Спортдаги ҳалоллик ва ғирромлик
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия кенгаши яқинда бўлган йиғилишида 2012 йилги Лондон олимпиадасининг 5-ўрин соҳиби Иван Ефремовга бронза медали топшириш тўғрисида қарор чиқарди.
Ажойиб хушхабар! Бироқ беихтиёр савол туғилади: нега бронза медали шу мусобақада 4-ўринни эгаллаган андижонлик Руслан Нуриддиновга эмас, 5-ўрин эгасига берилди?
Жаҳондаги энг нуфузли спорт ташкилоти — ХОҚнинг асосий мақсади мусобақаларда ҳалол курашни таъминлаш. Бунинг учун ХОҚ ҳар бир олимпиада тугагандан кейин совриндорлар ва юқори ўринларни эгаллаган спортчилардан олинган тестларни қайта таҳлилдан ўтказади. Чунки спортда ғирромлик билан натижалар кўрсатишга интилаётганлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Улар мусобақалар олдидан ҳар хил тақиқланган биологик ва кимёвий кучайтиргичлардан, бир сўз билан айтганда, допинглардан фойдаланиб, ўзларига керакли натижаларни кўрсатмоқда.
ХОҚ тасарруфида 2019 йилда ўтказилган допинг текширувида Лондон олимпиадаси оғир атлетика мусобақаларининг 105 килограммгача вазн тоифасида ғолиб чиққан Иван Торохтий тақиқланган модда қабул қилгани аниқланди ва олтин медали қайтариб олинди. Афсуски, шу мусобақада 4-ўринни олган ҳамюртимиз Руслан Нуриддинов ҳам допинг қабул қилгани аниқланган ва унинг натижалари бекор қилинди. Халқаро оғир атлетика федерацияси Руслан Нуриддинов маълум муддатга мусобақалардан четлатилди.
Шу боис, мусобақада 5-ўринни олган Иван Ефремовга ўзидан олдинги икки спортчи допинг қабул қилгани аниқланиб, натижалари бекор этилгани учун Лондон олимпиадаси бронза медали топшириладиган бўлди. Яъни, ХОҚ саъй-ҳаракати билан спортдаги ғирромлик фош этилди ва ҳалоллик ғалаба қозонди.
Лондон олимпиадасига тааллуқли биз учун яна бир жудаям хунук хабар шу йил тарқалди: олимпиадада қатнашган эркин курашчилар тестлари допинг назорати натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон номидан қатнашган эркин курашчилар — Лондон олимпиадасида олтин медаль олган Артур Таймазов ва бронза медали билан қайтган Сослан Тигиев ҳам допинг қабул қилган экан ва уларнинг натижалари бекор қилинди. Табиийки, ҲОҚ уларга берилган олимпиада медалларини қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқарди. Энг ачинарлиси, бу спортчилар ҲОҚнинг “қора рўйхати”га 2017 йилда ҳам тушишганди. Ўшанда Пекин олимпиадасида олтин медаль олган Артур Таймазов ва кумуш медаль билан тақдирланган Сослан Тигиевнинг натижалари бекор қилинганди. Кўпчиликнинг ёдида, олимпиадалардан ғолиблардай қайтган бу спортчиларга юртимизда қандай ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилганди…
Юртимизда спортчиларга яратилаётган шарт-шароит, ҳар бир олимпиада медали учун берилаётган давлат мукофотлари ва машиналар хорижлик спортчиларнинг ҳавасини келтираётгани ҳам бор гап. Маълумки, Халқаро спорт федерациялари допинг қабул қилаётган давлат вакилларини ўзларининг тасарруфидаги мусобақаларда қатнаштирмайди. Масалан, Болгария оғир атлетикачилари кетма-кет “қўлга тушгани учун” Халқаро оғир атлетика федерацияси уларни бир неча йилга мусобақалардан четлатганди. Бошқа халқаро спорт федерациялари ҳам айнан допинг туфайли айрим давлат спортчиларига шундай чора кўришган. Мутасаддиларимиз бундан кейин ҳалол курашни умрининг мазмуни, деб билган спортчиларимизнинг айбсиз айбдор бўлиб, дунёнинг энг нуфузли мусобақаларидан маҳрум этилмаслиги учун қатъий чора-тадбирлар кўришлари керак.
Хуллас, ХОҚ тасарруфида ўтган допинг назоратларига кўра, юртимиз олимпиада медаллари ғазнасига битта бронза медали қўшилди. Аммо иккита олтин, битта кумуш ва битта бронза медаллари қайтариб олинди. Бу мутасаддиларимизга кейинги олимпиада ва нуфузли мусобақаларга борадиган спортчиларимизни қайта-қайта допинг назоратидан ўтказиш вазифасини юклайди. Аниқроғи, спортимиздаги ғирромлик касалини батамом даволаш учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаган “Ҳалоллик вакцинаси” билан спорт аҳлини ҳам эмлаш керакка ўхшайди. Шунда спортимизда ҳалол меҳнат, ҳалол рақобат, ҳалол кураш қарор топади.
Тўғри, спортчиларнинг халқимизга, давлатимизга берадиган асосий маҳсулоти — олимпиада медаллари ҳисобланади. Негаки, олимпиада медаллари сони ва салмоғига қараб, мамлакат спортига халқаро миқёсда баҳо берилади. Ғирромлик билан медаль олиб келиш эса спортимиз келажагига соя солади. Биламиз, Олимп чўққисига кўтарилиш осон эмас. Лекин деҳқон маҳсулоти — мева-сабзавотни етиштириш ҳам, рассом маҳсулоти — бадиий асарни яратиш ҳам енгил иш эмас. Улар ўз маҳсулотларини ҳалол меҳнатлари эвазига халқимизга етказиб бераяпти, бунинг учун ҳеч қайсиси мукофот ва машина таъма қилишаётгани йўқ. Юрт ўғлони ана шундай бўлади.
Чунки, деҳқон маҳсулотини етказиш учун ўз маблағини сарфлайди, бор кучи, билим ва тажрибасини сафарбар этиб, йил бўйи ҳалол меҳнат қилади. Рассом ҳам керакли бўёқ ва хомашёни ўз пулига сотиб олиб, кеча-кундуз изланади ва йиллар давомида ўз бадиий асарини яратади. Спортчининг умр йўли эса шундай — ўқувчилик даврида давлат маблағига қурилган спорт майдонларида шуғулланади, ўсмирлигида давлат маблағига бунёд этилган спорт иншоотларида давлат маош берадиган мураббийлар қўл остида маҳоратини оширади, кейин давлат маблағи эвазига ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинларида тайёргарлик кўради, сўнгра давлат маблағига мусобақаларга боради. Шундай экан, спортчи сифатида улғайиб, камолга етиб, халқимиз олдидаги вазифасини бажариши, яъни ўзининг асосий маҳсулоти олимпиада медалларини олиб келиши зарур.
Спорт одамда ватанпарварлик фазилатини тарбиялайди. Агар спортчига мукофот ва машина берилмаса медаль ололмайди, деб ўйласангиз хато қиласиз. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, мукофот бериш ҳақида эмас, спортчиларнинг ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш тўғрисида жиддий бош қотириш керак эмасмикан?! Масалан, норвегиялик спортчилар 2018 йилда бўлган Пхёнчхан қишки олимпиадасида юқори натижаларга эришса ҳам давлат томонидан мукофот берилмаслигини яхши билишарди. Лекин Норвегия спортчилари ўз ғурури, Ватан шаъни учун мусобақаларда ҳалол курашди ва Пхёнчхан олимпиадасида 14 олтин, 14 кумуш, 11 бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди.
Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр, дея бежиз айтишмаган. Биз ҳам олимпиадалар чоғида Норвегия тажрибасини қўллаб кўрайлик. Ишончим комил, юртимизда жонажон Ўзбекистонимиз олдидаги муқаддас бурчини ҳалол бажарадиган ватанпарвар спортчиларимиз кўп. Улар ҳалол курашда олимпиада медалларини олишга, Ватанимизни дунёга машҳур қилишга қодирлар. Зотан, спортчи учун Ватан шаън-шавкатини оширишдан ортиқ бахт йўқ.
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист