Наҳотки кўзбўямачилик шунча авж олган бўлса?

Халқимиз: “Худодан  қўрқмагандан  қўрқ”, деб бежиз айтмайди.  Мамлакатимизда пандемия бошланган кунданоқ Президентимиз бозорларда, катта-кичик савдо марказларида нарх-навони сунъий ошириш тўғри йўл эмаслигини таъкидлаган эди. Албатта, вазиятдан фойдаланиб, одамларни алдаб топилган  даромад ҳалол эмас, бу  бизнинг урф-одатларимизга, қадриятларимизга ҳам хилоф. Аммо…

Афсуски,  айрим ўзини тадбиркор деб атаган олибсотарлар бунга  амал қилмаяпти. Кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш соҳасида  нархлар  бир неча  бараварга ошди. Сурхондарёдаги  савдо дўконларида шифернинг бир донаси  55-60  минг, бир қоп цемент 58-62 минг, 6 метрлик  (4х25см) страпила 125-170 минг сўмга  чиқди. Нега  бундай, десангиз, “ишбилармон  тадбиркор”лар:  “Биз нима  қилайлик,  карантин  шароити, қиммат олаяпмиз-да”, дейишмоқда.

Бунга ҳам бир амаллаб чидаса бўлар, аммо бунисига нима дейсиз?

Яқинда   иморат  қураётган бир  танишим зорланиб:

— Уйни таъмирлашга икки  тонна цемент олиб келувдим. Арзонлашган экан,  халтаси 48  мингдан, халта сиртига “Оҳангарон цемент. 50 кг.” деб  ёзиб  қўйилган.  Одамларга инсоф кириб қолибди-ку, деб қувондим. Уйга келиб усталар билан  тарозига  қўйсак, халталарда  44-45 кило цемент бор экан. Соддалигимдан усталар ҳам роса кулишди, — дейди.

Касбим юзасидан заводнинг бунга алоқаси борми-йўқлигига қизиқдим:

— Нима деб ўйлайсиз, айтишингизга қараганда, цемент заводи ҳам алдар экан-да…

— Йўқ, қурилиш материаллари савдоси билан  шуғулланадиган  “тадбиркор”  (чайқовчи)нинг  дўконига  бордим. Буни қарангки, “Шеробод  цемент  заводи”дан икки  “КамАЗ”да 50 тонна маҳсулот олиб келинибди. Панада ўнга яқин  йигитлар цементни қопга солиш билан  машғул. Тадбиркорнинг  омборхонасида эса  Туркманистон,  Тожикистон  ва республикамиздаги цемент заводлари   ёрлиғи туширилган яп-янги халталар шифтга  қадар  тахланган. Уст-боши чангга  ботган ёлланма ишчи  йигитдан сўрасам: “Бошлиғимиз инжиқ, у айтади, биз бажарамиз. Айтганини қилмасак пулимизни бермайди. Харидорлар ҳам биздан хурсанд, негаки келиб “менга 5 тонна “Навоий цемент”  керак”,  дейди. Манзилни айтинг, эртага олиб борамиз деймиз. У шунисига рози. Ҳамма  турдаги халталаримиз бор. Истаганча юклай оламиз”, деса ёқамни ушладим… Дўкон мудирини эса тополмай қайтдим, — деди.

Шу ўринда, ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа эсимга тушди, бир гал енгил  автомобилларга техник  хизмат  кўрсатадиган  шаҳобчалардан бирига  ишим тушганди. Машинанинг мотор мойини алмаштирмоқчи эдим, мой унчалик сифатли эмасдек туюлди. Секин бориб кузатиб турдим. Билганим, тоза ва сифати кафолатланган  мотор мойининг  бир литри 60 мингдан 180  минг сўмгача. Бунинг устига, ҳар 8-10 минг километрдан сўнг  алмаштирилиши лозим.

Агар машинага сифатсиз мой қуйилса нари борса 2  минг  километр  йўл босади. Ундан кейин яна шунча  маблағ сарфлаш керак. Мени ҳайратлантиргани, бу “ишбилармонлар” бунинг ҳам йўлини топишибди. Шаҳобча ертўласида литри 8-10 минг сўм турадиган, қайта (атработка) ишланган мойдан  истаганча  бор экан. Шундай устамонлик билан аралаштиришар эканки, харидор сезмай ҳам қоларкан. Ана сизга кўзбўямачилик. Дардим ичимда қолиб, бошқа шаҳобча ахтаргандим.

Лекин бирдан хаёлимга уларни назорат қиладиган ташкилот-чи, деган гап келди. Уларнинг нима билан машғул эканини билиш мақсадида Сурхондарё  вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя  қилиш  жамиятлари ҳудудий  бирлашмаси раиси ўринбосари, ижрочи директор  Ҳамдам Жумаев ҳузурига бордим.

— Афсуски, бундай воқеалар тез- тез  учраб  турибди. Биз  ваколатимиз  доирасида  фуқаролар томонидан мурожаатлар тушгандагина ҳолатни ўрганиб  чиқамиз. Жорий  йил 1  октябрь  ҳолатида   бизга 194 та мурожаат келиб тушди. Шундан 70 таси  савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига,  қолганлари газ, электр энергияси, ичимлик суви, кадастр сингари тизимларга тегишли.  Мурожаатчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя  қилиниб, истеъмолчиларга 17 миллион 866 минг сўм маблағ  қайтарилишига эришилди.

Шунингдек, “Ишонч телефони”га ўтган ойда  вилоятимиз бўйича 162  та   мурожаат бўлган.  Уларнинг  65  таси савдо ва  хизмат  кўрсатиш тармоқларига тааллуқли. Албатта, истеъмолчилар  ҳуқуқлари бўйича мониторинг олиб бораяпмиз, — дейди Ҳ. Жумаев.

Маҳсулот сифати, таннарх ҳақида  гапирсанг гап кўп. Бир танишим айтиб қолди: “Дам олиш куни  оилам билан Ангор  туманидаги буюм бозорига бордик. Расталарни  кўриб, кўзингиз қамашади. Рўзғорга керакли буюмлар олдик. Кўзимга оқ-сарғиш чизиқли шланг иссиқ кўринди. Биласиз токзоримиз бор, ширасини ювиб туриш керак.

Уйга келибоқ токларнинг ширасини  ювмоқчи бўлдик. Моторга уланган шланг иш яримига  етмасдан ёрилиб кетди. Улагандан, ямагандан эсимиз  кетди. Бир келса қўшша келаркан-да, қизимиз: “Олган пахта гулли чойнакларингиз ичида дарз кетган экан, дастаси қийшиқлари бор экан”, деди дард устига чипқондай.  Хуллас, буюм бозор деса, хўш дейдиган  бўлдик”.

Нима дейишни билмадим. Харид қилаётганда, албатта, сифатига эътибор қаратиш керак эди, десам хафа бўлиши мумкин. Ахир ҳозир ҳам коронавирус пандемияси авжидан тушгани йўқ. Ишлаб чиқарувчи арзон матодан маҳсулот тайёрлаб кўпроқ фойда кўргиси келади. Ахир катта “бизнесмен-тадбиркор”лар ҳам халқнинг чўнтагига кўз тикаётган пайтда, ярим-ёрти ишбилармон четда қолармиди…

Ўзимча: “Эй соддалар, ўзи оладиган нарсасини кўриб, қараб олмайди булар”, деб юрувдим, воажаб, ўзим ҳам чув тушдим. Набираларимни олиб кўчага чиқдим. Хархаша қила бошлашди, “вафли олиб беринг”, деб дўконга кириб, бежирим гулли қоғозга ўралган, нархи нақ қирқ беш минг сўм турадиган вафлидан ярим кило олиб келиб бердим, улар хурсанд талашиб ея бошлашди. Шунда олти  ёшли набирам: “Бобо, бу вафли аччиқ  экан”, деб қолди. Ҳайрон бўлиб, ўзим еб кўрсам, чиндан ҳам ачимтир таъм, ёқимсиз ҳид келаяпти. Кўнглимдан кечганини бир Худойим билади, бир ўзим биламан.

Кўп қатори биз ҳам ҳар бир ишлаб чиқарувчининг, тадбиркорнинг, фуқаронинг  фаолияти давлатимиз,  миллатимиз   манфаатига,  келажагига  хизмат қилишини истардик. “Сифатни назорат қилиш қўмитаси ташкил бўлганига неччи йил бўлгани одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди, адашмасам. Негаки, чекка ҳудудларда бирор тузук-қуруқ иш қилганини ҳали эшитмадик”, дейди ҳамкасбим.

Ўтган йилларда “ишбилармонлар” Хитойдан арзон нархга сотиб олиб келган қўлбола ускуналар бугун ишлаб чиқаришга ярамай қолгани рост. Сифатсиз маҳсулотлар савдога чиқаётгани шундан. Бозорларни, савдо дўконларини текшириб юрган Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг иши бўлак, аммо ишлаб чиқариш ускуналарини ким назорат қилади? Буниси қоронғи…

Балки, қўлбола ускуналар, даққиюнусдан  қолган   мосламалар билан  яширин  цехларда  ишлаб чиқарилаётган  озиқ-овқат ва  ноозиқ-овқат  маҳсулотлари  савдосига барҳам  бериш вақти келгандир. Ахир уларнинг сифатига кафолот йўқ-ку!..

Яна бир гап, ҳаммамиз биламиз, лекин индамаймиз, дейлик, сотувга чиқарилаётган турли конфетлар,  “snickers”га ўхшаш шоколадлар кимёвий кукун  (порошок)дан тайёрланади. Чунки, хомашё арзон, энг муҳими, наинки Ўзбекистонга, балки қўшни давлатларга экспорт қилиш учун етарли маҳсулот ишлаб чиқаришга қулай. Бу кетишда бора-бора сифати инсон организмига фойдали маҳсулотлар анқонинг уруғи бўлиб кетмасайди…

   Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =