Касалликнинг илдизи қаерда? Аҳолининг 30 фоизида юқори қон босими, 46 фоизида эса холестерин кузатилмоқда

Жаҳон Cоғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, саломатлигимизнинг 55 фоизи кечираётган турмуш тарзимиз, 18 фоизи ирсий касалликлар, 17 фоизи экологик омиллар, 10 фоизи эса тиббий хизмат сифатига боғлиқ экан.

Ташкилотнинг таниқли эксперт-мутахассис олимлари қуйидагича фикр билдирмоқда, агар дунё мамлакатлари аҳолиси, биринчи навбатда, айниқса   ёшлар, “Соғлом турмуш тарзи” қоидаларига амал қилса, одамлар саломатлиги мустаҳкамланиб, меҳнат қилиш қобилияти яхшиланиб, узоқ умр кўради. Энг муҳими, авлод генофонди соғломлашади.

Гигиена қоидаларига риоя этмаслик оқибатида маълум ва номаълум турдаги касалликлар тез ривожланади. Бунга меъёрдан кўп, айниқса, кечки пайт керагидан ортиқ овқатланиш ҳам сабаб бўлади. Яна олимлар фикрича, аҳолининг қарийб 30 фоизида юқори қон босими ва 46 фоизида эса холестерин миқдори нормадан ортиб кетишига эса ортиқча овқатланиш бош омил бўлар экан.

Ушбу касалликларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда кенг қамровли ишлар олиб борилаяпти. Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини фаоллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича шу йил 6 ноябрда ўтказилган видеоселекторда Президентимиз томонидан соҳа ходимларига жуда катта вазифа ва топшириқлар юклатилган эди.

— Тўғрисини айтиш керак. Касалликларнинг кўплаб тури нотўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя этмаслигимиз сабабли келиб чиқмоқда. Президентимиз биз тиббиёт ходимларининг олдига тўғри таклиф ва вазифалар қўйди. Чунки касалликлар келиб чиқишининг боши камҳаракатлик ва жисмоний фаолликнинг сустлиги ҳамда нотўғри овқатланишдир. Шундай экан, бунинг олдини олишда тиббиёт тизимини қуйи бўғини фаол ва ташаббускор бўлиши керак. Ана шунда касалликлар сони қисқаради. Мисол учун, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларнинг катта қисми, вирус инфекциясидан эмас, балки соғлом турмуш тарзига риоя этмаганлиги, организмда учраётган ёндош касалликлар ҳисобига азият чекмоқда. Ўлим кўрсаткичи ҳам юқорида қайд этилган беморлар орасида кўп. Президентимизнинг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мазкур масала кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, қарорнинг 4-бандида назарда тутилганидек, вилоятимизнинг барча туман (шаҳар)лардаги кўптармоқли марказий поликлиникаларда 2021 йил 1 январдан бошлаб эксперимент тариқасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналари ташкил этилади.

Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналарида махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларимиз аҳолига тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик масалаларида якка тартибда профилактик тадбирларни олиб боради. Демак, энди ўз устимизда янада кучлироқ ишлашга тўри келади. Спорт ва тиббиёт ҳамкорлиги бу масалани ечими бўлади, — дейди Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, жарроҳ Зоҳид Эркабоев.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда мазкур қарор ижросини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш мақсадида муҳим қадамлар ташланган.

Яқинда Президентимизнинг Сирдарё вилоятига қилган навбатдаги ташрифи чоғидаги коронавирус пандемияси даврида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўта юқумли бўлган бу касалликдан муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини назоратга олиш ва жонлантириш юзасидан кўрсатма ва топшириқлари сирдарёликлар учун дастуриламал бўлмоқда.

Ҳозирги кунда коронавирус касаллигининг юқиши хавфи кўпроқ бўлган аҳоли вакиллари саломатлигини назоратга олиш ва улар орасида профилактик тадбирларни жонлантириш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудларида “Соғлом ҳаёт”, “5000 метрга фаол юриш”, “Соғлом овқатланиш тамойиллари”, “Саломатлик мактаби”, “Эъзозли аёллар” ва “Фахрий нуроний”, “Чиройли қомат учун”, “Менинг нонуштам”, “Соғлом хонадон”, “Спортчи оила” мавзуларидаги тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Ўтказилаётган тадбирларда соҳа мутахассислари ҳам фаол иштирок этиб, улар маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида истиқомат қилаётган 65 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқароларнинг саломатлик кўрсаткичларини, қоннинг умумий таҳлилини, қон таркибидаги қанд ва холестерин миқдорини аниқлабгина қолмай, ЭКГ, флюрография, УТТ каби тиббий текширувлардан ўтказиб, муҳим тавсияларини бериб боряпти.

— Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсон кунига 5-7 километр юрса, қон-томир касалликлари, юрак хуружи, инсульт каби хасталиклардан бутунлай йироқ бўлади. Ортиқча вазн эса касалликлар уясидир. Президентимиз ташриф чоғида, вилоятнинг Оқoлтин туманида бўлганларида, “Кўп юриш билан тўғри овқатланиш маданиятини йўлга қўйиб олсак, тиббиётдаги 30-40 фоиз масалани ҳал қилган бўламиз”, деган гаплари бугун бизнинг шиоримизга айланди, десам муболаға бўлмайди. Мазкур туманнинг “Янги Тошкент” маҳалласида ташаббускор тренер ҳамда ҳамшираларимиз томонидан уйма-уй юриб, жами 687 нафар фуқаронинг артериал қон босими, бўйи, вазни, қорин қисми ҳажмлари ўлчаб чиқилди. Малакали тренерлар эса аҳоли орасида сўров ўтказди. Сўров натижасига кўра, аҳолининг 164 нафари футбол, 76 нафари волейбол, 43 нафари баскетбол, 96 нафари бадминтон, 82 нафари “Workout”, 56 нафари стол тенниси, 34 нафари бадиий гимнас­тика, 69 нафари бокс, 29 нафари кураш ва 38 нафари бошқа спорт турларига қизиқиши аниқланди, — дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Раҳима Сувонқулова.

Ҳа, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳоли саломатлигини асраш борасида ташланган қадамлар эртага ўз натижасини бермасдан қолмайди. Президентимизнинг халқимиз саломатлиги муҳофазасини юксалтиришга оид қатор қарор ва Фармонлари эртанги ҳаётга бўлган ишончимизни янада ошишига, соғлом фикрлаб, соғлом ҳаёт кечиришимизга йўл очмоқда.

Ғулом ПРИМОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =