Ҳалол меҳнат беиз кетмайди

Зулфия Азизқулованинг болалиги, беғубор кунлари Сардоба туманидаги Пахтаобод шаҳарчасида ўтганди…

— Эсимда, — дейди Зулфия опа Азизқулова. — Асли Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Маржонбулоқ қишлоғиданмиз. Отам ҳосилот эди. Чўлни ўзлаштириш, саксовул босган ерларни боғ-бўстонга айлантириш мақсадида бу ерга кўчиб келгандик…

Тўғриси ҳам шу, аввалида Турдибой бобо ва Ҳалима момо сингари Мирзачўлга кўчиб келган маржонбулоқликларга осон бўлмаган. Дастлаб, капа уйларда яшаб, ишлашган, тирикчилигини ўтказишган. “Кўз қўрқоқ, қўл ботир”, деганидек, қисқа муддатда шўр ва саксовул босган, бўз ерлар ўзлаштирилди, ерга чигит қадалди…

Турдибой бобо ўқимишли, зиёли, кўпни кўрган инсон бўлганлиги боис, янги хўжаликда бош ҳосилот бўлиб иш фаолиятини бош­лади. У кишининг турмуш ўртоғи Ҳалима момо мактабда ўқитувчилик қилди.

— Биласизми, оилада олти қиз, икки ўғил. Отам ва онам билан ўн киши эдик. Хоналари унча катта бўлмаган икки хонали уйда яшардик. Мен оилада тўнғичи бўлганман. Отам-онам бўш вақтларида китоб ва газеталарни мутолаа қилишга қизиқишарди. Менга мойчироқнинг ёруғида, бир-биридан қизиқ, ҳикоя ва романларни ўқиб беришарди. Шунданми, ўқишга ҳавасим болаликдан орта бошлаган.

Аммо оиламизда шифокорлик касбига қизиққанлар йўқ эди. Фақат менинг шу касбга меҳрим тушди. Отам буни пайқади, мактабни тугатган йилим, Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институтига (ҳозирги ТошПИ) етаклаб борди. Ўша йили институт талабаси бўлдим, — дейди Зулфия Азизқулова.

Зулфия опа педиатрия соҳасининг сир-синоатини ўқишда, сўнг амалиётда ўрганди. 1984 йилда Сирдарё вилоят болалар шифохонаси, ҳозирги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида интернатура босқичини ўтади. Болаларда учраётган сурункали касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида билмаганларини амалиётда ўрганди.

Бу унга катта ҳаёт мактабини ўтади. Ўша йиллари Тошкент қиш­лоқ хўжалик институтининг агрономия факультетини тамомлаётган боёвутлик Усмонқулга ҳаёт уни рўпара қилди. Бир-бирига меҳри тушди. Энди у Сардобанинг эмас Боёвутнинг келинига айланганди.

Усмонқул ака Боёвут туманидаги 1-Боёвут хўжалигида ҳосилот бўлса, Зулфия опа Боёвут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-Боёвут қишлоқ шифохонасида участка педиатри бўлиб ишлай бошлади. У аввалига ишни маҳалладошлари билан танишишдан бошлади. Аста-секинлик билан сурункали касалга чалинувчи, ногирон, мавсумий аллергияси бор болаларнинг рўйхатини шакллантирди. Эринмади, изланди, интилди, хонадонма-хонадон юриб болаларни тўғри парвариш қилиш, турли юқумли касал­ликлардан ҳимоя қилиш, бунинг учун, энг аввал, тартибли овқатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ҳақида тарғибот тадбирларини ўтказди. Унинг саъй-ҳаракатлари, меҳнаткашлиги туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси раҳбариятининг эътиборига тушди. У 2001 йили 1-Боё­вутнинг 2-бўлимида, умумий амалиёт шифокори вазифасида ишни бошлади.

Зулфия опа устозлари ўгитига амал қилиб кам бўлмади. Ўн беш йил шу бўлимда умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлади. 2-бўлимда истиқомат қилаётган ҳар бир оила унинг ўз оила аъзосига айланди.

— Оила бу қўрғон. Ҳозир бир ўғил ва бир қизим бор. Қолаверса, бу ердаги болалар ҳам менинг болаларимдек бўлиб қолган. Уларга меҳрим бошқача. Чунки кичкиналигидан биламан. Кўрганман, текширганман, зарур пайтларда тиббий муолажа қилганман. Бу эса бахт, айтиб ва таърифлаб бўлмайдиган бахт, — дейди Зулфия Азизқулова.

Тажрибали шифокор Зулфия опа зиммасига 2016 йилда 1-Боё­вут ҳудудида жойлашган Муқимий қишлоқ врачлик пунктининг мудираси вазифаси юклатилди. Сўнг туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасига педиатр шифокор вазифасига ўтказишди.

Ана шундай шарафли йўлни босиб ўтган З. Азизқулова ҳозир туман марказидаги “Соҳил” ва “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 4 минг 378 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатаяпти.

— Зулфия опа ўз онамдек бўлиб қолган. Ҳамиша ўз ёрдамини аямайди. 40 йил бу кичкина муддат эмас. Опамиз ва устозимиз ана шу йиллар давомида соҳада меҳнат қилиб, аҳолини саломатлигини, тинчлигини ўйлаб елди, югурди. Мен сингари, қанчадан-қанча соҳа ходимларига устозлик қилди, — дейди Назокат Шойизоқова.

Ҳалол меҳнат беиз кетмайди. Зулфия Азизқулова соғлиқни сақлаш вазирининг махсус буйруғи билан “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонига муносиб топилди.

Ҳа, юртимизда ўз касбидан катта ҳурмат, эътибор топиб келаётган инсонлар кам эмас. Улардан бири шифокор Зулфия Азизқуловадир.

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси

ахборот хизмати раҳбари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + sixteen =