Мақсад аниқ, ҳаракатда ҳамоҳанглик бўлсин

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар  агентлиги, Андижон вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этган навбатдаги минтақавий конференция “Давлат тилини ривожлантириш, унинг нуфузи ва мавқеини оширишда журналист бурчи ва масъулияти” мавзуига бағишланди.

Конференциянинг кун тартиби давлат тилининг такомиллашувида бугунги кун журналисти нималарга эътибор қаратиши лозим, айниқса, телевидение, интернет сайтларида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимизнинг ўзбек тилига бўлган шахсий дахлдорлик туйғусини ошириш, бу борада адабий сўзлашув меъёрлари, луғатшунослигимиз олдида турган қатор масалаларга қаратилди. Зеро, мақсад аниқ бўлса, илгари сурган вазифаларимиз ҳам осон ечим топади.

Биз манзилга етиб бордик ва масъул вакиллар ҳамда Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган ҳамкасб-журналистлар билан Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби сари йўл олдик.

“Бу опа шу мактаб директори Шоҳистахон Нурматова бўладилар, опа бу йил давлатимиз раҳбари томонидан “Соғлом турмуш” медали билан мукофотланди”, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси Назиржон Саидов. — Шоҳистахон опа пойтахтдан меҳмонлар келишар экан деган хабарни эшитгандан бери ижод мактаби ўқувчилари фаоллар залида бизни кутиб туришганликларини айтиб, йўл бошладилар.

Киришимиз билан залда бахру байт бошланди. Ўқувчилар томонидан элимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен…”, “Мен дунёни нима қилдим, ўзинг ёруғ жаҳоним”, “Ватаним” сингари шеърлар кўтаринки руҳда ўқилди.

Очиқ суҳбат жараёни жонли кечди. Ўқувчилар ўзларининг ижодидан ҳам намуналар ўқишди.

Ижод мактабида Муҳаммад Юсуф музейи, кутубхона, замонавий жиҳозланган синф хоналари, спорт зал, фаоллар зали, ҳамда барча қулайликларга эга 80 ўринга мўлжалланган  ётоқхона, ошхона мавжуд. Мактабда 10 та фан тўгаракларидан ташқари, “Муҳаммад Юсуф издошлари”,  “Ёш қаламкашлар”, “Сухандонлар”, “Ёш драматурглар”, “Ёш мутафаккирлар” каби ижодий тўгараклар фаолият олиб бормоқда.

— Ўзбек шеъриятининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган нодир истеъдод соҳиби, Ватан куйчиси, бадиий теран, фалсафий шеърлари билан халқимиз кўнглидан чуқур жой олган Муҳаммад Юсуфнинг муносиб шогирдларини адабиётга, Ватанга садоқатли авлод қилиб тарбиялаш мактабнинг асосий мақсадларидан бири, — деди Шоҳиста Нурматова.

Бизнинг кейинги манзилимиз мамлакатимизда ягона деб аталаётган, айни кунларда Андижон давлат университети ҳудудида қурилиши давом этаётган “Андижон луғатшунослик ва таржимашунослик илмий-амалий инновацион маркази” бўлди. Бевосита конференция мавзусига алоқадор ушбу мажмуанинг келгусидаги фаолияти ҳамда ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари билан қизиқдик. Мазкур мажмуа Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган бўлиб, 2020-2023 йилларда қурилиши тугалланиши лозим экан.

Ушбу мажмуани қуришдан мақсад эса республикамиздаги олий ўқув юртлари, таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари учун чет тилидаги ўқув ва илмий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда бу жараённи автоматлаштириш учун электрон матн таржимонини яратишдир.

Бундан ташқари, марказда “Тезкор илмий хабарнома” бюллетенини нашр этиш, фундаментал ва амалий фанлар учун сунъий онг платформалари асосида электрон луғатлар, мобил иловалар, таржимон дастурлар яратиш бу жараёнга эса иқтидорли талабалар, ёш олимларни жалб қилиш, жаҳондаги етакчи таржимашунослик, луғатшунослик марказлари билан мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.

Асосий тадбир вилоятга қилган сафаримизнинг иккинчи куни Андижон давлат университетининг фаоллар залида бошланди. Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари ОАВларида фаолият олиб бораётган 30 га яқин журналистлар ҳамда университетнинг профессор-ўқитувчилари,  олимлари, ёш тадқиқотчилари иштирок этган конференция ишини уюшманинг вилоят бўлими раиси Назиржон Саидов олиб борди.

Дастлаб, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўткир Шукуров анжуман иштирокчиларини қутлади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов она тилимиз қадр-қимматини, нуфузини ошириш, илмий асосланган янги сўз ва ибораларни истеъмолга киритишда журналист масъулияти, тил меъёр ва қоидаларига риоя қилиш каби масалалар бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Президентимиз фармони билан  21 октябрь Ўзбек тили байрами, деб белгиланди ва бу йил илк марта  кенг нишонлангани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлади. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табриги ҳамда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган  вазифалар  оммавий ахборот воситалари  зиммасига катта масъулият юклашини ҳам таъкидлаб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти масъул ходими Учқун Назаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар  агентлигининг бўлим бошлиғи Маъмуржон Парпиев, филология фанлари доктори, профессор Мухтор Умархўжаевлар сўзга чиқишиб, она тилимизнинг бугуни ва эртаси борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Анжуман жуда қизғин руҳда кечди. Очиқ-ойдин фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Муҳаммаджон Обидов, Уюшманинг Фарғона вилоят бўлими раиси:

— Журналистлар нафақат она тилимизнинг софлигини асраш, балки ўзимиз ишлаётган, фаолият олиб бораётган ОАВда ҳушёрликни оширишимиз ҳам керак. Маърузаларни тинглаб ўтириб олдимда турган “Андижоннома” газетасининг янги сонига кўз югуртирдим. Мени кечирасизлар-ку, ютуқлар ўзимизники, шу қатори камчиликлар ҳам. Мана бу сарлавҳага қаранг, “Жалақудуқликлар раҳбарга ёлчидилар”. Бу нима деган гап?

Шу пайтгача ишлаб кетган ҳокимлар нима қилган унда?.. Яқиндагина тайинланган ҳоким осмонга кўтариб мақталмоқда, ҳой барака топгур, сабр қил, бирор йил ишласин, ўзини кўрсатсин, нима эмиш аҳолини хатловдан ўтказиб, футбол мусобақаси ва бошқа бир қатор ишлар қилибди. Нима бундай тадбирлар бошқа жойларда қилинмаяптими? Ёзишда ҳам эътибор, таҳлил, услуб бўлиши керак, назаримда.

Конференцияда иштирокчилар томонидан давлат тилининг нуфузи, бу борада қилинаётган ишлар, матбуот, телевидение, интернет сайтлари ҳамда радиода ўзбек адабий тили  қоидаларига тўлиқ риоя этиш лозимлиги, энг муҳими, блогерларнинг бу борадаги билим-кўникмаларини мустаҳкамлашда устоз-журналистлар, филолог олимларимиз маслаҳатлари доимо дастуриламал бўлиши таъкидланди.

Конференция якунида Наманган, Фарғона, Андижон ОАВ нинг бир гуруҳ фаол, ташаббускор вакиллари уюшма томонидан тақдирланди ҳамда 80 нафарга яқин журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг янги намунадаги гувоҳномаси ва кўкрак нишонлари топширилди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + eight =