Нотанти қўшничилик
Эл орасида “Қўшнинг ёмон бўлса қочиб қутул”, деган нақл бор. Бу ҳикматли ибора ёлғиз бир киши ёки хонадонга тегишли бўлса-ку, бир гап — амалга ошириш мумкиндир. Лекин бу нохуш ташвиш 400-500 хонадон яшайдиган маҳалланинг бошига тушса, нима қилиш керак? Айни пайтда Қўшработ туманидаги “Бойтўп” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли худди шу саволга жавоб қидиришмоқда.
— Маҳалламиз Навоий кон-металлургия комбинатининг Жанубий кон бошқармасига қарашли корхона ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари яшайдиган “Заркент” қўрғонига туташ, девор-дармиён қўшни, – дейди маҳалла кенгашининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш ва ободонлаштириш комиссияси аъзоси Норбўта Норжигитов. – Дастлаб, бу қўшничилик бизга анчайин маъқул, ўзаро манфаатли туюлди. Ахир ён қўшни — жон қўшни деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Шунинг учун боримизни баҳам кўришга ҳаракат қилдик: еримиздан, сувимиздан ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишга изн бердик. Қолаверса, вақти келиб уларнинг ҳам бизга нафи тегиб қолар, деган умидда яшадик.
Мана шу иттифоқчилик самараси туфайли маҳалламизнинг қоқ марказида “Заркент” қўрғони аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминловчи 5 та чуқур қудуқ қазилиб, ишга туширилди. Ҳозир улардан ҳар дақиқада 40 куб метр тоза булоқ суви кончиларга етказиб берилмоқда. Қурувчилар эса маҳалла ҳудудини кесиб ўтган сой ўзанидан янги турар-жойлар, йўллар ва бошқа иншоотлар пойдеворини тиклаш учун керакли бўлган қум-шағал материалларини қазиб олдилар. Акс ҳолда бу муҳим қурилиш ашёлари 50-60 чақирим наридаги Зарафшон дарёси ўзанидан ёки 40 чақирим наридаги карьердан ташиб келтирилган бўларди.
Бу эса ортиқча йўл-транспорт харажатлари демакдир. Афсуски, кейинги пайтларда кўнгли очиқ бойтўпликлар мазкур қўшничиликнинг салбий оқибатларини сеза бошладилар. Хусусан, чуқур қудуқлардан узлуксиз сув олиниши натижасида ер ости сувларининг сатҳи пасайиб, 1000 метр радиусдаги қудуқлар қуриб қолди ва маҳаллада ичимлик сув тақчиллиги юзага келди. “Оби-ҳаёт” танқислиги боис аҳолининг асосий рисқ-рўз манбаи ҳисобланган боғ ва токзорларда, томорқалардаги ҳосилдорлик ҳам пасайиб кетди. Ҳатто баъзи ниҳоллар, ёш дарахтлар қурий бошлади.
Бошқа томондан ҳам экологик муаммолар кўзга ташланиб қолди. Масалан, маҳалла ҳудудидан ўтувчи сой ўзанидан тартибсиз равишда кўплаб ҳажмда тош, шағал, қум қазиб олиниши оқибатида сув ўзани чуқурлашиб, жарликлар пайдо бўлди. Бу эса табиий рельефнинг жиддий бузулишига олиб келди. Боз устига, соҳилдан соҳилга ўтишда, хусусан, баҳор ойларида сел сувлари оқа бошлаганда, аҳолига айниқса, мактаб ўқувчиларига муайян қийинчиликлар туғилмоқда.
– Мазкур муаммоларни бартараф этиш, маҳалла учун артезиан қудуқ қазиб бериш, электр таъминотини яхшилаш, сой ўзанига кичикроқ кўприк қуриш, шикастланган рельефни табиий ҳолатига қайтариш юзасидан амалий ёрдам сўраб маҳалламиз фаоллари Жанубий кон бошқармаси директори (ҳозирда собиқ) Ёрқин Шакаровга, Зарафшон қурилиш бошқармасининг “Зармитан” қурилиш-монтаж майдони бошлиғи Ҳалим Баҳроновга мурожаат этдилар, – дейди “Бойтўп” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сафарали Бубаков. – Афсуски, улар бу муаммолар юзага келишида асосий айбдор бўлишса-да, аҳолининг мурожаатларини эътиборсиз қолдириб, ёрдам қўли узатишни ўзларига эп кўрмаяптилар.
Мен журналист сифатида ушбу муаммолар ва уларнинг ечимини излар эканман, яна бир нозик масалага дуч келдим. Бу — ишсизлик масаласи. Маълум бўлишича, Бойтўп қишлоғида, шунингдек, унга ёндош “Майинтепа”, “Юқори сарой” маҳаллаларида ишсизлик даражаси жуда юқори экан. Таажжубланарли жиҳати шундаки, иш билан банд бўлмаган аҳолининг аксарияти тоғ-кон мутахассислигига эга ёшлардир. Маҳаллага яқин ҳудудда Жанубий кон бошқармасига қарашли “Зармитан” ва ”Ғўжимсой” конлари, транспорт ва қурилиш бўлинмалари бўлса-ю, нега бу ёшлар ишга жойлашмай бекор юришибди, деган савол туғилади.
— Мен бир неча йилдан буён кадрлар бўлимига қатнайман. Лекин ҳар доим “Бўш иш ўрни йўқ”, деган жавобни эшитаман, — дейди майинтепалик фуқаро, 6-разрядли проходчик Келдиёр Эсонов. — Ҳатто, маҳалламиз кенгаши ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакили сифатида мени ва горизантал ҳамда вертикал лаҳмларни кавлаб ўтиш ихтисослигига эга бўлган Ғанишер Тўрабековни, 6-разрядли проходчик Аброр Сайдазимовни мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш юзасидан Жанубий кон бошқармаси раҳбариятига хат билан илтимоснома юборди. Бунга ҳам юқоридаги жавоб айтилди. Лекин биз кўриб, кузатиб турибмиз, ҳар йил чет ҳудудлардан, хусусан, Навоий, Бухоро ва бошқа вилоятлардан, қўшни туманлардан ўнлаб одамлар ишга қабул қилинмоқда. Ҳолбуки, уларнинг ҳеч бири катта иш тажрибаси ёки ноёб касб эгаси эмас. Бунда таниш-билишчилик ва бошқа омиллар ўз кучини кўрсатаяпти, десак адашмаган бўламиз. Ахир “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур”, деган мақол бекорга айтилмаган экан-да.
“Бойтўп” маҳалласида истиқомат қилувчи кўп болали она Ўғилой Исоқулованинг кўзда ёш билан айтаётган арзи-додлари ҳеч кимнинг кўнглини юмшатмаяпти.
— Жанубий кон бошқармаси кадрлар бўлимининг бошлиғи Шуҳрат Шариповнинг қабулиги уч йилдан буён қатнайман. Ҳар гал “жой йўқ” деган битта жавобни эшитаман. Озгина эътироз билдирсангиз борми, бақириб-чақириб оғзидан боди кириб шоди чиқади. Хонасидан ҳайдайди, ўзини хон, кўланкасини майдон, деб билади. Қаерга борсанг боравер, қўрқадиган жойим йўқ, деб бақиради. Аммо йўлини топганлар ими-жимида ишга жойлашиб олаяпти. Масалан, яқингинада ноёб касб ёки кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлмаган Отабек Ғаниев, Нурали Тангиров деган кишилар ишга жойлашди. Ҳозир улар ГДУ-1 да ишлашаяпти. Шунингдек, суд қарори билан 2 йил уй қамоғига ҳукм этилган пайариқлик И.А. монеликсиз ишга қабул қилинди. Майли, улар ҳам ишлашсин. Лекин бошқа ишга муҳтожларнинг қандай айби бор, шуни англолмайман.
Суҳбатдошимнинг бу иддаосига аниқлик киритиш мақсадида Жанубий кон бошқармаси директорининг ижтимоий масалалар ва кадрлар бўйича ўринбосари Абдуҳошим Умаровга учрашмоқчи бўлдим. Лекин у киши билан юзма-юз суҳбатлашиш осон эмас экан. Вақти тиғизлиги ва бошқа баҳоналарни рўкач қилиб, ўзини олиб қочди. Ҳар ҳолда бу уринишларимиз зое кетмади, шу аснода бошқа нарсаларни аниқлашга муваффақ бўлдик: маълум бўлишича, кончилар шаҳарчасида ҳар бири 50, жами 150 ўринли 3 та ётоқхона бор экан. Буни қарангки, учала ётоқхона ҳам четдан келган ишчилар билан бандлиги сабабли яна юзлаб одамлар ижарага олинган уйларда яшаётгани қизиқ. Уларнинг барчаси маҳаллий аҳоли вакиллари эмас, четдан келганлар. Ҳатто, шу йил коллежни битириб, ишга олинган ёшларнинг ҳам аксарияти қўшни вилоят ва туманлардан. Уларнинг маҳаллий ёшлардан қандай устунлиги бор? Бизнингча, кадрларни танлашга мутасадди жаноблар эътиборни кўпроқ маҳаллий аҳоли вакилларига қаратсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Бу корхона учун ҳам, маҳалла учун ҳам фойдадан холи эмас. Маҳаллий аҳоли орасида ижтимоий норозилик кайфияти ҳам барҳам топарди.
Хуллас, кадрларни бўш иш ўринларига қабул қилишда қандай мезонларга амал қилинаётгани мутлақо тушунарсиз. Буни фақат бошқарманинг кадрлар бўлими бошлиғи Шуҳрат Шарипов билади, холос, десак ўринли бўлади.
Ёки бошқа бир мисол: “Зарафшон” қурилиш ташкилотининг “Зармитан” қурилиш-монтаж майдонига қарашли бетон қориш узелида йигирмага яқин киши ишлайди.Уларнинг барчаси Бухоро ва Навоий вилоятларидан келган фуқаролар, бамисоли чет эллардаги мигрантлар сингари вагонларда, антисанитария шароитларида яшашади. Иш ҳақи ҳам ҳаминқадар.
– Биласизми, нега шундай, – дея изоҳ берди бу ердаги вазиятдан яхши хабардор мутахассислардан бири, бизга исми-шарифи сир тутилишини илтимос қилиб. – Бу, аввало, “уйдаги гап кўчага чиқмаслиги” учун зарур ва яна бошқа сабаблари ҳам бор, очиқ айтолмайман, деди у негадир сирли қилиб.
Демак, ишга қабул қилишда мутахассислик, деҳқонча айтганда меҳнат стажи ёки бошқа ишбилармонлик омиллари биринчи навбатда ҳисобга олинмаётган экан-да. Унда шу маҳалладаги инсонларнинг “айби” нимада? Ахир, улар ҳам ўз ёнида фаолият юритадиган корхоналарда ишлашни исташи айб эмас, шундай эмасми?
Халқимизда яхши қўшничилик анъаналари жуда қадрланади. Ахир, қўшнинг тинч– сен тинч, деган мақол бежиз пайдо бўлмаган. Ишсизлик бор жойда эса тинч-хотиржамлик бўлиши даргумон.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев маърузаларининг бирида ишсизлик иллатининг илдизига чуқур назар ташлаб “битта ишсиз ўнта муаммони келтириб чиқаради”, дея жамиятни жиддий огоҳлантирган эди. Шундай экан, маҳаллаларнинг муаммоларини ҳал этишда, унда истиқомат қилаётган аҳолининг иш билан қамраб олинишига беғараз ёрдам кўрсатиш корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар учун замон талаби бўлиб қолаверади. Бинобарин, уларнинг хайрли саъй-ҳаракатлари туфайли юртимиз масканлари янада обод ва кўркам тус олади, аҳолининг турмуш даражаси юксалади. Биз юқорида қайд этган ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам улардан ўрнак олсалар, эл олқиши олтиндан қиммат эканини тушуниб етишарди, деб ўйлаймиз.
Норбобо Шакаров,
журналист