“Мен бахтлиман, аммо армоним ҳам бор…”
Бухоро вилояти, Олот туманидаги “Жайхунобод” МФЙ раисининг Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Саодат Хўжжиева шундай дейди.
“Бизнинг тарбиячиларимиз, табибларимиз, муаллимларимиз ҳам шу аёлларимиздир”, Фитратнинг ушбу фикрлари мен таниган, эл ҳурмат қилган, маҳалладошлари суянган, опа-сингиллари онасидек қадрлаган аёл Саодат опага айтилгандек гўё.
2018 йилда Оила илмий-амалий тадқиқот маркази ҳузурида очилган махсус ўқув курсларида бош мутахассис лавозимида ишлаган кезларим маҳалла мутахассислари малака ошириш курсларига ўқувга келишарди. Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида мутахассисларнинг малакаси, маълумоти, салоҳияти таҳлил қилиниши керак эди. Машғулотлар жараёнида оилалар ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар гуруҳига ижтимоий иш амалиётидан дарс берадиган бўлдим.
Аудиториядаги тингловчилар билан муаммоли вазиятларни ҳал этиш, мулоқотлар жараёнида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги билан боғлиқ масалаларидаги машғулотларда олотлик мутахассис Саодат Хўжжиеванинг катта тажрибадан ташқари билим ва салоҳияти, кўп китоб ўқиганлиги яққол кўзга ташланиб турарди. Саодат опанинг ҳар бир фикрида жаҳон тан олган файласуфларнинг фикрларини манба тариқасида келтириб, сўнг ҳолатни баҳолар, ривоят, ҳикоят ва ҳадислар билан хулосаларини тўйинтириб борарди.
Бир гал меҳр-оқибатсиз оналар, тирик етим қолаётган бегуноҳ фарзандлар, ажримларнинг сабаблари ҳақида ҳудудлардаги аҳвол билан боғлиқ амалиёт дарсни режалаштирдик. Кичик гуруҳларда тингловчилар саҳна кўринишлари орқали муаммога ечим топиши керак эди. Саодат опанинг гуруҳига навбат келганда опа шу даражада берилиб роль ижро этдики, гўё театр саҳнасида кичик, аммо юқори даражадаги асарни томоша қилаётгандек бўлдим. Бутун гуруҳ таъсирланди. Якунида эса, опа кутилмаганида “сизни она, десам майлими, устоз”, деб бўйнимдан қучиб йиғлаб юборди. “Сиз онамга ўхшайсиз”, деб қўшиб қўйди.
Дарслар тугаб ётоқхонага қайтишгач, уларнинг шароитларини кўриш баҳонасида опанинг хонасига бордим. Аслида ниятим Саодат опа билан дилдан суҳбатлашиш эди. Чунки аёллар психологиясида бор, у ҳаёт қийинчиликларини табассуми билан яшириб юрса-да, баъзан қайсидир бир ҳаракати билан ўтмиши оғир кечганлигини сездириб қўяди.
Саодат Олтибой ака ва Зулфия опанинг бош фарзанди бўлган. У жуда ёшлигидан чаққон, эпчил, интилувчанлиги билан ажралиб турарди. Мактабга чиқмай туриб ҳарфларни ўрганиб олган Саодат, ўша пайтлардаги шароитлардан келиб чиқиб, саккиз ёшида мактабга борди. Ундаги тиришқоқлик ҳаёти давомида муаммолар олдида довдираб қолмасликка, ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ўзини тута билишга ўргатди. Характер шаклланиб, қисматга айланади, дейишади-ку! Онаси Зулфия опа боғчада тарбиячи бўлса-да, қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ эди.
— Бутун қишлоқдошларга кўйлак, шим, костюм, ҳатто пальто ҳам тикиб берардилар. Узун қиш кечаларида ухламасдилар, раҳматли онаизорим. Иш столлари устида “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Саодат” журналлари, бадиий китоблар бўлар, ишдан бўшаб ўқишга ҳам вақт топардилар. Нутқлари шунчалик равон ва чиройли эдики, таърифга сўз ожиз, — дейди болалигини хотирлаб Саодат опа. — Уйимизда тартиб-интизом жуда қатъий эди. Отам вилоят марказида ишлаганлари боис 3-4 кунда бир келардилар. Дастурхон атрофидаги суҳбатлар гўё тарбиявий соатлардек бир умр хотирамизга, тўғрироғи, юрагимизга муҳрланди. “Ҳалол бўл, бировнинг ҳақига кўз олайтирма, илм эгалла, касб-ҳунаринг бўлса хор бўлмайсан, яхшилик шиоринг бўлсин, муҳтожга қўлингни узат, хайр-эҳсонни канда қилма!” Онамни тергашлари, хато қилиб қўйганимизда урушиб қўйишлариям энди ўйлаб кўрсам дуо экан. “Уйинг буғдойга тўлгур, қаерда эдинг?”, “Кўпга бош бўлгур, нега уйга вазифангни қилмагансан?” Болалигимда буни ойим бизни урушди, деб қабул қилганман… — Опанинг кўзларида ёш ҳалқаланади.
Ҳаёт синовлари баъзан кимнингдир орзуларини чирпирак қилиб ғам тўфонига ғарқ этади. 1978 йил қишида кутилмаганда оғриб қолган Зулфия опа касали тузаладиган эмаслигини пайқади. Олти нафар фарзанд. Содиқжон кенжатойи 6 ойлик эмизикли чақалоқ эди. Энди нима қилса экан?.. Саодат онаси касал бўлгандан бери бир кун ҳам кўнгли ёришмади. Укаларининг дарсларига қарашади. Овқат пиширади, мол-ҳолга қарайди. Тўшакда кундан-кун ранги сарғайиб чўкиб бораётган онасини кўриб юраги иззилайди. Дард филни пашшага айлантиради, дейишади. Қишлоқдошу танишларини лол қолдирадиган, ҳамма ишда биринчи, ҳусн-тароватда тенгсиз, гапга чечан Зулфия опа ўйчан, маҳзун бўлиб тўшакка михланди. 17 ёшли Саодатни имлаб олдига чақирди.
“Саодат, она қизим ўзимни… Сен ақлли қизсан… Кўриб турибсан… Мен… мени мазам йўқ…, — аёл нимжон, рангпар, ажиб бир илиқлик ҳовури уфуриб турган қўллари билан қизнинг сочларини силаб бағрига босди… Саодат кўзига қуйилиб келган ёши юракдан силқиб чиқаётганини ҳис қилиб туриб ҳўпиқиб йиғлади. — Йиғлама… Кучли бўлишинг керак… Мен беш нафар боламни сенга ишониб топшириб кетаяпман… Афсус, орзуларим кўп эди, дард қўймаяпти. Уканглар, сингилларинг ўқиши, олий маълумотли бўлиши, жамиятга, одамларга фойдаси тегадиган инсон бўлиши керак. Уларнинг шарафи, уларнинг ютуқ ва зафарлари билан мени йўқлашади… Бу менинг сенга васиятим…”.
— Ёшим улғайиб, ҳаётнинг паст-баландларидан ўтиб, энди ўйлаб кўрсам, онам ҳатто ажални ҳам мардона қарши олган, боқий дунё остонасида шунча дард билан юзида табассум индиришга қандай куч топа олган эканлар-а…, — оғриқли хотираларни эслайди опа.
1979 йил 21 январь. Бу оила умр дафтарига қайғу номи билан ёзилди. Тиббиёт техникумига ҳужжатларини топшириб ўқишга кирган Саодатнинг зиммасига оғир, жуда оғир масъулият юкланди. Олти ойлик чақалоқни эплаш, уни овқатлантириш, узун қиш кечаларида уйни иситиш… Фароғат уйни супир, Анора менга ёрдамлаш, Байрам, дарсингни қил, Анваржон йиғлама… Эҳ-ҳей, бу юмушлар кундалик ташвишга айланди…
— Дарсларга бормай қолиб кетдим. Содиқжон укамнинг суягини қотиргунча… Онам ҳар кечқурун тушимга кириб, нима қилишим кераклигини айтардилар… Гўё онам тирикдек… Оналарнинг ҳатто руҳлари ҳам фарзандлари учун уйғоқ…
Олтибой ака ва унинг олти фарзандини қишлоқдаги ҳар бир хонадон қўллаб-қувватлади, уларга меҳрибонлик қилишди. Хўжалик раиси Ҳамид Ҳамдамов, қариндошлари орасида Жўрақул Эшонқуловлар она меҳридан эрта мосуво бўлган гўдакларнинг бошини силаб оқибат кўрсатишди.
— Ҳозир дориломон замонда яшаяпмиз. Бир соат электр энергияси бўлмаса, ишимизнинг кўзи йўқолиб қолади. Эҳ, у даврларда ток қаерда, дейсиз?! Мой лампа ҳам ҳар кимда бўлмасди. Телевизор йўқ. Чироқда дарсларни қилардик. Онамга берган ваъдамни устидан чиқиш учун тоғ келса кемириб, сув келса симириб укаларимга бош бўлдим. Аллоҳга шукр, отамга суянч бўлдим. Ҳаммаси мактабни аъло баҳоларда тугатишди. Ўқимишли, зиёли бўлиб вояга етишди. Яхши жойларга турмушга чиқардим, солиҳ амалли келинлар қилдим. Фароғат синглим илм йўлини танлади. Навоий давлат педагогика институтида педагогика-психология фанлар номзоди, Анваржон тадбиркор, Байрам ўқитувчи. 15 километр узоқликдаги мактабда дарс беради. Кенжатойимиз Содиқжонга меҳрим бўлак. Биология фанлар номзоди, докторлик диссертацияси ёқлаш арафасида. Синглимнинг ўғли Алишеримиз Қозоғистон, Вьетнам, Испания давлатларида халқаро олимпиадаларда қатнашиб медаллар олди. Бугунги кунда Швецариядаги Lozanna университетида таҳсил олади. Фидойилик, ватанпарварлик, ҳалоллик, илмга ташналик каби инсоний фазилатларни уларга, улардан фарзандларига сингдира олганимдан қувонаман. Раҳматли онажоним менга ўз бувилик мартабасини ҳам бериб кетганлар. Чунки укаларимнинг болалари мени бувиси ўрнида кўришади. Онамни тушларимда кўраман. Оппоқ либосда нуроний чеҳраларидан нур томгандек… “Она, мендан розимисиз”, дейман. Кўзларида йилт этиб ёғду пайдо бўлади. Ҳар гал “розиман, розиман”, дейдилар…
Меҳнатларим, машаққатларим эвазига турмуш ўртоғим Раҳматжонни умр йўлдош қилиб бергани Аллоҳимнинг менга мукофоти, деб биламан. Раҳматли жуда бағрикенг, олийжаноб, ҳимматли инсон эдилар. Укаларимни ўз укаларидан ортиқ кўрардилар. Ўғлим, қизим тоғаларига, холаларига эргашди. Эл корига оғринмай елка тутадиган яқинларим борлигидан бахтлиман. Неварамга яхши ниятлар билан бобосини исмини қўйдик. Умри узоқ бўлсин. Оилада, жамиятда керакли инсон сифатида қадрланишим ҳам Худойимнинг назари. Туманимиз ҳокими Наргиза Неъматова ҳар йиғилишида бир марта бўлса-да, “Саодат опа”, деб мурожаат қилганда бир қалқиб тушаман. То тирикман шу юртга хизмат қилишга ундайди.
Армоним бор. Ҳеч туганмас армон! Қани эди, онагинам шу кунларни кўрганларида эди…
Моҳира ШАКАРОВА