Низомиддин МАҲМУДОВ: «Тил – миллатнинг ҳамияти»
“Қанча тилни билсангиз шунча яхши. Бироқ одам нафақат, ўз она тилида сўзлайди, балки ўз тилида хаёл суради, ўз тилида туш кўради ва ўз тилида йиғлайди”, деган эди машҳур ёзувчиларимиздан бири. Таниқли олим, ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов билан суҳбатда тил учун қандай курашилади, ўзбек тилининг дунё тиллари орасидаги мақоми, шевадаги сўзларнинг ўрни, тилнинг бузилиши ва йўқолишига қарши олиб борилаётган ҳаракатлар ҳақидаги масалаларга эътибор қаратдик.
— Низомиддин ака, маълумки, қадимда ўзбек тили атамаси бўлмаган. У йиллар давомида туркий тил, чиғатой тили тарзида қўлланган. Ўзбек тилининг қадимийлиги, тарихийлиги ҳақида фикрларингизни билмоқчи эдик. Бугунги кун ҳақиқатлари тарихий ҳақиқатлар билан қай даражада уйғун деб ўйлайсиз?
— Ўзбек тили туркий тиллар оиласига кирадиган энг катта тиллардан биттаси ҳисобланади. Туркий тилни ва шунинг баробарида Ўзбек тилининг манбаларини, ибтидосини эрамиздан олдинги биринчи асрларга олиб бориб тақашади. Демак, ана ўша даврдан буён бу тил туркий тил сифатида ва унинг ичида ўзбек тили ҳам тараққий қилиб, ривожланиб келаяпти.
Бу тилнинг энг ривожланган даври бу ХV аср, ҳазрат Навоий яшаб ижод қилган давр саналади. Навоий бобомиз ўзбек тилининг ёзма дурдоналари заминларини яратганини алоҳида таъкидлашимиз зарур.
Энди туркий тил туркий деб, чиғатой деб ва бошқа кўплаб атамалар билан аталган.
Лекин бу Европанинг кўриш кўзи. Чиғатой улуси бор эди ва ўша ерларда тарқалган тил бевосита чиғатой тили, деб аталган. Чиғатой тили дейилганда номини ҳисобга олмасангиз, аслида бунда ўзбек тили назарда тутилган. Ва бу нотўғри номланганлиги ҳақида бизнинг мутахассисларимиз жуда кўп айтишган. Алишер Навоийнинг тилини ҳатто чиғатой тили, деб айтишади. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги энди бошқа масала. Лекин Навоий даври ўзбек тилининг энг тараққий топган ва адабий анъаналари ривож топган давридир. Ўзбек тилининг ёзма анъаналари Навоийдан кейин ҳам бошқа шоир-ёзувчилар томонидан мунтазам ривожлантириб келинган.
— Жадидчи боболаримиздан Абдурауф Фитрат ўзининг “Тилимиз” мақоласида “Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча”, деб фикр юритади. Тилимизнинг бахтию, бахтсизлигини сиз нималарда кўрасиз? Унинг бошқа тиллардан, айнан туркий тиллар орасида афзаллик ва устунлик жиҳатлари нимада, деб биласиз?
— Юқорида айтганимдек, ўзбек тили тил сифатида жуда катта тил. Президентимиз Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан қилган маърузаларида “Бугун жаҳонда 50 миллионга яқин одамлар ўзбек тилида гаплашадилар. Бу ўзбек тилининг йирик тилларга айланаётганини кўрсатади” деб гапирди.
Турк тилида 80-90 миллион одам гаплашади, дейилади. Турк тили ўзбек тили билан солиштирилганда, турк тилида туркий тилларнинг фақат ўғуз лаҳжасида гаплашилади. У тилнинг мағзи, мазмуни ҳаммаси фақат ўғуз лаҳжасида. Ўзбек тилининг илдизлари уларга қараганда кенгроқ ва бақувватроқ. Тилимиз қарлуқ, ўғуз, чигил, уйғур ва ҳоказо шеваларни ўзида жамулжам этган бир тил ҳисобланади. Шу учун ҳам тилимизнинг залвори ва гўзаллиги ҳақида жуда катта-катта олимлар ҳайрат билан тадқиқотлар олиб боришган, гапиришган. Макс Миллер деган германиялик олим туркий тилларни ўргангандан кейин “Бу туркий тиллар шу қадар мукаммалки, эшитганингда, гапирганингда худди олимлар ҳайъати ўтириб, режа билан яратгандек туйилади” дейди. Ва бу тил шу қадар катта тил бўлгани учун ҳам бу тилда яратилган асарлар дунёнинг исталган бурчагида ҳаммани ҳайратга солиб келаяпти.
— Собиқ Шўролар ҳукмронлиги даврида тилимиз бошқа тил ва анъаналар таъсири, тазйиқи остида қолиб кетган. Бу даврда тилимизнинг ривожланиши қандай кечган?
— Ҳа, тилимиз узоқ пайт бошқа босқинлардан кейин анчайин нописандлик, поймол қилиш каби таъсирлар остида бўлди. 1868 йилда Русия мамлакати бу ерга бостириб келган бўлса, шу даврдан бошлаб, дастлаб ўрганиш пайдо бўлган, кейин зуғумлар бошланди.
Собиқ шўро даврида Ўзбек тилининг тараққиёти учун, расмий доирадаги фаолияти учун тўсиқ қўйилган. Лекин ўзбек тили Навоий давридан бошлаб, то Фитрат, Қодирий, Чўлпонлар даврида ҳам ривожланишдан тўхтамаган. Совет даврида ҳам ўзбек тилининг расмий доираларда қўлланилиши чекланган. Масалан, ишга кириш учун ариза ёзиш ёки ўтказилган мажлис баёнларини албатта, бошқа тилларда ёзиш каби қоидалар бўлган. Лекин шунга қарамасдан Ўзбек тили бадият оламида ўзининг ривожланиш имконларини кўрсатган тил ҳисобланади. Энди Ўзбек тили 1989 йили Давлат тили мақомини олгунга қадар юқоридаги каби ишлар бўлиб ўтган. 1989 йил 21 октябрда Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши, тилимиз тараққиёти учун, халқимиз тараққиёти учун, миллатнинг миллат бўлиши учун алоҳида тарихий ҳодиса бўлди.
— Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши ҳақидаги қонуннинг қабул қилинишида бевосита иштирок этган экансиз. Айтинг-чи, бу тарихий ҳодиса қандай содир бўлган, нималарга эътибор қаратилган эди?
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигига бағишланган маросимда “Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйган амалий, рост қадами эди” дедилар. Ҳақиқатан олиб қаралса, мамлакатимиз ҳали мустақилликка эришмай туриб, Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши мустақиллик сари юриш деб қаралган. Ҳа, бу Қонуннинг қабул қилинишида мен бевосита иштирок қилганман. Ҳатто, дастлаб Давлат тили ҳақидаги қонун эмас, “Ўзбекистондаги тиллар ҳақида лойиҳа” эълон қилинган. Ва бу Давлат тили ҳақидаги тушунчага у қадар урғу бермасдан, Ўзбекистондаги тил сиёсати, тилларга муносабат акс этган қонун лойиҳаси эди. Бу ўз-ўзидан қоғозда қолиб кетган. Ўша пайтда “Известия” газетасида “Языках народов СССР” деган қонун лойиҳаси ҳам эълон қилинган эди. Лекин бу қонун лойиҳасига ҳеч ким муносабат ҳам билдирмаган ва бу четга чиқиб қолиб кетган. Давлат тили ҳақидаги қонун 1989 йилда қабул қилинганда ўша ерда “Миллатлараро алоқа тили рус тилидир” деган модда ҳам бор эди. Давлат тили ўзбек тили-ю, лекин миллатлараро алоқа тили рус тили дейилган. Нима учун ўзбек тили Давлат тили бўлгандан кейин инсонлар ўртасидаги алоқа тили ҳам шу тилнинг ўзи бўлмайдими, ахир?! Ўшанга ўхшаш камчиликлар бўлган, лекин у пайтда давлатимиз мустақил эмас, ҳали Иттифоқ бор эди, шунинг учун ҳам бу нарсалар ўз кучини кўрсатган.
1989 йилда Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган бўлса, 1995 йилда янги таҳрирда қабул қилинди. Ҳалиги “миллатлараро алоқа тили” деган тушунчалар олиб ташланди, анча такомиллашди. Лекин ҳалиям Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг такомиллашиши керак бўлган жойлари анча-мунча бор. Шунинг учун ҳам Президентимиз юқорида биз тилга олган нутқида алоҳида “Такомиллаштирилган, янги таҳрирдаги қонунни тайёрлашни жадаллаштириш керак”, дедилар. Албатта, Давлат тили ҳақидаги қонуннинг янги таҳрири устида иш олиб бориляпти ва бир лойиҳа тайёрланган, тегишли инстанцияларга берилган, яқинда тасдиқланиб қолса керак.
— Яхши биламизки, бир пайтлар Тил учун курашлар қизғин давом этган. Бу курашларда, албатта шоир ва ёзувчилар илдам бўлишган. Айтинг-чи, бугун у қандай давом этмоқда? Ўзи, умуман, тил учун кураш қандай бўлмоғи керак?
— Тил учун кураш, уни бойитиш, мақомини кўтариш учун ҳаракатлар Навоий даврида ҳам бўлган. Навоий даврида Ҳусайн Бойқаро туркий тилни “Сарой тили” деб фармон чиқарган. Ва бу албатта, Навоийнинг қаттиқ саъй-ҳаракати, қаттиқ киришуви билан бўлган. Бугун бирор-бир шоирёзувчи тилнинг катта қудрат эканлигини эсдан чиқараётгани йўқ. Буни ҳар жойда айтаяпти. Аммо тил масаласида бизда жуда енгил қарашлар бор. “Ташқарида анови сўз нотўғри ёзилибди, мана бу сўз нотўғри ёзилибди”, имло хатоси бор, тарзида айтади. Бу тил учун кураш бўла олмайди. Тил учун кураш онг учун кураш бўлиши керак. Ташқаридаги тўртта ёзувни тўғирлаган билан тил тил бўлиб қолмайди. Чунки бизда кўпроқ ташқи белгиларга эътибор қилинади. Бу тўғри эмас. Аслида моҳиятга қараш керак-ку, ахир.
— Тил ҳақидаги масалага нима учун бу қадар кўп эътибор бериш керак? Халқаро миқёсда бу масалаларга қандай эътибор қаратилади?
— Бирлашган Миллатлар ташкилотининг ЮНЕСКО деган бир тузилмаси бор. ЮНЕСКОнинг Каитиро Мацуура деган япон миллатига мансуб директори бўлган. Албатта, ЮНЕСКОнинг ваколатига кирадиган масалалардан биттаси — тиллар масаласи. Мацуура тиллар масаласини шундай чиройли шарҳлаганки, “Тиллар ҳар бир тил эгасини ўзини кўрсатадиган, ўзини моҳиятини, мағзини кўрсатадиган восита. Бола туғилганида унинг онги – шуурига она тили орқали жойланадиган воситалар бошқа тилларни ўрганганда ҳам чиқиб кетмайди. Она тили қолдирган из боланинг шуурида туради. Ва шунинг учун ер юзидаги тилларнинг ҳар бирини асраш, ҳар бирига меҳрибонлик кўрсатиш зарур”, деган эди.
ЮНЕСКОнинг таркибида “Миллий география” деган бир ташкилот ҳам бор. Шу ташкилотнинг 2012 йилдаги ҳисоб-китобларига кўра ер юзида 6969 та тил бор экан. Шу 7000 га яқин тилнинг катта қисми жуда тез йўқолиб бораётган экан. Каттадир-кичикдир, тилнинг йўқолиб бориши бу башарият учун катта йўқотишдир. Чунки тил бу шунчаки алоқа воситаси эмас. Бизда ҳалигача ҳам “Тил бу — алоқа воситаси ва ҳоказо, ҳоказо”, деган гаплар юради. Аслида тилга дунёни билиш, дунёни идрок қилиш, дунёни ҳис қилиш, тафаккурни ушлаб турадиган, тафаккурни шакллантирадиган восита сифатида қараш керак.
— Дунё тилшунослигида инсоннинг тилга муносабатларини тадқиқ этувчи қандай амалий ҳаракатлар, тажрибалар олиб борилган?
— Таданабу Сунудо деган япон олими бўлган. Ўзи физиолог, медик ва тил ва онг билан шуғулланган олим. Унинг ўтган асрнинг 70-йилларидаги бир тажрибасини келтиришади. Говард Бравин деган бир инглиз журналисти унинг тажрибаси ҳақида мақола эълон қилган. Юнеско журнали русча, инглизча ва ҳоказо тилларда чиқади. 1982 йилда Говард Бравиннинг “Родной язык и мозг” (“Она тили ва мия”) мақоласи чиққан. Шу ерда Таданабу Сунудонинг экспериментини келтирадики, одамлар ташқи дунёни миллатига кўра, тилига кўра қандай бир-биридан фарқли кўради? Шунда замонавий асбоб-ускуналар билан бош миядаги тегишли марказларга тегишли ускуналар ўрнатган ҳолда бир гуруҳ япон ва бир гуруҳ европалик одамлар, яъни ғарб ва шарқ одамларига мусиқа, нутқ, дарахтларнинг шовуллашини, сувларнинг шилдираши эшиттирилган ва ҳоказо. Шунда ғарблик миянинг ўнг ярим шаридаги марказлар билан товушни, ахборотни қабул қилган, шарқлик эса чап ярим шари билан қабул қилар экан. Бу жуда ғалати туйилади, товуш бир, ҳолатлар бир, лекин шарқ бошқа ва ғарб бошқа марказ билан қабул қилмоқда. Бу она тили билан боғлиқмикан, йўқми экан, деган бир савол қўяди-да, яна эксперимент қилади. Энди 7-8 ёшгача ва 4-5 ёшгача Японияда яшаб Европага чиқиб кетиб, тили бошқа тилда шаклланган японларни синовдан ўтказади ва солиштиради. Солиштирса, 7-8 ёшдаги японда тафаккур тарзи аллақачон шаклланган, 4-5 ёшда чиқиб кетганларда эса сал шаклланмаган бўлган. Демак, 7-8 ёшда чиқиб кетганларда японча тафаккур тарзи қолган, 4-5 ёшда чиқиб кетганида эса йўқ бўлиб кетган, яъни унинг тафаккур тарзи худди ғарбники билан бир хил кўринишда бўлган. Ва хулосага келадики, мен буларнинг ҳаммасини бошқарадиган нарса, она тили эканлигини англадим, тасаввур қилдим, дейди.
— Тил бу фақат унда гапиришимиз билан эмас, эшитишимиз, кўриш каби сезги органларимиз билан ҳам боғлиқ, демоқчисиз, тўғрими?
— Албатта. Шу учун ҳам жўжа масалан, чиқарадиган товуши бизнинг ўзбек тили вакилларининг қулоғига “жип-жип” бўлиб эшитилади. Руслар эса буни “цип-цип” тарзида эшитади ва шунинг учун ҳам циплёнок дейди. Инглизлар эса “чик-чик” деб эшитади ва “Чиккен” деб атайди. Бу каби мисоллар жуда кўп. Шунинг ўзи кўрсатадики, тил бу фақат алоқа воситаси эмас, тил бу дунёни кўриш, эшитиш, идрок қилиш воситаси ҳамдир. Яна қайтариб айтаман, кўчадаги тўртта хато даҳшатли камчилик эмас, агар онгда хато кетадиган бўлса, бундан аянчли хатарнинг ўзи йўқ.
Донишманд Конфуцийнинг бир гапи бор: “Сен исталган бир халқнинг айтадиган қўшиғини, гапирадиган чиройли сўзларини менга олиб келгин, мен бу халқни қандай осон идора қилиш мумкинлигини айтаман” дейди. Ва тилнинг ўзида Ватан десангиз Ватан, Миллат десангиз Миллат, Халқ десанги Халқ – ҳаммасини асрашга қаратилган ҳолатлар бор. Тил бу – миллий ҳамият. Одамнинг ҳамиятига қанчалик қаттиқ тегилса, тилнинг ҳамиятига ҳам шу қадар тегиш мумкин. Француз адиби Анатолий Франс шундай дейди: “Кўп тилни билиш, битта қулфга тушадиган бир неча калитга эга бўлиш билан баравар” дейди. Шу тарзда дунёни тўлиқ англаш имкони бўлади.
— Тилимизда араб, форс, рус ва бошқа тиллардан кирган сўзлар ниҳоятда кўп. Энди эса инглиз тилидан кирган сўзлар бемалол истеъмолда. Баъзи зиёлилар бошқа тиллардан сўз кириб келиши тилнинг бойишига хизмат қилади, дейишади. Кейинги йилларда ўзбек тилининг ривожланишини, бойишини ва ёки аксинча ҳолатларни нималарда кўриш мумкин?
— Навоийнинг сўз олдидаги, тил олдидаги, адабиёт олдидаги хизматлари беқиёс. Навоий минглаб араб, форс тилидаги сўзларни ўзиники қилди, бу тилга олиб кирди. Шунинг ўзи жуда катта хизмат. Бошқа тилдан бизнинг тилга сўз ўтиши ижобий ҳодиса сифатида баҳоланмайди, аксинча, ғашлик уйғотади. Навоий қулоғига тушган, у пайтда шева эмас энди, уруғлардаги сўзларни адабий тилга олиб кирди. Навоийда туркий сўзлар билан, арабий ё форсий сўзларнинг ўзаро синтезини кўриш мумкин. Айтиш керакки, бутун дунё ислом маданияти остида яшади. Исломий маданият қирғизга кейинроқ кириб келди, Олтойга кириб келмади, бизга эса исломий маданият билан бирга араб тили ҳам кириб келди. Ўша пайтда фан, маданият араб тилида бўлди, ўз маданиятимизнинг илдизлари бақувват бўлгани учунгина у ҳам ўзини саломат сақлаб қола олди. Лекин тараққиёт ўша соф туркий сўзларни сақлаб қолган Олтой заминида, ислом маданиятини, араб тилини ўзига сингдирган заминга қараганда камбағалроқ. Олтойда ҳам русча сўзлар ва русча тафаккур тарзи кенг сезилади, лекин Олтойда тил тараққиёти тўхтаган. Ўзбек тилида “китоб”, “фан”, “адабиёт” – ҳаммаси арабча сўзлар. Тўғри, Беҳбудий, Фитратлар арабча, форсча сўзларнинг ўзбек тилига жуда кўп кириб келишини ёзғириш билан айтишади. “Мен буларни ўйлаганда яранинг ўзагига бармоғимни босгандай бўлдим” деб ёзади Фитрат. Бироқ бу сўзларнинг кириб келганлиги тилни бойитган, холос. Бироқ тилларнинг ривожи шубҳасиз, бошқа тиллардан сўзлар кириб келиши эвазига рўй беради. Ва тилимизнинг ранго-ранглиги, жозибасини ўша тиллардан кириб келган сўзларсиз тасаввур қилиб ҳам бўлмайди.
— Европа тилларидан кириб келган сўзлар-чи, улар бугун ёппасига тилимизда “давру даврон” суряпти. Булар ҳам тилнинг бузилишига, қўполроқ айтсак, айнишига олиб келмайдими?
— Бугун глобаллашган дунёда масалан, “Йўқ, инглиз тилидан сўз кирмасин”, деб девор қуриб бўлмайди. Дейлик японлар, тилини бошқа миллатларга қараганда жуда қаттиқ туриб асрайдиган халқ. Боя айтганимиздай фақат зиёлиси ёки шоир-ёзувчиси эмас, бутун халқи тилини асраш учун қатъий ҳаракат қилишади. Ҳатто, ўзлари ёзишадики, бошқа миллатларда автобусда кетаётган иккита аёл об-ҳаводан гаплашишади, автобусда кетаётган япон уй бекалари эса фақат ва фақат тил ҳақида суҳбатлашишади. Япон тилида четдан кирган сўзларни “гайрайгу” дейди. Дейлик, тил учун қаттиқ курашувчи Японияда бугунги кунда компьютер технологияси билан боғлиқ сўзларнинг 99 фоизини инглизча сўзлар ташкил қилади. Япониядай мамлакатда, кўряпсизми?! Биз эса 3-4 та сўз инглиз тилидан кирса, ғарбча бўлди, деб ёзғирамиз. Тараққиёт тенденцияси бу. Бугун иқтисод билан боғлиқ, техника билан боғлиқ қанчадан-қанча сўзлар кираяпти. Ташқаридан кираётган сўз, албатта, ўз тушунчаси билан бирга кириб келади. Энди албатта, кириб келаётган сўзлар ўзбек тилининг оҳангига, ўзбек тилининг фонетик товуш қурилишига уйғунлаштирилса яна ҳам яхши бўларди. Уйғунлаштириб олинганлари ҳам бор, лекин улар кўп эмас. Масалан, “қўмита”, “суғурта” сўзлари французчанинг ўзбекчалаштирилган вариантлари ҳисобланади.
— Ўзбек тилида шундай атамалар пайдо бўляптики, улар фақат ва фақат тилни сунъийлаштиришга хизмат қилаяпти. “Кутубхона – ахборот ресурс маркази, маҳалла – маҳалла фуқаролар йиғини” каби, яъни халқ айтишига қулай, ўзлари атайдиган атамалар эмас, сунъий, бачкана атамалар пайдо бўлаяпти. Бу каби ҳолатлар тилимизнинг табиий ҳолатини бузиб, анча-мунча сўзларни йўқолишига олиб келмайдими?
— Бундан 15-20 йил бурун янгилик, янги сўзлар яратиш деган бир нарсага ҳаракат бўлди. Масалан, турклар “Компьютер”ни “Билга сайёр”, “Телеграф”ни “Билга гечар” дейди. Бутун дунё “Компьютер” деб турса, нима кераги бор бундай сўзларни тилга елимлаб ёпиштиришни. Турк тилида “уйдуруқча” деган тушунча бор. Мен Туркияда бир йил дарс берганман. Бир қисм зиёли “уйдуруқча” сўзларга тарафдори, бир қисм зиёли бунга қарши. Энди “билга сайёр”лари сал-пал ўзини оқлайди. Бироқ тоқат қилиб бўлмайдиган уйдуруқча сўзлари бор. Менда “Турк тилининг янги сўзлари” деган бир ярим минг сўздан иборат китоб бор. Футбол тўпи, баскетбол тўпи кабиларни “Ал тўпи”, “Оёқ тўпи” қилиб луғат яратган. Энди бугун дунё фақат бир-биридан олиб яшайдиган дунё бу. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида “велосипед – жин арава, трактор – ўтамоч, пароход – сув айғири” тарзида ишлатилган. Бугун эса одамларнинг умумий тафаккур тарзи кенгайди. Одамлар ойга чиқяпти, булар ҳеч нарса эмас-ку, велосипед ё трактор нима бўлибди?!
Кечагинда биттаси “фуқаро”ни фақир дегани деб ёзди, уни “бек”, “турғун” деб ўзгартириш керак, қабилида айрим газеталарда мақолалар эълон қилинди. Булар энди ҳеч куракда турмайдиган сўзлар-да. Масалан, “граждан” “шаҳарлик” деган маънони англатади. Бугун ахир ўрислар ҳам фақат шаҳарликни “граждан” демайди-ку. “Шофёр” французчадан олинган бўлиб, ўт ёқувчи деган маънони англатади. Илк яратилганда машиналар ўт ёқиб, буғ чиқариб юрғазилган. Бугун ҳеч ким ўт ёқиб машина юрғизаётгани йўқ, нимага ўт ёқувчи деяпсан, деб биров хафа бўлаётгани ҳам йўқ-ку. Ахир ҳозирда ҳайдовчидан кўра шофёр сўзи кўпроқ истеъмолда юрибди.
Таниқли ёзувчимиз Саид Аҳмаднинг бир гапини келтираман: “Тил сендан кўра ақллироқ. Қайси сўзни ишлатиш керак ёки чиқариб ташлаш керак ўзи билади. Ўзига маъқул бўлмаган сўзни тупуриб ташлайди”.
— Таниқли шоир Матназар Абдулҳакимнинг Хоразм шевасининг ўғуз лаҳжасида ёзилган “Бир қужоқ гул” деб номланган китоби бор. Бугунги кунда бу китоб нафақат хоразмликлар, бутун умумўзбек ўқувчилари томонидан севиб ўқилмоқда. Яъни, шевада китоб ёзилиши ўзбек тилининг бой имкониятларини кўрсатиб берди. Сиз бунга нима деган бўлар эдингиз?
— Шевалар – тилнинг тирик ҳолати. Адабий тил эса безак берилган, сайқалланган, чиройли қилинган шакли. Аслида тилнинг тараққиётига ҳам шевадаги сўзлар замин бўлади. Тилнинг ўзга тиллардан кирган сўзлар билан бойишидан кўра шевадаги сўзлар ҳисобига бойиши тилнинг лисоний манзарасини тирик сақлайдиган ҳодисадир. Бир пайтлар бўлдики, шевани лаънатлаш керак, шева тилни бузади, деган тушунчалар устуворлик қила бошлади.
Японияда шундай тартиб бор экан. Қишлоқ жойларида шевалар ўқитилмас экан. Лекин Осака, Токио каби катта шаҳарлардаги мактабларнинг бошланғич синфларида япон тили билан бирга шевалар ҳам ўргатилади. Чунки шаҳарда шеванинг йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли жуда кучли. Қишлоқда эса ҳамма ўз шевасида гаплашади, шу учун у ерда шевалар муҳофазага муҳтож эмас. Япон шеваларини сақлаш учун бошланғич синфдаёқ шевалар ўқитилади. Кейинги йилларда мактаб дарсликларига биз ҳам шеваларни киритганмиз.
Карим Маҳмудов деган файласуф, фалсафа фанлари номзоди бўлган. Унинг файласуфликдан ҳам кўра ошпазликда номи чиққан, “Ўзбек таомлари”, “Ўзбек дастурхони” деган китоблари ўзбек, рус, инглиз тилларида чиққан. Шу одам Абдулла Қаҳҳор билан жуда яқин бўлган экан. Шу бир куни Қаҳҳорга “Абдулла ака, мен янги овқат пиширишнинг хос тартибини туздим, биринчи гўшт, иккинчи икра ва ҳоказоларни соламиз”, дебди. “Икранг нима” , – дебди А.Қаҳҳор. “Балиқнинг тухуми-да” – дебди Карим Маҳмудов. Абдулла Қаҳҳор “Балиқ товуқми, унинг тухуми бўлса”, – дебди. “Уруғи” деса, “Ўсимликми у, сен уни бошқа тилдаги вариантини олиб келма. Сен бирор сўзнинг номини топмоқчи бўлсанг, ўша нарса кўп бўладиган жойга бориб ўргансанг, ўша жойдан номини топасан”, дебди. Карим Маҳмудов шу маслаҳатдан сўнг Хоразмга, Қоқалпоғистонга борибди. Шунда балиқхонага кирса, одамларни “увулдириқ пишир” деганини эшитибди. Шундай қилиб, увулдириқ сўзи изоҳли луғатимизга кириб келган. Тилни бойитиш учун битмас-туганмас, потенциал манба бу – шевалар. Шевалар йўқолиб кетишидан асралишимиз керак. Бадиий адабиётда ҳам шева энг яхши ёрдамчи ҳисобланади. Лекин шева сўзлари керагидан ортиқ кўп бўлса ҳам бўлмайди. Масалан, Жуманиёз Шариповнинг “Хоразм” деган романи бор эди. Унда Хоразм шевасидаги сўзлар керагидан ортиқ кўп ишлатилган. Тилнинг қадимийлиги, оҳори, жозибасини ҳам шева кўрсатади.
Гўзал БЕГИМ суҳбатлашди.
