Фарғонанинг фидойи фарзанди

Одатда, дастурхонимиздаги луқмани насиба ҳисоблаймиз. Тўғри, лекин “насиба” сўзи шу қадар кенг тушунчаки, барчасини таърифлаш осон эмас. Мисол учун, ёр-дўстлар ҳам насиба. Ҳаётда кимлар билан, қандай инсонлар билан яқинлашиш, ҳамфикр-ҳаммаслак бўлиб яшаш тақдир бўлгани ҳам – насиба.

Шу маънода миллий журналистикамизда алоҳида ўрнига эга машҳур телеахборот қироли, бундан 30 йил муқаддам “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонига сазовор бўлган Муҳаммаджон Обидов мен ҳамкасб, сафдош сифатида фахрланиб юрадиган, ҳар қандай даврада исм-шарифини баралла айтишдан тортинмайдиган   насибаларимдан бири! Қу­йида мазкур ғалатироқ, лекин ўзим ҳақиқат деб ҳисоблаган ўхшатишни атрофлича исботлашга ҳаракат қиламан.

  1. 1968 – 1973 йиллар. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети ўша пайтларда Тошкент давлат университети деб аталарди. Журналистика факультети талабасиман, десангиз унча-мунча одамнинг капалаги учарди. Журналистнинг обрўси осмон эди-да!

Турли вилоятлардан, қўшни республикалардан оқиб келган салкам 40 йигит-қиз талаба шу қадар иноқ-қадрдон эдикки, дарс-сабоқлар тугаса ҳам уйларимизга тарқагимиз келмасди. Чунки ният катта эди. Ниятларимизнинг амалга ошиши ўқишда оладиган билимларимизга боғлиқ деб ҳисоблар эдик. Сабоқ пайтларида, танаффусда, бўш қолганда дунёни, жамиятни, одамларни ўрганиш, билиш, билганларимизни ўхшатиб ёзиш ҳақида баҳс-мунозара тугамасди.

Хусусан, ётоқхоналардаги тонготар гурунгларда “ҳал қилмаган” масаламиз қолмасди: Ўзбекистон мустақиллиги, ўзбек тилининг нуфузи, Орол денгизининг қуриб бораётгани, адабиётимиз, тарихимиз, матбуотимиз муаммолари хусусида куйиб-пишиб ёқа йиртишардик.

Кўп ўқиган, китоб кўрган ўртоқларда кетарди улоқ. Янги китоб топиш эса душвор. Шундай пайтларда Муҳаммаджон ўртага отилиб чиқарди, кўпчилик бехабар янгиликлардан айтиб, унча-мунча билағоннинг попугини пасайтириб қўярди. Билсак, ўша кезларда рус тилида чоп этилган энг янги адабиётларни топиб, ўқиркан – бохабар экан. Билсак, Муҳаммаджон ўқув практикаларини ўташ учун Москва, Санкт-Петербург (ўша вақтларда Ленинград) шаҳарларига бориб телевидение таҳририятларида ўтказар экан. Бундай қилиш мумкинлиги бошқа бирорта сабоқдошимизнинг тушига ҳам кирмаган.

  1. Муҳаммаджон ўқишни битирмай туриб Ўзбекистон телевидениесига ишга жойлашди. “Ёшлик” таҳририяти кўрсатувлари жуда оммабоп, ҳамманинг назарида эди. 70-йиллар оммабоплик борасида телекўрсатувларга тенг келадигани кўп бўлмаган. М.Оби­дов саноқли курсдошлар қатори пухтароқ чиқди, яъни тележурналистикани танлади.

Кейинчалик айтиб берди: ўқувчилик кезларида радиога қизиққани, радиоузелдан мактаб ўқувчиларига қарата “эшиттиришлар” олиб боргани ва ҳоказо.

Ўзбекистон телевидениесида Элбек Мусаев жуда машҳур эди, Муҳаммаджон ўша инсоннинг этагидан маҳкам тутди – ўзи   учун устоз деб билди, кам бўлмади. Долзарб мавзулардаги кўрсатувлари билан назарга тушди.

  1. Журналистикада ҳаваскорликдан профессионалликкача бўлган оралиқдаги “масофа” қанчалигини ҳеч ким билмайди. Бу масофанинг аниқ ўлчами йўқ ҳисоби. Бўлса ҳам, ҳар кимда турлича кечади. Муҳаммаджон Обидов тележурналистика сўқмоқларидан қандай ўтиб борди, қай тариқа тобланди, не-не ниятларда микрофонни қўлдан қўймади, ҳозир сарҳисоб қилиш қийин, лекин гапнинг лўндасини айтиш керакки, у бир юмалаб телемухбир бўлиб қолгани йўқ, балки қадам-бақадам, пиллапояма-пиллапоя кўтарилди ва “Ахборот”нинг етакчи мухбирига айланди. Ихтисослашди.

Теле“Ахборот” мамлакатимиз ахборот майдонининг бош минбари эди, барча нуфузли идоралар, ташкилотлар, раҳбарларга бўлган муносабат “Ахборот” минбарида шаклланар, тобланарди. “Ахборот” фавқулотда кайфият уйғотувчи, кайфиятни шакл­лантирувчи, кайфиятни ўзгартирувчи қудратга эга эди.

  1. Журналистикада ихтисослашиш ниҳоятда кенг тушунча. Ҳисобга олайлик: “Ахборот”да бир ахборот учун, нари борса, 2-3 дақиқа берилади. Ҳар лаҳза, ҳар бир сўз, ҳар бир манзара юз чиғириқдан ўтади. Хушхабар ёки ижобий лавҳа бўлса – бирмунча осон, танқидий бўлса, таҳлилий бўлса, машаққати юз карра ортди деяверинг! Факт, далил, тафсилот, ечим, хулоса – ҳаммаси ичида. Интервью ташкил этиш алоҳида дунё! Бу ҳали ҳаммаси эмас, 2-3 дақиқалик ахборот узатиш тафсилоти тўла қамраб олинди, дегани эмас. Не-не елиб-югуришлар, ҳаловатсизликлар эвазига экранга “қўйилган” ахборот ҳеч муболағасиз миллионлаб томошабинлар ихтиёрида қолади. Жайдари тилда айтганда, бу ёғи – бозор: маъқул кўрган қанча, муносабат билдирмаган қанча, маъқул кўрмаган қанча! Олқишлаган қанча, ғазабга минган қанча! Табиий, телетомошабин халқи минг бир тоифа – энг оддий аҳолидан тортиб давлат раҳбаригача, ҳукумат аъзоларидан тортиб ҳокиму вазирларгача, ҳоказо нозик ва рутбаси баланд сиёсатдонлару амалдоргача. Шундай экан, тасаввур қилайлик: телемухбир ахборотни узатишда қайси тоифани кўпроқ назарда тутмоғи керак? Урғуни беришда нималарни, қандай омилларни торози палласига қўймоғи керак? Ихтисослашган, профессионал мақомга кўтарилган муаллифнинг “товар”и   бозорда харидорсиз қолиб кетмаслиги муқаррар, аммо-лекин…

Хуллас, энг олий тоифадаги томошабинлар эътиборини мўлжалга олиш Муҳаммаджон Обидовнинг услубига, мухбирлик кредосига айланди. Ўхшатиш жоиз бўлса, ҳар бир кўрсатувида у баланд дорга бўйнини тутди. Бу услубни “Ҳой, барака топгур раҳбарлар, манави манзарани бир кўриб қўйинглар! Халқнинг аҳволидан бохабар бўлинглар!” дея талқин қилиш мумкин эди. Бундай ёндашувнинг мурак­кабликларига, нозиклиги, ҳатто қалтислигига шай туриш учун олий малакали журналистлик маҳоратидан ташқари қанчалик темир ирода, пўлатдан ясалган асаб, отнинг калласидек юрак кераклигини изоҳлаш ортиқча.

Ўзбекистон мустақиллик айёмининг дастлабки йилларидан тинмай демократик ислоҳотлар йўлини излади, айрим ҳолатларда топгандай ҳам бўлди, лекин энди мулоҳаза қилиб кўрилса, Муҳаммаджон Обидов республика телевидениесининг “Ахборот” кўрсатувида асос солган ва қатъият билан уни давом эттирган ижодий услуб матбуот ва сўз эркинлиги анча-мунча реал ҳаётий қадриятга, ҳақиқатга айланган, шаклланган жамият мақомига ҳамроз экан.

Яъни, М.Обидов услуб нуқтаи назаридан расмиятчилик кошоналари томонидан маъқул кўрилган мақом доирасида фаолият кўрсатадиган касбдошларидан, сафдошларидан анча олдинда эди. Шу маънода ҳам Муҳаммаджон Обидовнинг деярли барча хабарлари, таҳлиллари сенсация эди.

  1. Сенсацияга икки хил қараш мавжуд. “Муҳаммаджон Обидов сенсациялари” деганда арзон-гаров олди-қочдиликдан йироқ, аксинча, залвари билан ақлларни шошириб қўядиган хабарлар назарда тутилади. Мерганликда “десятка” деган тушунча бор, мазкур иборани қўллайдиган бўлсак, М.Обидов ҳамиша “десятка”ни аниқ мўлжалга олиши билан ажралиб турарди. Таҳлил, талқин, фош қилиш қудрати шу қадар ишланган бўлар эдики, кўрсатилган нуқсон, иллат, қинғирлик… жиноят юзасидан чора кўришдан бошқа иложи қолмас эди! Мисол, дейсизми? Мисол истаганча, унинг бир нечтаси М.Обидовнинг қаламига мансуб “Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил”, “Мен кўрган дунё” китобларида батафсил ёзилган. Такрор айтаман: уларнинг бари ажойиб сенсация! Ёш журналистлар учун ҳар бири ўзича сабоқ-сенсация!
  1. Республика ТВ “Ахборот” дастури учун тайёрланган янгиликлар, хабарлар, айниқса, таҳлилий кўрсатувлар “Ахборот” майдонига сиғмай қолди. Чунки, юқорида айтдик, “Ахборот”да бир ахборот учун саноқли дақиқа ажратилади, бу вақт ичига батафсил таҳлил “сиғмайди”. Муҳаммаджон “Ахборот+” кўрсатувини кашф қилди. У ўзининг “Ахборот”га сиғмаган таҳлилларини “Ахборот” дастуридан сўнг махсус кўрсатувлар орқали эл-юртга достон қилди. Масалан, Фарғона ёғ-мой корхонасидаги ўғрилик, суиис­теъмолчилик, порахўрлик каби иллатларни далиллар билан рўй-рост очиб ташлаш, уни экран орқали мамлакатга кўрсатиш учун журналистга жасоратнинг ўзигина кифоя қилмасди. Ҳақиқат йўлидаги ватанпарварлик устун туриши керак бўлди. Рақамлар, жадваллар, қиёслар, улардан келиб чиқадиган кирдикорлар рўй-рост экран юзини кўрди.

Кўрсатувдан таъсирланган Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов ҳаяжонини яширолмади – Муҳаммаджон Обидовга матбуот орқали очиқ хат йўллади. “Баракалла!” деди. Журналист дўстимизнинг очиқ-ошкора далиллар, аниқ рақамлар, интервьюлар асосида фикрини дадил изҳор қилганидан таъсирланганини ёзди устоз олим. Чинакам журналист мана шундай бўлмоғи керак, деди.

Ана шундай кўрсатувлардан яна бири хорижий радио орқали тарқатилган ёлғонга қарши қаратилди. Бунақаси бўлмаган! Ўзбекистон телевидениеси, ўзбек журналисти хорижий тили узун журналистлар панжасига панжа урди.

  1. Журналистикада ғоятда қийин вазифалардан бири – ахборот олиш. Тўғри, қонун ва қонуний меъёрлар бор, лекин амалда икки қўллаб маълумот тутқазадиган мард йўқ ҳисоби. Хусусан, тақдир ўзанини чаппа қилиб юбориши муқаррар бўлган журналист суриштируви учун ким ҳам маълумот, ахборот, фактни осонликча тақдим этади?! Муҳаммаджоннинг маълумот йиғиш, факт ундириш тажрибасига доир ҳикояларини эшитсангиз на кўзингизга, на қулоғингизга ишонасиз! Бошдан-оёқ саргузашт, комедия! Трагикомедия! Унча-мунча изқувар — Шерлок Холмс М.Обидовнинг олдида сув ичсин, десам ишонаверинг!

Ана шунда разм соламан, ўйлайман, чоғланаман ва муҳим бир синоатнинг тагига етгандай, ўзимча кашф этгандай бўламан.

Муҳаммаджон Обидов том маънодаги, қон-қонигача, феъл-атворигача, қадам олишидан тортиб, ширинзабон лутфигача ФАРҒОНА ФАРЗАНДИ! Фарғонанинг Марғилонида туғилиб, вояга етгани, таълим-тарбия топгани учунгина айтилаётгани йўқ бу таъриф, балки фарғонача мулоқот-муомала маданияти, санъати, маҳоратини, одамшинавандалик, меҳмоннавозлик, бағрикенглик ва албатта, уддабуронлик туйғуларини бутун республика, қўшни давлатлар, қолаверса, олисдан-олис диёрларга қадар ёя олганидан келиб чиқиб ФАРҒОНАНИНГ ФИДОЙИ ФАРЗАНДИ, дейилмоқда. Оғир гапирмайди, тик қарамайди, қўли кўксида, лутфи ипакдай, мутойибага шай – ўнқови келса, пайровнинг келган жойидан ўхшатиб олаверади. Бироқ қаттиққўлликда дўстини ҳам аямайди, бошлаган ишини адоғига етказмай қўймайди, тутган жойини қўйиб юбормайди, иккиланмайди, қўрқмайди, баҳсдан қочмайди – машҳур нақлда айтилганидек, қўрқса, айтмайди, айтдими, қайтмайди. Чўнтагини, дафтарини тўлдирган фактлари, далилларини бирма-бир, бирма-бир дастурхон қилган жо­йида мана-ман деган қинғирликка қўл урган устомону учарлар қочарга жой тополмай қолади.

Бир аччиқ ҳақиқатни айтиш ўрни келди. Гоҳо яқинлигимиз юзасидан, гоҳо хизмат юзасидан Муҳаммаджоннинг бошида қора булутлар айланган пайт­ларга шоҳид бўлганман. Қиличини яланғочлаб боши узра кўтарганларнинг кимлигини эсласам, ҳозир ҳам капалагим учади! Очиқдан-очиқ таҳдидлар, айбловлар, олишув майдонига чорловлар, далили йўқ шубҳа-гумонлар дегандек. Шундай пайтларда медитация санъатидан келиб чиқиб, муроса йўлини тутақолайлик, деган жойларим ҳам бўлган, бироқ Муҳаммаджон ўзининг ҳақлигини исботлаш, виж­дони, фарзандлари ва касбимиз олдида юзи ёруғлигини исботламагунича бир қадам ҳам ортга қайтмади. Курашдан толмади. Ҳақиқий журналист қандай бўлмоғи кераклигини ҳаётда исботлади.

  1. “Фавқулодда журналистика” деган ибора бор. Бунда оғир табиий шароитларда, табиий офатлар юз берган ҳолатларда, уруш майдонларида касбий фаолият юритиш назарда тутилади. Муҳаммаджон Обидовнинг бу борадаги саргузаштлари оз эмас. Мисол учун, Шоҳимардондаги тошқиндан, Сариосиё тоғларидаги жангариларнинг тугатилишидан берилган репортажлар, ҳеч муболағасиз, тележурналистикамиз тарихида алоҳида саҳифани ташкил этади.
  2. Саудия Арабистонида чоп этиладиган нуфузли журналда Фарғона водийси ҳақида мақолалар эълон қилган, Хитой телевидениесида янги Ўзбекистон ҳақида туркум кўрсатувлар ташкил этган журналистнинг исм-шарифи ҳам Муҳаммаджон Обидов!
  3. Муҳаммаджон ажойиб ҳикоячи. Унинг берилиб, бутун вужудидан чиқариб сўзлашини берилиб ва бутун вужуд қулоққа айланиб тингламай илож йўқ. Қуйидаги ажойиб ва ғаройиб хотирани дўстимизнинг тилидан ўқиймиз:

“Яратганнинг марҳамати кенг. Унинг илтифотига сазовор бўлмоқлик барчамизга насиб этсин.

1994 йил баҳори эди. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Бухоро сафарига борган чоғда Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи этагида “Фарғона боғи” яратилса, деган таклиф айтди. Орадан бир неча кун ўтар-ўтмас Қува, Водилдаги кўчат етиштирувчилардан икки машинада турли мевали кўчатлар ва бир “Икарус” автобусда боғбонлар, ўша вақтда Фарғона вилоят ҳокими Мирзажон Исломов бошчилигида Бухорога йўл олдик. Мен тасвирчимиз билан ҳамроҳ бўлдим.

Эрта тонгда бизни Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоров вилоят чегарасида кутиб олди. Зиёратгоҳга келганимизда боғ учун ер тайёрлаб қўйилган эди. Ишлар қизиб кетди. Кечгача боғ анчагина кўзга кўриниб қолди.

– Энди дам оламиз, – деди Д.Ёдгоров.

Биз “Ахборот”чилар вилоят ҳокимлиги оромгоҳи (дачаси)га боришимиз керак эди. Шунда мен бу кечани Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ўтказиш ниятида эканлигимни айтдим. У пайтлар диний илмим йўқ, энам (дадамнинг оналари) болалигимда ёдлатган 5-6 та сура ва намоз ўқишни билардим, холос.

Алламаҳалда юпқагина кўрпачада ғужанак бўлиб ухлаб қолибман.

У кезлар ҳозиргидек паробал телеантенналар йўқ, Макка, Мадина ҳақида, Каъба сиймоси ҳақида ўқиб, эшитгандим, холос. Лекин тушимда…

Оппоқ мармар тошли саҳнда, устига қора заррин мато қопланган чорбурчак бинонинг олтиндек нур таратувчи эшиклари қаршисида тиз чўкканча Оллоҳга илтижо қилардим. Ҳали мен таниб улгурмай, кўкрак сутига тўймай бевақт оламдан ўтган онам, тақдир тақозоси ила охирги йўлга кузата олмаганим – отам, менга меҳр бериб боққан марҳум энам, бобомга жаннатдан жой, қолаверса, бандачилик йўлида йўл қўйган гуноҳларимга кечирим сўрадим. Ичимдан отилиб чиққан дард кўз ёшим бўлиб оқарди…

Уйғониб кетдим. Ёстиғим хўл бўлиб кетганди. Оҳиста азон янгради.

Руҳим мажруҳ эди. Тушимда кўрганим қаер? Нега йиғлай-йиғлай илтижо қиляпман?

Соат тўққизларда яна иш бошланди. Боғбонлар кўчат экишда давом этишди. Мен иш билан овуниб, тушимни бироз унутдим. Тасвирлар етарли эди. Интервьюни кўпайтирдик. Шу тариқа Бухорода бунёд этилаётган “Фарғона боғи”ни мамлакатимиз халқи эътиборига ҳавола этишга ҳозирлик кўрдик.

Соат ўн яримлар эди чамаси. Бир “Волга” машинаси шитоб билан келиб тўхтадию, ундан ўрта ёшлардаги кўзойнакли киши тушиб, “Ҳой, ичларингда “Ахборот” мухбири Обидов борми?”, деб сўраб қолди. Мен ўзимни таништирдим.

– Мен ҳокимиятданман. Зудлик билан Тошкентга борар экансиз. Самолёт бир соатдан кейин учади. Чипта тайинланган. Қани, тез юринг!

Мен гап нимада эканини тушунмасам-да, тасвирчидан кассеталарни олиб, аэропортга кетдим.

Тошкентда, телевидениеда раҳбаримиз гапни қисқа қилди:

– Эртага, охирги самолёт Жиддага учар экан. Сиз унда ҳажга борасиз. Топшириқ шундай.

Мен турган жойимда қотиб қолдим. Чунки ўзбе­кистонлик зиёратчилар узоқ тайёргарликдан сўнг барчаси учиб кетишганди. Фақат ишчи гуруҳнинг айрим аъзолари, шифокор ва божхоначилар қолишган экан.

Хуллас, эртасига сўнгги самолётда Жиддага учдик.

Саудия ҳаво дарвозасида бизни кутиб олдилар. Янги қурилган “Доруссалом” меҳмонхонаси Ўзбе­кистондан келган зиёратчиларга ажратилган экан, ундаги хоналардан бирига жойлашдим.

Тилимиздан “Лаббайка”ни қўймай пиёда Харами Шарифга томон йўл олдик. Диний идорамиз вакили бўлган Бобуржон исмли йигит йўлбошчи эди. “Ассалом” дарвозасидан кирдигу… не тил билан баён қилай, қаршимда ўша, икки кун аввал тушимда кўрганим – сатҳи оқ мармарли, устига Қуръони карим оятлари зарҳал ипакларда тикилган, мусулмон оламининг қиблагоҳи – Каъба ўзига чорлаб турарди…”

…Қаҳрамонимиз ҳикоясига илова қилайлик: ўша 1994 йилда Ўзбекистон телевидениесида биринчи марта (такрор ва такрор) намойиш этилган юртдош­ларимизнинг муқаддас зиёратларига бағишланган “Муборак ҳаж сафари” видеофильмининг муаллифи ва тасвирчиси ҳам, бугунги кунгача уч бор ҳаж амалини адо этган, қадр кечасини тўрт маротаба Маккада, Ҳарами шарифда бедор шарафлаш бахтига мушарраф бўлган ҳожи ака Муҳаммаджон Обидов бўладилар.

  1. Муҳаммаджон Обидовнинг туғма ташкилотчилик қобилияти, табиатан тиниб-тинчимаслиги, ҳаловатни беҳаловатликдан топишга мойиллигини у Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг Фарғона вилоят бўлими раҳбарлигидаги фаолиятида алоҳида намоён этди. Ишни вилоят журналистларининг бошини қовуштиришдан бошлади, туман ва тармоқ нашрларининг ҳолидан хабар олди – ижодий, моддий, ижтимоий муаммоларни бартараф этишга жиддий киришди.

Миллий журналистикамиз равнақи йўлида туман ва бошқа маҳаллий нашрларнинг ўрни, аҳамияти беқиёс. Аҳён-аҳёнда “Туман газетасидан воз кеча қолайлик” деган кайфиятдаги овозалар ғимирлаб қолади. Нега? Нима учун? Ўткинчи қийинчиликлар олдида эсанкираш-ку, бу! Юзлаб, эҳтимол минглаб ҳамкасбларимизнинг меҳнатларини ҳавога совуриш-ку, бу! Ўсиб келаётган ёш қаламкашларимиз учун ўзига хос ижодий тажриба майдони, минбари-ку, туман газеталари!

М.Обидов туман газеталарини ҳам ижодий, ҳам иқтисодий қаддини ростлаш йўлини топди. Фарғона вилояти бу борада мамлакатимиз вилоятлари орасида тажриба мактабини яратди. Вилоят журналистлари уюшмаси саъй-ҳаракати шарофати билан мамлакатимизнинг барча вилоятларига, қўшни респуб­лика вилоятларига, ўнлаб хорижий мамлакатларга сафар уюштирдилар, бир гуруҳ журналистлар ҳаж ибодатини адо этишга мушарраф бўлдилар.

“Чимён медиафоруми” анъана тусини олгани алоҳида мавзу. Дастлаб, вилоят журналистлари иштирокида ташкил этилган мазкур анжуманга, ке­йинги йилларда бошқа вилоят журналистлари вакиллари ҳам таклиф этилди. Ватанимизда кейинги йилларда бошланган кенг ислоҳотлар шарофати ўлароқ, медиафорум анжумани глобал миқёсларга довур кенгайди. Унинг минбаридан гоҳ бевосита, гоҳ видеомослама орқали дунёнинг турли бурчакларида яшаётган, фаолият юритаётган ҳамкасблар очиқ ва эмин-эркин ўз сўзларини айтдилар.

Ҳеч бир ҳамкасбимиз меҳнатини заррача камситмаган ҳолда айтиш жоизки, ибратга, ўрнакка лойиқ мана шундай ажойиб тажрибани барча вилоятларимизда оммалаштирилишига Муҳаммаджон Обидовдек куюнчак, фидойи инсон етишмаяпти…

  1. Муҳаммаджоннинг ер юзида бормаган давлати йўқ. Мағрибдан Машриққача, Жанубдан Шимолгача кезиб чиққан. Қайта-қайта борган манзил-маконларини-ку, асти қўяверасиз! Дам Сидней, дам Токио, дам Бағдод, дам Қоҳира дейсизми, Ҳирот, Деҳли, Тибет… икки қадам! Ким қандай талқин қилади бу саёҳат­бозликни, билмадим, лекин менинг назаримда   Муҳаммаджон Обидов она шаҳрига, юртига, ўзи ўзининг ичига сиғмаслиги аломати. Ҳа, ичига сиғмаган одам Муҳаммаджон! Ғайрати, шижоати тизгин билмайдиган одам! Умрини дунёнинг таянч нуқтасини излашга сафарбар этган одам!

Муболаға қилаётганим йўқ, ярим асрлик сабоқдош қадрдонни фариштага айлантириш ниятим ҳам йўқ, борини айтяпман, холос.

Ўтган йили ковид йиқитди уни. Фарзандлари, яқинлари хавотирга тушган кунлар ҳам ўтди бошидан. Мен эса Муҳаммаджонга, унинг иродасига ишондим, айт­дим ҳам: “Журналист сифатида бир умр не-не қаттолликларга қарши бас келган, соғ-омонликда 70 нинг дарвозасини қоқаётган кимсан Муҳаммаджон Обидов аллақайси ёқлардан дайдиб келиб қолган тож­дор балога таслим бўлиши мумкин эмас!” Аллоҳга шукрлар бўлсин, айтганимча бўлди.

Ҳа-я, айтганча, кейинги йилларда дўстимиз ўша кўзга кўринмас офатнинг “она юрти”га танда қўйди. Борди-келдиси кўпайди. Ҳавас-ҳайрат ўз йўлига, илло, очиғи, бундайин яқинликнинг шахсан каминага хуш келмаган жойлари ҳам йўқ эмас. Буни дўстимиздан яширмадим ҳам. “Дўстингизни хушёрликка чақириб қўйинг” деганларнинг тагдор танбеҳини шууримда чиғириқдан ўтказишга улгурмай, Муҳаммаджон Чюйфу шаҳрига бориб келганидан сўз очиб қолди.

Чюйфу қаерда, қандай шаҳар у? Не тақдир-ниятлар бошлаб борди у томонларга, ўзбекистонлик тиним билмас журналист Обидовни?

Пекинда сиз минган тезюрар поезд Шандонг вилоятининг маркази Жинан шаҳрига етиб боради, яна поездга минасиз, 180 чақирим йўл босгач, Чюйфуга етасиз. Дунёга машҳур мутафаккир Конфуций милоддан аввалги 551 йилдан 479 йилга қадар айни шу шаҳарда яшаган ва 72 ёшида бу ёруғ оламни тарк этган.

Ана, холос. Бу Хитой донишмандининг қуйма ҳикматларига ихлос қўйган не-не таниш-нотаниш­ларни биламан, лекин ўша мутафаккирнинг ватанига бориб, у яшаган ҳовли-жойларни ўз кўзим билан кўриб келаман, деган ўзбекни учратмагандим! Ихлосни қарангки, Муҳаммаджон ўша қадимий шаҳардан олиб келган ҳикматларни ўзбекчалаштиришга, алоҳида китоб ҳолида чоп эттиришга бош-қош бўлди.

  1. Мана, 5 йилдирки, Фарғонада чоп этилаётган, мухлислари-муштарийлари кўпайиб бораётган номи ихчамгина, бежиримгина “Олам аро” журналига ҳам Муҳаммаджон Обидов бош-қош. Журнални варақлаган муштарий дунёни бир кезиб чиққаннинг завқини олади. “Мамлакатлар”, “Мўъжизалар”, “Ўзбекистон”, “Урф-одатлар”, “Кашфиётлар”, “Ташриф қоғози”, “Таомлар”, “HI TECH” сингари рукнлар остида эълон қилинган мақолалар олам аро сайру саёҳатга бўлган иштиёқларни бир қадар қаноатлантиради, тафтини босади.
  2. Ва ниҳоят, Муҳаммаджон Обидов муҳаррирлигида кун ва сон сайин вилоятдошлар муҳаббатини, ҳурматини қозонаётган “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталарини тилга олмоқлик бурчимиз. Босма нашрлар инқирозга юз тутган, баъзан нуфузи тушиб бораётган бир пайтда газетани ўқишли тайёрлаш, кенг омма орасида оммабоплигини сақлаш борасида мазкур нашрлар тажрибасини тарғиб этиш фойдадан холи бўлмас эди.
  3. Юқорида “Мерганликда “десятка” деган тушунча бор”лигини эсладик. Эллик йилдан ортиб бораётган тарихга назар ташланса, Муҳаммаджон Обидов ҳаётда қайси ишга қўл урмасин, фақат ва фақат “десятка”ни мўлжалга олган, ўзбекона жайдари тилда айтганда, туриш-турмуши, оиласи, ёр-биродарлари, фаолияти, дунёни забт этиши – ҳамма-ҳаммасида ишни ўринлатиб, қойиллатиб қўйган экан. Мен бу олис, сермазмун ва машаққатли ҳаёт йўлининг айрим бекатларида бирров-бирров тўхтаб ўтдим, холос.

* * *

Фарғонада журналистнинг, журналистлик касбининг чўғи баланд, нуфузи баланд. Матбуотнинг сўзи – сўз, кўзи – кўз. Бундай мақомга кўтарилишда вилоят оммавий ахборот воситалари фидойиларининг, Муҳаммаджон Обидов сингари жонкуярларнинг хизматлари катта!

Хуршид Дўстмуҳаммад,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 1 =