Ҳусайин Байдемир: “Руҳан Ўзбекистондаман…”
Дунё бўйлаб она тилимизга қизиқувчи олимлар ҳам талайгина. Ўзбек тили байрами муносабати билан шундай олимлардан бири Туркиянинг Отатурк университети ўқитувчиси, доктор Ҳусайин Байдемир билан “Hurriyat” ўқувчилари учун онлайн тарзда суҳбатлашдик.
— Ҳусайинбей, авваламбор, ўзингиз ҳақингизда қисқача гапирсангиз.
— Даставвал, ўз туйғуларимни изҳор этишга имкон берганингиз учун сизга ва газетангизга миннатдорчилик билдираман. Дунёнинг энг гўзал ўлкаси бўлган Ўзбекистонга ва меҳмондўст ўзбек қардошларимизга самимий саломларимни йўллайман.
Мен Туркиянинг шарқидаги энг катта шаҳарларидан бири бўлган Арзирумнинг Испир туманида 1972 йилда туғилганман. Бошланғич таълимни шу ерда тамомлаганман. Мен туғилган пайтда отам Олмонияда ишлаётган бўлган. Қайтганидан сўнг, бошқа Олмонияга бормади. Тўплаган пулларига трактор олди ва деҳқончилик қила бошлади. Опам ва акам бор, лекин улар мактабдан кейин ўқимадилар. Отам мени трактори билан ишлаб топган маблағларига ўқитди. Мен университетга ҳужжат топширган пайтим — 1990 йилда Туркияда, адашмасам, 23 та университет бор эди. Ҳар йили 1 миллиондан ортиқ киши ҳужжат топширар, улардан фақатгина 15 фоизи талаба бўла оларди. Насибам экан, шу йилда Отатурк университетининг Турк тили ва адабиёти йўналишига ўқишга кирдим. Талаба бўлган йилим собиқ совет Иттифоқи ҳали парчаланмаган эди. Аммо яқин вақтларда бу давлатнинг тарқалиб кетиши маълум бўлиб қолганди. Шундай бўлди ҳам.
Ўқиётганимиз Турк тили ва адабиёти йўналишида замонавий туркий тиллар деган бир дарс бор эди. Учинчи босқичда ўтиладиган бу дарсда устозларимиз бизга туркий халқлар ҳақида айтиб беришарди, лекин тўғриси, уларнинг ўзлари ҳам бу борада кўп нарса билишмасди. Замонавий туркий тиллар дарсида фақатгина кирилл ёзувини ўрганганмиз, холос.
Хуллас, орадан вақтлар ўтиб, 2004 йилда “Ўзбек халқ эртаклари” мавзуида докторлик ишимни ёқладим. Ҳозир Отатурк университети Замонавий турк тиллари ва адабиётлари кафедрасида ишламоқдаман. Кафедрамизнинг 5 та бўлими бор. Булардан бири Замонавий ўзбек — уйғур тиллари ва адабиётлари бўлимидир. 2006 йилдан бери шу бўлимга мудирлик қиламан.
— Ўзбек тилига қизиқишингизга асосий сабаб нима бўлган? Биламизки, тилимиз билан боғлиқ бир қанча тадқиқотларингиз мавжуд.
— 1995 йили Отатурк университетида Замонавий турк тиллари ва адабиётлари кафедраси ташкил этилди. Аммо дарҳол талаба қабул қилинмади, чунки қардош тиллардан дарс бера оладиган ўқитувчи йўқ эди. Режага кўра, соҳа бўйича ўқитувчилар тайёрланиб, кейин талабалар қабул қилиниши лозим эди. 1996 йили магистратурага қабул қилиндим. Ўқитувчиларимиз: “Бу йил магистратурага кирганларнинг бир қисми Турк тили ва адабиёти, иккинчи қисми эса Туркий тиллар ва адабиётлари йўналишларида ўқийдилар. Йўналишни ўзингиз танланг”, — дейишди. Мен асло иккиланмасдан Туркий тиллар ва адабиётлари йўналишини танладим. Чунки қизиқишим жуда баланд эди. Биз учун тамоман янги ва сирли бир йўналиш эди бу. Ўша йили бизга дарс бериш учун Озарбайжондан иккита ўқитувчи чақирилганди. Бу ўқитувчилардан бир йил давомида туркий халқлар, туркий тиллар ва адабиётлари тўғрисида сабоқ олдик. Лекин буларнинг бари умумий дарслар эди. Иккинчи йили олдимизда яна бир танлов турарди: Озарбайжон, туркман, ўзбек, қозоқ, қирғиз тилларидан бирини танлаш. Ҳамма ўзига маъқулини танлади. Мен ортиқча ўйлаб ўтирмасдан, ўзбек тилини танлаганман. Чунки бир йил аввалги дарсларда Туркистон тарихи ва маданиятини оз бўлса ҳам ўрганган эдим. Ўзбек тили, адабиёти ва фольклорининг бой эканлигини билардим. 1996-1997 йилларда қилган бу танловларимдан асло пушаймон эмасман. Ҳанузгача касбимни муҳаббат билан давом эттирмоқдаман. Ҳар бир тадқиқотимда илк кундаги ҳаяжонимни ҳис этаман. Ёзган илмий асарларим ва халқаро илмий конференцияларда қилган маърузаларимнинг барчаси ўзбек фольклори ва ўзбек адабиёти билан боғлиқ. Мақолаларимнинг камида 15 таси халқаро журналларда нашр этилди. Бундан ташқари, ўзбек адабиётининг гўзал намуналаридан қилган таржималарим билан машҳур адабий журналларда ҳам қатнашиб бормоқдаман. Мақсадим – ўзбек адабиётининг кучини дунё бўйлаб янада танитмоқдир.
— Сиз каби ўзбек тили бўйича тадқиқотлар қилаётган шогирдларингиз ёки сиз билан тенгдош олимлар ҳам бўлса керак, албатта?
— Талабаларим билан фахрланаман. Улар жуда ғайратли ва жўшқин. Турк дунёсини ва туркий халқларни жуда севадилар. Севгилари сабабидан ҳам ажойиб тадқиқотларга муаллифлик қилмоқдалар. Бир неча мисоллар келтираман: Эмине Бакар исмли шогирдим “Фарҳод ва Ширин” достонини туркчага ўгирди ва тадқиқ этди. Ҳамза Ўзтуркчи Абдулҳамид Чўлпоннинг “Ёрқиной” драмасини туркчага ўгирди ва тадқиқ қилди. Бу таржима катта бир нашриёт томонида китоб ҳолида чоп этилди ҳам. Дерлиҳан Бора исмли шогирдим ҳам Ҳожа Муиннинг 4 драмасини тилимизга ўгириб, тадқиқ қилди. Аслиҳан Аслан Чўлпоннинг газета нашрларини таржима қилди ва ўрганди. Кенан Тапалўғли деган ўқувчимиз эса Ўзбек достонларида аёл мотивларини тадқиқ этди. Мустафо Гулер исмли талабамиз Пиримқул Қодировнинг “Она лочин видоси” номли романи бўйича лингвистик тадқиқот қилди. Ойша Ҳумайро Эфе Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар” асарини туркчага таржима қилди ва ўрганди. Буларнинг барчаси диссертация ишларини каминанинг илмий раҳбарлигида амалга оширди. Шогирдларимнинг барчаси ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ мақолалар ёзиб, турли нашрларда чиқиш қилишади. Бу йил Эзги Пекшен исмли ўқувчим Мирмуҳсиннинг ҳикояларини таржима қилмоқда. Усмон Тайҳан Саид Аҳмад ҳикояларини таржима қилаяпти. Садо Чеби эса Маъсума Аҳмадованинг ҳикояларини таржима қилиш билан банд. Марям Жамила Динч исмли шогирдим Ўзбек достонларида кураш мотиви бўйича тадқиқот олиб бормоқда. Ҳамза Ўзтуркчи Маъруфжон Йўлдошевнинг ҳикояларини таржима қилди ва китоб нашр арафасида. Мен улар билан фахрланаман.
Биз фақатгина Ўзбекистондаги ўзбеклар билан чегараланиб қолмаймиз. Афғонистонда ҳам миллионлаб ўзбеклар яшамоқда. Бизнинг университетимизда ҳам кўплаб ўзбек талабалари бор. Маълумки, Афғонистонда араб ёзувидан фойдаланишади. Афғонистондан келган ўзбеклар Ўзбекистонда амалда бўлган кирилл ва лотин ёзувларини билишмайди. Менинг хонамдаги бутун жовонлар эса Ўзбекистондан олиб келган китоблар билан тўла. Афғонистонлик ўзбек талабалар илк марта уларни кўрганларида: “Бу китоблар қайси тилда?” — деб сўрашган. “Сизнинг она тилингизда ёзилган, ўзбекча китоблар”, — деб жавоб бераман. Шундан кейин афғонистонлик ўзбек талабаларга Ўзбекистонда амалда бўлган кирилл ва лотин ёзувларини ўргата бошладим. Ҳозирга қадар 20–25 талабам бу ёзувдаги матнларни бемалол ўқий олади. Ўзбек адабиётини ва Ўзбекистондаги ўзбек маданиятини шу орқали танимоқдалар. Ҳамма нарсадан ҳам аввал ўз тарихларини ўрганадилар.
Мен ишлаётган бўлимда Ўзбек адабиёти бўйича тадқиқотлар қилган яна икки олим бор. Бири катта тилшунос олим Режайи Кирилтунч. У ўзбек мумтоз адабиёти бўйича иш олиб бормоқда. Иккинчиси доктор Нурсан Илдиран. У эски ва янги ўзбек тиллари мутахассиси. Уларнинг ҳам кўплаб шогирдлари бор.
— Албатта, ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорлик қилсангиз керак. Бу ҳақда ҳам маълумот берсангиз. Дарвоқе, Ўзбекистонга неча марта келгансиз?
— Ўзбек олимлари билан ҳар доим алоқадамиз. Қайсисидир билан Ўзбекистонда танишдим, яна бири билан интернетда. Тахминан элликка яқин ўзбек олимлари билан муносабатларимиз бор. Қилган ва қилмоқчи бўлган ишларимиз юзасидан маслаҳатлар қиламиз. Ҳамкорликда кўп нарсаларга эришиш мумкин ва биз буни қадрлаймиз. Қадрли ҳамкасбим Маъруфжон Йўлдошев билан Туркияда иккита тадқиқотни амалга оширдик. Ёзувчи Исажон Султон ҳикояларини таржима қилиб, чоп эттирганмиз. Яна “Замонавий ўзбек адабиёти” номли китоб ҳам чиқарганмиз. Маъруфжон Йўлдошев ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини танитмоқ учун Туркияда кўп ғайрат қилди. Яхши шогирдлар етиштирди. Унинг тадқиқотлари бир даврга тамғасини урди, дея оламан.
Бир неча йил Туркияда ишлаган Жўлибой Элтазаров домла ҳам бу ерда аҳамиятли тадқиқотлар олиб борди. “Ўзбекча ўрганамиз” номли китоб ёзган эди. Туркияда ўзбек тили дарсларида ўша китоб ҳам дарслик сифатида ўқитилади. Тошкент давлат шарқшунослик университети олимлари билан ҳамкорликда ишламоқдамиз. Ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳам алоқаларимиз бор.
Қолаверса, Президентларимиз орасидаги дўстлик ва самимият ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди.
Мен Ўзбекистонга 4 марта борганман. Ҳар боришимда бир неча ой қолганман. Гарчи жисман тўрт бор борган бўлсам-да, руҳан ҳар доим Ўзбекистондаман. Ўқийдиган кўплаб китобларим, газеталарим ўзбекча. Ўзбекистон менинг иккинчи ватаним. Бу ерда мен ўзимни Ўзбекистоннинг фахрий элчиси каби ҳис этаман.
— Отатурк университетида талабаларнинг ўзбек тилига қизиқиши қандай? Уларга тилимизни ўргатишнинг қандай қийинчиликлари бор? Ўқитиш усулларингиз ҳақида айта оласизми?
— Бизнинг бўлимимизда 250 нафар кундузги, 200 нафар кечки вақтларда таълим оладиган талабалар бор. Бу талабалар ҳафтада 2 соат ўзбек тили, 2 соат ўзбекча таржима, 2 соат замонавий ўзбек адабиёти, 2 соат ўзбек халқ ижоди, 2 соат ўзбек мумтоз адабиётидан дарс олишади. Талабалар Ўзбекистонни ҳеч кўришмаган бўлсалар ҳам, ўзбек халқини ва маданиятини жуда севадилар. Мен талабаларни икки гуруҳга ажратаман: бири бу йўналишни ўзлари истаб, севиб танлаганлар; иккинчиси битириб бирор иш топиш учун ўқишга кирганлар.
Туркиядаги ёшларга ўзбек тилини ўргатишнинг осон томонлари ҳам, қийин жиҳатлари ҳам бор. Осони шуки, тилларимиз яқин, қардош. Минглаб ўхшаш сўзларимиз бор. Талаба бундай сўзларни бир марта эшитишдаёқ англаб олади. Энди қийинчиликлари ҳақида айтсак: биз учун биринчи қийинчилик бу алифбо билан боғлиқ. Талабалар ўзбек алифбосидаги “О(о)” ҳарфини кўришлари билан “ў” деб талаффуз этишади. “Ж(ж)” ҳарфини ҳам қай ўринда “ж”, қайси ўринда “дж” деб ўқиш кераклигини билиб олишлари қийин. Бу борада бир қоида бўлмагани учун ўргатолмаймиз. Бундай сўзларнинг ўқилишини ёдлашларига тўғри келади. Яна, ёзувда ҳам “Х(х)” ва “Ҳ(ҳ)”ни кўп чалкаштиришади.
Таржима дарсларимизда энг қийналганимиз, туркчада ҳам, ўзбекчада ҳам мавжуд бўлган, аммо икки тилда икки хил маъно англатадиган сўзлардир. Бу тўсиқлардан ўтганимиздан сўнг ўзбек тилини ўрганиш осон ва завқли кечади.
— Билишимизча, сиз “Катта ўзбекча луғат” устида ишламоқдасиз. Шу ҳақда ҳам айтсангиз.
Бу саволни берганингиз учун миннатдорман. Яқин икки йилдан бери “Катта ўзбекча луғат” устида ишламоқдамиз. Бу ишни икки киши қиляпмиз. Шеригим ҳамкасбим Нурсан Илдирихонимдир. Ҳозирга қадар тахминан ишнинг 70 фоизини тамомладик. 28 минг сўзга 75 мингга яқин изоҳ ёздик. 24 йилдан бери Ўзбекистон соҳаси бўйича ишлайман. Бу ишимиз аввалгиларидан анча аҳамиятли ва фойдали деб ҳисоблайман. Луғатга ибораларни ҳам киритмоқдамиз. Кўп қўлланадиганларини оламиз. Шевалардаги сўзларни ҳам киритиш ниятимиз бор. Шу онга қадар тайёрланган энг кўламли ўзбек тили луғатини яратмоқчимиз. Бу луғатимизни қамраб олган сўзлар сони “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дагидан кўп, деб бемалол айта оламан. Анча вақтлардан бери “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан топилмайдиган сўзларни қайд қилиб келардим. Бир мисол келтирсам: “Изоҳли луғатда” “Т(т)” ҳарфи билан бошланадиган 2 минг 716 та сўз бор, “Катта ўзбекча луғат”да эса 3 минг 544 та. Бошқа ҳарф билан бошланадиган сўзлар ҳақида ҳам шундай дея оламан.
Луғат тузувчи учун манба, албатта, ўзигача тузилган луғатлардир. Биз ҳам ўзимиздан аввалги луғатлардан манба сифатида фойдаланмоқдамиз. Асосий манбамиз “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дир. Ўзбекча-инглизча, ўзбекча-русча, ўзбекча — туркча луғатлардан ҳам фойдаланяпмиз. “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” ҳам ҳар доим столимиз устида. Иккинчи навбатдаги манбаларимиз эса ўзбек адабиёти намуналаридир. Луғатни тузишда бизга энг кўп қийинчилик туғдирган сўзлар, асосан, ўсимлик ва ҳайвон номлари бўлмоқда.
Шу пайтгача 4 дона ўзбекча-туркча луғат тайёрланган. Уларнинг барчаси ҳам қимматли. Аммо излаган ҳамма сўзларингизни ҳам топа олмайсиз, иборалар мавжуд эмас. “Катта ўзбекча луғат”нинг улардан фарқи қуйидагича бўлади:
– барча сўзларни қамраб олади;
– сўзларнинг барча маънолари берилади;
– намуна сифатида гаплар берилади;
– қўшма сўз, тасвирий ифода ва иборалар ҳам мавжуд.
Ўзбекистондан узоқда туриб бу ишни қилиш, албатта, қийин. Аммо имконсиз эмас!
— Туркия ёшларининг она тилига бўлган муносабати қандай?
— Кўп маънили саволлар беряпсиз, яна бир бор ташаккур. Туркия ёшларининг тил борасида бирор қайғулари йўқ. Чунки Туркияда турк тилига зарар келтириши мумкин бўлган бошқа тил йўқ. Бир қанча йиллар аввал Ўзбекистонда мен ўтирган машина ҳайдовчиси шундай деганди: “Бизда русча, сизда эса инглизча аралашиши сабабли она тилларимиз бузилаяпти…” Мен унга Туркияда инглизча биладиганлар кўп эмаслигини ва аҳвол ҳам хавотирли эмаслигини айтгандим. Туркия ёшларининг кун мавзусида тил борасида бирор муаммоси йўқ. Ўзбекистонда ҳам ёшларнинг она тилларига бўлган муносабати кундан-кунга ошмоқда, деб ҳисоблайман. Бир пайтлар, эҳтимол, ўзбек тили оғир аҳволга тушиб қолгандир. Аммо ишонаманки, ўзбек ёшлари бугун тиллари учун кўп қайғуришмоқда. Бизда бир мақол бор: “Вақт ҳамма нарсани даволайди”. Шундай экан, ўзбек тилининг ҳам келажаги янги авлоднинг қўлида.
— Биласизки, 21 октябрь Ўзбекистонда тил байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Ўзбек халқига тилакларингиз.
— Авваламбор, ўзбек тили борасидаги тушунчаларимни янада ойдинроқ билдирмоқ истайман. Охирги 700 йил ичида эски туркийчанинг иккита катта шохи бўлган: бири ғарбда туркча, иккинчиси Шарқда Ўзбекчадир. Мумтоз адабиёти бўлган тиллар буюк тиллардир. Ўзбек тили буюк ва бой тилдир. Ўзбек тили — Алишер Навоий тили. Менимча, бундан бошқа сўзга ҳожат йўқ. Ўзбек қардошларимиз она тиллари билан ҳар қанча ғурурлансалар арзийди. Ҳар миллат учун Она тили ҳам ватан ва байроқ каби азиз ва муқаддасдир. 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан барча ўзбек қардошларимизни табриклайман.
Шаҳзод ШОДМОНОВ суҳбатлашди.
