Инсоният виждонига мурожаат ёхуд урушни енгган журналистнинг тавбаси

Урушда бўлганмисиз, бомба овозини эшитганмисиз ёки порох ҳидини-чи, ҳидлаганмисиз? Бугун тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган бир замонда бу саволларни бериш бироз ғалати туюлиши оқибатида, анча ёқимсиз ҳам. Аммо тинчликнинг қадрига етмоқ учун ҳам урушнинг оғир кулфатларини унутиб бўлмас. Хемингуэй туғилган ва яшаган паллада Америкада ҳам уруш йўқ эди, худди Ўзбекистонда бўлмагани каби. Бироқ у 18 ёшидаёқ урушга жўнаб кетди. Ихтиёрий равишда. Ер шарининг қайсидир бир муюлишида инсоният қонли урушни бошдан кечирар экан, Хемингуэй ўзини ўша ўлкага дахлдор деб билди, тинч яшай олмади. Францияда, Германияда, Испаниядаги уруш халқобларида бўлди. Миллионлаб ўлган аскарларнинг мурдаларини оралаб улар учун хотира талашди. Ҳечқурса, ёруғ кунларга етган инсоният бу кунлар учун жанг қилган аскарларни ёрқин хотирлашини орзу қилди. Яраланиб ҳарбий госпиталларда даволанар экан “қуёш барибир чиқавериши”дан умидини узгани йўқ.

Хемингуэйнинг таржимаи ҳолида “америкалик ёзувчи, ҳарбий журналист, Нобель мукофоти соҳиби” деб ёзиб қўйилган. Зеро, унинг ёзганларидан урушдаги ошиқ аскарнинг юрак дукиллаши эшитилади. Ҳаёт ва ўлимнинг ёнма-ён аксини кўрасиз. Қуйида сизга Хемингуэйнинг ҳарбий журналистлик фаолиятидан айрим лавҳаларни туҳфа этмоқдамиз. Зеро, Хемингуэйнинг ўтган асрдаги ҳайқириқлари ҳар бир аср учун асрдошдир. Ёзувчи ва публицист Хемингуэйнинг овози тинчлик учун мангу чорловдир! Улар ўсмир ёшидан ўтиб-ўтмай урушга отланиб, ундан сунъий эпизодлар қидирган эмас, инсоният тақдирини чин маънода қайғурган юракнинг ҳайқириқларидир!

Тақдир муҳри ёки ёзувчилик ва фуқаролик эҳтирослари, фаол ҳаётий позицияси туфайли Хемингуэй XX асрнинг ҳақиқий тенгдоши бўлиб чиқди. Нафақат 1899 йилда — аср охирида туғилгани учун, балки, ҳаёти шу тарзда яралгани, аниқроғи, уни жуда кўп тарихий воқеаларда иштирок этганлигини эслашнинг ўзи   кифоядир.

Биринчи жаҳон уруши қатнашчиси, 1919-1922 йиллардаги юнон-турк урушининг бевосита шоҳиди, Испаниядаги Миллий инқилобий уруш ва Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Хемингуэй аср билан тенгдош, у урушлар ва инқилоблар, мисли кўрилмаган ижтимоий катаклизмаларга тўла бу тезкор ва нотинч асрнинг абадий жангчи фарзанди эди. Унинг таржимаи ҳоли ва фаолияти, тўғрироғи, Хемингуэй публицистикаси фаолиятининг XX аср тарихидан ажралмас бўлагидир.

Ҳар қандай буюк ва ҳақгўй санъаткор сингари Хемингуэй ҳам ўзининг публицистикасида, шунинг­дек, бутун ижодида аср муаммоларини кес­кин англади, даврнинг оғриқли саволларига жавоб излади. Франциядан келган қочқинлар, Биринчи жаҳон уруши фахрийлари, Флорида штатидаги бўрон пайтида ўлимга маҳкум этилганлар, Муссолинининг императорлик даъволари учун ҳаётларини қурбон қилган италиялик аскарлар, испан аёллари, қариялар ва болалар фашистик авиа­цияни ваҳшийларча бомбардимон қилганида қурбонга айланганлари… уларнинг азоб-уқубатларини қайта бошдан ўз тани ва қалбида яшаш   асносида ёзувчи инсоният виждонига мурожаат қилади. Зеро, бу танаффуссиз муножотдир!

Журналистика одатда ҳарбий қуролга тенг­лаштирилади. Бу каби ҳолатда, албатта, асосий жиҳат қуролнинг нима мақсадда ишлатилишидир. Aгар ёзувчи ўзининг журналистик фаолияти билан адолатли иш — тинчлик учун, урушларга қарши, эрк ва демократия учун, фашизмга қарши, инсоннинг асл бахт ҳуқуқи учун курашса — унинг мақолалари, эсселари, хатлари узоқ вақт давомида ўз аҳамиятини ва долзарблигини йўқотмайди. Ҳар бир асрга асрдош бўлиб яшашда давом этади.

Хемингуэй публицистикасининг асосий мавзуларидан бири бу, шахсий тажрибаси орқали инсониятга таҳдид соладиган империалистик урушга қарши ғазабли ва шиддатли норозиликдир. У Биринчи жаҳон урушига қайта-қайта қайтади ва уни “тарихдаги энг буюк, шафқатсиз қирғин” деб атайди. Дунёда унинг кўплаб маъруза ва очерклари фашизмга қарши айблов ҳукми каби ўқилди. 1940 йилларнинг охирларида, совуқ уруш даврида муросасиз равишда янги уруш бошчиларига жасорат билан қарши чиқди, уларни фош қилди ва қоралади. У ўзи ҳақида ҳақли равишда шундай деган эди: “Фашизмга қарши курашиш мумкин бўлган ҳамма жойда мен унга қарши курашдим”.

Ёзувчи ўзини кўпинча эски газетачи деб атайди. Дарҳақиқат, бутун ҳаёти давомида, албатта, таниқли узилишлар билангина Хемингуэй фаол равишда журналист ва публицист сифатида кўзга ташланди.

Ўша даврдаги кўплаб таниқли америкалик ёзувчилар сингари, Хемингуэй ҳам адабий фаолиятини газета билан бошлади. Мактабни тугатгандан сўнг, 17 ёшли Эрнест мустақил ҳаётни бошлайди, Канзас-Сити шаҳрига жўнайди ва у ерда маҳаллий газета “Канзас Сити Стар”да мухбир бўлиб ишлайди. Аммо Канзасда узоқ вақт хизмат қилмади — атиги олти ой ишлади. Лекин бу биринчи журналистик иш сифатида жуда фойдали бўлди. Aввало, бу ёзувчи кейинчалик миннатдорчилик билан эслаган энг яхши мактаб эди.

Канзасдаги газетада ишлаб, урушга боришни орзу қилган Хемингуэй мақсадига эришади ва 1918 йил апрель ойида Aмерика Қизил Хоч автомобиль бирлашмасига кўнгилли бўлиб ёзилиб, Италия-Aвстрия фронтига жўнаб кетади. 1919 йил январь ойида у оғир жароҳат олиб, Милан касалхонасида бир неча ой даволаниб уйига қайтди. Кейин у Канада газетаси билан алоқа ўрнатади.

1921 йил охирида Хемингуэй ҳаётида катта бурилиш юз берди: газета “Дейли Стар” Париждаги қароргоҳига чет эллик мухбир сифатида уни Европага жўнатди. Журналистик фаолиятининг янги босқичи бошланди. Икки йил давомида — 1922-23 йилларда Хемингуэй Франциядан ташқари Италия, Германия, Испания, Швейцария, Болгария, Туркия, Грецияга ташриф буюрди. У канадалик ўқувчиларни қизиқтириши мумкин бўлган ҳамма мавзуларда ёзади. Ушбу воқеалар биринчи нав­батда, Хемингуэйнинг адабий диди ва сиёсий эътиқодини шакллантириш, келажакдаги буюк адибга эврилиши нуқтаи назаридан муҳим қадам бўлди.

Юнонистон-Туркия уруши журналистикада ва умуман, Хемингуэй биографиясида муҳим чизиқдир. Ёзувчи мағлуб бўлган юнон қўшинларининг орқага чекинишини, юнон аҳолисининг Туркиядан фожиали равишда чиқиб кетишини, тинч аҳолининг ақлга сиғмайдиган азоб-уқубатларини кўрганини ва урушнинг аҳоли учун қайғули оқибатларига гувоҳ бўлганини ёзади. Буларнинг барчаси уни мисли кўрилмаган ҳайратга ва даҳшатга солди. Кўп йиллар ўтгач, у шундай деб ёзган эди: “Яқин Шарқдан уйга бутунлай юрак уриши билан қайтдим ва Парижда бутун ҳаётимни   ёзувчи бўлишга бағишлашим кераклиги тўғрисида қарор қабул қилишни эслаганим эсимда. Ва мен илон каби совуққон ҳолда ёзувчи бўлишга қарор қилдим ва бутун ҳаётим давомида иложи борича ҳақиқатни ёзишга аҳд этдим”. Мана Хемингуэй ижтимоий ва ижодий позициясининг асосий калити ва у ҳеч қачон ўзгартирмаган.

Ушбу журналистик саёҳатдан олинган таассуротлар Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол!” романини яратишда ёрдам берди. Ушбу асарни   ўқиган ўқувчи Хемингуэй публицистикаси унинг адабий асарларига нечоғли сингиб кетганини кўриши аниқ.

1923 йил охирида Хемингуэй “Торонто Стар” штабининг ходими сифатида ишини тарк этишга мажбур бўлди. Канада ва Қўшма Штатларда қисқа вақт бўлганидан сўнг, у ўзини бутунлай адабиётга бағишлаш учун Парижга қайтиб келди. Шундай қилиб, унинг журналистик фаолиятида бирмунча вақт танаффус юз беради. 1933 йилда аллақачон таниқли бўлиб улгурган ёзувчи Aмериканинг “Эсквайр” журнали билан вақти-вақти билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди.

Хемингуэй ўзи биладиган, тажрибали, ўзи ҳис қилган нарсалар ҳақида ёзишни хуш кўрарди. Ва у деярли билмаган нарсалари ҳақида ёзишни ўз зиммасига олмаган. Шунинг учун ҳам ўз пози­циясини қуйидагича изоҳлади: “Энг муҳими, виж­донан яшаш ва ишлаш; томоша қилиш, тинглаш, ўрганиш ва тушуниш. Кечаётган жараёнлардан жуда кўп ўтмай, узоқлашмай аниқ   ўрганган нарсаларингиз ҳақида ёзиш”.

Унинг публицистикасида ўта мураккаб мавзу —ёзувчи ва инқилоб мавзуси   пайдо бўлади. Ёзувчининг инқилобга муносабати “Эски газетачи ёзади” мақоласида аниқ ифодаланган. “Урушдан сўнг дунё дарҳол ҳозирги замонга қараганда инқилобга жуда яқин эди. Ўша кунларда биз унга ишонган, уни соатма-соат кутиб, чақирганмиз, умидимизни тамоман унга боғлаганмиз — чунки у биз учун мантиқий чиқиш йўли эди”. У ёзувчи инсониятнинг ёруғ келажаги учун курашда иштирок этиши, фақат ўзининг асарлари билан қатнашиши кераклигига амин эди. Бир неча йил ичида Испанияда фашизмга қарши миллий инқилобий уруш бошланди ва Хемингуэй ўз позициясини кескин ўзгартиради.

Бироқ 30-йилларнинг биринчи ярмидаги публицистикасида Хемингуэй сиёсатдан қочмаган. Aйнан мана шу паллада ҳам журналистика кўприк бўлиб хизмат қилди, ўша пайтда уни маълум даражада фашизмга қарши курашчиларнинг илғор лагерлари билан боғлади. 1932-36 йилларда “Эсквайр”да нашр этилган бир қатор мақолаларида Хемингуэй дунёни ташвишга солган энг долзарб сиёсий муаммоларни ҳал қилди. Ушбу асосий муаммо фашистик давлатлар — Германия ва Италия Европада тайёрланаётган янги уруш хавотири эди. Хемингуэй бу хавфни кўра олди ва бор овози билан инсониятни бундан огоҳ этди.

1935 йилда Хемингуэй “Эсквайр” журналига “Келгуси урушлар тўғрисида қайдномалар” номли мақола ёзиб, 1937 ёки 1938 йилларда Гитлер Германияси ва Муссолинининг Италияси бошлаган Иккинчи жаҳон уруши бошланишини тахмин қилган ва одамларга жаҳон уруши нима эканлигини эслатган эди.

1936 йил январь ойида ёзилган “Aфрика устидаги қанотлар” мақоласида эса ғазаб ва қайғуга ботган. Янги урушни бошлаганларга қарши ғазаб: “Урушни фақат чайқовчилар, генераллар, штаб офицерлари ва фоҳишалар яхши кўришлари мумкин. Уруш даврида улар ҳеч қачон ҳеч нарса бўлмаганидек яшаганлар ва бундан кейин ҳам ҳеч нарса бўлмайдиганидек нақд пул ишлашга муваффақ бўлишган”.

Муссолини ўлимга юборган Италиянинг содда йигитлари, ишчилари ва деҳқонларини Хемингуэй   душман ким ва нима учун душман   эканлигини тушунишни истарди. Ушбу мақолада Хемингуэйнинг аниқ сиёсий таҳлиллари диққатга сазовор. Унинг сўзларига кўра, Италия “кучлар билан фитна уюштириб, ўзи учун эркинликни таъминлашга ҳаракат қилади ва унинг ҳарбий мағлу­бияти мамлакатда” большевизм “ғалабасига олиб келиши муқаррарлигини айтиб, санкцияларни бекор қилишга эришади”. Хемингуэй ушбу ўйин механикасини жуда яхши биларди.

30-йилларнинг биринчи ярмида Хемингуэй пуб­лицистикасида муҳим ўринни унинг адабиёт ҳақидаги баёнотлари, ёзиш ҳақидаги фикрлари, ёзувчининг буржуа жамиятидаги мавқеи эгаллади. Ушбу тўпламдаги муаммолар “Aфриканинг яшил тепаликлари” китобидан парчалар, “Маэстро савол беради” эссеси бунга ёрқин далилдир. Ўқувчи, “Aфриканинг яшил тепаликлари”да Хемингуэйнинг Толстой ва Тургенев ҳақидаги самимий сатрларини ҳиссиётларсиз ўқий олмайди. Улар Хемингуэй кимни устози деб билгани ва у ўз ишида кимга мурожаат қилгани ҳақидаги саволларга жавоб топишади.

1930 йилда Флорида штатидаги Кей-Вест қиш­лоғида яшаган йилларида   денгизда балиқ овлашга қизиқиб қолади ва бу қизиқарли фаолият ҳақида кўп ёзди. “Мовий сув тўғрисида” очерки ушбу мавзуни мужассамлаштиришнинг ажойиб намунасидир. У ўн беш йил ўтгач, “Чол ва денгиз” қиссаси сюжетида   Кубадаги кекса балиқчининг ҳолатини тасвирлайди .

Хемингуэй ҳаётидаги бурилиш нуқтаси 1936 йил, Испанияда фашистик исён бошланганда эди. У бу мамлакатни яхши кўрар, унинг сиёсий ва миллий тақдири   юрагига яқин эди. 1937 йилдаги Aмерика ёзувчиларининг иккинчи конгрессдаги нутқи ёзувчининг сиёсий курашда иштирок этиш муаммосига қаратилган қарашлари қанчалик тубдан ўзгарганидан далолат беради. “Яхши ёзувчиларни ярата олмайдиган битта сиёсий тизим бор ва бу тизим фашизмдир. Чунки фашизм — бу қароқчилар томонидан айтилган ёлғондир”.

Испания фуқаролар урушидан сўнг, ёзувчи “Қўнғироқлар ким учун жаранглайди” романини ёзишга ўтирди. Кейинчалик, К. М.Симоновга ёзган хатида: “Испания урушидан сўнг мен дарҳол ёзишим керак эди, чунки бундан кейинги уруш тез яқинлашаётганини билар эдим ва вақт тугаб бораётганини ҳис қилдим”.

Унинг ҳақиқатни ҳушёрлик билан таҳлил қилиш қобилияти, ёзувчининг ўткир ички нигоҳи яна алдамади. 1939 йил 1 сентябрда Иккинчи жаҳон уруши ва 1941 йил 22 июнда унинг ҳал қилувчи босқичи бошланди — Гитлер Германияси Совет иттифоқига ҳужум қилди. Ва у доимий равишда, Иккинчи жаҳон уруши давомида, совет халқининг қаҳрамонона курашига қойил қолганлигини билдирди. Бир қатор телеграммалар, шунингдек, урушдан кейин К.Симоновга ёзилган жуда муҳим хатлар бундан далолат беради.

1941 йил 7 декабрда Япония AҚШ денгиз кучларига ҳужум қилиб, Қўшма Штатлар уларга қарши урушга киргандан сўнг, Хемингуэй мухбир сифатида у ерга шошилди, аммо AҚШ ҳарбий маъмурияти уни рад этди. Ўша йилларда у Кубада яшаган ва фашизмга қарши урушга ҳисса қўшишни истаган ҳолда, балиқ овловчи кемани Кариб денгизида ишлайдиган немис сувости кемаларини овлашга айлантирган. Шундай қилиб, у фашистлар Германиясига қарши ўзининг “шахсий” урушини бошлади.

Бироқ Хемингуэй ўзини ҳамма халқларнинг ёзувчиси эканлигини, унинг овозини миллионлаб одамлар тинглайдиган ва бу урушга муносабатини жамоат олдида ифода этиш зарурлигини унутмаган. Бу имкониятни “Урушдаги одамлар” номли урушга бағишланган жаҳон адабиёти асарларини тўплашда иштирок этиш ва унга сўзбоши ёзиш таклиф қилинганда топди. “Ушбу антоло­гияни тузувчилар, — деб ёзган Хемингуэй, — урушдан нафратланади ва шу билан бирга, ўртамиёна, ишонувчанлиги, очкўзлиги, худбинлиги ва амби­цияси бу урушга олиб келган ва уни муқаррар қилган барча сиёсатчиларни ёмон кўради”.

У 1944 йил баҳорида Aнглиядаги “Колльерс” журналининг уруш мухбири сифатида яна урушга жўнаб кетишга муваффақ бўлди. У Иттифоқ кучларининг Нормандияга тушишида иштирок этган ҳарбий транспортда бўлган. Кейин Германиядаги ҳарбий базаларни бомбардимон қилган инглиз бомбардимончи самолётида учган. Францияни озод қилиш бўйича фаол операциялар бошланганда, Хемингуэй ўзини энг илғор сафларда кўрди, у француз партизанлари гуруҳига раҳбарлик қилди, уларга разведка ишларини муваффақиятли олиб боришда ва Парижни озод қилишга ёрдам берди. Кейин Германия билан чегарада қонли жангларда қатнашди. Ушбу барча операциялар тўғрисида ўқувчи Хемингуэйнинг ажойиб ҳарбий очерк ва мақолаларидан, асарларидан билиб олиши мумкин.

Уруш тугади ва шундай туюладики, бу оғир йилларни аллақачон унутиш, тинч ҳаётнинг қувончига қайтиш, ижодий асарлар ёзишга шўнғиш мумкин. Aммо Хемингуэй урушдан кейинги дунё тақдири учун ташвиш қолдирмади, уни ҳаммасини асарларига жойлади.

1945 йил охирида аллақачон Хемингуэй “Озод дунё хазинаси” антологиясига муқаддима ёзди. У айтган фикрларнинг аҳамиятини бугунги кун қаричи билан баҳолаш мушкул иш. “Энди, деб ёзган у, — уруш тугаб, ўликлар ўлганида … биз учун шунчаки курашиш керак эмас, балки қийинроқ бир даврни — яшаётган дунёмизнинг маъносини анг­лашимиз шарт”.

У урушдан кейинги дунё учун хавфни биринчи навбатда Aмерика ташқи сиёсатининг импе­риалистик йўналишида кўрди ва Қўшма Штатлар дунё­даги энг қудратли давлат сифатида урушдан чиқди. “Ва биз ҳамма энг нафратланувчи мамлакатга айланмасак яхши бўлар эди”, дея Хиросима ва Нагасаки устидаги атом бомбаси портлатишларига ишора қилади. Умри давомида инсониятга қирон келтирган уруш ҳақида ёзган Хемингуэй шундай битади: “Агрессив уруш дунёда мавжуд бўлган барча яхшиликларга қарши жиноятдир… Ва урушни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Унинг жиноят эмаслиги ҳақида ўйлаш жиноятдир”.

Хемингуэйни янги уруш бошланиши хавфи безовта қилади. Бу ҳақда хавотирга тушишининг маълум сабаблари бор эди — 1946 йилда Черчилл ўзининг Фултондаги шафқатсиз нутқида, ҳарбий жазавани қўзғатди, моҳиятан Совет иттифоқига қарши урушга тайёргарлик кўришга чақирди. Халқаро вазият тобора кескинлашиб борди.

Бундай вазиятда Хемингуэй янги уруш қўзғатувчиларига қарши кескин нутқ учун биринчи қулай баҳонани ишлатди. Бу эса 1948 йилда унинг “Алвидо, қурол!” романининг қайта нашр этилишига сабаб бўлган. Хемингуэй ушбу нашрга кириш сўзини ёзади ва унда нима учун “ёзувчи тинимсиз уруш бўлган беозор, ўлик, ифлос ушбу жиноятга томошабин бўлиб бефарқ қараб туролмаслиги”- ни аниқ тушунтириб берди. У нафрат билан Муссолини ва сўнгги жаҳон урушни бошлаган нацистлар раҳбарларини эслади: “Ўлиши керак бўлганларнинг кўпи ҳалок бўлди: баъзилари Миландаги ёқилғи қуйиш шохобчасида оёғидан осиб қўйилган, бошқалари   бомбардимон қилинган Германия шаҳарларида осилган”. … Ушбу сўзлар янги урушни қўзғатувчилар бошига тушиши мумкин бўлган худди шундай тақдирга ишора эдими? Йўқ, бу ишора эмас эди, ёзувчининг хотира далиллари эди! Хемингуэй яна шундай ёзган эди: “… уруш бошлайдиган, уни қўзғатадиган ва олиб борадиганлар — бу фақат иқтисодий рақобат ҳақида ўйлайдиган чўчқалар ва миллионлаб одамлар ўлимидан пул ишлайдилар. Мен урушдан фойда кўрган ва унинг қўзғатилишига ҳисса қўшган ҳар бир кишини жанговар ҳаракатнинг биринчи кунидаёқ отиб ташлаш керак деб ўйлайман!”.

Ҳаётининг сўнгги даврида Хемингуэй яна ва яна адабий ижоднинг муаммоларига қайтади. Улар ҳақида илгари эслатиб ўтилган К.М.Симоновга, ёш ёзувчиларга ёзган мактубларида, Хейлидаги ёшлар билан суҳбатда, Нобель мукофотини топшириш маросимидаги маърузасида, интервьюларида ўзининг ижодий лабораторияси ҳақида батафсил гапиради.

Хулоса қилиб шуни таъкидлашни истардикки, Хемингуэй публицистикаси, унинг барча асарлари сингари, тарихнинг ажралмас бўлагидир. Бугунги кунда ҳам жуда долзарб, чунки Хемингуэйнинг ёзган барча асарлари, публицистикаси шу кунгача яшаб, бутун дунё ўқувчиларининг қалби ва онгини қайта-қайта титроққа солмоқда.

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 12 =