Робинзон Крузонинг дўсти

“Бадиий ижод — кўнгил мунавварлигидир. Бу — халқнинг, юртнинг қалби, шуурини — иқболини нурафшон қиладиган мунавварликдир”.

Ушбу ажойиб фикрлар муаллифи таниқли ёзувчи, иқтидорли олим, беназир ва заҳматкаш журналист Хуршид Дўстмуҳаммад бўлади.

Бу севимли ёзувчим, самимий инсон билан қирқ ёшимда танишганман. Шунга ҳам йигирма беш йил бўлибди. Ўшанда Катта идорада бирга ишлардик. Унгача ҳам бу номни билардим, жуда яхши таниш эди. Ҳикоя­лари, мақолларини ўқиб, ҳурматим ошиб қолган эди. Баъзан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятига ёзганларини олиб келганида йўлакда ёки устоз Иброҳим Ғафуровнинг хонасида учратиб қолардим. Ўшанда салом-аликдан нарига ўтмаганмиз.

Катта идорада ишлаганимда каминанинг иккита раҳбари бор эди. Бири — бош маслаҳатчи Аббосхон Усмонов, иккинчиси — етакчи маслаҳатчи Хуршид Дўстмуҳаммад эди. Матбуот билан ишлайдиган бу гуруҳнинг оддий маслаҳатчиси, яъни ходими — камина эди. Акаларимга эркалик қилиб: “икки бойга бир малай”, деб ҳазиллашардим.

Икковлари ҳам самимий, бағрикенг ва меҳрибон, яхши инсонлар экан. Ўшанда ҳар икковларини ҳам кашф қилдим, десам, муболаға бўлмайди. Айниқса, Хуршид Дўстмуҳаммад билан оға-инидай яқин бўлиб кетдик.

Биз ишлайдиган “Ахборот хизмати” бўлимида, ўта сергап раҳбаримиз бўларди. У киши собиқ шўро даврида Собиқ иттифоқнинг ваҳима нашрларидан бири бўлган — “Извес­тия” газетасининг Яқин Шарқ мамлакатларидаги махсус мухбири бўлиб ишлаган. Ўша раҳбар бир гал эндигина матбуот ҳаётига кириб келаётган интернет масаласида уч соат мажлис қилди. Ҳаво иссиқ, хона дим, ўтирганларнинг тинкаси қуриб мудрай бош­лади. Мажлисда интернетдан яширинча фойдаланиб бўлмайди. Уни тартибга солиб, қўриқлайдиган махсус полицияси борлиги ҳақида ҳам гапирилди. Раҳбар мажлис охирида “кимда қандай савол бор?” — дейиши билан Хуршид аканинг одатдаги қитмирлиги тутди. “Интернетдан фойдаланаётганимизни полиция биладими?” деб савол берса, бўладими? Сергап раҳбар ушбу ҳазил саволга яна уч соат жавоб берди. Шу-шу ўша раҳбар иштирокида мажлис бўлиш хабарини эшитсак, ҳаммамиз Хуршид акани “илтимос, савол берманг”, деб огоҳлантирадиган бўлдик.

Яна бир ҳаётий воқеа. Ўша раҳбар бир куни ходимларни ҳузурига яна чақириб, шундай жиддий топшириқ бериб:

— Ҳар бирингиз қўшниларингизнинг гапларини эшитиб, ёзиб олиб келасизлар. Иложи бўлса, қўшнининг уйига “жучка” қўйиб эшитинглар, — деб қаттиқ тайинлади.

Топшириқни “аъло” даражада бажарган Хуршид ака шундай деб ёзган эди: “Кеч соат 23 ларда ишдан уйга жўнадим. Чой-пой ичгунимча соат 24 лар бўлиб қолди. Ҳовлига чиқиб, қулоқ солсам қўшнининг ҳовлиси жим-жит. Шу пайт қўшнининг ити ҳуриб қолди. Сўнг тинчиди. Хонага қайтиб кирмоқчи эдим, ит яна ҳурди. Бу ҳол уч-тўрт марта так­рорланди. Қайтиб, тонггача ит ҳурмади. Лекин итнинг тилини тушунмаганим учун, унинг нима деб ҳурганини билмадим.”

Кўриниб турибдики, Хуршид ака билан ишлаш мароқли эди. Маълум вақт ўтиб, катта идорадан камина “Муштум” журналига, Хуршид ака “Ҳуррият” газетасига, Аббосхон Усмонов эса “Халқ сўзи” газетасига Бош муҳаррир этиб тайинландик.

Хуршид аканинг даврида “Ҳуририят” анча жонланди. Мазмун-мундарижаси бойиди. Долзарб мавзулардаги “тишлик” материаллар пайдар-пай чоп этила бошланди. Лекин “ҳурририят”парварлик узоққа чўзилмади. У пайтлар шунақа таҳликали даврлар эди. Масалан, биргина “Муштум” журнали чоп этилгунча цензура ходимлари томонидан беш марта ўқиларди. Қолгани ўзингизга аён…

Тақдирда битилган экан, яна Хуршид ака билан ишлашга тўғри келди. У киши Ўзбекистон “Миллий Тикланиш” демократик партияси раиси этиб сайланди. Камина ушбу партия марказий кенгаши аъзоси эдим. Йиғилишларда, учрашувларда тез-тез Хуршид ака билан кўришиб турардик. Энди кўз ўнгимда мутлақо янги — Хуршид Дўстмуҳаммад намоён бўла бошлади. У киши ўта маданиятли, кўнгилчан ва инсонпарвар раис эди. Бир қарасангиз ҳазилкаш, очиқкўнгил, бир қарасангиз жиддий сиёсий арбобга айланиб қоларди. Сессияларда собиқ давлат раҳбари у кишига доимо “Хуршид Набиевич!” деб мурожаат қиларди. Шу йўсинда у киши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида узоқ йиллар қизғин фаолият юритди.

Энди ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақида. У киши адабиётга Эркин Аъзам, Усмон Азим, Шароф Бошбеков, Шавкат Раҳмон, Хуршид Давронлар сафида дадил кириб келди. Илк ҳикоялари билан тилга тушди. Мақола ва эсселари қўлма-қўл ўқилди.

У 1973 йилда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналис­тика факультетини тугатиб, иш фаолиятини “Фан” нашриёти, “Фан ва турмуш” журналида бошлади. Сўнг “Қишлоқ ҳаёти” газетаси, “Ёш куч” ва “Ўзбекистон матбуоти” журналларида ходим, бўлим мудири, бош муҳаррир лавозимларида ишлади. У қаерда ишламасин ўзидан ибратли излар қолдирди.

Хуршид Дўстмуҳаммад ўзига хос услубга эга бўлган ёзувчи сифатида аста-секин намоён бўла бошлади. Унинг биринчи китоби “Ҳовли этагидаги уй” номи билан 1989 йилда нашр этилди. Бирин-кетин “Алам”, “Қазо бўлган намоз”, “Васий”, “Жажман”, “Жимжитхонага йўл”, “Беозор қушнинг қарғиши”, “Ўн биринчи эшик”, “Йўлакдаги одамлар”, “Киова қуёши”, “Қичқириқ” сингари ҳикоялари ўқувчилар тилига тушди, мутахассислар ва устозларнинг юксак баҳоларига сазовор бўлди.

Таниқли адабиётшунос олим, устоз Иброҳим Ғафуров Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Беозор қушнинг қарғиши” (“Шарқ” НМАК Бош таҳририяти, 2006 й.) китобидан ўрин олган ҳикоялари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини шундай ифодалайди:

“Сиз ўқиган ҳикоялардаги ҳолатлар ҳаётга ўхшамайди, дейсиз-у, лекин бу ҳаёт. Сўзларингиздан шуни яхши сездимки, Хуршид Дўстмуҳаммад ўқиш-ўрганишга, янгилик қидиришга ҳавасманд ёзувчи экан. Тўғри пайқабсиз, унинг кўп ёзганлари, топ­ган тасвирий шакл-шамойиллари шу ҳавасмандликнинг маҳсули. У Кафка, Канетти, Камюнинг ошуфтаси. Яна шуни ҳам яхши тушуниб олиш керак эканки, абсурд ҳар қанча абсурд бўлгани билан ҳаёт ва ўлим сарҳадларида ўз мантиғига оғишмай амал қилади. Абсурднинг мантиғи эса ғоят турфадир. Буни адибнинг бадиятидаги тажрибалари исботлаб турибди. Ҳамма гап абсурдни ҳаёт деб билиш ва унинг бадиий мантиқини топишда.”

Ёзувчи ўз маҳоратини қисса жанрида синаб кўрди. Хуршид аканинг “Нигоҳ”, “Паноҳ”, “Оромкурси”, “Чаёнгул”, “Ҳижроним мингдир менинг”, “Куза…” сингари қиссалари ҳам адабиётимизга янги ҳаво олиб кирди. Бу асарларда янги қиёфалар, характерлар ва янги одамларни кўриш, уларнинг ўйлари, ҳис-ҳаяжонлари билан ошно бўлиш мумкин. Айниқса, ёзувчининг улуғ адиб Абдулла Қодирий ҳаётидан олиб ёзилган “Ёлғиз” қиссаси ўзига хос воқеа бўлди. Қисса асосида А.Ҳидоятов номидаги рес­публика драма театрида “Йиғинди гаплар” драмаси саҳналаштирилди. Спектакль томошабинларнинг юксак эътиборига сазовор бўлди. Қисса ҳам, спектакль ҳам ёзувчининг изтироблари, чексиз дардлари маҳсули. Уларни кўзёшисиз ўқиб ёки томоша қилиб бўлмайди.

Ёзувчининг “Бозор”, “Донишманд Сизиф” романлари ҳам ижобий баҳоларга сазовор бўлди. Янгилик сифатида эътироф этилди.

“Ким учун ижод қиласиз?” деган саволга ёзувчи шундай жавоб берди: “Ўзим учун ижод қиламан. Ёзганларим менинг дардларим, менинг изтиробларим. Уларни кимдир тушунса, бош устига, кўнглига яқин олса яна яхши. Мен тушунган, мени изтиробга солган оғирдан оғир туйғуларни бошқалар тушунмас?.. Ҳамма тушунган туйғуларни такрорлаш эмас, уларни ўзимча талқин этиш мен учун қизиқарли… Ижодимдан қаноатланмайдиган жиҳатларим етарли, лекин кўпчилик эътибор қилмаган, илғамаган жойлари борлигидан ичимда ғурурланаман. Бадиий асар маъносида “ёзмасам ҳам бўларди” дейдигани жуда кам, нимагаки қўл урган бўлсам ё образ яратишга, ё шакл ахтаришга уринганман. “Лабораторный эксперимент” тариқасидаги қораламаларим ҳам бор…”

Хуршид Дўстмуҳаммад зиё аҳли ҳусусида кўп куюниб ёзади. Ҳақиқий зиёлилар сафи кўпайишини мунтазам орзу қилади, истайди. “Зиё­ли — халқ маънавиятининг озон қатлами, у тафаккур ва қалбларни кислород билан таъминлайди, зиёли — жамиятнинг ҳароратини ўлчагич симоб устуни, зеро у танадаги аҳвол қандай бўлса, уни худди шундай намойиш ва намоён этади, унинг заррача оғриқли ҳужайраси бор экан —ҳаловат билмайди, тинчимайди, тиним билмайди!” — деб ёзади у.

Хуршид ака китоб одами. У ҳаётини китобсиз, китоб ўқимаган кунини эса кун ҳисобламайди. У китобнинг чин ошиғи, дилдош, дарддош дўсти. Устоз Иброҳим Ғафуровнинг “Китобсевар уйқусиз киприклари билан минглаб китобларни варақлайди”, деган ибораси айнан Хуршид Дўстмуҳаммадга ҳам тегишлидир.

Тиниб-тинчимас, илмга ўта ташна, бениҳоя китобсевар ва фидойи инсон Хуршид Дўстмуҳаммад аллақачон нуфузли олимлар сафидан ўрин олган. У филология фанлари доктори, профессор. Узоқ йиллар журналис­тика соҳаси бўйича қатор олий ўқув юртларида ёшларга сабоқ бериб келади. У киши аллақачон ҳақиқий МУРАББИЙ даражасига етган, заҳматкаш устозга айланган.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Журналист бўлмоқчимисиз?”, “Журналистнинг касб одоби”, “Ахборот —мўъжиза, жозиба, фалсафа” сингари қўлланма ва китоблари бўлажак журналистларга соҳа сирларини ўрганиш­ларида ҳар томонлама самарали бўлаётир, дарслик вазифасини бажараётир.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг самимий, бағрикенг, билимдон, виждонли шахс эканлиги, ижодда мудом янгиликларга интилиши, жаҳон адабиётидан хабардорлиги, ёш ижодкорларга ғамхўрлиги, сабр-тоқатли, фидойилиги ҳамиша, ҳар доим, ҳар қандай ҳолатда виждон овози билан яшашини ҳисобга олиб уни улуғ адиб Асқад Мухторга ўхшатгим келади. Бу ўхшатишим бировга малол келмас. Чунки аслида ҳам уларнинг ўхшаш қирралари анчагина.

Хуршид ака яна бир улуғ устози Талъат Солиҳовнинг “Мен бутун умр яқин одамларимга оғирлигим тушмаслигига ҳаракат қилдим”, — деган ҳикматини ўзига ҳаётий шиор қилиб олганига кўп бор гувоҳ бўлганман.

Яна суҳбатларимиздан бирида у киши: “Ҳар ким ўз ҳаётининг, турмуш тарзининг Робинзон Крузоси бўлиши керак”, деган эди.

Хуршид Дўстмуҳаммад ҳаёт ва ижодда гўё ўзининг Робинзон ҳақида айтган сўзларига ҳамиша амал қилиб яшаб келаётганга ўхшайди. Назаримда адабиёт уммонидан ўз топган ороли бор. Бу бехатар, жимжит оролни Хуршид ака ўзи кашф қилган ва катта меҳнат эвазига ўзи обод қилиб келаётир.

Тилагимиз шулки, бир яҳудий танишимиз айтганидек: “Сиз юзгинага кириб юринг, мангина бир кўрай…”

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 4 =