«Одамларга керак бўлсанг — бахт» ёки нима учун туман Кенгаши депутати “каттароқ лавозим”ни рад этди?

Соатмўминнинг болалик йилларини эсласам, негадир хаёлимга рус шоири Сергей Есениннинг: “Гўдакликда маълум ҳар одам, Бола бошдан деган гап тўғри”, деган сатрлари келаверади.

Оқ-сарғишдан келган келишган бола эди у. Жимгина юрар, ҳатто бирон шўхлик ҳам қилмас, айниқса, мактабдаги дарсларда одоб билан қатнашар, ўқитувчилари ҳам уни ўқувчиларга намуна қилиб мақташарди. Аммо у доскага чиққанида, гўёки илҳоми жўшган шоирга ўхшаб, ҳеч тутилмай сўзларди.

Соатмўмин болалик йиллари ҳақида эсларкан, гапини мактабда ўқиётганида бир гал адабиёт ўқитувчиси Матлуба опа синфга ўзгача қувонч билан кириб келганидан бошлади. Унинг кўзларида бамисли юлдуз порлаганди ўшанда. Қўлидаги китоб-дафтарларини стол устига қўяр экан, ўқувчилар билан саломлашгач, шундай деган:

— Ҳурматли ўқувчилар, бугун сизлар синфдошингиз Соатмўмин Жумаевни чин юракдан табрикласангиз бўлади.

У шундай дея қўлидаги газетани ўқувчиларга кўрсатаркан:

— Чунки бугун туманимиз газетаси “Олтинсой тонги”да Соатмўминнинг шеъри чиқибди. Жуда яхши, жуда чиройли шеър. Буни қарангки, шундай шеър ёзиш санъати бўлса-да, бу ўқувчим менга ҳам айтмабди, ҳатто мен ҳам бехабар эканман. Ҳозир шу шеърни сизларга ўқиб бераман:

Энажоним, эна юрт,

Қаддинг кўтар, қаддинг тут.

Сен ичмаган оғу йўқ,

Сен чекмаган қайғу йўқ.

У кунлар захмин унут,

Энажоним, эна юрт…

Ана ўшанда синфдошларининг юзи қизилланиб ўтирган Соатмўминга бир бошқача ҳавас, меҳр билан қарашларини бир кўрсангиз эди.

Ўқитувчи шу куни адабиёт дарсини унутди. Зеро, унинг бугун айтаётганлари, ўтган дарсларининг зўри, мафтункори, самараси эди.

Матлуба Ғаффорова сўзида яна давом этиб:

— Ўқувчилар, бизнинг Мўминқул қишлоғи ижодкорлар юрти, шоирлар қишлоғи, деса бўлади. Шоирлар Қўчқор Норқобил, Абди Парда, Тожинисо Эшонқулова, Ботир Дониёров, Олия Ортиқова, Сайфулло Тоғайлар шу қишлоқ фарзандлари бўлиб, улар ҳам мана шу сизлар ўқиётган мактабда ўқишган.

Буни қарангки, Соатмўмин ўқитувчисининг ўшанда айтган ишонч тўла гапларини бугун оқлаяпти. У 15 та катта-кичик назмий ва насрий китоблар муаллифи.

* * *

Ижодкорларга ҳаваси ва меҳри зўр бўлган Холбой Жумаев “Эна юрт” шеъридан сўнг ўғли Соатмўминни меҳрланиб “Шоир ўғлим”, деб чақирадиган бўлди. Ота бу сўзни ғоят бўлакча, ҳаяжон билан оғиз тўлдириб айтарди. Шунда дили, димоғи яйраб кетарди. Аммо бир воқеа кун сайин меҳрланиб, ловуллаб бораётган олов устига кутилмаганда бир челак совуқ сувни сепиб юборгандай бўлди.

Ўша куни Холбой фермер одатдагидек эрталабдан ҳовлилари этагидаги токзорга ўтиш ниятида эшик очса, эшик тагида сутранг “Нексия” автомашинаси турибди.

Машинадан қадрдон дўсти Акбархон эшон тушаётир. Қўлида қандайдир газета. Аммо юзи одатдагидан кўра тунд кўринади. Фермер уни биринчи бор шундай аҳволда кўриши эди.

Уй эгасининг “Келинг-э, ошна. Аллағайтиб бир йўқлай дебсиз-да”, деган мулозаматларидан ҳам унинг чеҳраси ёришмади.

— Тинчликми, кайфиятингиз анча чатоқ кўринади?

— Тинчлик эмас-да…

— Нима бўлди?

— Буни ёзувчи улингиз Соатмўминдан сўранг. У мени шарманда қилди, эл ичида юрувсиз қилди. Ҳали газетадаги манови фельетонни ўқимаган кўринасиз.

Холбой фермер минг бир хавотирда газетани қўлга олди. Салкам ярим саҳифалик жойда “Беэга бозор” деган шапалоқдай мақола турарди.

Воқеани фаҳмлаган фермер баланд овозда ҳовлига қараб бақирди.

— Шоир, ҳо шоир, дейман.

Ҳовлида Соатмўмин кўринди.

— Бу нима қилиқ? Лўлидан баттар бўпсан-ку. Биласанми, лўли ҳам ўз гузарига тош отмайди!

— Ассалому алайкум. Амаки, мол бозори ёмон аҳволда. Оддий тарозига одамлар талаш. Бундан ҳам ёмони мол бозорида чек берилмайди. Ҳалиям раис бобонинг сизга ошна эканлигини ўйладим. Бўлмаса…

Холбой фермер тутақиб кетди:

— Кет, нари кет, деяпман. Нима бало, сен ўзи эсингни еб қўйдингми? Бугундан бошлаб шоир-поирлигингни йиғиштирасан. Ундай зўр бўлсанг, менинг даламга чиқиб ўт юл, кетмон чоп.

* * *

Шундан сўнг у бир умр трактор ҳайдаб, беш олти йилдан бери фермерлик нонини еб келаётган отасининг гапларида бир ҳикмат сезди. Яхшиларни ёзадиган бўлди. Денов туманидаги 1-мактаб ва унинг фидойи директори Хосият Қораева ҳақида эшитдию, оромини йўқотди. 2004 йилнинг март ойида уни излаб Юрчи қўрғонига борди. Мактаб ҳовлисига кириши билан турли гулларга тўла боғ бағрида қолди. Ҳовли тугул, мактаб ичкарисида ҳам ранго-ранг гуллар, улар барқ уриб, очилиб ётибди. Катта-катта деразалар тахида гул. Йўлакларда гул. Бунинг устига, йўлакларга ҳам гулдай қирмизи гиламлар тўшалган.

Ходима уни эшик тепасига “Директор” деб ёзиб қўйилган хонага бошлаб борди. Директорни кўрдию, ҳайратлари тўфонлади. “Наҳотки, шу масканга шу одмигина кийинган, соддагина аёл раҳбар бўлса”, ўйлади у. У шу куни кечгача мактабда қолди. Синфларга кирди. Фан кабинетларини кузатди. Барчаси ўзгача, бариси ҳайратланарли. Айниқса, 8-март Халқаро хотин-қизлар куни байрамига бағишланган тантанада қатнашиши унинг дилини яйратди. Директор ёнида ўтириб, ўқувчилар ўқиётган шеърларни эшитиб, кўнгли илҳомланди.

Таассуротларининг бари-барисини у ўзининг “Саидага ўхшатдим” очеркига тўкди. Очеркда муаллиф мактаб директорида Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур қиссаси “Синчалак”даги Саидага ўхшаш ҳайрат ва фидойилик топа олганди. “Жануб вақти” вилоят газетасида чиққан бу очерк яқин орада Сурхондарё вилоятидаги матбуот нашрларида эълон қилинган очеркларнинг энг яхшиси, бадиий пишиқ ва пухтаси деб баҳоланди. Таҳририятнинг мукофотини олди.

* * *

Соатмўминда яхши бир одат бор. У ота-она маслаҳатисиз бирор ишга қўл урмайди — ҳадди сиғмайди.

2007 йилнинг куз ойи, у “Адолат” газетасининг Сурхондарё вилояти бўйича мухбири сифатида фаолият юритар эди. У отаси олдида одоб билан ўтирди.

— Ота, агар йўқ демасангиз тўй қиламан, “Китоб тўйи” қиламан.

Холбой фермер ўғлига ҳайрон тикилди:

— Китоб тўйи дейсанми? “Суннат тўй”, “қиз тўй”, “уй тўй” деган гапларни эшитгандим. Аммо “китоб тўйи” деган гапни эшитмабман.

— Бугун устозим Жўра Қодиров биринчи китоби “Умр тўфонлари”га тўй қилди. Зўр тўй бўлди. Термиздан машина-машина бўлиб, меҳмонлар келди. Уларнинг кўпи шоир ва журналистлар. Даврани шоир Шафоат Раҳматулла Термизий бошқарди.

— Ундай бўлса тўй қил. Ҳавасларингнинг завқини сур.

Шундай қилиб Соатмўмин Жумаев биринчи китоби — “Вахшивор этакларида”га тўй берди. Тўйдан унинг қалби қонди. Вилоят газетасининг кўп ходимлари меҳмон бўлиб келди. Айниқса, Тошкентдан таниқли шоирларнинг ташриф буюриши уни беҳад шодлантириб юборди.

* * *

Ўтган йилнинг охирги куни эди. Ҳамма хонадонлар Янги йил байрами ҳаяжони нафасида эди.

Эрталаб у кутилмаганда устози Жўра Қодировнинг уйига кириб келди.

Қизғин салом-аликдан сўнг деди:

— Устоз, кийининг, иш бор.

Ҳамиша яхши ишлар ташвишида юрадиган Соатмўмин яна бир хайрли юмушни бошлаган эди.

— Тинчликми? Топишмоқламай дангал айтаверсанг-чи, — деди Жўра ака.

— Тинчлик. Байрам муносабати билан маҳалладаги беш-олти хонадонга кириб чиқсак, ҳамроҳ бўлсангиз. Қариялардан, касалманди бор оилалардан ҳол сўрасак деган ниятда эдим. Шу муносабат билан совға-салом тайёрлаганман.

— Зўр гап. Ақлингдан айланай, — деди устози қувонганидан. — Дунёнинг зийнати, ободлиги савобда, савоб ишда.

Улар энг аввал 92 ёшли Пўлат Шаймановнинг уй эшигини очишди. Пўлат бобо Шаймановнинг дуосини олишди.

Сўнг кўп йиллардан бери оғир хасталик туфайли тўшакланиб қолган йигит Ҳасан Ибрагимовнинг ҳовлисига рўпара бўлишди. Эътибордан кўнгли тоғдай кўтарилган йигит дуога қўл очди:

— Укам, болалар олиб келган газеталардан ўқиб, сендан мағрурланиб ётаман. Тошкентдай жойда кўп ишладинг. Турли марказий нашрларда мухбир бўлдинг. Ҳозир “Ҳуқуқ пресс” журнали ва “Тараққиёт ва стратегия” газетасининг бош муҳарририсан. Омон бўл. Омадингни берсин.

* * *

34 ёшли йигитнинг эл-юртда юксак обрў-эътибор тўплаётганига одамнинг ҳаваси келади. Соатмўмин ўтган йилги сайловда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Олтинсой туман Кенгаши депутатлигига 19-“Мўминқул” сайлов округидан номзодини қўйди.

Бу хабарни эшитган отаси Холбой Жумаевнинг яна пайтавасига қурт тушгандай бўлди. Тезлик билан ўғлини ҳузурига чақиртирди.

— Нега бунча беўйлов, ўзбошимча бўлиб кетаяпсан-а? Ё озроқ обрў-эътиборинг ҳам кўплик қилаяптими? Шу округдан сендан бошқа номзодини қўйганлар билан ҳазиллашма. Уларнинг ҳаммаси пулдор, мансабдор, оғайиндор одамлар. Тағин энг ёши сенсан шуларнинг ичида. Бир ўйлаб кўрдингми шуларни?

— Ота, — деди Соатмўмин ҳамишагидек одоб билан. — Биламан, уларнинг ҳаммаси зўр. Узр, шу ишни мен Сиздан илк бор сўрамадим. Бу менинг ҳаётдаги биринчи айбим, чунки розилик бермасдингиз. Уларнинг ҳаммаси дадил одамлар. Мен ҳам бир омадимни синаб кўрсам, нима қилипти. Бирови ҳокимга муовин, бирови эшон бўлса, ўз йўлига.

Хўш, сайлов нима бўлди дейсизми? Ёш йигитнинг элдошларига ишонганича бор экан. Бошқа номзодларга қараганда икки уч ҳисса кўп овоз олиб ғолиб бўлди! Эл дарди, юрт ташвиши билан яшаётган ёш депутат шитоб билан ишга киришди.

19-сайлов округи ҳудудида 1200дан ошиқ оила бор. Депутат Соатмўмин Жумаев ўтган ярим йилликда 30 марта сайловчилари билан учрашув ўтказди. Учрашувларда сайловчилар томонидан билдирилган муаммоларни бартараф этиш йўлида ўзига чора-тадбирларни белгилаб олди. Дастлаб, у “Мўминқул”, “Обшир” маҳаллаларидан 100 нафардан ошиқ фуқароларга кредит олишда кўмаклашди. 20 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларини бепул тарқатилишига бош-қош бўлди. “Обшир” маҳалласида 3 километр йўлга шағалли тош тўктирди. Қишлоқ қабристонига олиб борадиган йўл 36 машина шағал тош тўкилгач, равон йўлга айланди. Депутат ташаббуси билан 40 нафар кекса Термиз шаҳрига саёҳатга ҳам бориб келишди. Коронавирус пандемиясига қарши кураш мақсадида 150 хонадонга 43 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Муҳими, 19-“Мўминқул” сайлов округидаги аҳоли бугун депутатидан мамнун. Улар қувончини яширолмай, биз сайловда кимга овоз беришни энди ўргандик, дейишмоқда.

* * *

Бугунги кунда туман кенгаши депутати сифатида ўзининг сайловолди дастурларига монанд турли ташаббусларнинг бошида турган қаҳрамонимиз, тумандаги турли хайрли ишларнинг марказида бўлди. Туман ҳокими Алишер Жумаев билан суҳбатлашганимизда, С.Жумаев ҳақида у шундай деди:

— Соатмўмин Жумаев туманимизда ўз фикрларини дадил айта оладиган, халқимизни қийнаб келаётган муаммоларни рўй-рост гапирадиган, энг муҳими, аҳолининг маънавиятини, маърифатини юксалтиришда амалий ёрдамни қоғозда эмас, балки фидойи меҳнати билан бажараётган ёш ноибларимиздан бири. Унинг ишларидан барчамиз мамнунмиз. У тумандаги оқсоқ соҳаларни оёққа турғазишда муаммоларни кўра оладиган ва ўз ёрдамини аямайдиган мард ва ғайратли депутат ҳисобланади.

Айниқса, маҳаллаларни обод қилишда олиб бораётган ишларини алоҳида таъкидлаш зарур. Иккита маҳалла фуқаролар йиғини идорасини қуриб, шинам гузарга айлантирилишида, “Обшир” қишлоғидаги 21-сонли мактабда замонавий синфхона ва қоровулхонани барпо этилишида чинакам жонбозлик кўрсатди. Биз бундай саховатли юртдошларимиз борлигидан фахрланамиз.

* * *

Ўша куни сайловнинг эртаси эди. Кутилмаганда уларнинг уйига чошгоҳ чоғи Солия Ортиқова кириб келди. Соатмўминда муваффақият ҳарорати деярли сезилмас, ҳамишагидек эди. Бундан туман ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари Солия Ортиқованинг ҳайрати ошди. Бу ҳайратини эса ўғли тенги йигитдан яширолмади.

— Қойил-е, чиндан ҳам қойил! Ҳеч нарса кўрмагандайсан-а? Сенинг ўрнингда туманнинг уч довруқли одамини сайловда доғда қолдириб, ғолиблик шоҳсупасига бемалолгина кўтарилиб олган одам шундай пайтлар уйида тўй қилиб ётган бўлармиди. Сайловда мен тугул шу атрофда донгдор бўлган эшонга ҳам ўхшатиб “чил” бердинг-а? Қаҳрамонлик қилиб тан олай: мен озроқ уялгандай, изза бўлгандай бўлдим. Чунки оз эмас, кўп эмас мендан қарийб уч ҳисса кўп овоз олдинг-а! Табриклайман, чин дилдан табриклайман.

— Устоз, шундай бўлибди. Ўзим Тошкентда эдим. Ҳалигина келдим. Эшитиб, тўғриси қувондим.

Соатмўминнинг ҳовли эшиги кўнглидай ҳамиша очиқ, ҳамма бемалол кириб келаверади.

— Бу нима туриш, домла. Ичкарига киринг.

Туман ҳокими ўринбосарининг шу тобда мактабда математикадан дарс берган собиқ ўқувчиси билан суҳбатлашиш иштиёқи бор эди. Одати бўйича уй соҳиби, камтарлик билан кулимсираб жимгина ўтирар, меҳмон эса чиройи очилиб гурунг берар эди:

— Ўзи шундай олижаноб йигит бўлишингни, ўқитувчилик йилларимдаёқ пайқардим. Синфда ташаббускор эдинг, қаердаги йўқ нарсаларни бошлаб, қўзғаб юрардинг. Республикада ҳам газета, ҳам журнал чиқариш осонмас. Энг муҳими, шу журнал, газета орқали эл-юртга жуда катта нафинг тегаётир.

— Раҳмат опа, раҳмат.

— Ўтган йилги тумандаги бир йиғилишдан роса қувондим. Буни ўзингга ҳам айтгандим, шекилли. “Тараққиёт ва стратегия” газетангда туман халқ таълими бўлими мудирини “Ойдан тушган мудир” дея боплаб, лекин ҳақчил танқид қилдинг. Шу мақолани вилоятимизнинг собиқ ҳокими Эркинжон Турдимов туманимиздаги катта бир йиғилишда мудирга пеш қилиб:

— Сизнинг афту башарангизни шу мақоладан англаб олдим. Ишни тузатсангиз тузатасиз, бўлмаса сиз билан хайрлашишга тўғри келади, — деганди.

— Домла, шу мақоладан кейин Эркин ака Турдимов мени ҳам йўқлаганди, ҳатто табриклади. “Газетангизда шундай мақолаларни кўпайтиринг”, деди.

Соатмўминнинг севикли умр йўлдоши Нигора Турдиева чой келтириб, ширингина дастурхон тузади. Қизғин суҳбат эса давом этди.

— Соат, Соатжон, — дея меҳр ила давом этди ҳоким ўринбосари. — Юрагинг катта, қўрқмас жасур йигитсан. Буни хо-ов ўша “Беэга бозор” фельетонингдаёқ сезганман. Шу феълинга содиқ қолиб, кўпдан-кўп ишларни қилдинг, қилаяпсан. Шу сайловда ҳатто ўзимизнинг туман ҳокимлигини ҳам аяб ўтирмадинг…

Ҳа, ёш ижодкор, тиниб-тинчимас инсон, халқ депутатлари Олтинсой туман Кенгаши депутати Соатмўмин Жумаев бугун ўз ҳамқишлоқлари, тумандагиларнинг катта-кичик муаммолари билан банд. У ана шу йўлда баъзан кимларгадир ёмон кўриниб, талашиб-тортишиб депутатлик сўровларини йўлламоқда, туман сессияларида сўз олиб бор камчилигу муаммоларни мутасаддиларнинг олдига кўндаланг қўймоқда.

— Бир неча бор вилоятимиз ҳокими Тўра Абдиевич Боболовнинг қабулида бўлдим. У киши гапларимни, конкрет таклифларимни эшитиб: “Раҳмат сизга, менга сиздек интилувчан, ишлайдиган одамлар керак. Хўп десангиз, Сизни вилоятдаги бирор каттароқ вазифага тайинлаймиз”, деди.

Мен вилоятимиз раҳбарига бундай ишонч учун миннатдорлик билдирдим. Аммо гап катта вазифа, лавозимда эмас-ку! Шу боис, “каттароқ вазифа”ни рад этдим. Муҳими, қишлоқдошларим, туманимиз аҳли менга ишонч билдиришган. Шу ишончни оқласам, уларга керак бўлсам, шунинг ўзи катта бахт, — дейди у.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими.

Ҳикматулло ҚОДИРОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × one =