Самимият сеҳри

Мактаб ўқувчиси эдик. Сайлов, Олий Мажлис, Депутат деган гаплар нима эканлигини унча тушуниб-англамаган пайтларимиз эди. Ундан-бундан, ўқитувчиларимиздан сўраб билдикки, одамлар ўзлари ишонган, эл ичида танилган кишиларни сайлаб овоз беришаркан. Кейин улар вакил бўлиб, халқнинг ҳаётини яхшилаш учун қонунлар яратишаркан. Ҳар ҳолда, устозларимиз мана шундай содда қилиб тушунтиришган. Очиғи, ёшимиз 45 дан ошиб, матбуотнинг серғалва кўчасида юрганимизга ҳам бир йигитнинг ёши бўлаётганига қарамай, бугун ҳам бу атамаларнинг ғоят ўткир маъноларини тўла чақиб олдик, — дея олмасам керак. Ёдимда қолгани шуки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Ургут туманидан қў­йилган учта номзоднинг бири Абдусаид Кўчимов эди. Адабиёту санъатга қизиқиб юрганим боис, Абдусаид Кўчимовнинг ҳикояларини ўқиган эдим. Рости, шундай таниқли инсон ургутлик эканлигидан ўша мактаб ўқувчилик пайтимдаёқ беҳад ғурурланган, у кишига чин дилдан ҳавас қилганман.

Дадам раҳматлидан сўраганимда, Абдусаид аканинг падари бузруквори Кўчим бобо билан жуда яқин бўлишганини, катта боболаримиз ҳам борди-келди қилишганини кўп айтардилар. Кейинчалик журналистика соҳасига ишқим тушиб, шу йўналишда ўқийман, деганимда ҳам дадам: “Ўқийвер, ўзим сени Абдусаид акангга айтиб ишга жойлаштириб қўяман”, – дердилар. Мен эса бу гап­лардан ҳаволаниб, худди Аканинг ёнида иш бошлаган кишидай тутардим ўзимни.

Талабалик ҳам насиб этди. Самарқанд давлат университетидаги таҳсил чоғида домлаларимиздан бири далда берди: “Сен ёзишдан тўхтама, мен Кўчимов билан зўрман, ўзим айтиб сени ишга жойлаштираман”. Яна ҳовлиқиб қолдим. Қаранг, фаришталар омин деган эканми, ўқишимиз Тошкентга кўчадиган бўлди. Мана, Худонинг ўзи йўл очди, энди иккиланиш йўқ, Акага учрашаман, “ишга кириб олишим энди нақд бўлгани”га ўзимда ҳам сира шубҳа қолмаган эди.

Шундай қилиб денг, пойтахтда ўқишни бош­лаб юбордик. Журналистика амалиёт билан тирик. Шу боис бошланғич курсданоқ амалиётга қатнаб, ишга кириб олган пойтахтдаги янги курсдошларимизни кўриб шошиб қолдим. Чунки бизнинг орзу қилиб, интилиб юрган нарсамиз улар учун оддий ҳолга айланиб улгурган эди. Шунда Самарқанддан келган сабоқ­дошларимиз ҳам тезроқ иш топишга йўл қидира бошладик. Айрим курсдошларимиз ТВ.га ишга ўтди, айримлари радиога жойлашди. Қандай кирдинг, десам, фалончи амаким ёки тоғам Кўчимов билан жўра экан, шу кишига айттириб ишга жойлаштирди, дейишар, бу гаплардан баттар ичим қизирди. Ҳамма ишни йиғиштириб, эртагаёқ, йўқ, шу заҳотиёқ Абдусаид аканинг ёнларига бораман, — дея жидду жаҳд қилганларим кўп бўлди, яна ўша нимадир йўл қўймайди: ё андиша, ё ўзимга ишонмаслик. Ваҳоланки, тинмай мақола ёзар, улар марказий газеталарда босилиб турган бўлса ҳам ўзимга ишонмасдим. Ана шу иккиланиш боис ғойибона устозим, болаликдан ҳавас қилганим —Абдусаид Кўчимов билан юзма-юз танишиш ортга сурилаверди, сурилаверди. Бу орада марказий нашрлардан бирига ишга кирдим, ана-мана дегунча йиллар ўтиб кетаверди.

Ойда ёки икки ойда бир қишлоққа борсам, дадам: “Абдусаид аканг билан танишдингми?”, деб сўраб қолардилар. У киши катта одам, мингта ишлари бор, бориб нима ҳам дейман, мана ишлаб юрибман-ку, дейман. “Гап ишда эмас, мусофирчиликда юрибсан, Кўчим бобо жуда одамни қадрлайдиган инсон эди, фарзандлари ҳам шундай. Бир танишиб олсанг, кўнглим тинчийди-да, ўғлим”, дердилар дадам яна. Хўп-хўп, деб кекса отамга ваъдалар беравердим, аммо табиатан ётсираш, хилватнишинлик боис бу “хўп-хўп”ларимнинг “бўлди, танишиб олдим”, деган гапларга алмашиши қийин эди.

Аслида эса энг муҳими, Абдусаид ака ҳақидаги яхши гапларни кунда кунора эшитиш эди. У кишининг қўл остида ишлаган, шогирд саналган юзлаб ҳамкасбларимиз, ёзувчилардан қай бири бир пайтлар қийналиб юрганида устознинг кўмаги билан пойтахтда муқим қолганини айтиб берса, яна бошқа бири умр йўлига Абдусаид аканинг улкан одамийлиги боис мазмун кирганини ёзарди. Бундай гаплар худди мен ҳақимда айтилгандек хурсанд бўлардим. Нега хурсанд бўлмайсан, ахир: тамакининг заҳар-заққуми, эртаю кеч қора меҳнатдан бошқасини билмайдиган манзил маконингдан шундай инсон чиққан бўлса-ю ва яна у кишини ҳамма зўр, деб турса, фахрланмаслик мумкинми?

“Ҳандалак”чилар — Ортиқ Султонов ва Зокир Очилдиевни бугун ҳамма танийди. Ортиқ Султонов бир куни гапдан гап чиқиб қандай қилиб машҳур бўлишгани, бунинг сабабчиси ким эканлигини айтиб қолди:

— Самарқандда жуда қийналдик, — деди Ортиқ Султонов. — Зокир иккимиз нима бўлса бўлар, деб Тошкентга йўл олдик. Таваккал қилиб Абдусаид аканинг олдига кирдик. Хўп деса, яхши, агар ишга олмаса, зоримиз бору зўримиз йўқ деб турибмиз. Устоз муддаомизни эшитгач, тортмадан ҳеч нарса ёзилмаган оппоқ қоғозни олиб, унинг тепасига ишга олинсин, деб имзо чекдилар. Кейин бизга узатдилар: ариза ёзиб, қўл қўйинглар…

Ортиқ ака завқу шавқ билан яна кўп гап­ларни айтар экан, мен устознинг мардлиги ҳақида ўйлайман. Ким нима деса десин, лекин бу ҳолатни истеъдодни олдиндан кўра олиш, иқтидорни кашф этиш, ютуқ ва муваффақиятни аввал-бошдан ҳис эта билиш, деб тушунаман. Кейин-кейин билдимки, Абдусаид ака учун бундай яхшиликлар қилиш одатий экан. Худди сизу биз ҳар куни чой ичиб овқат ейишни эсдан чиқармаганимиздек, устознинг иш куни кимгадир яхшилик қилиш билан бошланар экан. Қандай гўзал фазилат!

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ишлайдиган дўстларимиздан бири бир ҳолатни гапириб берган эди. У ўз кўрсатувининг навбатдаги сони учун қаҳрамони сифатида Абдусаид акани чақирибди. Кириш йўлагидан олиб ўтаётганида назоратда турган милиция ходимлари бараварига “чест” бериб, устоз билан қучоқлашиб кўришибди.

Бу балки кимлар учундир эриш туюлар, аммо бир вақтлар ишлаб кетган жойингга йўлинг тушганида, аввало юзинг ёруғлигини ҳис қилиш бўлса, айни дамда бундай эҳтиромни кўриш, яна денг ҳеч қандай фойданг тегмаган одамлардан эъзоз ва ҳурматни қабул қилиб олишдан ҳам ортиқ хуррамлик, мамнуният бормикан?!

Устознинг эзгу хислатларига ана шу тарзда ҳавас қилиб, у кишидай одамий бўлайлик, дея орзуманд бўлиб юрганимизда, самарқандлик бир ижодкор акамиз ўғлининг уйланиш тўйига айтиб қолди. Мезбонлар кўрсатган жойга яқинлашиб қарасам, Абдусаид ака бошчилигидаги бир гуруҳ таниқли инсонлар ўтиришган экан. Ҳам ёшлик, ҳам ҳаяжон сабаб бир зум каловланиб қолдим. Шунда Абдусаид ака келинг, келинг дедилар. Бу илтифотдан қалб меҳрга қониб, ўтирдим. Фотиҳа тортилгач, кимдир ҳаммани бир-бирига таништира бошлади. Янаям қаттиқ ҳаяжонландим. Мени нима деб айтар экан бу одам дейман ичимда. Бошимни эгиб ўтирибман, яна устознинг овози мени ажаблантирди: “Бу йигитни таништириб ўтирманг, ҳамма танийди эшон бобони”. Ана бўлмаса, дейман ўзимга ўзим. Сен ўзингни четга олиб юрганингга зўр танбеҳ бўлди. Устоз бу гапларни мени хижолатдан қутқариш учун айтаяптилар, деб ўйладим. Кейин табрик учун сўзга чиққанларида ҳам гап орасида мақолаларимни ўқиб боришларини айтдилар. Буниям кўнгил учун дедим. Кейин келиб ўтиргач, айнан сўнгги пайтларда ёзган мақолаларимдан уч-тўрттасини айтиб, мулоҳаза билдирдилар. Хуллас, шу тўй сабаб устоз билан танишиб олдим.

Абдусаид Кўчимовнинг адабиёт оламидаги ўрни, асарларининг аҳамияти ҳақида шу соҳанинг билимдонлари, нуктадонлари гапирса арзийди. Аммо бу борада билганим шуки, устознинг “ширин тили” бор. Ҳикоялари, бир-биридан ажойиб қисса, эсселарини ўқисангиз, улар худди кино тасмасидек кўз олдингизда гавдаланаверади. Чунки ҳаётнинг, ҳаётийликнинг бор ранги бўй кўрсатиб туради устознинг ҳар бир асарида. Пуб­лицистикаси ҳам худди ҳикоядек ёзиладики, икки қўлингизни кўтариб тан бермасдан иложингиз қолмайди. Абдусаид Кўчимов шеърияти эса—катта шеърият. Улкан истеъдод билан битилади.

Кўп хизмат сафарларида юрганда, қаердансиз, дея сўраб қолишса, Самарқанднинг Ургутиданман дейман. Шунда жуда кўпчилик, Абдусаид ака билан бир жойдан экансиз-да, дейишади. Ҳа, худди шундай дейман. Ва бир во­қеани янги танишларга ҳам айтиб бераман.

Талабалик пайтимда азбаройи мухлислик боис Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳақида бир мақола ёздим. Мақола ўша пайтлари ҳар бир сони қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган нашрларнинг бирида чоп этилди. Ҳофиз бундан мамнун бўлиб юрган кунларда у кишининг уйларига бордим. Шерали ака уйланган-уйланмаганим билан қизиқдилар. Бўйдоқлигимни айтдим. Уйланинг, тўйга бораман, десалар бўладими? Шундай машҳур санъаткорнинг энг чекка туманнинг бир қишлоғига боришини, қишлоқдошу қариндошларнинг қанчалар хурсанд бўлишини кўз олдимга келтирдиму тўйнинг аниқ кунини белгилаш учун Шерали Жўраевнинг уйларига бордим яна. Бир кунни белгилаган ҳофиз, қишлоғингизга қандай борилади, деб сўраб қолдилар. Ундай дейман, тушунтиролмайман, бундай дейман уқтиролмайман. Охири Абдусаид Кўчимовнинг қишлоғига яқин, шундоқ ўтсангиз бизни қишлоқ, дегандим, бошида шуни айтмайсизми, бунча қийналмай дея кулгандилар машҳур ҳофиз.

Шунақа, том маънода ғурурлансам, мақтансам арзийди. Чунки камина чиндан ҳам Абдусаид Кўчимов билан деярли бир қиш­лоқданмиз. Аммо барибир “масофани сақлаш” деган нарса мияга қаттиқ ўрнашиб қолган. Зотан, устоз деган улуғ рутбадаги одамларни ҳадеб безовта қилаверишни, бўлар-бўлмасга вақтларини олишни ярашмайдиган юмуш деб биламан.

Устоз ҳақида кези келган экан, яна бир оғиз гап айтишни жоиз деб ўйлайман.

Ҳаммамиз биламиз, Абдусаид Кўчимов узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси сифатида ишлаб, нафақат ушбу катта ижодий жамоани ҳар жиҳатдан ривожлантирди, балки телевидениенинг халққа яқин бўлишига ҳам эришган эди. Ва бу ерда юқорида айтганимиздек, юзлаб ижодкорларнинг бўй кўрсатишига устозлик қилди. Шундан сўнг “Хабар” газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият юритди ва бу нашр “йўқ жойдан” нуфузли нашрга айланди қолди. Адади 20 мингдан ошди. Мана бир неча йилдирки, ЎзА — Ўзбекис­тон Ахборот агентлигидай нуфузли ахборот майдонига бош бўлиб, унинг энг етакчи агентликка айланишига эриша олди. Бугун UzAни нафақат мамлакатимизда, балки кўплаб дунё юртларида билишади, жаҳон ахборот агентликлари у тарқатаётган хабарлардан фойдаланади. Чунки агентлик бир нечта тилларда нафақат қайноқ хабарлар, сиёсий-ижтимоий материаллар, балки кутилмаган шахслар, таниқли инсонлар билан қилаётган жонли суҳбатлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаётир.

Фахр, Ғурур, Эҳтиром. Газеталарда, асосан, катта рукнлар сифатида қўйиладиган бу сўзларни катта Устозларга жумладан, Абдусаид Кўчимовга нисбат этиб айтилса ҳам жоиз бўлади, шубҳасиз.

Шунинг учун ҳам элимизнинг катта ижодкорларидан бири, қалби самимиятга тўла Абдусаид ака билан фахрланаман.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 5 =