Умр йўлларида шамчироқ

Китобларда ўзига хос жозиба бор, китоблар бизга ҳузур бағишлайди: улар биз билан суҳбатлашади, бизга олижаноб маслаҳатлар беради, бизнинг жонли дўстларимизга айланади деган эди донишмандлардан бири.

Шу ўринда бир неча жавобсиз саволлар туғилади. Бугун интернет ривожланган бир пайтда электрон китобларнинг оммалашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ нашриётларда чоп этилаётган китобларнинг қадр даражаси билан уларни тенглаштириб бўлармикан? Айни пайт­да, ёшларимиз китоб ўқишмаяпти, деб бонг ураётган катталаримизнинг ўзлари фарзандларига қай даражада ўрнак бўлишмоқда? Уларнинг қандай китобларни севиб мутолаа қилишларини билишадими? Ўзлари қойилмақом қилиб китоб ўқиб: “фалон китобда одоб-ахлоқ ҳақида бундай, тарбия хусусида ундай дейилган”, дея айта оладими?

Китоб — инсон маънавиятини шакллантирувчи асосий манба ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам, маънавият қудратли кучдир. Аммо баъзи ҳолларда мана шундай қудратли куч, агар Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтадиган бўлсак, “ўтин ёриш учун” сарфланаётгани ачинарли ҳол. Зеро, китоб — инсонни кеча ва бугун билан боғлаб турувчи, ўтмишдан сабоқ берувчи, нурли келажак сари элтувчи энг тўғри йўлдир. Унда одам ва олам сирлари, ҳаёт фалсафаси, умрлар ибрати, ҳаёт ҳақиқати акс этган.

Биз ўтмиши улуғ, келажаги буюк халқмиз. Қанчадан-қанча тўфонлару бўронларни, талотўп­ларни кўрган бу замин — ўз бағрида не-не алломаю, даҳоларни улғайтмади дейсиз. Мозийдан бизга теран нигоҳлар билан боқиб турган Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавийлар, Имом ал-Бухорийлару Форобийлар, Навоий, Бобурларнинг бой мероси ҳали-ҳанузгача ўрганилмоқда. Улар яратиб кетган асарлар дунё ҳамжамиятидаги барча олимларни ҳайратга солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, нима учун биз ўз маънавий бойликларимиздан оқилона фойдаланмаслигимиз керак?

Китоб орқали инсон ўзидаги барча қусурлардан холи бўлгани ҳолда, комиллик сари интилади. Ўзини жисмонан ва руҳан мукаммал инсон сифатида тарбия эта бошлайди. Бундан кўриниб турибдики, китоб — тарбия ўчоғи, одоб-ахлоқ гулзоридир.

Қолаверса, сахийлик, тўғрисўзлилик, камтаринлик, илм, саховатпешалик, ростгўйлик, адолатпарварлик сингари барча эзгу хислатлар китоб орқали бизнинг қон-қонимизга сингиб боради. Ўзингиз ўйланг, оддий бир ҳикмат қаърида қанчалар маъно-мазмун мужассам. Унинг залвори шунчалар буюкки, асрлар ошса ҳам қадр-қиммати асло камаймайди. Аксинча, инсон қалбида янги орзу-истаклар туғилади, уни ҳаётга чорлайди, кишини фикрлашга мажбур этади, мус­тақил қадам ташлашга ўргатади.

Китоблар қалб кўзини янада равшанлаштириб, дунёга адолат нигоҳлари билан боқишни ўргатади. Ҳаёт синовларида довдираб, тентираб қолмаслик учун ҳам умр йўлларида бир шамчироқ мисол порлаб туради. У замон долғаларида ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан авлодларга беминнат етказиб берувчи кема. Бу кемадан халқларнинг урф-одатлари, анъаналари, миллий қадриятлари жой олган. Шу ўринда, бевосита, ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналарига эътибор қаратсак. Биргина “Гўрўғли”, “Далли хуш келди”, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Рустамхон” дос­тонларида фарзанд тарбияси, камолоти асосий ўрин эгаллайди. Уларда каттага ҳурмат, кичикка иззат, ота-онага эҳтиром каби инсоний туйғулар акс этган. Унда йигитлар мард, жасур, ватанпарвар этиб тарбияланса, қизлари ниҳоятда ҳаёли, иболи эканлигини кўришимиз мумкин. Энди айтинг-чи, китоблар чинакам ибрат ўчоғи, умр мазмуни эмасми?

Демак, айни дамда, “ёшларимиз мутлақо китоб ўқимаяпти деган хулосадан бироз чекинган ҳолда, мен фарзандларимга ёки ўқувчиларимга ибрат бўлиш учун қандай китоблар ўқияп­ман?” — деган саволга жавоб ахтариш пайти келмадимикан?! Бировдан камчилик ахтариш осон. “Сен ундай қилишинг керак, сен мана бу китобни ўқишинг лозим, компьютер, телефон титкилагунча китоб ўқисанг бўлмайдими?!” — дея олишимиз учун ҳам аввало, ўзимиз намуна бўлишимиз даркор. Бу борада узоқ мулоҳаза юритиш мумкин, гапираверсак гаплар кўп. Бироқ қуруқ аравани олиб қочишдан не наф. Шу сабаб ҳам, ҳурматли ота-оналар, жонкуяр устоз-мураббийлар ёшларимизнинг тўғри йўлдан бориши бевосита сизнинг зиммангизда эканлигини унутманг. Зеро, ҳар қандай навниҳол, шамол қайси тарафга эсса, ўша томонга бош эгади. Уларнинг тик, сарвқомат бўлиб униш­ларида беминнат эътиборингизни аямасангиз, фойдадан холи бўлмасди. Бугундан бошлаб ўзингизга савол бериб кўринг: “Мен қайси китобни ўқияпман?”…

Дилноза АБДУҲАМИДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 6 =