“Мен ўзимни эркин инсон деб биламан”

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол билан суҳбат

 

Суҳбатдошимиз ҳақида:

Ўзбекистoн халқ шоири Жамол Камол — 1938 йил 26 апрелда Бухоро вилоятида туғилган. Шоирнинг илк шеърий тўплами “Олам кирар юрагимга” 1968 йилда нашр этилган. “Чўққиларга ёғилди ёғду” (1970), “Тош туғёни” (1972), “Ҳасан ва ой” (1974), “Қуёш чашмаси” (1975), “Қадаҳ” (1978), “Достонлар” (1980), “Сувайдо” (1982), “Умидли дунё” (1988) каби шеърий китоблари чоп этилган.

Жамол Камол Буалонинг “Шеърий санъат” асарини, Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Шабиҳижрон” достонини, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат “Маснавийи маънавий”, Шайх Фаридуддин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Вильям Шекспирнинг ўндан ортиқ асарларини бевосита инглиз тилидан, Александр Пушкиннинг “Моцарт ва Сальери”, Ян Райниснинг “Олтин тулпор”, Бартольд Брехтнинг “Сичуандан чиққан меҳрибон” асарларини рус тилидан ўзбек тилига ўгирган. Шоирнинг шеърлари рус, инглиз, француз, поляк, украин, турк, озарбайжон, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.

 

Адабиёт инсон қалбига тутилган ғаройиб кўзгудир. Бу кўзгуда жамиятнинг фазилати ҳам, нуқсони ҳам бирдек бўртиб кўзга ташланади. Бугун шоир-ёзувчи халқи жамият муаммоларига, халқимиз дарду ташвишларига ўз асарлари билан қай даражада аралаша оляпти? Ижодкорнинг олдидаги асосий масала яхши ёзишдир деган ички таомилга қандай амал қилинмоқда? Адабиётда ҳам, ҳаётда ҳам кўпни кўрган, ижоднинг ўнқир-чўнқирларини босиб ўтган ижодкорларимизнинг бугунги кун адабиёти, унинг келажаги ҳақидаги тўхтамлари нималардан иборат? Шу маънода биз оқсоқол ижодкорларимиздан Устоз — Жамол Камол билан суҳбатлашдик.

 

— Миллатнинг, жамиятнинг ривожида ижодкор аҳли борки, доим олдинги сафларда туришган. Немис шоири Гёте айтганидек, дунё дарз кетса, унинг чизиғи шоирнинг юрагидан ўтади. Шу маънода шоир ёки ёзувчининг жамият муаммоларига баъзан сездириб, баъзан сездирмай аралашувини қандай изоҳлайсиз?

— Ўйлаб қарасам, шу ҳақда бир саккизлик ёзган эканман:

Шоир бетоб ётар, бориб, кўринглар,

Ҳолини сўринглар, чекмасин қайғу.

Бир нафас бошида суҳбат қуринглар,

Бир нафас жаҳондан фориғ бўлсин у.

 

Жаҳоннинг жони деб аталган ҳаққа

Ғанимлар ўқ узар кўрсатмай ўзни,

Жаҳоннинг жонига отилган ўққа

Шоир тутиб берди кўксини…

Ижодкорга Аллоҳнинг буюргани шу: ҳақгўйлик, ҳақиқатгўйлик…бировларга ёқадими, ёқмайдими, у табиатига содиқ қолади, ўз миссиясини бажаради. Биз қалам аҳлидирмизки, ҳақгўйлик, миллат севгиси қонимизда, жонимизда.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йил­ларида “миллатнинг қўрғони”, “миллатнинг шарафи”, “миллатнинг ҳусни” деган мақолалар ёзганман. Яқинда уларга кўз югуртириб, кўнг­лим ёришди. Уларда жамият ривожи, миллат равнақи қаламга олинган. Бир неча хулосалар бор. Битта хулоса шуки, шоир — кўнгил одами, у воқеа-­ҳодисаларни, аввало, кўнгли билан қабул қилади, кейин ақли билан.

 — Маълумки, бир пайтлар шоир ёки журналистнинг айтган сўзи мамлакатнинг барча гўшаларида жаранглаб, акс-садо берган. Бугун эса унча-мунча гапларга парво қилмаслик анъанага айланиб бораётгандек. Нима деб ўйлайсиз, сўзнинг ўзи кучсизланганми ёки қалам аҳлининг сўзи кучсизми?

— Айтилаётган гапларга эътиборсизлик баъзан — пастдан тепагача, тепадан пастгача… Масалан, китоб нашри ва савдоси ҳақида бир неча бор ёзиб, бирор натижа топмадим. Президентга ёзган хатимни Қибрай туман ҳокимиятига жўнатишди, яъни “футбол” қилишди.

 — Бугун матбуотимизнинг муаммолари ҳам кам эмас. Масалан, “Мажбурий обуна”ни йўқ қилиш баҳонасида миллатимиз яхши, ўқишлик газета-журналлардан ҳам мосуво бўлмоқда. Бу каби аҳволнинг, муносабатнинг эртаси нақадар аянчли бўлмасин, кўпчилик томошабинга айланиб тургандек. Шу ҳақда фикрингиз…

— Мен ҳам мажбурий обунанинг тарафдори эмасман. Ўтган асрнинг 80-йилларида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг адади 1 миллионга етган эди. Мажбурий обуна туфайли эмас, газета саҳифаларида янг­раган халқ овози туфайли. Матбуотга эрк берилган эди. Энг оғриқли масалалар дадил, ошкора ёритилар эди. Ҳозир ана шу йўлдан бориш керак, бошқа йўл йўқ.

 — Сизнинг ёшлигингиздаги ўзбек адабиёти ва бугунги ўзбек адабиётининг муштарак ва номуштарак жиҳатлари ҳақида гапирсангиз.

— Муштарак жиҳати шуки, ҳамон сўз-ифода қуролимиз ўша-ўша, севимли, жонажон ўзбек тили. Номуштарак жиҳати, фарқи ер билан осмонча. Ёшлигимиз адабиёти — бадиияти баланд, юксак савияли Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемир ижоди демак. Кейин Асқад Мухтор, Одил Ёқубовлар авлоди келди, кейин Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар билан бирга бизнинг авлод… Ҳозирги адабиётни улар билан қиёс қилиб бўлмайди. Айниқса, шеъриятда савия тушиб кетди. Мумтоз шеъриятдан бебаҳра авлод пайдо бўлди. Шоир билан қофиябоз, аруз вазни билан бармоқ вазни, ҳарфий таржима билан адабий таржима фарқини билишмайди. Арзимаган гапни қофияга солиб, шеър қилиб айтишга уриниш одат тусини олди. Бир сўз билан айтганда, майдакашлик…

— Ёзувчи, ижодкор ҳурфикрли, озод инсон. Бундан беш-ўн   йиллар муқаддам сал эркинроқ гапирган, ёзган ижод аҳлини қора ва турли бошқа хил рўйхатларга тиркаш “қонун”га кириб қолган эди. Бу етишиб чиқаётган ёшларни ҳам ҳуркак авлод бўлиб шаклланишига ҳисса қўшмайдими?

— Қўшганда қандоқ!.. Агар кўзингиз тушган бўлса, ўша қора рўйхатни кимдир интернетда эълон қилган эди. Чамаси бир юз эллик киши. Унда менинг ҳам номим қайд этилганди. Аслида мазкур рўйхат катта-кичик амалдорлар қатағон этилгач, эндиги галда зиёлиларимизга қўл узатмоқчи бўлган Гдлян, Ивановлар гуруҳи томонидан тузилган, ГКЧП қулагач, ният амалга ошмаган, бояги рўйхат бизга мерос бўлиб қолган, деган тахминлар бор. Баъзи бировлар ҳамон ўша “рўйхат”га амал қилаётганга ўхшайди ёки ўзлари қора рўйхат тузиб олишган. Буни мен ўз танамда ҳис этдим. Менинг таржимамда Шекс­пирнинг “Кориолан”, “Афиналик Тимон”, Бертольд Брехтнинг “Сичуанлик меҳрибон” асарлари телевизорда фильм-спектакль сифатида вақти-вақти билан намойиш этилади. Аммо таржимоннинг номи кўрсатилмайди, ўчирилган. Ҳар йили 23 апрель — Шекспирнинг туғилган ва вафот этган куни. Шу муносабат билан 4 йилча аввал “UzReport” телеканали мухбири мен — Шекс­пир асарлари таржимони билан бир ярим соатча суҳбат қилди. Суҳбат телевидение раҳбарларига маъқул бўлди. Бироқ намойиш этилмади. Маълум бўлишича, кимнингдир топшириғи билан бунга изн берилмаган. Айтинг, бу — жаҳолат эмасми? Шекспир ҳақидаги суҳбатнинг кимга зиёни тегади? Билмадим. Аммо биламанки, бу гап­лар ёшларга таъсир этмай қолмайди. Уларнинг қалбидаги журъат, жасоратни сўндиради.

 — Аслида Навоий, Огаҳийлар (Агар уларни саройда хизмат қилганини назарда тутсак) ҳам сарой шоирлари бўлишган эса-да, у давр­ларда шоирлар ҳеч ҳам табақаланмаган.

— Навоий ва Огаҳийни сарой шоир­лари деб аташ — хато. Тўғри, улар замона зайли билан шоҳлар саройида хизмат қилишган, аммо ҳамиша халқ манфаатларини кўзлаб иш юритишган. Эътибор қилинг, Навоий бош вазир вазифасида ишларкан, подшодан маош олмаган, маошдан воз кечган. Ҳирот шаҳри ва унинг атрофларида ўз маблағи эвазига ўнлаб ҳаммом, масжиду хонақоҳ, кўприк, карвонсаройлар бунёд этган, каналлар қаздириб, сувсиз ерларга сув чиқарган, қанчадан-қанча илму фан, адабиёт ва санъат аҳлига ҳомийлик қилган, оддий меҳнаткаш, фақир-фуқарога ёрдам қўлини чўзган. Навоий хонадонида ҳар куни катта дошқозонларда бева-бечо­ралар учун таом пиширилган. Ўша замон тарихчиларининг гувоҳлик беришича, бу нарса Навоий вафотидан кейин яна юз йил давом этган.

Огаҳий Хоразмда бош мироб бўлиб, деҳқонлар орасида адолатли сув тақсимотини жорий этган. Улар подшони мақтаб, фақат ўз роҳат-фароғатларини кўзлаб яшаганларида, айтганингиздек, сарой шоирлари дейиш жоиз бўлар эди.

 — Жамол ака, халқимиз, адабиёт муҳиблари сизни, аввало, ажойиб шоир, қолаверса, ўзбек адабиётини жаҳон адабиётининг ноёб асарлари таржимаси билан бойитган моҳир таржимон сифатида билишади. Айниқса, Мавлоно Румийнинг буюк асари бўлмиш “Маснавийи маънавий” таржимаси адабиётимизда катта воқеа бўлди. Шу таржима жараёни унинг машаққатлари ва айни шу асарнинг кейинги таржималари хусусида фикрингиз…

— Олти китобдан иборат “Маснавийи маънавий”ни тўрт йилда таржима қилдим. Ҳали куч-ғайратим етарли эди, ўзни унутиб, завқ-шавққа тўлиб ишладим. Кейин нашр этиш учун икки йил эшикма-эшик юриб, сарсон бўлдим. Фалон миллион пул топиб келсангиз, нашр этамиз дейишди. Ҳайриятки, Эрон Ислом Республикасининг элчихонаси таржимадан хабар топиб, грант ажратиб, мушкулимни осон қилди. Кетма-кет олти китоб босилиб чиқди. Кейин раҳматли адиб ва ношир биродаримиз Асрор Самад икки марта нашр қилди. Тўртинчи нашр Туркиянинг Кўниё шаҳрида амалга оширилди. У ерда “Маснавий” Ҳазрати Мавлоно зиёратгоҳида туркийзабон зиёратчиларга ўзбек тилида тақдим этилаётгани мени қувонтирди. Яна шуниси қизиқки, Эронга борган адабиётшунос олимларимиз шу китобни Теҳрон китоб дўконларидан харид қилиб қайтишди. “Маснавий”нинг қайта таржима этилишига келсак, бу гапнинг қулоғимга чалинганига адашмасам 16 йилча бўлди. Аммо асарнинг бирорта китоби нашр этилганини ҳам ҳануз эшитмадим. Орзуга айб йўқ, майли, таржима этишсин. Аммо бир шарти бор. Таржимон ўз таржимасини менинг таржимам даражасига етказиши, ҳаттоки ундан ошириши даркор. Акс ҳолда, қилган меҳнатига куйиб қолиши ҳеч гапмас. Китобхон яхши таржима турганда, ҳар нечук, ўртамиёна таржимани ўқимайди.

 — Эркинлик, ҳурлик — олий неъмат, шундай эмасми?

— Австралияда жаҳон бўйича қулчиликни ўрганиш илмий-тадқиқот институти бор. Шу илмий марказ бундан ўн йилча олдин қулчилик ҳукм сураётган давлатлар рўйхатини чет эл оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилгани эсимда. Рўйхатда афсуски, Ўзбекистон ҳам бор эди. Эшитиб, менга роса алам қилган. Аллоҳга шукрки, бу гаплар орқада қолди. Бугун биз эрки ҳурриятга эришган халқмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекис­тонни ҳар тарафлама юксалтириш йўлида куну тун меҳнат қилмоқда. Айниқса, учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар таҳсинга лойиқ. Кўз тегмасин, умри узоқ бўлсин!..

Мен ўзимни эркин инсон деб биламан. Юқорида айтганим, айрим кимсалар томонидан амалга оширилаётган бахиллик, қитмирликларни ҳисобга олмаганда, йўлимда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Шу кунга етказганига шукр дейман.

 — Ўзингизга-ўзингиз ҳисоб берганингизда, ўтмишда қилган қайси ишларингиздан кўнглингиз тўлади, қайси бирларидан аксинча?

— Менинг омадим шундаки, мансаб-мартабага интилмадим. Бир муддат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раислигидан сўнг бутун вақтимни ижодга бағишладим. Натижа ёмон бўлмади. Бугун таржималарни қўшиб ҳисоблаганда, ижодий бисотим 40 жилдга етади. Кексайиб қолганимга қарамай, ҳозир ҳам жадал ишлаяпман. Шайх Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг икки китобдан иборат “Ирфон” асарини таржима қилдим. Низомий “Хамса”си Бокуда ўзбек тилида чоп этилди. Энди уни ўзимиз нашр этишимиз керак. Ҳомий излаяпмиз. Бедилнинг “Ирфон” асари учун ҳам ҳомий керак. 80 ёшга тўлишим муносабати билан олти жилдлик сайланмам нашр этилгани мен учун қувончли воқеа бўлди. Яқинда буюк бобомиз Абу Али ибн Синога бағишлаб “Шайх ур-раис” деган достон ёздим. Хуллас, ижодий ишларимдан кўнгилда қаноатим бор.

 — Бугунги адабиётимиз рос­мана қад ростлаши учун нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?

— Аксарий қалам аҳлига билим, савия, маҳорат етишмаяпти. Баъзилар Худо берган истеъдодни енгил шуҳрат, мансаб-мартаба ортидан қувиб, хор қилишяпти. Устозлар ижодидан етарлича сабоқ олишмаяпти. Навоийни, Румийни, Атторни ўқишмайди, билишмайди.

 — Ёзувчининг, шоирнинг виждонини, унинг суратини қандай чизиш мумкин?

— Бу ижодкор учун ҳаёт-мамот масаласи… ижодкор ёлғонга юз тутиб, виж­донга чап бердими, тамом, нарёғи маълум. У муқаддас ижод завқи, юрак оловидан маҳрум бўлади. Мен “Жиноят ва жазо” шеъримда шу ҳақда айт­ганман:

Ёлғонлар тўқиркан яна жонҳалак,

Бағрида туғёнлар топдилар қазо.

Шу замон қағрини кўрсатди фалак,

Унга қойим бўлди муқаррар жазо:

Аввал подшо эди, гадо бўлди ул,

Аввал шоир эди, маддоҳ бўлди ул…

— Ёшларга энг муҳим маслаҳатларингиз…

— Ёшликданоқ соғлиқнинг қадрига етинг. Соғу соғлом, ораста бўлиб юринг.

Ахлоқингизни ҳамиша покиза тутинг. Оила муқаддас, бола-чақа ўстириш шарафли бурч. Фарзандларни ҳалол нон билан боқинг. Ҳаромдан ҳазар қилинг.

Устозлар маҳоратини ўрганишдан чарчаманг. Мумтоз адабиётимиз хазинасидан баҳраманд бўлинг.

Бошқаларнинг ютуғига тан бериш — марднинг иши. Гуруҳбозлик, айирмачилик, майдакашлик қилманг.

Ҳақиқат — адабиётнинг суянчи, таянчи. Ҳақиқатга суянмаган адабиёт қуруқ сафсата. Унутманг, ҳақиқатдан юз ўгирсангиз, адабиёт сизга қайрилиб боқмайди.

— Жамол ака, келинг жамият ишларига аралашиш масаласига яна қайтамиз. Жамиятимизда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар оз эмас. Шулардан қайси бири бугун муҳимдан муҳим бўлиб кўринади сизга?

— Сув масаласи. 80-йилларнинг охири 90-йилларнинг бошларида Орол денгизини тиклаймиз, қайта сувга тўлдирамиз, деган овозлар тез-тез янграб, қулоққа чалиниб турар эди. Йиллар ўтиши билан бу овозлар тинди, эшитилмай қолди. Бугун Оролнинг сувдан бўшаган саҳнини бутазор­га айлантирамиз, деган овозлар баланд янграмоқда. Бу ёмон эмас, албатта. Аммо менинг фик­римча Оролни қайта тиклаш масаласини яна кун тартибига қўйиш керак. Бунинг имконияти бор. Таниқли ирригатор, профессор Дилшод Бозоров ва Халқаро Экология академияси аъзоси Анвармирзо Ҳусаинов бир замонлар Аҳмад Дониш чизиб берган лойиҳага суяниб, Амударёни янги ўзандан оқизиб, Катта Туркман канали орқали Қорақум барҳанларига ярим асрдан бери беҳуда сингиб кетаётган бебаҳо “оби ҳаёт”ни Оролга йўналтиришни таклиф этишди. Улар Катта Қорақум канали лойиҳаси амалга оширилиши билан Оролга ўлим ҳукми ўқилгани, саккиз юз километрга чўзилган, ости ва ён томонлари бетонлаштирилмаган каналнинг икки тарафи бугун ботқоққа айлангани, каналга тушган сувнинг атиги тўртдан бир қисми манзилга етиб бораётгани, бу исрофгарчиликка чек қўйиш лозимлигини айтиб, бонг уришди. Аммо афсуски,   мутасадди ташкилотлардан садо чиқмаяпти. Ва энг ачинарлиси, бу ҳақдаги мурожаатлар назаримда Президентимизга етиб бормаяпти.

Ноумид — шайтон, дейдилар. Мен бу масала бугунми ё эртага ҳукумат даражасида кун тартибига қўйилади, деб ишонаман.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Ҳамиша соғ-саломат бўлинг. Ижодий зафарлар ёр бўлсин!

Гўзал Бегим суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 13 =