Куртакда дарахтни кўрмоқ ёхуд китобхон олдидаги масъулият туйғуси ҳақида шоир билан суҳбат

Бугун Адабиёт ҳақида, Шеър ҳақида, Китоб ҳақида гапириш одамни ўйлар гирдобига ташлайди. Бу тушунчаларнинг қиймати ҳам хақ наздида бироз сустлашгандек туюлади. Шу учун китоб ёзаётган ва ўқиётган орасидаги руҳоний ришта бирмунча мўртлашганга ўхшаб кўринади. Бугун суронли бир даврда бу ҳолатларни шоир ёхуд ёзувчи қандай бошдан кечирмоқда? Унинг ўз замондошига айтмоқчи бўлганлари асаргача ёки асардан кейин қандай қиёфа касб этмоқда? Шу каби мулоҳазалар доирасида шоир, таржимон Вафо Файзуллоҳ билан суҳбатга чоғландик.

Суҳбатдошимиз ҳақида: 1963 йилнинг 27 июлида Кармана туманидаги, Тоғгузар   қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида ва Москвадаги Адабиёт институтининг Олий адабиёт курсида таҳсил олган.

“Ҳут” (1993), “Хабарсиз севинч” (1997), “Мангу лаҳза” (2000) , “Жон йўли” (2008), “Азалий ғусса”(2013), “Оқ лайлак”, “Қоядаги дафтар” (2020) шеърий, “Чақмоқ ёруғи”(2012) насрий   китоблар муаллифи. Ижодидан намуналар хорижда нашр қилинган. Ф. Кафканинг “Жараён” романини, “Отамга хат” эссесини, М.Метерлинкнинг “Сўқирлар” драмасини, Г.Г.Маркеснинг “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди” қиссасини, Х.Борхес,   К.Ҳамсун, Р.Акутагава, Ч.Айтматов ҳикояларини, Ш.Бодлер, П.Верлен,   А.Рембо, И.Бунин, Н.Гумилев, И.Бродский   ва М.Цветаева шеърий туркумларини ўзбек тилига таржима қилган.

 

— Бугун дунё, замон жуда тезлашиб, “ихчамлашиб”, ахборотлашиб бормоқда. Ана шундай паллада шоир, ёзувчи нима қилмоғи керак?

— Дарҳақиқат, бундай тезлашув, ахборотлашувни инсоният шу пайтгача ҳеч қачон бошидан кечирмаган. Асрлар давомида бир хил тарзда кечган ҳаёт бугун афсонадай туюлади. Вақтда барака бўлган. Эндиги жараёнларда эса воқеа устига воқеани, ахборот устига ахборотни қалаштириб кишини шошириб қўймоқда, чалғитмоқда ҳам, бир зум ўтмасдан эса талай ҳодисотлар эскириб, унутилиб кетяпти. Бир воқеликни идрок қилиб бўлмасдан иккинчиси кўз-кўзлашга ўтилади, бу тиғизлик ва тезкорлик, алмашинувнинг пайдар-пайлиги ҳатто руҳиятни ҳам чарчатиб, унинг ҳаловатини сўриб олмоқда. Бироқ буларнинг ҳаммасига қарамай, азалий қадрият ва мезонлар, қуёшнинг чиқиши ва ботиши каби инсоннинг қисмати, Ҳақнинг амри ва қайтариқлари ўша-ўша. Сиртдан шакли-шамойили ўзгачароқ товлангани билан моҳиятан ўзгармаганига иймон келтирасиз. Фақат буни ботинан сезмоқ, фарқ қилмоқ, англамоқ мушкуллашганига иқрор бўлмасдан илож йўқ.

— Ижодкорнинг қўйган микрофони унинг ўз юрагига қурилган. Бундай ҳамма дунё гирдобига шўнғиган паллада бу   садоларни,   ШОИРнинг сўзини бугун ким эшитаяпти, эшита оляпти?

— Гоҳида мен ҳам шундай тушкун хаёлларга бораман. Қайси кун “Олой бозори”дан сал нарида жойлашган “Китоб олами” дўконига йўлим тушди. Шундай бир муҳташам уйнинг энг охирги қатори кўринмас бир жойида шеърий китобларни қўйиб қўйишибди. Шеъриятга талаб шунчалик пастлашиб кетдими? Бу аслида шеърга нисбатан назм, шоирга қараганда шеърбознинг бир неча карра урчиб кетиб, сўз айтиш жўн бир ишдай кўриниб қолганидан эмасмикин? Аслида шоир ҳодисаси фавқулодда ҳодиса, лаҳзада кўз очган шоирни бутун бир асарда тимсоли топилмайди. У юракнинг овози, замон-замонда битта туғилади, холос. Унда даъво бўлмайди, қалб учун даво бўлади. У сўзнинг маъносини очиб беради, шаклланган маънога янги маъно юклайди. Шунинг учун чин шоир шивирлаб туриб ҳам бир байт шеър айтса, унинг овозини ҳеч бир кимса эшитмасдан қолмайди. Зеро, ҳақиқий завқ, асл шижоат, зарофат ва сўз жозибаси шоирнинг овозида бўлади. Яна шоирнинг ҳикмати фақат шеърий кўринишда бўлиши ҳам шарт эмас. Мисол учун мен Қодирий ёки Айтматов каби буюк адибларнинг энг чўққи нуқталардаги тасвирини шеър, шоҳ байтлар деб биламан. Ана шу сиқиқ бош маънолар қитъалараро садо беради, замонлар оша руҳиятни кўтариб, кўнгил ғуборларини тўкади. Шунинг учун ҳам шоирнинг сўздан ҳам маънодор ва сермаъно, шиддатли ва доривор, ўз таъсирини йўқотмайдиган, иймоннинг қудратини, Ҳақнинг каломини юракка муҳрлайдиган ҳодисанинг ўзи, менимча йўқ!

— Даврий муаммолар, ижтимоий масалалар, маънавий бўҳронларни маҳв этишда Адабиётнинг ўрни нимадан иборат бўлмоғи керак? Умуман, Шоир ёки Ёзувчининг ижтимоий вазифасини сиз қандай баҳолайсиз?

— Шарқ адабиётининг моҳияти АДАБИЁТ сўзининг ўзагида мужассамлашган. Ортиқча ёки янгича тавсифга у ҳеч ҳам муҳтож эмас. Шунинг учун ҳам Ўрхун-Энасой ёдгорликлари бўладими, “Алпомиш” достоними, ёхуд ҳазрат Навоийнинг асарларига юзланишимиз билан бугунги ижтимоий масалаларни ҳал қилишда жавоб топамиз. Инсоннинг асли, ботиний қиёфаси дарров кўзга ташланади. Демоқчиманки, ҳамон ўз миссиясида собит адабиёт, хоссатан, маънавий бўҳронларни маҳв этишда муаммолар гирдобидаги ИНСОН ёнида туради. Унга руҳан далда ва қувват беради. Адабиётнинг холислиги, адабиётнинг самимияти, адабиётнинг таъсирчанлиги, адабиётнинг инсон ва бутун оламга меҳри ҳар қандай муаммонинг илдизини очиб бера олади. Ижтимоий масалаларнинг муҳим ёки номуҳимлигини ақлимизга имдод қилиб, кўнглимизга ҳаловатни индиради. Маънавий талатўплар инсон меҳварининг издан чиқиши экан, у адабиётнинг энг катта душмани, энг катта жанггоҳидир. Шунинг учун ҳам сўз ижодкори, бор иқтидорини ишга солиб, илми ва савқи табиийсини бир нуқтада жамлаб, нукта яратиши, инсоннинг аслига қарши жараёнларга уруш очса ва мағлубияти билан ҳам енгса, у бадиий адабиёт намунаси дейилишга ҳақлидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларига марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло сизнинг рангингизга, жисмингизга ёхуд жинсингизга қарамайди, балки қалбингизга қарайди”. Менинг назаримда, шоир ва ёзувчининг ҳамма замонларда биринчи галдаги ижтимоий вазифаси Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган ана шу қалбни тадқиқ қилишдир. Зеро, қалбдай турланувчан, қалбдай қиёфаси турфа, дунёдаги ҳамма нарсага эътиборли ва нописанд маконнинг ўзи йўқ.

— Қисқа вақт ичида Адабиёт, миллат ўзининг бир қанча буюкларини йўқотди. Адабиётимизнинг бугуни нима бўлади, эртаси-чи? Нега бугунги кун адабиётида буюклар йўқ, халқ — ҳамма танийдиган таниқлилар қани?

— “Бир олимнинг кетиши бир қавмнинг кетишидан каттароқ мусибат”, дейилади ҳадиси шарифда. Ҳақиқий сўз санъаткори, кучли иймон соҳиби бўлган адиб ҳам руҳият уламосидир. Шу маънода Абдулла Ориф, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Эркин Воҳид, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Абдували Қутбиддин каби сўз соҳибларимизнинг бетимсол ижоди узоқ замонлар кўнглимизни ёритиб туради. Уларни Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин.

Адабиётни омма яратмайди. Бироқ унга давр доя бўлиши кўрилган ҳақиқат. Катта ижодкор учун фавқулодда истеъдоднинг ўзи камлик қилади, назаримда,   шу қаторда фидойилик, самимият, ниҳоятда инсонпарварлик, ҳақгўйлик истеъдодни камолга етказади. Чин ижодкорнинг кушандаси замонасозликдир, ижодкор қанчалик таъма илинжида яшаса, шунчалик ижоди кемтик, шахси мўртлашиб бораверади. Бадиий сўз ҳам Илоҳдан, адиб сўзи инсоннинг, миллатнинг овозига айланиши учун, шу даражада Ҳақнинг мезонига   ўз сўзини тортиб, оммага ҳавола қилиши керак. Юрт мустақил, қандай саодат, эл бошида турганлар ҳам унинг бугуни ва эртаси деб елиб-югурмоқда. Аммо сўз аҳли инсон руҳиятининг алоҳида бошқони, миллат қалбининг ички посбони, шифокоридир! Инсоннинг маънавий юрак уришини ШОИРдан кўра теран ва аниқ эшитадиган афанди — муаллим бўлмаса керак. Шунинг учун унинг сўзи ва бонги керак бўлса давлат миқёсидаги кўрсатма ва йўл-йўриқларга туртки берсин. У аввало миллатнинг фазилатлари қаторида кам-кўстини айтишга ўзида журъат топа олса, бунинг бадиий бир шаклини ҳарорат билан тақдим қила билса, уни ҳам эл бошига кўтаради.

Менимча, адибнинг иши майдонга отилиб чиқиш эмас. Катта ижодкорнинг ўзи эмас, ижоди бир куни шубҳасиз юрак аталмиш майдонни забт этади. Бунинг учун ҳам, ёруғлик тезлигида бўлса-да, вақт керак. Агар эсласангиз, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида собиқ Иттифоқда кечган қисқа муддатли ошкоралик туфайли, бизда ҳам аксарият ёзарлар минбар талашадиган бўлиб кетган эди. Аммо уларнинг гап-сўзларида асос бўлганига қарамай, аксарияти бадиий ҳақиқатга айланмагани боис ҳам унутилиб кетди. Эҳтимол, бугунги ҳаётимизнинг рост, руҳоний манзараларини абадият қонига булаб яратилаётган асарлар бўлса ҳам, ҳаддан ортиқ ахборот довулида қолган омма уларга етиб бора олмаётгандир. Рост, Ер юзининг нигоҳини қаратган, замонамиз виждони даражасига етган адабий дарғаларимиз юз кўрсатганича йўқ. Шундай бўлса ҳам, мен сохта камтарликни бир чеккага йиғиштитриб қўйиб шуни эътироф этишни истар эдим. Бугунги ўзбек адабиётида Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Нодира Афоқова, Йўлдош Эшбек, Ҳалима Аҳмедова, Баҳром Рўзимуҳаммад, Шукур Қурбон каби шоирларимиз, устозларимиз Жамол Камол, Иброҳим Ғафуровдек таржимонларимиз, Эркин Аъзам, Назар Эшонқул каби ёзувчиларимизнинг изланишлари, Сувон Мели, Шуҳрат Сирожиддинов, Баҳодир Карим, Узоқ Жўрақул, Раҳимжон Раҳмат каби адабиётшунос тадқиқотчиларимизнинг ўзига хос гўзал, маърифатли, ёниқ ижодлари дунё китобхонига қувониб тақдим этса бўладиган, эртага ҳам таътир бугунги адабий жараёнимизнинг кўнгилни яйратар мўъжизаларидир. Қолаверса, кейинги йилларда, ёшлар ижодида чинакам маънода сифат ўзгариши, янгича ифода тарзини кузатяпман. Келинг, яхши ният қилаверайлик!

— Шеърларингизни ўқиганда тилнинг тозалиги, бойлиги эътиборни тортади. Ахир бу тилимиз ривожида муҳим ҳодиса-ку! Бугунги кун Адабиётидаги бадиий тил масаласида нималар деган бўлар эдингиз?

Ҳар бир адабий тилнинг жавҳари, унга қон, янги ҳаёт берувчиси бадиий тил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир иқтидорли ижодкор тилга ҳал қилувчи   ҳодиса сифатида меҳр билан қараши, қум зарралари ичидан олтин излаганидек халқона, тирик сўз ва   ибораларни, мумтоз адабиётимиздаги туркона ҳадисларни излаб топиб, қайта кашф қилиб, унга заргардек ишлов бериб, айни ўрнида, ёзганларига кирита олса, унга қайтадан жон ато этган бўлади. Пушкин сўз бойлигини ошириш учун, одамлар гавжум бозорларга чиқиб, кишиларнинг гап-сўзига қулоқ солар экан. Шунинг учун ҳам рус адабиётида сўз ишлатиш бобида Александр Пушкинга етадигани ҳамон топилганича йўқ. Ҳолбуки, бизда миллий ўрнаклар етарли. Буюк тилчи бобомиз Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит турк” сўзлиги бундан минг йил олдин туркий сўзлар хазинасига асос солган, дунё бўйлаб луғат китоблар яратишнинг кўҳна ва бетимсол намунасидир. Икки йиллар олдин ҳазрат Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” рисоласини қайта мутолаа қилиб, қизиқ бир ҳолатни бошдан кечирдим. У менда куюнчаклиги, холис исбот-далиллари бойлиги, айни ҳаётий мисоллари билан кеча битилгандек таассурот қолдирди.

Биламиз, бу рисоласида Алишер Навоий ҳазратлари   тилимизни форс забонига солиштириб, дунёда энг гўзал лисон сифатида таърифу тавсиф қилинган форсчага нисбатан бой тил эканини илман исботлаб берар экан, туркий тилга нисбатан нописандликнинг илдизларини ҳам очади. Рисолани ўқиб туриб, чор босқини билан бошланиб, собиқ совет даврида тилимизга солинган бўғовлар ва чекловлар, ажнабий бир тил кўкларга кўтарилгани ҳолида, ўзимники хорлангани, ўрганишдан атайин чеккага қолдирилганлиги хотирамдан ўтди. Мен ҳайронман, ўзбек, умуман, туркий тилларнинг амалий ишлаш тартиби рус тили феъл-атвори, ифода ва талаффуз қонуниятларига   бутунлай тескари, мустақил бир жараён. Нега у олимлар томонидан рус тили тил илми қонуниятлари қобиғига солиниб ўрганилиб келинади? Бу тилимизнинг хусусиятларини ўрганишни фақат қийинлаштиради. Қолаверса, ҳозир ҳам, ўзбек тили Давлат тили мақомини олганидан ўттиз йил ўтгандан кейин ҳам ўз тилимиздан ўзгаларнинг тилини устун қўйибгина эмас, устун бўлишини истаганларнинг чиқишларини кўриб турибмиз. Бундайлар ўз ота-онасидан ор қилиб, қўшниларини ота-она деб атаб юрган нонкўрлар кабидир.

— Сизнингча, яна қайси асарлар тилимизнинг руҳоний қудратини кўрсата олади?

— Бадиий тил халқнинг руҳоний ҳолатидан кўз очади, воқеликни образли таърифлаб беради, тарзи ва оҳангида теран тафаккур ин қурган бўлади. Миллатга тажовуз қилганлар, унинг тилини чеклаб, руҳини синдиради, буюк имкониятларини йўққа чиқармоққа уринади. Шуни чуқур ҳис қилган Ғафур Ғулом ифода тарзида миллий неологизмлар яратишга зўр берди, Ойбек эса мумтоз адабиётимизга юзланиб, тилимизнинг софлигини асрашга интилди, Навоийдан маҳобат олди, Миртемирники халқона, оҳангдор ва бўёқдор сўзларни дала-даштлардан тергилаган доричининг шавқини эслатади. Кейинроқ бу борада Тўра Сулаймон, айниқса, Тоғай Мурод тилимизнинг руҳоний қудратини кўрсатиб, ўлмас асарлар яратиш қаторида, тилимиз софлиги, рангинлиги учун алоҳида хизмат қилди. Мен яна таъкидлашни истардим. Тоғай Мурод сўзлигини яратиб ҳам тилимиз ҳофизаси ва кўламини кўз-кўзлаш мумкин. Адибу шоирлар сўз деҳқони бўлгани учун ҳам амалда тилчилардан-да кўпроқ тилнинг феъл-атворини, сўзнинг ғаройиб кўз очишини беихтиёр кузатиб, унинг табиий илмий қонуниятидан хабардор бўлишади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати”, синчи адиб Аҳмад Аъзамнинг “Тил номуси” илмий-маърифий рисолалари миллий тилимиз, ўзбекона сўзимиз тараққиётига кўз ташлашда ажиб бир баҳо, куюнчак зарофат бўлди. Тил борасида шу мўъжаз китобларда ўртага ташланган ёки кашф қилган ихтиролар, мутафаккирона далил-исбот, солиштирмаларни лингивист академик ҳам бундай теран ва жозиб қилиб ифодалаб беролмайди деб ўйлайман. Ҳолбуки, тилимизнинг қонун-қоидаларидаги муаммолар, имлодаги ҳар хилликларни бир хиллаштириш, саводсизликнинг олдини олиш борасидаги ва яна аллақанча масалаларда тилчиларимиз ҳал қилиши керак бўлган долзарб муаммолар тиқилиб ётибди. Истеъдодли шоир Эшқобил Шукурнинг “Бобосўз изидан” китоби ҳам ўзбекона сўзимизни ардоқлаш йўлидаги бир ибратдир. Қани   ҳар бир ижодкор шу каби ишни қилса,тилимиз қанчалик бойир, унутилган ёки шева ва лаҳжаларимизда қолиб кетаётган қанча сўзларимиз истеъмолга кирар, шу аснода бир куни нисбатан мукаммал ўзбек тилининг изоҳли луғати кўз очган бўлармиди.

— Мана узоқ йиллардан буён нашриёт тизимида ишлаб келасиз. Бугунги кун ўзбекларининг китобхонлик даражаси сизда қандай фикрлар пайдо қилади?

— Китобхонлик бизда бугун ёки кеча бошланмаган. У терма қўшиқлар ва достонлар тинглаш, тонготар қиссахонлик кечалари билан минг йиллардан буён даврага мазмун бағишлаб, ақл гулханларини ўрлатиб келади. Ҳатто собиқ тузумнинг энг қаттол даврларида ҳам энг яхши адибларимизнинг тақиқланган асарлари қўлма-қўл ўқилган, дейлик, “Ўткан кунлар” романини бошдан-оёқ ёд билган миллатдошларимиз бўлган.

Аммо бугунги кундаги китобхонлигимиз мени қониқтирмаслигини писанда қилишдан олдин, айни шу китобхон олдида қарздорлигимизни, хижолатда эканлигимизни айтишим керак. Бунинг бир қанча ҳақли сабаблари бор. Собиқ совет даври ёлғон мафкура устига қурилган бўлса-да, ўзининг шиширилган ғояларини оммага етказиш учун бир мукаммал тизим яратган, шу боис юртнинг энг чекка нуқталаригача ҳам китоб етиб борар эди. Ўзининг сиёсатини инсонпарвар кўрсатишга уринган Империя бадиий китобларни нашрдан чиқаришга зўр берар, бу китоблар сўзбошию бошқа иловалар билан қанчалик қизиллаштиришга ҳаракат қилинмасин, қўлига етиб борган зукко китобхон ундан ўзгача завқ ва сабоқ олар эди. Масалан, ўшанда А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бир марта нашри адади 150 минг нусхада нашр этилганига кўзим тушган. 90-йиллардан бошланган иқтисодий буҳрон маънавий жабҳага катта зарба берди. Қишлоқларни айтмайлик, туман марказларидаги китоб дўконлари ҳам бирма-бир йўқолиб кетди. Ҳар бир жамоа хўжалигининг ўз кутубхонаси бўлгувчи эди, хўжалик ерлари фермерларга бўлаштириб берилиши билан бой кутубхонанинг устига ҳам бомба портлагандай бўлди, қаровсиз, эгасиз қанча-қанча китоблар маклатурага топшириб юборилди. Ҳатто шаҳар, вилоят миқёсидаги кутубхоналар фаолияти ҳам эътибордан, назоратдан четда қолди. Бундай шароитда китобхонлик даражаси қандай бўлар эди?

Қолаверса, бозор иқтисоди дейилган, ҳамма нарсага мол-товар тамғаси босилган, моддий бир белги билан қараладиган шароитда, китобга маънавий бойлик ўлароқ, аввало, унинг шу фазлини асраш учун бир ҳимоя чораси кўрилиши, моддий кўмак берилиши тобора унутилди. У ўз ҳолига ташланмади эмас, масалан, бадиий адабиёт нашри олдига тобора тўсиқлар қўйилаверди. У китобхонга арзон бир баҳода етиб бориши йўлида эса қарийб йигирма йил давомида амалий бир иш қилинмади, бор анъаналар,   эски тузумда шаклланган тизимлар эса бирма-бир, чок-чокидан ситилиб борди.

— Китобхонлик даражасини ўстириш учун нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?

— Айтмоқчиманки, китобхонлик даражасини ўстириш учун, истаймизми йўқми, бунга шароитни яхшилаш керак. Шу шароитга тарғибот-ташвиқот ишларини   яхшилаш ҳам киради. Нега бизда телевидение, радио ва яна аллақанча реклама ва эълон бериш билан шуғулланадиган ташкилотлар боланинг таглигини ҳар дақиқада реклама қилишдан бўшамагани ҳолида китобларни, янги нашрларни, реклама қилмайди, ҳали у босмага тайёрланаётгандаёқ овоза қилмайди, хат-хабари, муждасини   мунтазам суръатда эълон қилиб бормайди. Нашр этилган ёки этилаётган китобларни метрода, жамоат транспортида рекламасини намойиш қилса бўлмайдими?

Хайриятки, китобхонликка қайтиш яна юз кўрсатди. Президент Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувларидан бирида китобга алоҳида эътибор қаратди. “Китобсиз келажак йўқ” деб бонг урди. 2017 йилдан эса Янгиланаётган Ўзбекистоннинг асосий кучи ёшлар экан, улар орасида китобхонлик танловларига старт берилди. Бу танловларда ғолибликни қўлга киритган ёшларга Президентнинг алоҳида совғаси бўлган автомашиналар калити берилганда, айрим кишиларнинг оғзи ланг очилиб қолганлигига гувоҳ бўлдик. Албатта, булар қисмати китоб билан чамбарчас кишиларни қувонтиргани, китобсевар халқимизга тараққиётнинг аломати бўлиб кўрингани рост. Шу билан бирга китоб мутолаасини эрмак, шунчаки бекорчилик дея ўйлашгача етиб қолган жоҳилларни ҳайратлантириб, асл ҳақиқатни хотирларига туширган бўлса, ажаб эмас. Аммо давлат миқёсидаги ишларда ҳам, аввало, масъул мутахассисларнинг айби билан китобхонлик даражасини тушириш, нашр этилаётган китоблар олдига тўсиқлар қўйилиб, китобларнинг сунъий равишда баҳосини оширишда ҳали ҳам, чуқур ўйламай қилинаётган ишлар, чиқарилаётган қарорлар йўқ эмас. Масалан, шу йилнинг апрелидан бошлаб, қарор билан китобларнинг таннархига 15 фоизли солиқ тўловининг жорий қилинганини қандай тушунмоқ керак? Рост, китоб бебаҳо, ундан қимматбаҳо бойлик йўқ. Ундан қимматбаҳо совға ҳам. Аммо у ўқилсагина, ана шу бебаҳолик ўзини намоён қилади. Шунинг учун уни имкон қадар арзон баҳода ватандошларга етказмоқ энг асл ватанпарварлик эканини унутмайлик.

— Китоб ёзиш, китоб чоп этиш, китоб ўқиш каби маънавий ҳалқанинг ичида туриб, нашриёт тизимларининг бугунги аҳволи сизни қаноатлантирадими? Давлат нашриётларининг хусусий нашриётларга айлантирилиши зиёли қатлам ўртасида турли хил фикрларни пайдо қилди?

— Нашриётга келган қўлёзма ўқувчи қўлига етиб боргунча қирқта жараённи бошидан кечиради. Демак, унга қирқ кишининг меҳнати сингади. Очиғи,   нашриётда ишлашим ҳам мен учун бир мактаб бўлди. Бугун нашриёт ишлари ҳам синовли бир кунларни бошидан кечиряпти, десам муболаға эмас. Бунга қуриб кетгур тожли ўлат – сovid – 19 ҳам ўзига хос ҳисса қўшди. Бошқа соҳалар каби давлатникими ёки акциядорлик жамияти бўладими аксарият нашрчилик корхоналари хусусийлашиш арафасида турибди. Мен бу жараённи рад этмоқчи эмасман, унга қарши ҳам эмасман. Аммо ёппасига хусусийлаштириш компания кўринишида   амалга оширилиш хавфи рости мени ҳам ташвишлантираяпти. Кичик бир кўринишда нашр ишни якка ўзи ташкил қилган тадбиркору ноширларнинг журъатига, тер тўкишига балли. Аммо узоқ бир муддатда   жуда кўп кишиларнинг меҳнати, ақли, илми билан шаклланган, ҳозир фаолиятини баҳоли қудрат юритаётган, масалан, нашриётлар жамоаси бундай ҳолда нима қилади? Уларни ким ижтимоий ҳимоялайди? Бундан ҳам ана шу нашриёт ва босмахоналарда китобни ҳам шаклан, ҳам маънан бекаму кўст китобхон қўлига етказиш йўлида йиллар бадалида шаклланган юқори касбий маҳорат, илм, малака, такомиллашган тизим иқтисодий чўнтаги бақувват корчалоннинг қўлига ўтганда, у фақат ўз манфаатидан келиб чиқадиган бўлса, буларнинг ҳаммаси бой берилмайдими?

Демоқчиманки, хусусийлаштириш нолдан бошланиши, бу ихтиёрий-мажбурий бўлмаслиги керак. Хусусий нашриётлар ташкил бўлишига ҳар қанақа сохта тўсиқлар олиб ташланиб кенг йўл очилиши, албатта, ноширчилик соҳасини равнақ олдиради, ҳақиқий маънодаги рақобатда эса тараққиётга юз тутилади. Аммо барча нашриётларга маънавий мезон битта — маънан юксак асарларгина чоп этилиши керак. Олди-қочди ёхуд инсон хулқ-атворига салбий таъсир этадиган, ёшлар тарбиясини бузадиган қутқули китобнамо маҳсулотларни чоп этишга асло йўл қўймаслигимиз зарур.

— Қарийб, чорак асрдан буён тинмасдан гапириб келаётганимизга қарамасдан, назаримда, ҳақиқий бозор иқтисодиётига энди-энди кириб бораётибмиз. Ана шундай жараёнда     Қалам аҳлига, қандай муносабатда бўлинса, у ўз миссиясини кўнгилдагидек амалга ошириши мумкин?

— Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшар”, деган фикри бежиз айтилмаган. Бу фикр ҳам айни бурилиш даврида айтилганини унутмайлик. У бугун учун ҳам айни долзарб бир ҳақиқатдир. Зеро, адабиёт миллатнинг кўнгли, унинг руҳияти тебранишидир. Демак, миллатнинг яшаши адабиётга боғлиқ экан, адабиётнинг умрбоқийлиги ҳам миллатга, шу миллатнинг эзгу тилакли миллатпарварларига боғлиқдир. Миллат маънавиятининг кучи, давлатнинг адолатли сиёсати маънавиятнинг меҳвари, адабиётнинг кучи билан залворлидир. Шунинг учун чин адабиётни ҳам ҳимоялаш, фақат моддият билан тарозини тортадиган бозор замонида дарвешдай кўчада ҳувдиратиб, тентиратиб қўйиб, тиланчига айлантирмаслик керак. Оддийгина айтганда, ана шу бозор иқтисодиёти шароитида сўзнинг қадри, унга тўланадиган ҳақ, ҳеч бўлмаганда адибнинг тирикчилиги, рўзғорини тебратишига етиши, унинг эркин ижод қилиши учун имкон ҳозирлаб бериши керак. У ҳеч кимга қарам бўлиб қолмаслиги жуда ҳам муҳим. XIX асрни рус адабиётининг олтин асри деймиз. Зеро, бу асрда адиб ижод қиларкан, бу унинг иқтисодий тўкин яшашини ҳам таъминлаган. Мисол учун ўша замонда камбағал ёзувчи ҳисобланган   Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи журналда биринчи марта босилаётганда, ҳар саҳифасига 150 рублдан қалам ҳақи тўланган. Ҳолбуки, ўша замонда бир сигирнинг баҳоси 10 рубль нари-берисида бўлган.

— Бир пайтлар ўзимизда ҳам ижодкор халқи қалам ҳақи билан қаддини кўтарганини айтишади…

— Тўғри, бу кўпчилик “тамшаниб” эслаганидек бир пайтлар бўлган, айни пайтда, ёзувчи ёки шоирга тўланадиган қалам ҳақи йўқ даражада. Ростини айтадиган бўлсам, мен кейинги пайт ҳукуматнинг бунга оид қарор ва фармонларини ўқиб, уларга қилинган иловаларни, қалам ҳақи ставкаларини ўзимча солиштириб чиқдим. Бу тартиблар билан иш кўрилса, ҳеч қачон адиб ёки шоирнинг косаси оқармайди. Назаримда бунга биринчи навбатда мутасадди масъуллар, мутахассис маслаҳатчилар айбдор. Шунинг учун ҳам бизда профессионал ёзувчи, эркин ижодкор деган атама бору, аммо эркин ижодкорнинг ўзини излаб топа олмайсиз. Эҳтимол, шунинг учун ҳам фақат фидойилиги ҳисобидан миллатимиз руҳониятини кўтарган Тоғай Мурод, Рауф Парфи каби зотларимиз бир асрда битта туғилади ёки йўқ.

— Кафка асарларининг таржимонисиз. Кафка билан бўйлашиш баробарида нималар ҳақида ўйладингиз ва шунинг баробарида бугунги китобхонга нималар дегингиз келди?

— Даставвал, мени Франц Кафканинг автобиографик характердаги “Отамга хат”и жуда таъсирлантирган. Баъзилар аланга ичида битилган бу асарга аламзадалик намунаси деб қарашади. Мен бунга қўшилмайман. Ростгўйлиги, самимияти руҳият эврилишларида очилган бу асарда одамнинг оила муҳитида шаклланишида муносабат ҳамма нарсани ҳал қилиши манаман деб турибди. Дунё насрида улуғ бир ҳодиса янглиғ кўз очган “Жараён” романида эса инсон ҳаётидаги энг муҳим эҳтиёж унинг ҳар қачон дахлсиз бўлиши керак эркига дахл, бу тажовузнинг тобора зимдан кучайгани фавқулодда бетакрор кўрсатиб берилганки, бу беихтиёр ҳар қандай инсонни сергак торттиради,   огоҳлантиради.

Кафканинг “Жараён”и дарахтни куртакда кўра билишдир. Қолаверса, Кафка насрида кишини майда-чуйда нафс ташвишларидан халос қиладиган шунақа хаёл кенглиги борки, у кўтарган улуғ ғоялар қаторида инсон кўнглини покиза бир завқ-шавққа, рангин туйғуларга тўлдиради. Оғир юк остидаги тафаккур тасаввур кенглигида ҳаётдан маъно топади. Дарвоқе, яқинда бу буюк адибнинг “Қалъа” романи таржимасини ниҳоясига етказдим.

— Жуда улуғ иш қилибсиз, раҳмат сизга. Биласизми, умр ўтаверган сари ҳаёт сарҳадларида ўзини англаб, сабоқ олган ва тажрибадан кўз очган ҳар бир инсонда ҳаётий шиорлар туғилади, принциплар шаклланади…

— Рост, улар ўйлаб топилмайди, бу ҳақиқатларга амал қилиб бораман деб айтолмасам-да, бот-бот кўнгил шу тўхтамга келаверади:

Мана шу бир кун, менга бутун бир умрнинг ўзидай кўринади. Шунинг учун кўпинча ўзимга-ўзим беихтиёр деб юбораман (Албатта, бу ҳаммага илинганларимдир):

Ҳаракатда сабр қил!

Ўзгани доимо ая, ўзингни эса аяма.

Самимиятни биринчи белгиси — ростлик де!

Яхши кўр, нафратланма!

Бировдан зўрман дема ўзингни, лекин кам ҳам кўрма!

Ўзингни енг — нафсингни енг! Шу чин ғалаба!

Ҳеч бир кимсага Аллоҳ ўгай нигоҳ билан қарамайди!

Сен ҳам бу дунёга улуғ, эзгу бир ишни бажариш учун келгансан. Шуни ҳеч қачон унутма!

Гўзал БЕГИМ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − 10 =