Ёлғоннинг узун қўллари

Ҳаётнинг паст-баланд нишаблари, ўнқир-чўнқир сўқмоқлари, аксарият ҳолларда, инсонни курашувчанликка ўргатади. Аммо ўзинг гувоҳ бўлган ҳақиқатлар ёлғонга қоришиб кетса, одамга алам қиларкан…

Қоровулбозор тумани Буюк Ипак йўли кўчаси, 56-уйда яшовчи Темир Муродовни маҳалладошлари, ҳамқишлоқлари учратиб қолишса: “Ҳа, Темир ака, ҳалиям ҳўкизни излаб юрибсизми”, дейишади ярим ҳазил, ярим чин аралаш…

Таҳририятимизга арз билан мурожаат қилган Темир Муродов излаётган ҳақиқат кундек равшан бўлса-да, бу қинғир ишни ички ишлар идоралари, прокуратура, судлар негадир кўрмаганга олишаётганга ўхшайди.

— Аслида ҳаммаси оддий, ҳаммаси жўн. Фақат ҳолатни чигаллаштириб жиноятчининг жазосиз қолишига шарт-шароит яратилаётгани оғриқли. 2018 йил октябрь ойида Қоровулбозор тумани “Темир Мурод” фермер хўжалигада ўғирлик содир бўлгани ҳақидаги хабар бир зумда кафтдек шаҳарчага тарқалди. Мана, ишласа бўларкан-ку! Ўғриликда гумонланаётган Шамшод Хайриевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-банди билан жиноят иши қўзғатилди. Лекин ҳамма югур-югур ва сансалорлик ана шундан кейин бошланди…

Билибми, билмайми жиноят кўчасига кирган Ш.Хайриев “Чўлқувар” МФЙда қишлоқдошлари, маҳалладошлари олдида қилмишидан пушаймонлигини, ўғриликни содир этганлигини бўйнига олди (Чўлқуварда бўлган йиғилишда олинган суратлари бор), — дейди Т.Муродов.

Шундан сўнг, жиноий иш қонуний тартибда кўрилаётган, ҳужжатлар ҳам расмийлаштирилганди. Аммо бирдан жиноят иши Когон туман ИИБ ТБ бўлимига ўтказилди-ю, иш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида ёпилди. Бу ишдан норози бўлган Темир Муродов жиноятчи жазосиз қолмаслиги, ҳақ ўрнида қарор топишини истаб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси каби турли идораларга адолат истаб мурожаат қила бошлади. Айни муаммога ечим излаб “Hurriyat” газетасига ҳам мурожаат этди.

“Hurriyat” газетасининг 2019 йил 21 декабрдаги 50-сонида “Мол ўғриси ҳимояга олинди, нега?” сарлавҳаси билан мақола чоп этилди. Бироқ барча саъй-ҳаракатлар тупроққа сингиб кетган сувдек изсиз, жавобсиз йўқолиб кетаверди. Шикоятчининг фикрича, ўғри аниқ, ўғирланган моллар сони, етказилган зарар суммаси аниқ, бироқ жазо ноаниқ, жиноятчи ҳамон кўча-кўйда “яллама ёрим”, деб юрибди.

— Газетада танқидий мақола чиққач яна жиноий иш очилди. Лекин биз борсак эрта кел, индин кел, деб сарсон қилишди. Ахири муддати ўтди, деб ишни ёпиб юборишди, — дейди Т.Муродов.

2019 йил 25 февралда Қоровулбозор туман маъмурий суди раиси имзоси билан берилган хатда: “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Олий суд пленумиинг 35-сон қарори талаблари ҳақида айтилиб, суриштирув органи томонидан томонларнинг келтирган важлари тўлиқ ўрганилмаганлиги аниқланди, дейилади. Худди шу мазмунга яқин жавоб хатлар, бир қанча жавоб хатлар…

 

— 2020 йил 8 октябрь куни Республика Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Ромитан туманида сайёр қабул ўтказди. Бордим. Ушбу масалада барча ҳужжатларимни тақдим қилдим. Бош прокурор танишиб чиққач, вилоят прокурори ўринбосари Холмурод Баҳроновга танбеҳ берди. “Жиноят иши қўзғатмасанг ўзим жиноят иши очаман”, деди. Аммо Бош прокурор Тошкентга кетди-ю, вилоятдаги қонун посбонларининг ваъдаси ваъдалигича қолди, — деб ёзади Т.Муродов.

 

Аслида, Темир Муродовнинг важлари нимадан иборат эди? Биринчидан, наслли зотдор буқани бир киши ўғирлаб кета олмаслиги, иккинчидан ўғрилик молларини юклаб кетган “Labo” автомашинасининг эгаси ким? Бу масалаларга аниқлик ҳамон киритилмаган. Шамшод Хайриев ҳамда отаси Ўктам Хайриевларнинг қонун билан бекинмачоқ ўйнашларига кимлар имкон яратаяпти? Бу каби саволларга ҳамон жавоб йўқ. Ўғирланган ҳўкиздан ҳам дарак йўқ.

Қоровулбозор туман прокурори С.Қурбоновнинг 2020 йил 2 февраль, Бухоро вилоят маъмурий суди раиси С. Рўзиевнинг 2020 йил 21 октябрь, вилоят прокурорининг ўринбосари Р.Зайниевнинг имзоси билан шу йил 20 октябрдаги жавоб хатлари яп-янги, лекин афсуски,   бесамар.

Чунки бу жавоб хатлар наслли молларни кўпайтираман, тадбиркор бўлиб, ҳалол ишлаб эл дастурхонини тўлдираман, деб орзу қилган Темир Муродовга нима беради? Ачинарли томони шунда.

Ва ниҳоят, жиноятчи қилмишига яраша жазосини оладими? 2018 йилда жами 13 миллион 120 минг сўмлик молларни ўғирлаган бўлса-да, бу ҳолатга қонуний баҳо берилмаган. Энг ачинарлиси, Республика Бош прокурори томонидан қўйилган талаблар ҳам вилоятда бажарилмаётир. Бундан ташқари, икки йил давомида ўз ҳақ-ҳуқуқи ҳимоясида у идорадан бу идорага ёзиб, сарсон-саргардон бўлгани, йўқотилган вақт, бузилган асаблари учун Т.Муродов товон пулини кимдан ундиради? Наҳотки, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги сингари тамойилларга ҳурмат шу бўлса?!..

— Адолат ўрнатилмаётир. Мени ажаблантиргани, нега жиноий иш маъмурий судда кўрилиши керак? Мен арзимни кимга айтай?, — дейди ҳақиқат йўлларида толиққан фермер Темир Муродов.

Моҳира ШАКАРОВА,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 20 =