Мен нима учун “Hurriyat”ни   ўқийман?

“Дилга яқин,   элга яқин”,   деган   гап бежиз айтилмаган. Ҳар бир инсон кўнглига, дилига   мос ва хос нарсага   интилади. Ўқувчи сифатида ҳар бир инсоннинг ўз таъби ва майли   бўлади.   Одатим шунақа, олди-қочди, узуқ-юлуқ, баландпарвоз гапларни ёқтирмайман. Шу боисдан, газета ва журналларни саралаб ўқийман. “Hurriyat” ўқувчини бефарқ қолдирмайдиган,   мулоҳазага ундайдиган мақолалари билан ўқишли. Айниқса, танқидий, таҳлилий мақолалардаги дангаллик, рўй-ростлик ўқувчида   бугунги маънавий ҳаётга бўлган ташналикни қондира олади.

Газета саҳифаларидаги буюк алломалар, таниқли   инсонлар   ҳаёти ва фаолиятига оид мақолаларни ҳам қолдирмай   ўқиб бораман. Чунки уларнинг   ҳаёт йўли ёшлар учун   ибрат мактабидир. Зеро, миллий маънавиятимиз, маданиятимиз, боқий қадриятларимиз ва тафаккуримизнинг теран     илдизлари   улуғ   бобокалонларимиз ёзиб қолдирган бой   илмий, маданий ва маънавий   меросдан баҳра олади.   Шу   жиҳатдан   ҳам   бу газета республикамизда ўз ўрни ва мавқеига эга. Ишонаман, ўзини зиёли, деб билган   одам “Hurriyat”нинг ҳар бир сонини   интиқлик билан кутади.

Касбим билан боғлиқ   кундалик ишларимни   саранжомлагач, албатта, столим устидаги   ўзим обуна бўлган газета ва журналларни варақлайман. Уларнинг орасида   “Hurriyat” тахламлари тепада туради. Мутолаа бараварида маънавий   ҳордиқ оламан, чарчоғимни   чиқараман, тафаккуримни   чархлайман.

“Hurriyat”чилар бундан кейин ҳам одамларнинг дилидаги   мавзуларни, элимизнинг истиқболига хизмат қиладиган   баҳсталаб ҳамда мунозарали       материалларни ўз саҳифаларида   муҳрлаб бораверсин.

Яна бир гап. Биз шифокорлар бемор соғайиши учун, дардига малҳам топиш учун курашамиз. Лекин матбуот аҳлини ҳам “ҳамкасбларимиз” десам хато бўлмаса керак. Чунки журналистлар — жамиятдаги дардни, иллатларни илғай олиши, дадил кўтариб чиқиши, “давосини” айта олиши билан жамият шифокорларидирлар. Ана шундай дадил, ўткир газета ҳисобланган “Hurriyat” энг севимли нашрларимдан. Шу сабабдан унга келгуси йил учун ҳам обуна бўлдим.

Комил   АБДУВОҲИДОВ,

Сурхондарё   вилояти   кўп тармоқли

тиббиёт маркази бош врачи,

олий тоифали   шифокор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 13 =