Олмалиқда шундай гаплар

Маълумки, Олмалиқ шаҳрининг ҳокими лавозимида фаолият юритган Усмон Раҳимов шаҳарда тўпланиб қолган бир қатор муаммолар, унинг устига ўғлининг хурмача қилиқлари сабаб ишдан олиниб, ўрнига Қобил Ҳамдамов тайинланган эди. Айни пайтда ҳудудда қиш мавсумида аҳолига намунали коммунал хизмати кўрсатиш мақсадида қилинаётган ишлар, мавсумга тайёргарлик жараёнлари, ечимини топмаётган масалалар билан яқиндан танишиш мақсадида Олмалиқ шаҳрида бўлдик.

Ҳокимликда нима айб?

Маълумотларга кўра, шаҳардаги 38 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг молиявий ҳолати таҳлил қилиниб, “яхши” (яшил), “ўрта” (сариқ) ва “оғир” (қизил) тоифаларга ажратилган. Ўрганиш жараёнида ширкатларнинг тижорат банкларидан 13 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд миқдорда қарзи борлиги кўриниб қолди. Ширкатларга аҳолидан йилига 7 миллиард сўм атрофида бадал тўловлари йиғилади. Демак, ширкатлар кредиторлик қарзларидан роппа-роса икки йилда қутилиши мумкин экан…

Шаҳар ҳокимининг жорий йил 25 сентябрдаги қарорига асосан, 38 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати тугатилиб, улар 5 та МЧЖ шаклидаги “Бошқарув сервис компаниялари”га айлантирилган. Қобил Ҳамдамов ҳоким лавозимига тайинланганидан сўнг, ишни оғир аҳволдаги ширкатларга қарашли 355 та кўп қаватли уйларни бош­қарув сервис компанияларига бириктиришдан бошлади.

Шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, ширкатлар банклардан ҳар йили умумий ҳисобда 1 миллиард сўм атрофида кредит олиб келган. Қизиғи, ширкатлар аҳолидан йилига 7 миллиард сўм миқдорида йиғилган пул ҳақида ҳеч кимга ҳисобот тақдим этмаган. “Аҳолининг арзини эшитмаган, фуқаролар ширкатлар ишламаяпти”, деб нолишади. Ҳокимликни айбдор қилади. Ҳокимликнинг бу ерда нима айби бор? Ахир, ширкат раисини одамларнинг ўзлари танламаганми?” — дейди шаҳар ҳокими.

Албатта, олинган кредит маблағлари қайтарилмагач, тижорат банклари ҳам ширкатларга кредит ажратишни тўхтатган. Сўнгра ноиложликдан ширкатлар ва банклар ўзаро келишиб, уч томонлама шартнома тузишган. Учинчи вакил янгитдан ташкил этилган “Бошқарув сервис компания”си барча қарзларни тўлашни ўз бўйнига олибди. Энди тўловлар ҳақида ҳисобот беришни унутиб қўйишмаса бўлгани…

“Ойлик йўқ, бизни “рози қилишади”…

Юқоридаги маълумотларни олгач шаҳарда ташкил этилган “Olmaliq kommunal servis” МЧЖ бошқарув сервис компанияси (БСК) фаолияти билан танишдик. Компания иш бошқарувчиси Лариса Лемдасованинг айтишича, ташкилотда 20 нафар киши ишлар экан, ходимлардан Яшнар Қаҳҳоров суҳбатга қўшилди: “Компания яқинда ташкил этилганлиги боис, ходимлар ҳали синов муддатида ишлашяпти. Компания раҳбарлари қариндошим бўлгани учун, маош ўрнига меҳнатимга яраша “рози қилиш” шарти билан ишга олинганман”, деди Я.Қаҳҳоров.

— БСКда сантехник-чилангарлик вазифасини бажараман. Бизда аниқ иш вақти белгиланмаган. Чақирув қўнғироғига қараб, шикоят тушган хонадонга етиб борамиз. Маош қиладиган ишимизга қараб берилади. Тўғри, компания фаолияти ҳали тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги сабаб, бизга аниқ иш ҳақи белгиланмаган, — дейди Абдурашид Қодиров.

Ана холос, “рози қилиш шарти” — янги тартиб ўрнатилибдими?!

“Сизни орқа тарафдан олиб келишди…

Шундан сўнг, компания бир ҳафтадан буён хизмат кўрсатаётган Абдулла Қаҳҳор номли маҳаллага йўл олдик. Фуқаролар билан бевосита суҳбатлашиб, маҳалладаги муаммо ва камчиликлар, энг муҳими, БСК ташкил этилганига муносабатини ўргандик.

— БСК ишлаяпти. Ширкатдагилар ишламас эди. БСК ҳали “янги” бўлгани учун навбатма-нав­бат ҳамма хонадонларни таъмирдан чиқаришяпти. Олдин 30-уйдаги эски иситиш тизимларини таъмирлашди, яқинда ертўлалардаги чиқиндиларни тозалашди. Ҳозир уйдан “клапа” (ўрин кана)лар йўқолган, — дейди шу ерда истиқомат қилувчи фуқаролардан бири Ирода Йўлдошева.

Атрофимизда одам тўплана бошлади. Айрим фуқаролар маҳалладошининг фикрига эътироз билдириб, йиллар давомида ечим топмай келаётган қатор муаммолар ҳақида куюниб гапирди:

Мавлуда Холжигитова:

— Бизда иситиш тизими, иссиқ сув муаммоси неча йиллардан буён ечим топмай келади. Тегиш­ли идораларга арз ҳам қилганмиз. Натижа йўқ. Жўмракдан иссиқ сув келиши учун камида уч-тўрт челак сув беҳуда оқади. Нега бунақа, деб сўрасак, “билмаймиз”, дейишади. Ҳар ой нафақамдан коммунал тўловларига пул тўлайман. Қарздорлигим йўқ. Лекин иситиш тизими талабга жавоб бермайди, қиш яқин, уйларимиз эса совуқ. Уй ичида ҳам қалин кийимларда юрамиз.

Нодира Ортиқова:

— Сизларни орқа тарафдаги асфальт кўчадан олиб келишибди. Бизда асосий муаммо йўл! Олмалиқ аҳолисининг кўпи навбатчилик асосида шаҳар ҳудудида жойлашган комбинатда ишлашади. Эрталаб тонг саҳар ишга кетиб, қоронғида уйга қайтамиз. Йўлларга чироқ ўрнатилмаган. Ёмғир ёғса, кўчаларда сув дарё бўлиб оқади. Юриб бўлмайди! Раҳбарлар сизни алдашибди. Ҳатто маҳалламиз БСКга ўтганидан ҳам бизнинг хабаримиз йўқ. Бир ҳафта олдин маҳалламизда яшайдиган Раҳим ака (“Сиҳат-саломатлик-строй” бошқарув сервиси раҳбари) келиб, “маҳалла ободончилигига яна ўзим бош-қош бўламан”, деганди. Қарасак, бош­­қа сервисга топширишибди. Шу маҳаллада 11 йилдан бери яшаб келаман, бу янги ташкилот ва унинг иш бошқарувчиси Лариса Лемдасовани умуман танимайман.

Кўриниб турибдики, шаҳар ҳокимлиги вакилларининг гапи бошқа, шаҳар аҳолисининг гапи бош­қача. Ҳақиқатан ҳам кўчаларга чироқ ўрнатилмаган, кўп қаватли уйларнинг кўпи қаровсиз аҳволда. Албатта, ҳоким янги, ишни энди бошлади. Аммо ширкатми ё БСКми, ҳар қалай эскитдан мавжуд. Ўрин алмашиш фақат қарздорликни ёпиш учун қилинган эмасдир?

Кўп қаватли уйларнинг баъзиларига кириб, бир хонадон қўнғироғини босдик.

— Кам таъминланганлар қолиб, ўзига тўқ оилаларга ёрдам беришади. Ўғлим, турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайди. Ўзим ёлланма мавсумий ишлар қиламан. Кўмак сўраб ҳокимлик ва бошқа тегишли идораларга бордим, натижа бўлмади. Коммунал муаммолар бўйича мурожаат қилмаган идорамиз қолмаган, фойдаси йўқ. Раҳбарлар бизнинг гапимизни инобатга олишмайди. Кимни сайлашяпти, ким сайланаяпти, ҳеч ким билмайди, чунки маҳалладагилар сайловларда иштирок этмайди. Тўғрироғи, таклиф этилмайди. 5-6 нафар одамни йиғиб, ўзлари сайлашади. Аслида, мана бу компания раҳбарияти ҳам аҳолининг яширин овоз бериш йўли билан сайланиши керакмасми? — дей­ди хонадон эгаси Назира Нишонова.

“Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали тасарруфидаги “Olmaliq shahargaz” таъминоти бўлими, шаҳар электр таъминоти корхонаси ва “Иссиқлик манбаи” МЧЖдан олинган маълумотларга кўра, шаҳар аҳолиси томонидан коммунал тўловларнинг вақтида тўланиши бўйича вилоятда энг намунали 10 та ҳудудга киритилган экан. Улар коммунал тўловларни ойма-ой, энг муҳими, ўз вақтида тўлашади. Ундай бўлса, ширкатдаги қарздорлик қаердан келиб чиқди экан? Одамларнинг пуллари…

Ростданам бизни “орқа эшик”дан олиб келишибди, шекилли…

“Ёзинг-да, шуни!”

Яна шаҳар ҳокимига учрадик. Аҳоли барча коммунал тўловларни ўз вақтида тўласак ҳам на ширкат ва на бошқарув сервис компанияси қониқарли ишламаяпти, деб шикоят қилишди, бунга муносабатингиз қандай?

— Муаммони ўргандингизми, ёзинг-да энди шуни! ОАВда эълон қилинсин, сиз муаммони кўтариб чиқсангиз, кейин булар ҳал қилинади. Биз, албатта, ҳар бир масалани ўрганиб, бу бўйича дас­тур ва “йўл харита”си ишлаб чиқяпмиз. Ахир, йиллар давомида йиғилиб қолган ишни бир кунда ҳал қилиб бўлмайди. Чунки бунга миллиард-миллиард маблағ керак. Босқичма-босқич маҳаллий бюджетдан соҳага маблағ ажратамиз, давлат бюджетидан ажратилган маблағни мақсадли ва манзилли равишда йўналтирамиз, кейин эҳтимол 6 ой ёки бир йилдан сўнг ҳолат яхшиланиб қолар, — дея жавоб берди шаҳар ҳокими.

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =