суянган, хотиралардан   унумли фойдаланган ва   кези келганда тарихий   ҳақиқатга зид келмаган   равишда жиндай бадиий   мушоҳадага эрк берилган лавҳалардан   иборат”. Мазкур талқин Сизнинг   услубингизга ҳаққоний тавсифномадир. Менимча, Сиз яратган асарлар — қўлланма. Хоразм   тарихини ўрганиш бобида   муаллимлар ҳам, ўқувчилар   ҳам қўлланмаларни астойдил   ўқисалар Хива хонлиги   хусусида муайян тасаввурга   эга бўладилар. Сана   нуқтаи назаридан баҳоласак, Сиз чингизий-хоразмий ҳукмдорлар   — шоҳ ва шоир, тарихнавис Абулғози   Баҳодирхон, унинг ватанпарвар, бунёдкор ўғли Анушахон образларини гавдалантирдингиз. Яна   ҳазрат Огаҳийдек   буюк шоир ижодининг   рўёбга чиқишида бош-қош бўлган шоиртабиат ҳукмдор Оллоқулихон   образини шакллантирдингиз. Ферузшоҳ ҳамда ул зотнинг ҳарбий   илм соҳасидаги устози Муҳаммад Мурод девонбеги бобидаги   ишларингиз мақтовларга арзигулик.   Қанийди хоразмлик муаллимлар   лоақал ўша китобларни   ўқисалар ва шогирдлари   руҳия­тида аждодларига нисбатан   ҳурмат туйғуларини уйғота   билсалар. Бошқа ижодкорлар   ҳам Сиздан ўрнак   олсалар.

Манбаларда   ёзилишича, падари   бузрукворингиз Раҳим Назарий 1935-1940 йилларда Самарқанд давлат университетида таҳсил   кўрган экан. У инсон университетда Садриддин   Айний, Абдураҳмон Саъдий   каби алломалар маърузаларини тинглабди. Шундан сўнг   эса ёш авлодга эллик олти   йил мобайнида дарс   берибди. Сизнинг юрагингиздаги иштиёқ ана ўша   нуқталардан бош­лангани ойдинлашади. Тошкентга   қайтиш тадоригини   кўраётганимда: “Оға, бир   мактабда ўттиз бир   йил давомида директорлик   қилдим. Ёш етмишга   қараб кетмоқда. Энди лавозимни   бошқа   кишига топшириб, ижодга шўнғимоқчиман.   Муҳаммад Аминхон ҳақида   китоб ёзмоқчиман” дегандингиз. Шунда мен: “Китобингизга “Калта   Минор афсонаси” деган   ном қўйинг. Шунда хориж   сайёҳлари ҳам   қизиқадилар. Инглиз тилига   таржима қилдирамиз” дедим.   Эшитишимча, ўз хоҳишингизга кўра раҳбарликдан бўшаб,   директор ўринбосари вазифасида   ишлаётган экансиз. “Ижод   уммони тубларига” ғоввос   янглиғ шўнғибсиз. Оллоҳнинг ўзи   қаламингизга қувват берсин!

Яна бир гап.   Бизга маълумки, Самарқанд, Фарғона вилоятларининг   айрим туманларида директорлар   мактаб тарихини ёзиб, нашр   эттириш ташаббуси билан   чиққанлар. Сиз шу   ишни Хоразмда қанот   ёздиринг: 10-умумтаълим мактаби   тарихини ёзинг! Ўқувчилар   ҳам шод бўлур,   муаллимлар ҳам. Камина   “Қувончбек- Машҳура” МЧЖ   нашриёти бош муҳаррири   вазифасидан кетганимдан кейин   Хоразмда яна икки   нашриёт очилибди. Ҳар ҳолда,   шу гап қулоғимга етди. Вилоятда   эндиликда тўрт нашриёт   мавжуд. Ноширлар айни   даврда асосан мактабларга   нигоҳларини қаратиб, мўлтираб   ўтирибдилар. Агарда кимда-ким   мактаб кутубхоналарига китоблар   ҳадя қилурман, дея майдонга чиқса,   бу айни қаҳрамонлик   тарзида кўринади. Хоразмийлар   Шайх Нажмиддин Кубро,   Паҳлавон Маҳмуд, Шермуҳаммад   Мунис, Муҳаммад Ризо   Огаҳий, Ферузшоҳ, Аваз   Ўтар, Матназар Абдулҳаким   каби   МАЪНАВИЯТ ЖАРЧИЛАРИнинг ворислари-ку ахир?!

Мактубим   ниҳоясида Сизни етмиш   ёшингиз билан ( кечроқ бўлса-да)   қутлайман. Муаллимлар байрами   кайфиятингизни янада аъло   қилсин!

Эҳтиром ила:

Баҳром Рўзимуҳаммад.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =