Дукентдаги айиқ отил(ма)ган

Куни кеча, аниқроғи, 2020 йил 2 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда айиқнинг аҳоли яшаш пунктида ҳаракатлангани акс этган видеолавҳалар кенг тарқалди. Маълум бўлишича, бола айиқ акс этган лавҳа Тошкент вилояти Ангрен шаҳри “Дукент” қўрғонидаги “Нав­баҳор” маҳалласида тас­вирга олинган.

Шу куни айиқнинг отиб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалди. Ҳатто, хабарларга айиқ мурдаси ва овчи акс этган суратлар ҳам илова қилинди.

2 ноябрь куни соат 18:24 да “Ўзбекистон24” телеканали “Факт24” ахборот дастурида эса бу хабар тасдиқланди.

Ахборот дастурида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Бун­ёд Абдуллаев экоинспекторлар юборилганини билдирган. “Факт24” ахборот дастури сухандонлари айиқ отиб қўйилгани ва дастлабки суриштирув ишлари бошланганини, шунингдек, батафсил кейинги дастурларида маълумот беришини таъкидлади.

Айни шу куни соат 23:35 да эса Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов айиқ отиб ўлдирилгани ҳақидаги ахборотларни рад этиб, айиқ тириклигини маълум қилди.

– Ушбу ҳолат юзасидан шу вақтнинг ўзида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ 2-минтақавий ҳудуд ППХ ходимлари ва Ангрен шаҳар ИИБ томонидан ушбу айиқ ушланиб, хавфсиз жойга жойлаштирилган. Ҳозирда айиқ соғ-омон ва ходимлар қўриқловида. Эрта тонгдан уни ёввойи табиатга қайтариш режалаштирилган. Сурат айни вақтда олинди, – дея изоҳ қолдирган Бобур Тўлаганов.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси билдирувидан сўнг, 3 ноябрь куни соат 1:45 да Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси расмий “Telegram” канали орқали қуйидагиларни маълум қилди:

– Давлат экология қўмитаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ҳолатни ўрганди. Ўрганиш натижасига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган фото Ангрен шаҳри Дукент қўрғонида юрган айиққа алоқаси йўқ, фото эса Россия Федерацияси ҳудудида тасвирга олинган.

Ҳолатга янада ойдинлик киритиш ва асл воқеани аниқлаш учун Анг­рен шаҳри ҳокимлиги Ахборот хизмати билан боғландим.

– Айиқ боласи шу куннинг ўзида Ангрен шаҳридаги “Гурум” маҳалласидан топилди. У емиш излаб аҳоли томорқасига бориб қолган. Айиқ боласига ғамхўрлик кўрсатилган ва тегишли идора ходимларига топширилган, – дейди Ангрен шаҳри ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Гулшода Шохонова.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизматининг қўшимча қилишича, кеча тушдан кейин айиқ боласи табиат қўйнига қўйиб юборилган.

Ахборот макони мисоли улкан уммон. Қалқиб турган сув узра сузаётган мингларча, миллионларча кўзлар холис муносабатни, тўғри ахборотни, мухтасар айтилса, ҳақиқатни кутади. Интиқ кутади. Ҳар қандай ахборотни узатишдан аввал, албатта, унга комил ишонч ҳосил қилиш ва текшириш, қайта ва қайта текшириш керак. Журналист касбининг тақозоси – шу.

Отабек ИСРОИЛОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =