Қалб бедорлиги Буюк Уйғонишга олиб боради
Кейинги пайтларда, асосан, халқаро можаролар, космосга парвоз, буюк қурилишлар, шов-шувли воқеалар ҳақида кўпроқ гапирилиб, замондошларимиз: одам (физиологик мавжудлик сифатида) ва инсон (ижтимоий мавжудлик сифатида) тўғрисида кам фикр юритиладиган бўлиб қолди. Ҳисоботлар, мақолалар ғиж-ғиж рақамлар билан тўла, уларда одам меҳнатининг симфонияси, инсон ички кечинмаларининг туғёнлари деярли учрамайди. Аслида, астрономлар ер ўз ўқи атрофида айланади, дейдилар. Файласуфлар эса ер инсон атрофида айланади, яъни инсон коинот гултожи, дейдилар. Албатта, биринчи қараш соф илмийликка асосланган бўлиб, дунёни мантиқий тафаккур орқали тушунишга йўл очади, иккинчи мушоҳада эса афкор омманинг ҳар бир аъзосини шу қавм (одам, инсон) вакили сифатида борлиқни образли тафаккур билан идрок этишга ундайди. Биринчи йўлдан борган олимлар ва ҳакимлар моддий оламнинг минг турли ўзгаришларининг ички қонуниятларини кашф этдилар ва оқибатда инсон коинотга парвоз қилди, бошқа оламшумул кашфиётлар юзага келди. Иккинчи йўлдан борганларга майдон яна ҳам кенг эди, негаки, тафаккур забт эта олмаган кенгликларни хаёл кашф этиш қудратига эга эди. Шунинг учун баъзан илм ожизлик қилган ўринларда хаёлга, фантазияга мурожаат қилинади. Хаёл эса ер куррасини кафтимизда бир дона анор каби намоён этиш қудратига эга.
Ернинг яралиши ва унинг Галактикада намоён бўлиши миллиард йиллар билан ўлчанади. Биз буюк Хаёл қудрати билан бу миқдорни инкишоф эта оламиз ва айтмоқчи бўлган фикримизни шу ўлчамда акс эттирсак, моҳият ёрқинроқ намоён бўлади, деган тўхтамга келдик. Шундай қилиб, энг одми йўлдан бориб, Замон – Макон – Инсон учлигини назарда тутиб мулоҳаза юритсак, дастлаб ҳали хаёл ҳам қамраб олишга ожиз, яралиши олдида Қуёш ҳам анча “ёш” бўлиб қоладиган Вақт (замон; ҳозирча бўшлиқ ҳолатида) мавжуд эди. У “бордан йўқ бўлмайди, йўқдан бор бўлмайди”, бу ҳикмат абадий мавжуд, қолаверса, у абадийликнинг айнан ўзи. Барча жараёнлар унда кечади, яшайди — йўқ бўлади, қайтадан дунёга келади. Ҳали унинг қонуниятлари, қолаверса, мавжудлик ҳадди ва чегаралари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳам йўқ. Ер одами қўлга киритган илмлар бошқа Галактикалар ҳам борлигини фараз қилаяпти, холос.
Ана шу мангу борлиқда бошқа сайёралар қатори Ер (макон) ҳам яралди ва Вақт (замон) ҳудудида жой олди. Маълумки, ерда ҳаёт бирданига пайдо бўлмаган, бунинг учун эҳтимол миллион йиллар керак бўлган. Шу икки мавжудлик (замон, макон)нинг ҳаракат қонуниятлари, қолаверса, яшаб қолиш қистови учинчи унсур (инсон)ни ҳам талаб қилганки, бу Инсон ҳазрати олийларидир. Инсон ўз ўрнида Вақтнинг ҳам, Маконнинг ҳам “эркатойи”га айланди, чунки унинг пайдо бўлиши билан ер (табиат) ва вақт (борлиқ) ўртасида алоқа вужудга келди.
Энди бевосита Инсон жаноби олийларига қайтамиз ҳамда бугун юртимизда улуғ ва соф ният билан тилга олинган ҳамда амал қила бошлаган Уйғониш (Ренессанс) жараёнида, умуман, ижтимоий тараққиёт жабҳасида бу қудратнинг табиати қандай бўлганлиги (гарчи ҳамма гаплар айтилган бўлса-да; Ҳадисларда баъзи ҳақиқатларни ҳар куни қайта-қайта такрорлаш ва эсга олиш фойдадан холи эмаслиги таъкидланган экан) юзасидан фикрлашамиз. Агар инсоннинг яралиши ҳақидаги мифларга қулоқ тутадиган бўлсак, Буюк Яратувчи Уни Ернинг хожаси сифатида дунёга келтираман, деганида мўътабар фаришталарнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлаган бўлса-да, бу фикрга қарши турганлари ҳам бўлган ва шунда Оламлар сарвари “Бу хилқатимни тафаккур билан бошқараман”, деб жавоб берган. Шунда ҳам қарши тараф ўз фикридан қайтмаган. Мана шу нозик нуқтадаги зариф маънога урғу берилса, “олам хожаси”ни — инсонни фақат тафаккур (бу ўринда кенг маънода: маданият, маърифат, илм-билим ва ниҳоят, мафкура) билан бошқариш мумкинлиги аниқ ҳақиқат бўлиб қолади ва шундай бўлиши Буюк васият ва йўл-йўриқ эканини англаш қийин эмас. Истисно ҳолатлар — айнан фикр қуроли ишлатилмаганда ёки тафаккурдан узоқлашганда инсон бошқариб бўлмайдиган ваҳший махлуққа айланиб қолишини кекса дунё тажрибаси кўп бора тасдиқлайди.
Аслида ҳам салтанатлар тарихида инсон қалби учун кураш асосий муҳораба майдони бўлиб келган. Негаки, буюк қудрат ва истеъдод соҳиби инсон фаолиятида кечадиган жами хатти-ҳаракатлар қалб амри билан юзага келади; агар у ўзини-ўзи бошқарадиган даражада руҳоний қудратга эга бўлмаса, уни ҳеч қандай ташқи куч идора қила олмайди. Одам қўрқув ёки манфаат тазйиқида зоҳиран таклиф қилинган ҳақиқатни тўтиқушдек такрорлаб туриши мумкин (масалан, хожасига садоқатини ҳар лаҳзада тилида айлантирар), бироқ ботинида, яъни қалбида шу ҳақиқатни тан олмаса, барибир, қалб амрига бўйсунади, тан олинмаган нафратини, албатта, изҳор этади. “Қалб” сўзининг маънодош шакллари кўп: кўнгил, дил, юрак… Аммо айнан қалб тушунчасида энг баланд рутба муҳрланган (унинг марказ, ўрта каби маънолари ҳам бор). Қалбни инсон вужудида Оллоҳнинг маскани, деб тақдим этишади (яъни, Оллоҳ ҳар бир бандасида яшайди, ҳар бир одамда унинг улгуси бор ва ўша мавжудлик жойи қалбдир). Баъзи мутафаккирлар қалбни худди юрак ёки ўпка сингари мавжуд узв ҳам дейишади. У вужуднинг маълум қисмида кичкина халта шаклида бўлар экан ва қоп-қора қон билан тўлиб турар экан. Агар одам ножоиз ишларга ружу қўйса, қон ранги оқариб (бу унинг қалбининг ўлгани аломати) бораверар экан. Худди шу ўринда қалб шифоси ҳам, қалбни забт этувчи йўл ҳам фақат тафаккур орқали амалга ошишини ошиғич таъкидлаб қўйишга мажбуриятлимиз.
Бу мулоҳазаларга Президентимизнинг жорий йил Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Ҳаммамиз тушунамиз, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш … учун, аввало, юзлаб-минглаб истеъдодли кадрлар, фидойи шахслар керак”, деган сўзлари туртки бўлди. Дарҳақиқат, ҳар қандай ишнинг, ташаббуснинг оқибати кадрлар (бу ўринда маълум мақсадга йўналтирилган хизматчилар)га боғлиқ. Сир эмас, юртимиз истеъдодлар ватани, бу ҳақиқатни тарих ҳам, бугунги кун ҳам тасдиқлайди. Агар ана шу чўнг ҳақиқатни айни пайтда дадил ўртага ташланган Ренессанс ғояси билан бақамти қўйиб, мулоҳаза юритилса, ўйлаб кўрадиган кўплаб масалалар юзага чиқади. Ахир буюк мақсадга етишиш учун буюк азму шижоат ҳам керак-да! Ана шу азму шижоат кадрлар, яъни Ватанимиз фарзандларининг ғайрати, саъй-ҳаракати билан юзага чиқади. Бу ҳол ҳам очиқ эътироф этилган: “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади”. Албатта, нима қилиш лозимлиги, қандай юмушларни амалга ошириш соҳа кишиларига яхши маълум, бу ўринда ҳеч ким ақл ўргатишни мақсад қилаётгани ҳам йўқ, муддао аслида битта: Ренессанс ғояси бутунлай бўш жойда пайдо бўлмаганлигини ва уни юзага чиқаришда асослар мавжудлигини таъкидлаш, шу мақсад йўлида тарих тажрибасидан самарали фойдаланиш заруратини бўрттириб кўрсатишдир. Зеро, икки марта дунёни ҳайратга солган юртимиз учинчи марта ҳам тамаддун осмонида порлашга қодир.
Шу ўринда “Ренессанс” тушунчасида мужассамлашган маъноларни бир қур эсга олиш ва бугунги кунда унга мурожаат этиш зарурати нимадан пайдо бўлгани юзасидан шахсий мулоҳазаларни баён этишга ўрин бор, деб ўйлайман. Аввало, Президентимиз ўз нутқида Ренессанс масаласини “стратегик вазифа сифатида” амалга киритилганини ва уни “миллий ғоя даражасига” кўтарилаётганини алоҳида таъкидлади. Демак, бу тушунча қандайдир моддий борлиқни ифодаламайди, яъни улкан тоғ ёки янгидан барпо этиладиган маҳобатли иморат эмас, балки тафаккурдаги, фикрдаги ва албатта, амалиётдаги эврилишдир (худди буюк китобимиз “Авесто”да таъкидланганидек, “Эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ният”). Табиатимизда бундай олижанобликка ўрин бор. Халқимиз “Ниятни холис қилинг, мақсадни баланд олинг”, деган панд-насиҳатларни кўп ва ҳар доим такрорлайди. Яна дилга қувват берадиган томони — тарихимизда рўй берган икки Буюк кўтарилиш бу ҳаракатга таг-замин бўлади.
Маълум бўладики, Ренессанс — уйғониш мудроқлик, ҳафсаласизлик ва бошқа лоқайдликлардан воз кечиш, борлиққа уйғонган, ҳушёр тортган одам назари билан қараш, шунингдек, ҳар бир воқеликни, унсурни тийрак нигоҳ билан баҳолаш ва албатта, ҳаракат — амални ҳам ўзгартириш дегани. Шундай тасаввур қилишимиз керакки, Ренессанс — Уйғониш деган сўзлар тилга олиндими, айниқса, бу миссияни давлат раҳбари бажардими, демак, ўша лаҳзадан ренессанс — уйғониш бошланди. Энди жами саъй-ҳаракатларимиз, амалларимиз, фикр-хаёлимиз ана шу мезон билан ўлчанади. Менинг назаримда, Ренессанс тушунчаси қандайдир бурчакли, статик, барқарор турадиган моддий унсур эмас, аксинча, доимо ҳаракатдаги, ғилдираксимон тушунча (худди “тарих ғилдираги”, “тараққиёт ғилдираги” дегандек). Ренессансни бу ҳолатда тасаввур қилишнинг ўзи мазкур жараён тинимсиз ҳаракатни тақозо этишини ҳам тасдиқлайди. Масаланинг битта истисно томони — бу ғилдирак нуқул жойида айланадиган эмас, фақат олға ҳаракат қиладиган бўлиши шарт. Зеро, олға ҳаракатгина моҳиятни ифодалайди.
Бундай эзгу ният яқин тарихимизда бўлгани эътиборли далил. Бу ҳақда ўйлаганда, кўз олдимизга атрофга нажот истаб жовдираб қараётган жадид боболаримизнинг умидвор нигоҳлари келади. Эҳ, улар нималарни орзу қилмаганди, қандай саъй-ҳаракатларни бошламаганди?! Давлатимиз раҳбари амалга оширилажак эзгу ишларда жадидлар, умуман, яқин тарихимизда ўтган илғор кишиларнинг ғояларини таянч дастуриламал қилиб олишни қайта-қайта таъкидлаяптики, бу ҳол ҳам тарихий адолатнинг тикланиши, ҳам бемаврид хазон бўлган орзуларнинг янгидан япроқ ёзишига фатводир. Қолаверса, бу борадаги саъй-ҳаракатларга ўша кунлар ғайратини вобаста қилиш, уларнинг азму шижоатини мустақил юрт бағридан туриб давом эттириш ҳам меросимизга муҳаббат, ҳам авлодлар давомийлигининг рамзи бўларди.
Алалхусус, Ренессанс умуммиллий ғоя даражасига кўтарилса, у турли табақалар ва қарашдаги ватандошларимизни бирлаштириш қудратига ҳам эга бўлади. Ахир ҳар қандай мақсадга бирлашгандагина тўла эришиш мумкинлиги, бирлашиш орқалигина юксак марраларни эгаллаш мумкинлиги исботланган ҳақиқат. Бирлашиш олға ҳаракатни таъминлар экан, олға юриш учун ҳамма бир томонга қараши (худди намоз пайти жами муслимлар қиблага юз бургандек) талаб этилади. Ҳамма манзилни бир тарафга қараб олса, саф олға силжийди. Бу ўринда Ренессанс ғоясини ана шундай барчанинг нигоҳини бир тарафга қаратадиган ва илгари чорлайдиган маёқ ўрнида тасаввур қилиш мумкин.
Жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлиши ҳам кучларнинг бирлашуви маҳсули эди. “Бир ёмоннинг бир яхшиси” деганларидек, Чор босқинининг бошланиши билан учга бўлиниб ётган чегаралар очилди, зулм қиличи остида қон қақшаган хонлик ва амирликлар ўзаро ички аразлардан воз кечиб, имкониятларни ягона душманга қарши йўналтириш заруратини сездилар. Ана шу ҳаракатнинг бошида турган илғор зиёлилар “жадидлар”, яъни янгича қарашдаги кишилар номини олди. Уларнинг мақсади хурофот ва бидъатга ўралган эски тартибларни синдириб, дунёда кечаётган жараёнларга ҳамоҳанг янгиликларни ижтимоий ҳаётга олиб кириш эди. Айни ўша кунлар ҳақида бирмунча аниқ ва холис тасаввур уйғотишга ёрдам берадиган Наливкиннинг “Тубжойлилар: олдин ва ҳозир” китобида ХХ аср бошида Ўрта Осиёда юзага келган биқиқ ва мазлум ҳаёт тарзи юзасидан далиллар келтирилган. Маҳаллий амалдорлар, мутаассиб дин пешволари аҳолини оғир балоларга гирифтор қилган, зулм ҳаддидан ошган, дард устига чипқон дегандек, Чор истибдоди ҳам халқнинг силласини қуритган шароитда ҳамма нажот истарди. Шундай вазиятда жадидларнинг пайдо бўлиши зулмат қўйнидаги момақалдироқдек таъсир қилган. Улар қарийб икки ўн йилликдаги саъй-ҳаракати билан кўп нарсаларга эришганди.
Қизилларнинг пайдо бўлиши билан эрк истагидаги ҳар қандай ҳаракатларга чек қўйилди. Шўро тартиблари ўз моҳияти билан чоризм истибдодидан ҳам қонхўрроқ чиқади; унинг тазйиқи билан илғор қарашлар барбод бўлди, жадидлар ҳам, уларнинг издошлари ҳам шафқатсиз жазоланди. Шундай қилиб, бошланган тўлқин соҳилга етмай, пўртаналар қаърида маҳв бўлди. Шукроналар бўлсинки, худди қишда уяларини тарк этан қушлар яна баҳорда масканларига қайтгани каби, пўртаналар босилиб, озод тўлқинлар қирғоққа шошгани каби, юксак олижаноб мақсадлар билан яшаётган юртимизда ўша кунлар шукуҳи пайдо бўлди. Бугунги авлод боболар қўлидан тушган туғни маҳкам тутиб, ойдин манзиллар сари боришга жаҳд қилди. Шубҳасиз, Учинчи Ренессанс тўлқини ўтган асрларда шу орзу билан яшаган боболар амалидан куч олади, ўша ҳаракатнинг мантиқий давоми бўлади. Мустақил ва озод юртимизда бунинг учун барча имкониятлар муҳайё. Зеро, тарихий тафаккур илдизи қанчалик чуқур бўлса, ҳаққа шунча яқинлашилади, ҳақ ва ботилни шунча тез ва аниқ ажрата олиш мумкин бўлади.
Жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг кейинги авлодларга қолдирган васиятидан сўнггиси “Болаларни мактабга беринг!” деган қатъий талаб бўлган. Зеро, мактаб — маърифат маскани, тафаккур парвоз оладиган даргоҳ. Ахир дунёнинг ўзгариши, аслида, тафаккурнинг ўзгариши эмасми? Юқорида таъкидланган Уч буюк бирликда Замон абадийлик сингари боқий ва сирлилигича қолаверади, Макон эса тоғ ва дарёлар, бошқа моддий мавжудликлар шаклида собит тураверади. Инсон эса авлодлар алмашгани сингари муттасил ўзгаришлар доирасида яшайди. У буюк янгиликлар ижодкори, аммо истисно тариқасида ҳолат шуки, одам физиологик мавжудот сифатида яралгандан бери икки қўл-оёқ, ўша кўз-қулоқ билан ўзгармасдир, фақат унинг тафаккури ўзгарган ва мана шу ўзгариш борлиқда ҳам улкан янгиликларни юзага келтирган. Ҳаммасининг фикрдан бошланиши, руҳониятдан бошланишининг мантиғи шу. Демак, инсоннинг фикри ўзгарса, янгиланса, уйғонса, у яратиш, бунёд қилишга қодир бўлади. Юртимизда кечаётган учинчи Ренессанснинг асоси ҳам шу: қалбни уйғотиш билан тафаккурни янгилаш ва шу орқали Ватанимиз салоҳиятини намойиш этиш.
Ҳаким САТТОРИЙ
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган давлат гранти “Инсон манфаати — тараққиёт пойдевори” лойиҳаси асосида чоп этилмоқда. (С/1)