Мен нима учун “Hurriyat”ни ўқийман?

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

XXI асрда яшаяпмиз.

Ҳар лаҳза, ҳар сонияда рўй бераётган шиддатли воқеа-ҳодисалар, шусиз ҳам сершитоб умримизни шошириб қўяётгани айни ҳақиқат.

Олам ўзгараётир. Олам ўзгаргани сайин одамзод ҳам ўзгариб бораётир.

Ўқилган, ўқилаётган газеталар қанчаю, ўқилмай тахлам-тахлам қолиб кетаётган керак-нокерак рўзномалар қанча – бунинг ҳисоб-китоби-ю увол-савобини билмоқ учун бир қайрилиб ортга қарамоққа юрак безиллайди.

Шу аснода “Hurriyat” менинг ўқилаётган газеталарим рўйхатида турганини илғаб, хушҳол бир кайфиятда мутолаага шўнғиб кетганим ҳам бор гурунг. Бу – ҳамишаги гурунглардан фарқли ўлароқ, ҳар ҳафтанинг чоршанбасидан бошланиб чоршанба кунигача менинг ҳаё­тимда бардавомлик касб этаётганини бир ўқувчи сифатида алоҳида таъкидлаб айтгим келади. Ўйлайманки, бошқа кўпмингсонли газетхонлар ҳам айни менинг ҳолатимда худди шу соғинч ва илҳақлик билан “Hurriyat”ни кутишади ва мутолаа қилишади. Тавалло бобомиз лутф этгандай: “Яшнатиб дил ғунчасин фасли баҳор айлар газет”.

Хўш, мен нима учун “Hurriyat”ни ўқийман, нима учун газета ярим кун кечикса, безовталана бошлайман?

Донишманд зотларнинг “Агар сен инсон бўлсанг яратгин ўзингга ном” деган сермазмун ҳикмати бор. Бу ўринда “ном” жумласи ҳозирги тараққиёт замонининг жонли тилимизга мустаҳкам ўрнашиб олган фасон ва машҳур сўзларидан бўлмиш “имидж”га мос келади. Айтмоқчиманки, “Hurriyat” ўз номини ўзи яратган, ўз имиджига эга исми жисмига муносиб ва мутаносиб газета.

Биргина таклифим: газета тимсолини жиддий ўйлаб кўриш керак. Энг илғор технологиялар ва дизайн замонида “Hurriyat” сўзига мос кўркам рамз топиш унчалик кўп меҳнат талаб қилмайдиган юмуш. Матнларни ҳам ўқувчи нафас олиб, яйраб ўқийдиган даражада кенг ва мўл қилиб жойлаштиришдан чўчимаслик лозим.

Менга, авваламбор унинг номи ва яхши кўрган сўзларимдан бири “ҳурният” билан уйқаш-қофиядошлиги хуш ёқади.

Онамларнинг рўзғордан рўшнолик кўрмай, бир умр орзу-армонда ўтган Ҳури момо деган қариндошлари ҳақида кўп дардли-изтиробли ҳикоя ва нақлларини болалик чоғларимданоқ эшитиб улғайганим учунми, ушбу газета менга ёруғликка чиққан Ҳури момони эслатаверади.

Газета эндигина 24 ёшга – айни куч ва шиддатга тўла норғул ўспиринлик палласини қаршиламоқда. Биз бу ёшда “Тошкент оқшоми”нинг уйсиз-жойсиз, ёш-бебош мухбирлари сифатида “ахборот қироллари” ёнида: “Газеталар бўронида кетаяпман, кетаяпман, метро янглиғ бу дунёнинг қоқ бағридан ўтаяпман, ўтаяпман” дея кўп оҳанжама ва баландпарвоз сатрлар битиб юрганларимизу – ҳозирги янги давру замонларнинг ҳур ва озод ҳаволаридан тўйиб-тўйиб нафас олаётган ёш қаламкаш укаларимизга ҳавас қилиб турганимиз – мана шу порлоқ ва мунаввар онларга қадар – қанча сувлар, эҳ-ҳе, бу сувлар билан қанча замонлару тузумлар оқиб ўтдилар!..

Бугунги ҳурриятимиз, Янги Ўзбекистонимизнинг бор кўрк ва жилолари, дашту далаларимизу зангор ва мусаффо осмонларимиз, тинч тонгларимиз билан эзгу ниятларимиз тимсоли бўлмиш давлатимиз байроғининг ранглари ва юксаклиги янглиғ газета саҳифаларида ўз мазмун ва ифодасини топаётганидан мамнунлигимизни айтмоқчи эдим.

Қай элдаким озод фикру ҳур ният бўлгай,

Юртнинг бахту саодати зўр ният бўлгай –

Элнинг шаъну шавкатидан юксалиб Ватан,

Давлат байроғидай баланд Ҳуррият бўлгай.

17.11.2020 й.

 

Қадрли юртдошлар, 2021 йил учун обуна давом этмоқда. “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва “Матбуот тарқатувчи” АК ҳамда соҳага дахлдор корхоналар орқали обунани расмийлаштиришингиз мумкин.
Нашр индекси: 233

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 15 =