Гиннес рекордларига 29 бор кирган ўзбек полвони

АҚШ президенти ва Англия қироличаси ташриф буюрган цирк томошаси

Фахриддин Ахназаров Самарқанд вилояти, Пахтачи туманининг Фориш қишлоғида дурадгор уста оиласида 11 фарзанднинг саккизинчиси бўлиб дунёга келган. 12 ёшида акаси — “Ўзбек йўлбарси” деб ном қозонган Баҳром Ахназаров изидан бориб, цирк санъатига қадам қўйди.

— “Гиннес рекордларига киришим шундай бошланган эди. Тинч океани минтақасидаги давлатлар бўйлаб гастролга чиққандик. Майкл(гуруҳ раҳбари бўлиши керак — муаллиф)   жуда хавотирланди. Чунки чипталаримиз   қиммат эди. Шунда мен Майклга бир таклиф билдирдим. Чиқишларимиздан бир ой олдин рекламамиз учун йўловчи самолётни маълум масофагача тортиб бораман. Ҳали бу трюкни дунёнинг ҳеч бир полвони бажарган эмас. Газеталар бу ҳақида ёзади ва биз бепул рек­лама уюштирамиз”, — дедим. Майкл ишониб ишонмай таклифимга рози бўлди. Мен шу тариқа Гонконгда биринчи рекордимни ўрнатдим.

Рекордларим ичида Бирлашган Араб Амирликларида кўрсатган трюкдан ўзим ҳам фахрланаман. Ўшанда ҳар бири 7 тонна келадиган АҚШ ҳарбий юк машиналарини тишимда тортган эдим, — дейди Ер планетасининг энг кучли одами Фахриддин Ахназаров Россиянинг “Факты” сайтига берган интервьюсида.

29 марта Гиннес рекордларига киритилган Фахриддин қўлларининг кафти билан тахтага 100лаб михни қоқади, тишида 150 килограммлик юкни бемалол кўтаради, 16 йўловчиси бор автомобилни бир қўли билан ҳеч бир қийинчиликсиз маълум масофагача тортиб бора олади.

Болаликдаги кумири — Голливуднинг энг машҳур актёрларидан бири Арнольд Щварц­неггернинг Фахриддин Ахназаров чиқишларини кўриш учун фарзандлари билан бирга томошага келиши, шунингдек, АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон, Англия қироличаси Елизавета II ларнинг ўзбек полвони шоу дас­турига ташриф буюриши, жаҳон кино санъати намоёндаси Жеки Чаннинг бирга фильмга тушиш таклифини билдириши…

Бу каби муваффақиятлар донғи дунёга таралган полвонни асло ҳаволантирмаган. У ҳамон ўзини дунё миқёсида тасаввурга сиғмас натижаларга эришган музаффар инсон эмас, фарзандлари учун жонкуяр ота, рафиқаси учун вафодор умр йўлдоши, уни тарбиялаб вояга етказган ота-онасининг юзини ерга қаратмаган қобил фарзанд деб билади.

Оиланинг катта фарзанди Баҳром Ахназаров билан бош­ланган полвонлар сулоласининг цирк санъатидаги фаолиятини Қаҳрамон, Озод, Наврўз, Камол, Мўминжон, Шоҳрух, Улуғбек Ахназаровлар давом эттирмоқда.

“XX аср Геракли” — Фахриддин Ахназаровнинг замондоши, қишлоқдоши, тенгдоши ва уруғи ўлароқ бир пайтлар бу оила туфайли бутун бир туман ёшлари оғир атлетика билан шуғуллана бошлаганини ва қишлоғимиздаги ҳар бир хонадонда шу спорт турига оид анжомлари пайдо бўлганини чуқур бир ифтихор билан эслайман.

Ҳар даврнинг ўз қаҳрамони, ҳар давранинг ўз лидери бор. Ўзбек мумтоз спорт турини жаҳон цирк аренасига олиб чиқиб, миллатлараро танитган, замонавий цирк шоулари билан уйғунлаштира олган Ахназаровлар том маънода миллатимизнинг машҳур инсонларидандир.

М.ПИРНАФАСОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + two =