О, мунаввар одам!

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

фольклоршунос олим, Маънавият-маърифат маркази

Денов туман бўлими раҳбари Тоштемир ТУРДИЕВ ҳақида сўз

 

Айтишларича, киши ўз ҳаётида икки муҳим йўлдан бирини танлайди. Ҳақиқий инсон элу юртга, жамиятга фойда келтириш ўйида ўз касби, ижодига содиқ бўлиб меҳнат қилади, кимлардир эса… умрини ҳавойи нафсу, ўткинчи ҳою-ҳавасларга сарфлайди. Одам боласи қайси йўлдан кетади, қайси йўлни афзал билади, бу унинг аввало олган таълим-тарбияси, яшаган, униб-ўсган муҳитига боғлиқ бўлса керак.

Бизнинг қаҳрамонимиз эса ҳаётининг бошиданоқ илм ва одамийлик йўлини танлагани боис, у кишига бўлган ихлосим ортган эди. Бу бедор қалб билдимки, олис мозийнинг сарчашмаларидан,   буюк Термизийлар – Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Дақиқий, Фаррухий, Сўфи Оллоёр, Аловуддин Аттор уммонларидан баҳра олган ҳамиятли олим, ўз халқининг фидойи ижодкори!  

 

Бу одамни илк учратганимда…

Хизмат тақозоси билан ҳар йили бир неча маротаба хизмат сафарларида бўлишга тўғри келади ва ана шундай кезларда жуда кўп кишилар билан, албатта, суҳбатлашаман, учрашаман ва ҳаётлари, одамгарчиликлари билан қизиқаман. Қарийб қирқ беш йилик меҳнат фаолиятимда мен билан мамлакатимизда ва чет элларда ўтган турли йиғин, тадбирларда бирга учрашиб, таниш бўлиб, ўзларининг чин одамийлик хислатлари, ўзгаларни ҳурмат қила билишлари ва албатта, тарихга, адабиётга, жамиятга бўлган юксак эътиборлари туфайли қалбимдан ўрин олиб, қадрдон сифатида устоз, дўст-биродар ва оға-ини бўлиб қолган инсонлар талайгина. Ана шундай инсонлардан бири ҳақли равишда табаррук отахон, катта илм эгаси, ўз юртини, одамларини жонидан ортиқ севган Тоштемир Турдиевдир.

1992 йил Мустақилликнинг биринчи йили узлуксиз кўрсатувларини тайёрлаш учун Сурхондарёга борганимда, воҳанинг таниқли инсонлари қаторида шу кишининг номзодини ҳам тавсия этишди ва бунинг учун у кишини менга таништирган мутасаддилардан ҳамон миннатдор эканлигимни яширмайман. Чунки бу одам айнан мен излаган одам бўлиб чиқдики, агар биринчи учрашувимиздаги воқеани айтсам, сиз ҳам “Баракалла шу инсонга!” деб юборасиз. Гап шундаки, кўрсатувда айнан Тоштемир Турдиевнинг янги мус­тақил Ўзбекистоннинг зиёли сиймоси акс этиши керак эди, аммо у ўзини таъриф этишга сўз қолдирмади. Мени дунёга машҳур Далварзинтепа ёдгорлигига бошлаб борганлари ҳамон эсимда: улкан Далварзинтепа қўрғони атрофини ўраб оқаётган сув бўйида жуда чиройли суҳбат қурдик.

— Сурхондарё мамлакатимиздаги энг қадим ва бой тарихга эга воҳа, афсуски, унинг ноёб тарихи кам ўрганилган, кам қаламга олинган! — дея гап бошлаганди у: — Масалан, Бойсун туманидаги Тешиктош ғоридан топилган бола суяклари, бетакрор Зараутсой қоя тошларига ўйиб ишланган илк одамларнинг расмлари бу заминда яшаган қадимий биринчи одам излари ва уларнинг ажойиб санъатидан далолат беради. Биз учун азиз ва муқаддас саналган Мочай, Амир Темур ғорлари ҳақида эса ҳали кўп тўлиб-тошиб сўзлашимиз лозим.

Гўё катта бахши-оқинлардай жўшиб гапирарди Тоштемир ака:

– Зараутсой – менинг оҳим, менинг қувончим, ота-боболаримнинг табаррук қўл излари, минг-минг йиллар қаъридан етиб келган бойлигим, хазинам, ғурурим, эътиқодим!..

Дарҳақиқат, Зараутсой қоя тошларидаги нозик ва бебаҳо расмлар ҳамон бу қадим манзилга оёғи етиб, кўрган киши борки, ҳаяжонга солади. Тўғри, кейинги ўттиз йилда Сурхондарё тарихи ҳақида жуда кўп асарлар нашр этилди, ажойиб археологик музей барпо этилиб, кўплаб   олимлар воҳа тарихи ҳақида илмий ишларини эълон қилишди, бу ҳақда радио ва телевидениеда эшиттиришлар ва кўрсатувлар тайёрланди, аммо Зараутсой ҳақида ҳалигача қалбга ёқадиган ҳужжатли фильм ёхуд мукаммал бирор китоб-альбом нашр этилган эмас.

Яна олис тарихимиз ҳақида сўзлай кетади бу одам!

Мен неча марта у киши билан учрашган бўлсам, ҳеч қачон ўзи ҳақида бирор мақола, кўрсатув ёхуд эшиттириш тайёрлаш фикрини билдирган эмас, аксинча, ё Денов, ё Сурхон воҳасининг олис тарихи, улуғ донишмандлари ҳақида сўз очиб, улар тўғрисидаги бор ҳақиқатни халқимизга етказиш иштиёқида ёнган. Шу боис, бу одамга бўлган меҳрим ортиб борган ва сира камаймаган.

Ўша 1992 йилнинг август кунларидаги суҳбатлар ҳамон қулоғим остида мароқли, жуда жозибали ҳолда янграйдики, устоздан эшитган бу манбалар эса ҳеч кимни беэътибор қолдирмаган эди.

–Турон заминимиздан етишиб чиқиб, Юнонис­тонга бориб, энг зукко олимлар билан беллашган Анархассис бобомизнинг асл исми нима? Юнон донишманди Плутарх ўзининг “Етти донишманд зиёфати” китобида бу зот номини ҳурмат билан тилга олган бўлса, Афлотун уни “Етти донишманднинг бири” деб таъриф этган…

Суҳбатдошимнинг завқ билан сўзлаши ҳайқириб оқаётган улуғ Амударёнинг заррин шабадалари билан уйғунлашиб, қалбимга ўзгача ғурур ва ҳаяжон бахш этади. Ҳар бир фикр, манбани эътибор ва суюнч билан тинглаганим сайин олис мозий бутун диққатимни қамраб олади.

–“Шоҳнома”нинг 1003 байти қаерда ёзилганини биласизми?!

Тоштемир Турдиевнинг қуралай кўзларида фахр нурлари порлайди!

Хаёллар мозий томон елади:

Дақиқий! Сурхоннинг қадим шаҳри – Деновда яшаган шоир!

Суҳбатдошим:

“Бинобарин, қадим Чағониёнимиз тупроғи, унинг кишилари, тасаввуридаги паҳлавонлар шу маънода “Шоҳнома”га кўчган бўлса, ажаб эмас!” – дейди ифтихор ва ғурур билан.

Дақиқий – Муҳаммад Авфий Дақиқий, яъни “сўзда зукко, маънога ўта диққат бергани учун уни Дақиқий аташган”.

Тазкиранавислар уни Марвазий, Самар­қандий, Тусий, Хиравий номи билан, Абу Райҳон Беруний эса “Балхий” деб атаган…

Суҳбатдошинг доно бўлса, маза қиласан!

Қадим Ўғуздарё эпкин шамолларидан бир маза қилган бўлсам, Тоштемир аканинг бу гурунгларидан бетакрор баҳра олганимни ҳам яширмайман!

Энди суҳбатдошим Денов шаҳрида яшаган яна бир буюк шоир – Фаррухий ҳақида сўзлай кетади:

– Фаррухий юксак истеъдодли шоир эди. Сейистонда яшарди. Уйлангач, ночор аҳволга тушади ва Чағониёнда, ҳозирги Сурхондарёнинг Денов шаҳрида инсонни инсон ўрнида кўрадиган ҳоким борлигини эшитгач, оиласи билан бирга шамолдай учиб келади.

Чағониёнда уни ҳокимнинг ёрдамчиси кутиб олиб, бир ғазалини ўқигач, истеъдодли шоир эканлигини англайди ва эртаси ҳокимнинг Доғгоҳга дам олишга боришини, у ерни тасвирлаб бериб, бир шеър битишини айтади. Фаррухий кечаси билан Доғгоҳни кўргандек тасаввур этиб, гўзал ва бетакрор бир шеър ёзади.

Тоштемир ака бу шеърни мароқ билан ўқийди, менинг эса завқим ошади:

 

Кўк ҳарирдек юзига ёпқач рўмолни сабзавор,

Етти хил ранг парнаёни бошга солди кўҳсар.

Ер оҳунинг нафидек мушкларини

                                                    сочди беқиёс,

Тол тўтининг парридек баргини ёзди

                                                            беғубор!

 

Кўк марваридларидек гўзал сатрлар! Қалб жунбушга келиб, кўзлар гўзал ҳислардан ярақлаб кетади, қулоқлар эса ўзгача роҳатни сезади!

Ҳоким бу шеърни ўқиб, жуда завқланди ва Фаррухийга бир қўрани кўрсатиб, отлар уюрини ўшанга ҳайдашни ва қанча отни қўрага қамай олса, барисига эга чиқиши мумкинлигини билдиради.

Бир йилдан сўнг ҳоким ҳузурига Фаррухий бой-бадавлат кишилар либосида оқ тулпорда 20 нафар ғуломи ҳамроҳлигида меҳмонга келган экан.

Ана, бир сеистонлик шоирга қадим Деновнинг осмон ҳурмати!

Ўша ҳокимнинг қариндошимикан дейман Тош­темир Турдиев!

Чунки Тошкентдан қайси бир ижодкор, журналист бормасин, бу одамнинг қўли доимо кўксида, юзида табассум, дастурхони эса доимо очиқ. Бир пиёла чойини ичмасангиз: “О, буюк, мени ҳафа қилманг!”, дейди ўктам ва ёқимли овозда.

Мени ҳам неча бор иззат тутган бу одам!

Денов учун кўп хизмат қиляпсиз деб эгнимга тўн солганларида, уялиб кетганман!

– Бу бизнинг энг яхши одат! Амир Темур бобо ҳам Кастилия элчиси Руи Гонсаелес де Клавихо эгнига бир эмас, бир неча бор тўн ташлаган!

О, мунаввар одам! “Клавихо киму, биз…” Эътирозу гап-сўзларингизга қулоқ осмайди бундай кезларда у. Беихтиёр кўнглимдан шундай ўй-кечинмалар ўтади:

– Тоштемир ака сиз Зулфия опа сингари бетак­рор овозли шоира, Шароф Рашидов тилига тушган деновлик ижодкор, ҳаётдан ёш кетган фарзанд Раъно Узоқова ижоди борасидаги саъй-ҳаракатларингиз;

– “Алпомиш” достонини 29 та кассетага ёзиб олиб, кечаю кундуз уларни тинглаб, қоғозга тушириб, ўн минг нусхада халқимизга тортиқ этганингиз;

– Денов тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида олиб борган инсоний ишларингиз;

– маънавиятимиз тарғиботи бўйича мислсиз хизматларингиз;

– ҳатто ишхонангиз жавонидан ўрин олган ижодкорларнинг турли китоблари, асарлари Сизнинг ким эканлигингизни яққол кўрсатади.

Тўғри, бандасини мақтаб бўлмайди!

Аммо элу юрт учун бажарган ишларини тилга олиш савобу намунаки, бу билан ёшларга ҳам “тоза ариқдан тиниқ сув оқади” деган ҳикматни пеш қилишга асос бўлади!

Айни шу дамларда қулоғим остида Акамизнинг яна бир огоҳ сўзи қалбим эшикларини қоқмоқда:

– Душмандан қўрқманг, нари борса, сизни шаҳид этиши мумкин, жаннати бўласиз! Аммо бефарқ кимсалардан қўрқинг, бетовфиқлардан қўрқинг, у ярамасларнинг хурмача қилиқлари туфайли ер юзида, юртда хиёнат ва қотилликлар, халқнинг оғир аҳволга тушиб қолиши давом этаверади!

Яна бир гапни кўп айтадилар:

“МЕНГА ЯХШИ НОМ КЕРАК!”

Дарҳақиқат, Тоштемир ака ҳақли равишда шу саодатга эришган улуғ инсондир!

Бундан икки йил бурун Сурхондарёнинг маркази Термизда катта бир маданий анжуман бўлиб ўтгани ҳам кечагидек эсимда. Бахши шоирлар фестивали. Унда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқ оғзаки ижоди дурдоналарини, халқ дос­тонларини авайлаб-­асраш, бундай буюк мерос сарчашмаларидан элимизни, айниқса, ёш авлодни кўпроқ баҳраманд этиш борасида сўз юритган давлатимиз раҳбари деновлик Тоштемир Турдиев ҳақида ҳам алоҳида тўхталганини эшитиб, юрагим чексиз ғурурга, севинчга тўлган эди!

Ҳа, Тоштемир ака шундай фахрланса арзийдиган зиёлиларимиздан биридир. Катта олим, тиниб-тинчимас, куюнчак адибдир.

Яна кўп бор эшитганмиз. Барча қалам аҳлининг меҳрини қозонган устоз уларга юқорида таъкидлаганимиздек бир гап айтади: “Мен ҳақимда бир сўз деманг, нимаики ёзсангиз Денов ҳақида ёзинг, бизга фақат шу керак”.

Юртга меҳр, Ватанга муҳаббатдан бу!

Биласиз, Сурхон эли катта эл. Унда Деновнинг алоҳида ўрни бор. Бу жойни бежиз одамлар “кичик Бомбей” деб аташмаганда.

Деновда эса кимлар ишламаган, кимлар келиб, кимлар кетмаган дейсиз. Тоштемир ака баъзан ҳазил-чин аралаш бир гапни айтиб қоладилар: Деновга бу гал келган ҳоким 14-си бўлади. Яхши ишласа, шу эл дарди билан яшаса, Денов уни бошига кўтаради, акси бўлса ўзидан ўпкалайди.

Бундай ўктамона гапни ҳамма ҳам айтмайди, айтолмайди!

Бир қарашда ижод аҳлининг, чинаккам меҳрибон, ғамхўри бўлган бу инсон, оддий эл ташвиши, куйида бир шерюрак алпга айланади.

Эшитганимиз бор. Бундан 5-6 йил бурун Деновга бир раҳбар келди. Иши таниш-билишчилик, ғирром ўйинлардан бошқаси бўлмади. Шунда бутун туман фаоллари билан ўтаётган йиғилишларнинг бирида Тоштемир Турдиев сўзга чиқди. Ҳалиги раҳбарга қараб бир сўз деди:

– Сизлар келиб кетадиган одамсизлар. Майли, сизга нима ёқса олинг, ўз таниш-билиш­ларингизга бўлиб беринг, бир нарса демаймиз. Фақат бизга Деновнинг тупроғини ташлаб кетсангиз бўлди. Қолгани билан ишимиз йўқ. Барини шу Денов халқи билан бошқатдан бунёд эта оламиз…

Бу аччиқ киноядан бутун зал қалқиб кетди. Деновга раҳбар бўлиб келган каснинг ранги кесакдай бўлиб қолди. Шундан сўнг у узоқ ишлолмади. Дарров жуфтагини ростлаб қолди.

Ўз сўзига, мустаҳкам имон-эътиқодига эга бу инсон ҳақиқий Денов фарзанди, юрт жонкуяридир.

Бугун қутлуғ ёшни қарши олаётган Устозга узоқ умр, самарали ижод завқи бардавомлигини тилашдан бахтиёрмиз.

Тўлқин ҲАЙИТ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 5 =